Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:27

Абитуриент кундалиги

Бугун тест синовлари натижалари эълон қилиниши кутилмоқда

Тест синови пайтида.
Тест синови пайтида.

Давлат тест маркази бакалавриат таълим йўналишлари бўйича топширилган тест синовлари натижаларини 22 август куни эълон қилиши кутилмоқда.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, 21 август куни ўтган матбуот анжуманида ДТМ расмийси Барно Ражабов: «Тест синовлари 15 августда якунланди ва қонунчиликка мувофиқ, мандат тест жараёнлари тугаганидан сўнг 1 ҳафта ичида эълон қилиниши лозим. Мандат натижалари бугун кечқурун ёки эртага кундузи эълон қилинади», деб маълум қилган.

Президентнинг 2019 йил 14 майдаги қарорида тест натижаларини эълон қилишнинг охирги муддати 22 август деб белгилаб берилган эди.

Барно Ражабовнинг айтишича, жорий йилда 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу 2018 йилга нисбатан 250 минг нафарга кўпдир. Олийгоҳлардаги бир ўринга 10 нафардан кўпроқ абитуриент тўғри келди. Имтиҳонларда 954 минг 75 нафар абитуриент қатнашди.

Эртага кириш имтиҳонларининг охирги куни

 Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Олийгоҳларнинг бакалавриат йўналишларига кириш имтиҳонлари эртага - 15 август куни ниҳоясига етади.

Тест синовлари 29 июль куни бошланиб, жами 18 кун давом этди.

ДТМ хабарига кўра, ҳозиргача 8та вилоятда тест синовлари ниҳоясига етди:

  • 8 август: Сурхондарё;
  • 10 август: Тошкент шаҳри, Сирдарё, Наманган;
  • 12 август: Қашқадарё
  • 13 август: Жиззах, Фарғона ва Навоий вилоятларида тест синовлари якунланган.

Бугун, 14 август куни жами 5 та вилоятда: Андижон, Бухоро, Хоразм, Самарқанд ва Қорақалпоғистонда имтиҳонлар ўтди.

Улардан тўрттасида бугун тестнинг охирги куни эди.

Эртага биргина Бухоро вилоятида тест синовлари ўтади.

ДТМ: Ёши 50дан ошган абитуриентлар сони 672 нафардир

Тест топширишга келган абитуриентларнинг ҳужжатлари текширилмоқда.
Тест топширишга келган абитуриентларнинг ҳужжатлари текширилмоқда.

Давлат тест маркази жорий йилда тест имтиҳонларида ёш чеклови бекор қилингани сабабли катта ёшдаги минглаб одамлар ҳам “талаба бўлиш умидида олий ўқув юртларига ҳужжат топширгани”ни билдирди.

13 август куни матбуотга тақдим этилган маълумотда айтилишича, 25 ёшдан кичик абитуриентлар сони 862 977 нафарни, 25-30 ёш оралиғидагилар 103 276 нафарни, 40-50 ёшлилар 14 014 нафарни ва 50 ёшдан катталар сони 672 нафарни ташкил этади.

Июль ойида сурхондарёлик 80 ёшли Тўхтамиш Султонов Ўзбекистондаги энг ёши катта абитуриент бўлгани хабар қилинган эди.

Тўхтамиш Султонов Самарқанд давлат университетининг Биологияни ўқитиш методикаси ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг даволаш ва педиатрия иши йўналишида ўқиш учун ҳужжат топширган.

Аввалроқ Фарғонада ҳам 72 ёшли аёл бирданига учта олийгоҳга ўқишга кириш учун абитуриент сифатида ҳужжат топширганди.

Шунингдек, Навоийнинг Қизилтепа туманида яшовчи 67 яшар Шарофат Ташева ҳам Навоий давлат педагогика институтига ҳужжат топширган. Онахон институтнинг она тили ва адабиёти факультетига ўқишга киришни режалаган.

ДТМ томонидан техник хатога йўл қўйилган тест саволи учун максимал балл берилажаги айтилди

ДТМ томонидан техник хатога йўл қўйилган тест саволи учун максимал балл берилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров баёнот берди.

Лекин Қўчқоров бундай ҳолат неча марта қайд этилгани тўғрисида маълумот бермади.

Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган бирифингда қуйидаги маълумотларни келтирган:

12 август куни Ўзбекистон бўйлаб 43 та бинода тест синовлари икки сменада бўлиб ўтди. Жами 53 минг 162 нафар абитуриентдан 51 минг 667 нафари тест синовларига келди. 1464 нафари эса турли сабабларга кўра иштирок этмади. Шу куни 11 нафар абитуриент ҳудудга киришда, 20 нафари эса бинода қоидани бузганлиги учун тест синовларидан четлатилди.

Қўчқоровга кўра, 10 август куни бакалавр йўналишининг кундузги шакли бўйича Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг филология ва тилларни ўқитиш факултети абитуриенти энг юқори балл тўплаган — 231,9 балл (173,9 балл тест синовлари натижаси, 58 балл касбий (ижодий) имтиҳон натижаси); сиртқи таълим шакли бўйича Фарғона давлат университетининг филология ва тилларни ўқитиш йўналиши — 174,2 балл, кечки таълим шакли бўйича Тошкент давлат шарқшунослик институтининг тарих таълим йўналишида — 172,6 балл.

8 август куни Сурхондарё вилоятида, 10 август куни эса Сирдарё ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида тест синовлари якунлангани маълум қилинди.

Қўқонлик абитуриентлар тест натижаларига норозилик билдирди

Қўқонлик абитуриентлар норозилиги
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:10 0:00

Бир гуруҳ абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари Қўқон Давлат педагогика институтида ўтказилган ижодий имтиҳон натижаларига норозилик билдириб, олийгоҳ раҳбарияти олдига киришди. "Қўқон Давлат Педагогика институтида ўтказилган ижодий имтиҳонда фақат таниш билишчилик бўлди. Ҳақиқий иқтидорли ёшларга энг паст балл қўйилди. Мана норозилик", дея қўқонлик муштарий ушбу видеони Озодликка йўллади.

Тест пайти синглисига ёрдам бермоқчи бўлган назоратчи ишдан бўшатилди

 Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тест синовлари жараёнида назоратчи сифатида иштирок этаётган самарқандлик белгиланган қоидаларни бузган пайти ушланди.

Бу ҳақда хабар қилган Телеграмдаги Xushnudbek.uz тармоғига кўра, назоратчи имтиҳон пайти синглисига ноқонуний равишда ёрдам бермоқчи бўлганида қўлга тушган.

Воқеа 7 август куни Самарқанд шаҳрида ўтган тест синовлари пайти содир бўлган. Имтиҳонлар жараёнида назоратчи сифатида иштирок этаётган шахс синглисига ёрдам бериш мақсадида унинг саволлар варақасини видеога олаётган пайти ушланган.

Қўлга тушган назоратчи Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлган.

Ушбу воқеа ошкор бўлган у мактабдан ҳам ҳайдалган.

Тест жараёнларида назоратчи сифатида қатнашаётганларга бир кунга 200 минг сўмдан ҳақ тўланмоқда.

 Бу йил ҳам супер-контракт бўлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилда ҳам имтиҳонда етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар супер-контракт тўлаб талаба бўлишлари мумкин.

Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги исмини очиқламаётганимиз манба маълум қилди.

Ўтган йили энг арзон супер-контракт нархи 82 миллион 935 минг сўм бўлса, энг қиммати 276 миллион 450 минг сўм этиб белгиланган эди.

Супер-контрактнинг бу йилги нархи ҳали эълон қилинмади.

Абитуриент супер-контракт орқали ўқишга кириш учун камида 56,7 балл тўплаши лозим.

Ўтган йили тест синовларида олийгоҳга ўтиш балли (56,7)ни тўплай олмаган абитуриентлар ҳам талаба бўлиш имконига эга бўлганди. Бунинг учун абитуриент суперконтрактнинг икки баробаригача яъни 165 миллиондан 552 миллионгача тўлаган эди.

Вазирликдаги манбага кўра, бу йил ҳам бу тартиб йўлга қўйилади.

Супер-контрактнинг битта шарти: Абитуриент мактаб ёки коллежни бу йил тугатган бўлиши лозим. Бир йил аввал мактабни тугатганлар бундай имкониятдан фойдалана олмайди.

Кимё фани бўйича эътирозларни инобатга олишадими?

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Озодликка абитуриентлардан келган мурожаатлардан бирида яна кимё фани бўйича саволларга эътироз билдирилган:

"Агар ҳозир ёзганларимни ўқиб инобатга олсангиз, бутун Ўзбекистон абитуриентларнинг кўнглидаги дардига оз бўлсада шифо топишга ёрдам берган бўлардингиз. Гапни чўзмай айтиб қўя қолай.

6 август куни Ўзбекистон тиббиёт институтларида имтиҳон бўлиб ўтди.Кимё фанидан тушган тестларни тарифлашга тил ожиз. Худди у тестлар абитуриентлар ўқишга кириб , ўз йўлини топсин деб эмас, йиқилсин деб тузилгандек.

Русча имтиҳон топширганларга , ўзбекча тестларни тушунарсиз , нотўғри ва кўплаб орфографик хатоликлар билан таржима қилишган.

Наҳотки Ўзбекистон бўйича битта тузук таржимон топилмаган бўлса?

Ундан ташқари 30 саволдан 28 таси масала эди ва масалалар ҳам шу даража қийинки, уларни ишлаш учун кимё ўқитувчиси эмас, математика ўқитувчиси бўлиш керак, ҳа, албатта тўғри ўқидингиз ўқитувчи. У саволларни ўқувчилар ишлаши учун камида 5-6 йил тайёргарлик кўриши лозим.

Ҳаммага маълум, имтиҳонларимизда калькулятор ишлатиш мумкин эмас. Энди ўйлаб кўрингда, бизга берилган атиги 3 соат ичида биз фақат битта фан ишлаймизми? Ёки таваккал қилиб кетаверамизми?

Кимё ўз номи билан кимё. Олий математика эмас!

Булардан ташқари тест тузилиш шаблони хато, ҳеч қачон 1 вариантни ичида 28 масала бўлмайди. 15 масала ва 15 назарий бўлиши керак.

Давлат тест маркази директори томонидан айтилган гаплар қаерда қолди?
Вариант 15 та масала ва 15 назари бўлади деб ўз оғзи билан айтган. Абитуриентлар бу гапларга ишониб, кечаю кундуз китобни ҳар бир қаторини ёдлаб чиқишди.

Айтай десам гап кўп. Ахборотнома деган китоб бор, ичидаги саволларга ўхшаш саволлар тушади деб роса ваъдаларни беришди.

Уни қанчадан қанча абитуриентлар пул кетқазиб сотиб олдилар. Лекин ҳеч бирига ўхшаш савол тушгани йўқ. Бу гапим билан нима демоқчи бўлганимни тушунган бўлсангиз керак. Биринчидан, аҳмоқ қилишди ва бир тийинга қиммат китобларини сотиб, пул ишлашди.

Таълим системаси бу кетишда кетаверса, ёш, билимга чаноқ, шиддатли ўқувчилар бундай адолатсизликларни кўриб, чет элда таълим олганим минг бора яхши деб четга ўқишга кетиб, ўша ерда қолиб кетишаверади. Албатта тўғрида адолатсизлика чидаб ўтиргандан кўра ўз йўлини топгани маъқул. Ўзбекистон эса шундай ёшларини йўқотиб , билимсизлик қарига ғарқ бўлаверади", дейилади абитуриент мактубида.

Бу тест синовларида кимё фани бўйича тушган саволлар бўйича илк эътироз эмас.

Бошқа бир абитуриент ҳам худди шундай мазмундаги эътирозли мактуб йўллаган эди:

“Бу йил биз Тошкент Тиббиёт академиясига топширдик. Тест синовларидан чиққан абитуриентлар билан суҳбатимизда ҳаммаси химия фанидан қийналишганини айтишди. Аввал ДТМ раҳбари билан бўлган суҳбатда бу йил фақат мактаб программаси бўлишини айтган бўлганига қарамай жудаям қийин саволлар тушган, шу сабабли 3 та фанга берилган 3 соатда улгурмаганлар ҳам бўлган. Шунга қарамай баьзи болаларнинг 186 балл йиғишгани ҳайрон қолдирди. Кейин эса шу тестларни 3000$га тест кунидан бир кун аввал сотишгани маьлум бўлди. Қачон бизнинг давлатда тугаркин шу каби ноҳақликлар? Порахўрликнинг охири бормикин? Билимли болаларимизни четга жўнатиб, ўзимизнинг давлат пора бериб кирганларга колаяптику?!, дея ёзади исмини очиқламасликни сўраган муштарий.

Кимё фани бўйича саволларнинг қийинлиги борасида Телеграмдаги
Xushnudbek.uz тармоғида ҳам ёзилди:
“Кимё фани бўйича саволлар юзасидан жуда кўп эътирозлар келиб тушмоқда. Агар 1-2 киши ёзганда ҳам эътибор бермаса бўларди, лекин эътирозлар сони анчайин кўплиги сабабли, уларда жон бор, деб ҳисоблаш мумкин. Бу бўйича ДТМ мутахассисларига эътирозларни етказдим, ҳозирда бу ҳолатни ўрганишаётган экан, тез орада расмий муносабат кутиб қоламиз”.

 Ҳайит кунги имтиҳонлар бошқа кунга кўчирилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қурбон Ҳайити муносабати билан 11 август, якшанба кунига белгиланган тест синовлари бошқа кунга кўчирилди. Бу ҳақда ДТМ хабар қилди: Қашқадарё вилоятида - 12 август куни; Фарғона, Жиззах ва Навоий вилоятларида -13 август куни; Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида - 14 август куни; Бухоро вилоятида – 15 август куни ўтказилади. ДТМ хабарига кўра, абитуриент рухсатномасида кўрсатилган бино ва соат ўзгаришсиз қолади. ​Бу ўзгариш фақат 11 август куни тестга кирадиган абитуриентларга тааллуқли, бошқа кундагилар белгиланган кунда тест синовларига киришади.

"Х вариант 2000 долларга пулланаяпти" (ФОТО)

"Абитуриент кундалиги" жонли блогига келган мурожаатлардан бирида тест синовлари пайти бўлаётган ғирромликлар ҳақида ёзилган: "Тест имтиҳонларининг софлиги ҳақида баъзи маълумотларни маълум қилмоқчи эдим. Ўқув марказларида тайёрланаётган абитурентларнинг айтишича, имтиҳондан бир кун олдин Х вариантлар чиқаётган экан. 1та блоги 1000$ 3та блоги эса 2000$. Ўқувчиларга ўқув марказининг директорлари бу ҳақида айтишган, рози бўлганларни бир киши билан учраштирган. 2000$ га Х вариант олган талабаларга 600та саволни ёдлатишган. Шу абитурентлар ҳозиргача 23-24тадан тўғри жавобларни ёзиб чиқишмоқда. Яна бир нарса: Х вариант олганларга варақни тарқатмаслиги учун Қуръон китоб билан қасам ҳам ичтиришибди. Х вариант ололмаган, неча йилдан бери тайёрланаётган абитурентлар яна куйиб қолишмоқда. Илтимос шу мавзуни ўрганиб чиқинг. Ҳали яна қанча абитурентлар имтиҳонга киради", дея иддао қилинади Озодликка келган мактубда.

Кимё фани бўйича саволларга эътирозлар

Озодликка келган мурожаатлардан бирида кимё фани бўйича саволларга эътироз билдирилган: “Бу йил биз Тошкент Тиббиёт академиясига топширдик.Тест синовларидан чиққан абитуриентлар билан суҳбатимизда ҳаммаси химия фанидан қийналишганини айтишди. Аввал ДТМ раҳбари билан бўлган суҳбатда бу йил фақат мактаб программаси бўлишини айтган бўлганига қарамай жудаям қийин саволлар тушган, шу сабабли 3 та фанга берилган 3 соатда улгурмаганлар хам булган. Шунга қарамай баьзи болаларнинг 186 балл йиғишгани ҳайрон қолдирди. Кейин эса шу тестларни 3000$га тест кунидан бир кун аввал сотишгани маьлум бўлди. Қачон бизнинг давлатда тугаркин шу каби ноҳақликлар? Порахўрликнинг охири бормикин? Билимли болаларимизни четга жўнатиб, ўзимизнинг давлат пора бериб кирганларга колаяптику?!”, дея ёзади исмини очиқламасликни сўраган муштарий.

Кимё фани бўйича саволларнинг қийинлиги борасида Телеграмдаги
Xushnudbek.uz тармоғида ҳам ёзилди: “Кимё фани бўйича саволлар юзасидан жуда кўп эътирозлар келиб тушмоқда. Агар 1-2 киши ёзганда ҳам эътибор бермаса бўларди, лекин эътирозлар сони анчайин кўплиги сабабли, уларда жон бор, деб ҳисоблаш мумкин. Бу бўйича ДТМ мутахассисларига эътирозларни етказдим, ҳозирда бу ҳолатни ўрганишаётган экан, тез орада расмий муносабат кутиб қоламиз”.

Ҳожатхонадан чиқаётган “шпаргалка”лар  

 Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Айрим абитуриентларнинг имтиҳон пайти ҳожатхонага кириб, “шпаргалка” ёки мобил телефонларни олиб чиқиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Бу ҳақда бугун Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Барно Ражабов тест синовлари билан боғлиқ ўтган навбатдаги брифинг пайти маълум қилди.

Барно Ражабов бу каби абитуриентлар қўлга тушаётгани ва улар имтиҳондан четлатилаётганини таъкидлади.

Бироқ Ражабов ҳожатхоналарда шпаргалка ва телефонлар қандай пайдо бўлиб қолаётганини очиқламади.

ДТМ маълумотига кўра, 4 август кунги имтиҳонларда 2 минг 259 нафар абитуриент иштирок этмаган.

Жумладан, 17 нафар абитуриент тестга кириш пайти ичкарига қўйилмаган, 32 нафари эса имтиҳондан чиқариб юборилган.

Иккала ҳолатда ҳам тест синовлари қоидалари бузилгани айтилди.

“Абитуриентлардан аппеляция аризаси олинмаяпти”

Фарзанди Миллий рассомлик ва дизайн институти абитуренти бўлган ота-оналардан бири Озодликка боғланиб, кам балл олган абитуриентлардан аппеляция аризаси олинмаётганидан шикоят қилди: “Бугун биз имтиҳон жавобларини олишга борган эдик. Камолиддин Беҳзод институтига яъни Миллий рассомлик ва дизайн институти. Бу ерда имтиҳонлар ижодий бўлгани учун 3 кун имтиҳон бўлди, чизишди. Бугун жавобларни олишга борсак, ҳаммага яъни кўпчиликкка ноҳақ балл қўйилган. Менинг фарзандимда ҳам шундай. Апелляция беришга ота- оналарни киргизмасдан абитурентларнинг ўзини киргизишяпти. Уларга ариза ёздирамиз деб, ҳар-хил баҳоналар қилиб, аризасини кўрмасдан “шу баллинга рози бўлгин” деб чиқартириб юборишяпти”, дея ёзди исмини очиқламасликни сўраган ота-оналардан бири.

Сохта гувоҳнома билан тестга кирмоқчи бўлган абитуриент ушланди

1 август куни абитуриент гувоҳномасини сохталаштирган йигит ушланди. ДТМ хабарига кўра, у 2 август куни тест синовида қатнашиши керак бўлган. Бугун эса сохта ҳужжат билан бировнинг ўрнига кирмоқчи бўлган. Бу йил абитуриентлар рўйхати видеофиксация орқали аниқланмоқда. Сохта ҳужжат қилган абитуриент видеофиксация пайтида рўйхатда йўқлиги аниқланган. Яна бир абитуриент телефондан фойдаланган пайти ушланган. У саволлар китобчасини суратга олиб, мессенжер орқали танишига жўнатган пайти ушланган. Иккала абитуриент ҳам бу йилги тест имтиҳонларидан бутунлай четлаштирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG