Эронда Олий руҳоний Али Хоманаийнинг қўли суратини чоп этган газета ёпилди

Kelid кундалик газетасида чоп этилган сурат.

Эрон Матбуотни назорат қилиш кенгаши Kelid кундалик газетасини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур газета мамлакатдаги қашшоқлик даражаси тўғрисидаги мақолага иллюстрация тарзида оятуллоҳ Али Хоманаийнинг қўли суратини чоп этган эди. Кузатувчиларга кўра, газета фаолиятининг тўхтатилишига айни фотосурат сабаб бўлиши мумкин.

Матбуотни назорат қилиш кенгаши 8 ноябрда қабул қилинган қарор тафсилотларини жамоатчиликка эълон қилмади.

Эронда Олий руҳоний Али Хоманаийнинг танқид қилинишига йўл қўйилмайди. Матбуот тўғрисидаги қонуннинг 27-моддасида “Эрон Ислом Республикаси лидерини танқид қилган нашрларнинг лицензияси бекор қилинади, мақола муаллифи ёки нашр раҳбари жиноий жавобгарликка тортилади”, деб белгилаб қўйилган.

Бунгача ҳам Матбуотни назорат қилиш кенгаши қатор нашрларнинг фаолиятини тўхтатган эди. 2012 йилда АҚШ Молия вазирлиги мазкур кенгашни қора рўйхатга киритган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти рейтингида Эрон матбуот эркинлиги бўйича 180 давлат орасида 174-ўринга қўйилган.