Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятидаги лагерь ва қамоқхоналарда сақланаётган уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларнинг ўлим ҳолатларини ўрганган таҳлилчи Евгений Бунинга Қозоғистонга кириш беш йилга тақиқланди.
Бу ҳақда Бунин 4 сентябрь куни Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.
“Менга Қозоғистонга кириш беш йилга тақиқланибди. Буни мен эндигина билдим. Бир ой Бишкекда юриб, бугун кечаси Олмаотага учиб келгандим. Мени паспорт назоратидан ўтказишгани йўқ. 5-10 дақиқадан кейин “Эйр Астана” ширкатининг икки қизи келиб, менга мамлакатга кириш тақиқланганини ва Олмаотадан самолётга чипта олиб учиб кетишимга кўмаклашишлари мумкинлигини айтишди. Унгача паспорт назорати ходими менга Қозоғистонга киришим 5 йилга тақиқланганини айтди”,- деб ёзди Бунин.
Таҳлилчига кўра, паспорт назорати ходими унинг Қозоғистонга киришига қандай сабаб билан тақиқ қўйилганини айтмаган ва унга Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишни тавсия қилган. Ҳозирча бу масалада вазирликдан изоҳ олишнинг имконияти бўлмади.
Евгений Бунин Шинжонда қувғин қилинган мусулмонлар рўйхатидан иборат Shahit.biz интернет базасини ташкил этган. Бу базадаги маълумотлардан ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар фойдаланади.
Ўтган йили Ўзбекистон Евгений Бунинга ўз ҳудудида тадқиқот юритишга рухсат бермаган эди.