Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:26

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев Ғазода бегуноҳ болалар қурбон бўлаётганидан баҳс этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Россия мезбонлигида ўтган “БРИКС плюс” саммитида сўзлаган нутқида Яқин Шарқ, хусусан, Ғазо сектори ва Ливандаги вазият юзасидан хавотир изҳор қилди.

Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, деган у.

Президент матбуот хизматининг иқтибос келтиришича, Мирзиёев минтақада ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмас вазифа эканини қайд этган. Шунингдек, Исроил–Фаластин муаммосининг ягона ечими “икки халқ учун икки давлат” тамойилини амалга татбиқ этиш эканини урғулаган.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида Афғонистон муаммосига ҳам тўхталган.

Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатишдир”, деган у.

Ўзбекистон раҳбари “инсонларга улкан азоб-уқубатлар, оғир изтироб ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар келтираётган уруш ва можаролар сони ортаётган” паллада “геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан холи тарзда, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш” заруратидан баҳс этган.

Мирзиёев ўтган йил 31 октябрь куни Ғазо аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллион доллар ёрдам ажратилишини маълум қиларкан, Ўзбекистон “Фаластин халқи билан бирдам экани” ва “мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб-қувватлаши”ни таъкидлаган эди.

Дарахткушлик ва браконьерлик учун жазо кучайтирилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Олий Мажлис Сенатининг 24 октябрь кунги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.

Юқори палата матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳужжат билан амалдаги 2 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш ва нобуд қилиш учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 бараваридан 50 бараваригача, мансабдорларга эса 60 бараваридан 75 бараваригача жарима назарда тутилмоқда.

Электр токи, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланяпти.

Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Жамоатчилик мамлакатда қурилиш важидан кўп йиллик дарахтларни кесиш, қасддан қуритиш авж олгани, браконьерлик туфайли ҳайвонот ва набототга дахл этиш ҳолатлари кўпайганидан хавотир билдириб келади.

Ўзбекистонда импорт автомобиллар “3 ойлик синов”га йўлланади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан расмий дилерлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб келинадиган хориж автомашиналари Тошкент вилояти Пискент туманидаги полигонда синовдан ўтказилади. Бу ҳақда “Gazeta.uz” нашри Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ушбу чора “хавфсизлик даражасини ошириш ва мамлакатга олиб кирилаётган транспорт воситаларининг сифатини яхшилаш” мақсади билан изоҳланган.

Кафолатли дилерлар чет элдан машина олиб келган тақдирда Пискентдаги полигонда 3 ойлик синов амалга оширилади. Бизнинг ёзимиз, қишимиз, кузимиз бор. Машиналарни 15 минг км юрдириб, мувофиқлик сертификати берамиз. Бу талаб кафолат нуқтаи назаридан айтилмоқда”, дейилган агентлик хабарномасида.

Агентлик раҳбари ўринбосари Одилжон Тоҳиров ушбу синовлар “халқаро даражада тан олингани”ни айтган.

Маълум бўлишича, мазкур талаб ўз эҳтиёжи учун хориждан автомобиль олиб келаётган шахсларга татбиқ этилмайди.

Айрим таҳлилчилар бу чора-тадбирни хориждан автомобиль олиб кирадиган тадбиркорлар фаолиятига бюрократик тўсиқ ва халқни танловдан маҳрум этиш, деб баҳоламоқда.

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида хориждан бензинда ҳаракатланадиган автомобиль келтириш 28 фоизга камайган. Гибрид енгил автомобиллар импорти 49 фоизга (7650 тадан 11425 тага), электромобиллар импорти 48 фоизга (10 917 тадан 16 209 тага) ортган.

Туркиядаги ўзбекистонликлардан хушёрликни ошириш сўралди

Анқарадаги TUSAŞ ширкати биносига 23 октябрь куни уюштирилган ҳужум чоғида, расмий маълумотларга кўра, 5 киши қурбон бўлган
Анқарадаги TUSAŞ ширкати биносига 23 октябрь куни уюштирилган ҳужум чоғида, расмий маълумотларга кўра, 5 киши қурбон бўлган

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонликлардан жамоат жойларида хушёрликни ошириш ва эҳтиёт чораларини кўриш, айниқса аэропорт, темирйўл вокзали, автошоҳбекат, кемалар станцияларида, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишни сўради.

Бош консулхона бу баёнотни Туркия Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан маслаҳатлашув ўтказилгани ортидан берган. Унда турк полициячилари ўзбек дипломатларига 23 октябрь куни Анқара шаҳрида содир этилган террор ҳужуми сабабли ва хавфсизлик нуқтаи назаридан Туркиянинг барча ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари кучайтирилганини маълум қилишган.

Озодлик аввалроқ чоршанба куни Анқарадаги TUSAŞ ширкати биносига уюштирилган ҳужум пайтида 5 киши нобуд бўлгани, 20 чоғли одам жароҳат олгани ҳақида хабар қилган эди.

Туркия Россия, Қозоғистон ва Жанубий Корея каби ўзбекистонликлар энг кўп ишлайдиган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Бош консулхона хабарномасида яна Туркиядан чиқиб кетиш арафасида бўлган ўзбекистонликларга аэропортларга қайддан ўтиш вақтидан камида 1 соат олдин етиб бориш, шубҳали буюмлар ва шахслар тўғрисида яқин орадаги полиция ёки хусусий хавфсизлик бўлинмалари ходимларига хабар бериш тавсия этилган.

Ўзбекистонда давлат сирига оид қонун янгиланди

Олий Мажлис Сенати мажлисларидан бири (иллюстратив сурат)
Олий Мажлис Сенати мажлисларидан бири (иллюстратив сурат)

Олий Мажлис Сенатининг 23 октябрдаги ялпи мажлисида “Давлат сири тўғрисида”ги қонун маъқулланди.

“Daryo.uz” нашри хабарига кўра, юқори палатанинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров қонуннинг эски варианти мутахассислар томонидан таҳлил қилинганда унда такомиллаштирилиши, қўшимчалар киритилиши керак бўлган нормалар мавжудлиги аниқланганини айтган.

Эндиликда давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар 4 тоифага бўлинади:

• ҳарбий соҳадаги;

• ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий соҳадаги;

• разведка ва контр-разведка, тезкор қидирув фаолияти ва бошқа давлат хавфсизлиги йўналишларига оид;

• иқтисодиёт, таълим ва техника соҳаларига оид.

Янги таҳрирдаги қонун билан давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи 18 ёшга тўлган шахсларга берилиши, Ўзбекистон фуқароси бўлмаганларга эса рухсатнома халқаро шартномалар ва мамлакат қонунчилиги талабларига мос келиши шарти билан берилиши белгиланмоқда.

Ҳужжат ахборот коммуникация технологияларининг ривожланиши ва илғор технологияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш масалаларини ҳам қамраган.

Бундан ташқари, махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати ва ушбу маълумотларни махфийлаштириш бўйича асоссиз қарор қабул қилганлик бўйича жавобгарлик ҳамда фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларни давлат сирларига киритилишини ман этиш белгиланган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, давлат сирлари – давлат, ҳарбий ва хизмат сирларини ўз ичига олади. Экспертлар янги қонун кучга кириши ортидан ташқи иқтисодий фаолият ва умуман иқтисодиёт соҳасидаги маълумотлар ҳам давлат сирига айланиши мумкинлигини айтмоқда.

“Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонун 1993 йилда ишлаб чиқилган. Қонуннинг янги таҳрири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йил 20 августида қабул қилинган.

Янги ҳужжат ишлаб чиқиш жараёнида ҳам, парламентдаги муҳокама давомида ҳам жамоатчиликка очиқланмаган.

Қозоқ-ўзбек чегарасида божсиз ҳудуд очиш таклиф қилинди

Ўзбекистон ва Қозоғистон байроқлари (иллюстратив сурат)
Ўзбекистон ва Қозоғистон байроқлари (иллюстратив сурат)

Манғистау вилояти ҳокими Нурдаулет Қилибай Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида бож олинмайдиган махсус савдо зонасининг ташкил этилиши икки давлат товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Мулозим бу таклифни 22 октябрь куни Самарқандда ўтказилган икки давлат ҳукуматларининг қўшма ҳудудлараро форумида илгари сурган.

Нурдаулет Қилибайга кўра, Манғистау вилоятининг улгуржи бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавот, мева ва қуруқ меваларнинг катта қисми Бухоро, Самарқанд, Нукус ва Сирдарё далаларидан келтирилади.

“Тажен” божхона пости орқали кунига 250-300 та фура ўтади, шундан ўртача 25-30 таси Манғистауга жўнатилади. Бу қарийб 11 минг тонна маҳсулот дегани.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизматининг маълум қилишича, икки давлат бош вазирлари Абдулла Арипов ва Ўлжас Бектенов раислигида ўтказилган худудлараро ҳамкорлик анжумани доирасида умумий қиймати 352 миллион доллардан ортиқ 76 та ҳужжат имзоланган.

Ўзбекистон томони маълумотига кўра, сўнгги 7 йил ичида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, 2023 йилда 4,4 миллиард долларни ташкил этган.

Озодлик аввалроқ Остона ва Тошкент ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш ниятида экани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистонда газеталар сони 15 фоизга қисқарди

Тошкент кўчаларидан биридаги газета дўкони (архив сурати)
Тошкент кўчаларидан биридаги газета дўкони (архив сурати)

Ўзбекистонда 2016-2024 йилларда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) сони 1514 тадан 2349 тага кўпайгани ҳолда, газеталар 691 тадан 600 тага (15 фоиз) камайган.

“Gazeta.uz” хабарига кўра, бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган “Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги”да маълум қилинган.

Журналлар 309 тадан 866 тага, телеканаллар 65 тадан 89 тага, интернет нашрлар 395 тадан 738 тага ортган.

Саккиз йил давомида 6 та ахборот агентлиги фаолият бошлаган. Фаол блогерлар сони 50 нафардан 1200 нафарга етган, аммо газеталар сони йил сайин камаймоқда.

АОКА директори Асаджон Хўжаев бу ҳолатни босма нашрлар рақобатга дош бера олмаётгани билан изоҳлаган.

Мулозимга кўра, авваллари босма нашрларнинг аксари давлат томонидан берилган субсидия ҳамда шартномалар орқали чоп этилган. Ҳозирда эса ахборот етказиш кўпроқ рақамли технологиялар орқали амалга ошириляпти. Электрон нашрлар эса босма нашрларга қараганда камхарждир.

“Газета-журналларнинг ўз ўқувчилари бор, улар маълум миқдорда сақланиб қолади ва умуман йўқ бўлиб кетмайди. Қисман электрон форматга ўтиши мумкин, бироқ барибир босма нашрлар қисқаради, бу дунёдаги умумий тенденция”, деган АОКА директори.

Таҳлилчилар босма нашрларнинг ёпилишига иқтисодий-молиявий омиллар қатори сўз эркинлиги ҳолати ҳам муайян таъсирга эга эканини айтиб келишади.

Аҳоли рўйхатга олиш тадбири 2026 йил ёзида ўтказилиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг 15 июлидан 21 августига қадар ўтказилиши режаланмоқда.

Статистика агентлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйган “Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасида ана шу муддат кўрсатилган.

Ҳужжатда бир қатор ҳозирлик тадбирлари белгиланган. Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Маҳаллалар уюшмаси ва Кадастр агентлиги 2025 йил 1 июлигача аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказиши керак.

Парламентга эса 2025 йил 1 сентябридан 2026 йил 1 сентябрига қадар республика бўйлаб маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини ўзгартириш, топономик объектларга ном бериш ва уларни янгилаш ишларини вақтинча тўхтатиш тавсия этилган.

Режага кўра, аҳолини рўйхатга олиш планшет қурилмалари ёрдамида ўтказилади. Бунинг учун зарур техник ва дастурий воситалар Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинади.

Аввалроқ Статистика агентлиги вакили аҳолини рўйхатга олиш учун 800 миллиард сўм маблағ талаб этилишини айтган.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш сўнгги бор 1989 йилда ўтказилган.

Даставвал рўйхатга олиш тадбири 2022 йилда ўтказилиши мўлжалланганди. Коронавирус пандемияси важидан бу муддат 2023 йил ноябрига, сўнг 2026 йилга кўчирилган.

Ноқонуний криптовалюта савдосида айбланган яна бир фуқаро қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрида тегишли ҳужжатларсиз криптовалюта олди-сотдиси билан шуғулланган 26 ёшли йигит 5 суткага қамалган.

Qalampir.uz нашрининг суд ҳукмига таянган ҳолда хабар қилишича, жорий йил 7 октябрь куни Тошкент шаҳри ИИББ ходимлари томонидан “Мехc” платформаси текширилганда фуқаро Х.Т. 2023 йил бошидан буён Redmi русумли телефон орқали тегишли хужжатларсиз бир неча маротаба криптовалюта сотиб олиш, бошқа шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширгани аниқланган.

Қайд этилишича, 16 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Х.Т. ноқонуний криптовалюта олди-сотдиси билан шуғулланганидан пушаймонлигини айтиб, ўзига енгиллик берилишини сўраган.

Суд Х.Т.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси 1-қисмида (криптоактивларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топган ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ тайинланган.

Шунингдек, унинг телефони давлат фойдасига мусодара қилинган. Ҳуқуқбузардан қамоқдаги озиқ-овқат учун 281 минг 250 сўм миқдорида пул ундирилиши ҳам белгиланган.

Ўзбекистонда жорий йил 19 январидан криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик жорий этилганди. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун жаримадан тортиб 5 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Жорий йил июнь ойида Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчиси Telegram мессенжери орқали ноткоин йиғиб, уни 800 минг сўмга сотгани учун 10 суткага қамалган эди. Ноткоин сотганлик учун қамоқ жазосининг тайинланиши тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Россия ТИВ раҳбари кейинги ҳафта бошида Тошкентга келади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 28-29 октябрь кунлари хизмат сафари билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия ТИВ мулозимаси Мария Захаровадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Сафар чоғида Лавров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиши режаланган. Шунингдек, Россия бош дипломати ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан ҳам музокара ўтказади.

Россия ТИВ мулозимасига кўра, Лавровнинг Ўзбекистонга сафари чоғидаги музокараларда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада теранлаштириш ва ривожлантириш масалаларига қаратилади.

Мария Захарова Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомига эга эканини эътиборга олган ҳолда Ўзбекистоннинг Евросиёга интеграцияси жараёнларини дипломатик юритув ишлари ҳам Лавров сафарида алоҳида ўрин тутишига урғу берган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов 17 октябрь куни Тошкент шаҳрида Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги очилишида Ўзбекистонда ҳозирча Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиш истаги йўқлиги, расмий Тошкент ташкилотда фақат кузатувчи мақомида қолишни режалаётгани ҳақида баёнот берган эди.

Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш имкониятини ўрганиш бўйича парламент комиссиясига раҳбарлик қиламан. Биз ушбу ташкилотнинг мингдан ортиқ турли ҳужжатини синчковлик билан ўрганиб чиқдик ва бугунги кунда ЕОИИ ҳузурида кузатувчи мақомини сақлаб қолиш Ўзбекистон манфаатларига мос келади, деган хулосага келдик”, деган Саидов Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон ЕОИИга қўшилишдан кам фойда кўрганини қўшимча қилган эди.

ЕОИИ 2014 йилда Беларусь, Қозоғистон ва Россия иштирокида тузилган. 2015 йилда унга Қирғизистон билан Арманистон аъзо бўлган. Ўзбекистон ва Куба мазкур тузилмада 2020 йилдан буён кузатувчи мақомига эга.

Экспертлар Россия ҳали халқаро санкцияларга йўлиқмасдан туриб ҳам ЕОИИни аъзо давлатлар учун манфаатли эмас, деб ҳисоблашарди. Уларга кўра, мазкур ташкилот фақат Россия фойдасига хизмат қилиб келган. Москвага қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг ЕОИИ мамлакатларида иттифоқдан чиқиш тарафдорлари янада кўпайган.

Фарғоналик таниқли шоир Шамшод Абдуллаев Олмаотада вафот этди

Шамшод Абдуллаев (архив сурати)
Шамшод Абдуллаев (архив сурати)

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 23 октябрь куни фарғоналик шоир, ёзувчи ва эссеист Шамшод Абдуллаев оламдан ўтди. Бу ҳақда “Фарғона.ру” ахборот агентлиги хабар қилди.

1957 йилнинг 1 ноябрида Фарғонада туғилган Шамшод Абдуллаев русийзабон авангардчи шоирлар орасида ўтган асрнинг 80-90-йилларида шакллантирилган “Фарғона поэтик мактаби”нинг норасмий лидерларидан бири ўлароқ кўриларди. Миллати ўзбек бўлишига қарамай, рус тилида ижод қилган Шамшод Абдуллаев бир неча шеърий тўплам ва прозаик асар муаллифи бўлиб ҳисобланади.

Асарлари бир неча тилга таржима қилинган фарғоналик шоир, “Фарғона.ру” қайдича, Андрей Белий номидаги мукофот (1993 йил), “Знамя” журналининг эссеистика бўйича мукофоти (1998 йил), “Глобус” мукофоти (1998 йил), Россия шоирлари орасида икки марта шеърият учун мукофот (2006 ва 2013 йиллар), Францияда рус тилида чиққан “Окно” журнали мукофоти (2011 йил), Иосиф Бродский жамғармаси мукофоти (2015 йил) ва бошқа мукофотлар соҳиби бўлган.

Шамшод Абдуллаев Тошкентда “Звезда Востока” журналига (“Шарқ юлдузи”нинг русчаси) муҳаррирлик қилган. “Фарғона.ру” маълумотига кўра, нашр Ўзбекистон расмийларининг босимига учраган, шундан сўнг журнал ходимлари ва Фарғона мактаби вакиллари мамлакатни тарк этиб, муҳожиротга кетишга мажбур бўлишган.

ИИВ: “Whats” молиявий пирамидаcи 4 млрд сўмни ўзлаштирган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда “Whats” номи билан молиявий пирамида ташкил қилиб, фуқароларнинг катта миқдордаги маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йил август ойидан октябрига қадар Бухоро шаҳрида ташкил этилган “Whats” платформаси бўйича 500 нафардан зиёд фуқародан мурожаат келиб тушган. Мазкур гуруҳ етказган зарари миқдори 4 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.

“Kun.uz” нашрининг аниқлик киритишича, молиявий пирамида эгалари “Whats” номли платформа ташкил қилиб, “қадам”ларни сотиб олиш учун 120 доллардан 17 минг долларгача пул тикишни, ҳар бир янги аъзо учун 12 фоиз бонусга эга бўлишни таклиф қилган.

Қайд этилишича, платформа ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб-ташвиқ қилинган. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги маҳаллий блогерлар ва вайнерларнинг тарғибот мазмунидаги видеолари уни янада оммалаштирган.

Таҳлилларга кўра, кейинги йилларда интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда молиявий пирамида ташкил этишга уринишлар сони ортган.

Боласи ногирон бўлиб қолган ота ССВни ёлғончиликда айблади

“Док-1 Макс” иши Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири бўлиб ҳисобланади
“Док-1 Макс” иши Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири бўлиб ҳисобланади

“Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган ўзбекистонлик болаларга ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатилаётгани ҳақидаги расмий баёнот шубҳа остига олинди.

Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров 21 октябрь куни журналистлар билан мулоқотда “Док-1 Макс” дорисининг ножўя таъсири оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга “давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани”ни айтганди.

Фарзанди 2022 йил декабрь ойида ушбу доридан заҳарланган ва 65 кун комада ётган Феруз Нуриддиновнинг Daryo.uz нашрига айтишича, вазир жамоатчиликка ёлғон маълумот берган.

“Ўша вазир ҳам, унинг ходимлари ҳам ҳатто давлатнинг бирорта шифохонаси шифокорлари бирор марта ўғлимнинг ҳолидан хабар олмаган-ку! Ҳатто уйимнинг эшиги қайси томонга очилишини билмай туриб, “биз ногирон бўлиб қолган болаларни даволаяпмиз, кўмак беряпмиз” дейишга уялмадими? Ўша вазирдан сўранг-чи, доримас, бирорта шприц берганмикан?” деган жабрдийда ота.

Қайд этилишича, вазирнинг бу гапидан сўнг кўпчилик ота-оналар у билан кўришиш ниятида юрибди.

Феруз Нуриддинов 5 яшар ўғли Алибекни даволатиш учун уйини сотиб, яқинларидан қарз олишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, бола гапиролмайдиган, юролмайдиган бўлиб қолган.

“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.

Мамлакатда 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиши кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, бунинг оқибатида 68 нафар бола вафот этган, камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган.

Болалар омбудсмани: 7 яшар қизча жинсий зўравонлик қурбони бўлгани ўрганилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ИИБ 7 ёшли қизга нисбатан бузуқ ҳаракатлар cодир этилгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб бормоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

22 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ўгай ота бирга яшаб келаётган аёлининг аввалги никоҳидан туғилган қизига жинсий зўравонлик қилгани баён этилган видеолавҳа тарқалганди.

Видеода вояга етмаган қиз йиғлаган ҳолда ўгай отаси унга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлар содир этганини айтиб берган.

Қизчанинг онаси – Қарши шаҳрида яшовчи аёл ИИБга ҳолат юзасидан мурожаат қилиб, 2021 йилдан бери бирга яшаб келаётган эри унинг норасида қизига нисбатан жинсий зўравонлик ҳаракатларини содир этганини айтган.

Болага нисбатан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.

Олий Мажлис Сенати жорий йил 15 август куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллаган эди.

Ўшанда юқори палата мажлисида кейинги йилларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани, уларнинг олдини олиш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги ҳуқуқий механизмлари етарли даражада самара бермаётгани қайд этилганди.

Ўзбекистонлик каноэчи допинг сабаб 3 йилга мусобақалардан четлатилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон “Rowing&canoe” федерацияси спортчиси, Осиё ўйинлари ғолиби Шоҳмурод Холмуродов топширган допинг синамасида тақиқланган “Кломифен” моддаси борлиги аниқланди.

Миллий антидопинг агентлиги маълумотига кўра, спортчи Бутунжаҳон антидопинг кодекси талабларини бузган деб топилиб, 3 йил муддатга дисквалификация қилинган.

“Gazeta.uz” нашри қайдича, спортчи мазкур моддани муолажа вақтида билмасдан қабул қилганини айтган.

Шоҳмурод Холмуродов Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган XIX Осиё ўйинларида каноэда эшкак эшиш бўйича олтин медални қўлга киритган.

Қоидага кўра, дисквалификация қилинган спортчи жазо муддати тугагунга қадар миллий ва халқаро мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларида иштирок эта олмайди. Агар бу талаб бажарилмаса, унга умрбод дисквалификация қўлланиши мумкин.

Ўзбекистонлик спортчининг допинг назорати ортидан мусобақалардан четлатилиши илк бор кузатилаётгани ҳодиса эмас. 2022 йилда айни шу сабабга кўра оғир атлетикачи Мафтуна Исмоилова ва юнон-рим курашчиси Султонбек Элмуратов тўрт йил муддатга беллашувларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганди.

2018 йил декабрида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпиони, “Ўзбекистон ифтихори” Руслан Нуриддинов ҳам вақтинча спортдан четлатилганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG