Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:35

Ўзбекистон хабарлари

Сирдарёда 13 яшар бола қариндошини чавақлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Сирдарё вилояти Боёвут тумани Қарапчи маҳалласида яшовчи 13 яшар бола ақли заиф қариндошини пичоқлади.

“Daryo.uz” хабарига кўра, воқеа 2024 йил 18 октябрь куни соат 16:30 да ҳудуддаги дала майдонида содир бўлган.

Бош прокуратура матбуот хизмати қотиллик фактини тасдиқлаган.

“Вояга етмаган Ш.А. (ўғил бола) жорий йил 18 октябрь куни “Дўстлик” ва “К-3” канали оралиғидаги ташландиқ жойдан ўтиб кетаётган вақтида узоқ қариндоши Ф.Ж. уни чақириб, қўлидаги пичоқ билан уни ўлдиришини сўраган. Бола буни рад қилганидан сўнг Ф.Ж. вояга етмаган Ш.А.ни қўрқитгани боис вояга етмаган бола уни пичоқ билан қасддан ўлдирган”, дейилган Бош прокуратура ахборотида.

23 ёшли эркакнинг мурдаси Гулистон шаҳри Навбаҳор маҳалласи ҳудудидаги канал ёнидан топилган.

Марҳум Ф.Ж. руҳий касалликлар диспансерида “параноид шизофрения эпизодик кечиши” ташхиси билан рўйхатда турган.

Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи ИИБга қарашли вояга етмаганларни вақтинчалик сақлаш масканида тутиб турилгани айтилмоқда.

БП: Алламжоновга суиқасд уриниши бўйича яна уч киши ушланди

Комил Алламжонов
Комил Алламжонов

Ўзбекистон президенти администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қарши ўтган ҳафта охирида уюштирилган суиқасд ҳаракатига алоқадорликда гумонланган яна уч нафар шахс қўлга олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган шахсларнинг яна уч нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланди”, дейилган БП томонидан 28 октябрь куни тарқатилган хабарномада.

Расмий маълумотларга кўра, 26 октябрь куни Қибрай туманида юз берган ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248-моддаси (ўқотар қурол ва ўқ-дорилар, портловчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилган.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, қуролли ҳужумга учраган автомобилда Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби ва президент администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов бўлган.

Сайлов арафасида амалга оширилган суиқасд уриниши ортидан Бош прокуратура, Ҳарбий ва Транспорт прокуратуралари, ИИВ ҳамда Божхона қўмитаси ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Аввалроқ БП мазкур ҳодиса юзасидан “жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларидан прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтириш”ни сўраб, баёнот тарқатган эди.

Бош прокуратура аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатади”, дейилган баёнотда.

40 ёшли Комил Алламжонов шу йилнинг 30 сентябрида Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари ва Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимидан истеъфо берган эди.

Унинг ўзи фаолиятини бизнесда давом эттиришини айтган, аммо истеъфоси тафсилотлари ҳамда кейинги режаларини очиқламаган.

Алламжоновнинг кутилмаган истеъфоси президент Мирзиёев маъмуриятидаги “ички курашлар” билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.

Нукусда ис газидан заҳарланган уч киши вафот этди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида эр-хотин ва уларнинг уйига келган меҳмон йигит ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди.

Қайд этилишича, ҳодиса 18 октябрга ўтар кечаси содир бўлган. Ўша куни эрталаб соат 07:51 да ИИБга 23-мавзеда истиқомат қилувчи эр-хотин ва уларнинг уйига меҳмон бўлиб келган таниши вафот этгани ҳақида маълумот келиб тушган.

25 ёшли А.Я., 23 ёшли хотини М.Я ва уларнинг меҳмони бўлган 27 ёшли А.Т иситиш қозонхонаси мўрисидан чиққан ис гази туфайли вафот этгани тахмин қилинмоқда.

БП вакили қайдича, ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

МСК раиси: Сайловда давомат 74,72 фоизни ташкил қилди

Ўзбекистон МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев (архив сурати)
Ўзбекистон МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев (архив сурати)

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Тошкентда ўтказилган брифингда 27 октябрь куни мамлакатда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари сайловида рўйхатларга киритилган сайловчиларнинг 74,72 фоизи овоз берганини билдирди.

Мулозимга кўра, якшанба кунги овоз беришда сайлов рўйхатига киритилган 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчидан 15 миллион 27 минг 529 нафари участкаларга келиб овоз берган.

МСК матбуот хизмати эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, парламент қуйи палатаси депутатлиги учун сайловда 150 та ўриндан 64 тасини (42,7 фоиз) ЎзЛиДеП , 29 тасини (19,3 фоиз) “Миллий тикланиш” партияси , 21 тасини (14 фоиз) “Адолат” партияси, 20 тасини (13,3 фоиз) ХДП, 16 тасини (10,7 фоиз) эса Экологик партия эгаллашга муваффақ бўлган.

Мухолифат партияларисиз ўтган сайлов натижалари ҳақида айни пайтда Тошкентдаги МСК матбуот марказида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси миссияси вакиллари брифинг ўтказмоқда.

Сайловни кузатган бошқа халқаро кузатувчилар, хусусан ЕХҲТ кузатувчилари якшанба куни бўлиб ўтган сайлов ҳақида ўз хулосаларини қачон тақдим этиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Содиқ Сафоев: Кун тартибимизда БРИКСга аъзолик йўқ

Содиқ Сафоев
Содиқ Сафоев

Ўзбекистоннинг БРИКСга аъзолиги мамлакат сиёсий кун тартибига қўйилган эмас. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 26 октябрь куни Тошкентдаги халқаро анжуманда гапирган.

Ҳозирча бу ҳақда гап-сўз йўқ, ягона валюта ҳақида ҳам гапиришга эрта”, дея иқтибос келтирган Сенат раисининг биринчи муовинининг сўзларидан Kun.uz нашри.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати қандай бўлиши хусусидаги саволга жавоб қайтарган Сафоев расмий Тошкент дунёга очиқлигини қайд этган.

Маълумот ўрнида, жорий йил 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммити якунида Беларусь, Туркия, Қозоғистон каби мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам мазкур тузилмада шерик-давлат мақоми берилган.

Таҳлилчиларга кўра, Кремль олий мартабали меҳмонлар сони кўп бўлган Қозон саммити орқали Ғарбга жаҳон саҳнасида ёлғиз қолмаганини кўрсатишга уринган.

2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой БРИК номли ташкилотга бирлашди. 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси қўшилиши билан ташкилот БРИКСга айланди.

Ушбу тузилма дунёнинг ривожланаётган мамлакатларини бирлаштириш орқали Шимолий Америка ва Ғарбий Европанинг сиёсий, иқтисодий қудратига қарши муқобил куч яратишни мақсад қилган.

Кенгайган БРИКС 3,5 миллиардга яқин нуфусга эга. Бу дунё аҳолисининг 45 фоизи демакдир. БРИКС давлатларининг умумий иқтисодиёти 28,5 триллион доллардан ортиқ бўлиб, бу жаҳон иқтисодиётининг қарийб 28 фоизига тенг.

Тўққиз ойда қарийб 13 тонна қоғоз тежалди – Адлия вазирлиги

Иллюстртив сурат
Иллюстртив сурат

Адлия органларида жорий қилинган электрон тизимлар сабабли 2024 йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 тонна офис қоғози тежалди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати 25 октябрь куни ўтказилган “Қоғозсиз бир кун” экоакцияси доирасида маълум қилди.

Ўртача ҳисобда 1 тонна офис қоғозини ишлаб чиқариш учун дарахт тури ва ишлаб чиқариш технологиясига қараб 17-20 та дарахт керак бўлиши мумкин. Шу сабабли 12,7 тонна офис қоғозини тежаш орқали тахминан 240 та дарахтни сақлаб қолишга эришилди”, дейилган расмий хабарномада.

Таъкидланишича, қоғоздан фойдаланишни қисқартириш ва ундан воз кечиш харажатларни, табиий ресурсларга бўлган юкламани, жумладан, сув ва электр энергияси истеъмолини камайтириш ҳамда чиқинди миқдорини қисқартиришга хизмат қилади.

Шунга мувофиқ Адлия вазирлиги қоғоз сарфини камайтириш учун электрон ёзишмага ўтиш, матнларни фақат зарур бўлгандагина қоғозга чоп этиш ва қайта ишланган қоғоздан фойдаланишни тавсия этган.

Адлия идораси 2023 йилда ҳужжатларнинг электрон тизим орқали олиниши йўлга қўйилгач, 20 тоннадан кўпроқ қоғоз, 21 миллиард сўмдан зиёд маблағ тежалганини билдирганди.

Тошкент ҳам Кобулга янги элчисини йўллади

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги янги элчиси Ойбек Усмонов (Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати фотоси)
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги янги элчиси Ойбек Усмонов (Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати фотоси)

Ойбек Усмонов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди.

Ўзбекистон ТИВ ҳузуридаги “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Усмонов сўнгги ўн икки йил мобайнида Кобулда элчи бўлиб ишлаган Ёдгорхўжа Шодмоновнинг ўрнини эгалламоқда.

Мутахассислиги бўйича филолог ва шарқшунос бўлган Ойбек Усмонов 1998 йилдан буён ташқи сиёсат маҳкамаси тизимида фаолият юритиб келган.

Кобулга тайинланишидан олдин у Миср ва Покистонда элчи, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

62 ёшли дипломат инглизчадан ташқари пушту-дарий тилини ҳам билиши айтилган.

Сўнгги бир ой ичида Кобул ва Тошкент кетма-кет ўз элчиларини янгилади.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистоннинг Тошкентдаги дипломатик миссияси янги раҳбари Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилгани ҳақида хабар қилганди.

2021 йил август ойида Афғонистоннинг асосий қисми, жумладан, пойтахт Кобулни эгаллаган “Толибон” ҳаракати “Афғонистон ислом амирлиги” ташкил этилганини эълон қилган.

Толиблар ҳокимиятга келганидан буён ўтган икки йил ичида дунё давлатларидан биронтаси у шакллантирган ҳукуматни расман тан олган эмас.

“Толибон” ҳаракати кўплаб мамлакатларда террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.

Ҳозирда “Толибон” ҳукумати хорижий давлатлардаги 39 та элчихона ва консулликни назорат қилади.

Ўзбекистон Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасини жорий йилнинг февраль ойида янги маъмурият ихтиёрига топширган эди.

Қозоғистондаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Миграция агентлиги Қозоғистонда бўлиб турган ва транзит йўналишида ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқароларини ноқулай об-ҳаводан огоҳлантирди.

Сўнгги кунларда Қозоғистон ҳудудида об-ҳавонинг кескин совиши натижасида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келаётгани айтилмоқда.

Шу муносабат билан ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, ишончли ва хавфсиз транспорт воситаларидан фойдаланишни, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраймиз”, дейилган агентлик хабарномасида.

Қайд этилишича, яқин ҳафталар давомида Қозоғистон бўйлаб кузатиладиган туман, кучли ёмғир ҳамда йўлларда музлаш ҳолатлари сабаб республика даражасидаги автойўлларда ҳаракатланишда қийинчиликлар юзага келиши мумкин.

Қозоғистон йўлларида ЙТҲ оқибатида ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлиши кўп кузатилади. Жорий йилнинг 16 октябрь куни Бейнеу – Тажен йўлида рўй берган автоаварияда 6 ўзбекистонлик ҳалок бўлган, тўрт нафари жароҳатланган эди.

Қозоғистонда ўзбекистонликлар иштирокидаги автоҳалокатларнинг энг фожиалиси 2018 йилнинг 18 январида содир бўлган. Ўшанда “Самара-Чимкент” автомобиль йўлида автобус ёниб кетиши оқибатида 52 ўзбекистонлик нобуд бўлган эди.

Ўзбекистон ҳудудида икки қадимий шаҳар топилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Археологлар Ўзбекистон жануби-шарқидаги тоғларда ўрта асрларга оид Тугунбулоқ ва Тошбулоқ шаҳарлари қолдиғини топди.

BBCнинг илм-фан оламида катта нуфузга эга Nature журналига таяниб ёзишича, тадқиқотчилар гуруҳига Сент-Луисдаги Вашингтон университети антропологи Майкл Фракетти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов раҳбарлик қилган.

120 гектар майдонни эгаллаган Тугунбулоқ шаҳрида 300 дан ортиқ иншоот, шу жумладан, марказий қалъа ва бешта қўриқлаш минораси бўлган.

Тугунбулоққа нисбатан кичикроқ ҳудудни эгаллаган (12-15 гектар) Тошбулоқдан ҳам 100 га яқин қадим тураржой топилди.

Тадқиқотчилар фикрича, Тошбулоқ VI-XI асрлар, Тугунбулоқ эса VIII-XI асрларда гавжум шаҳарлар бўлган.

Ҳар икки манзилгоҳ денгиз сатҳидан 2000 метр баландда жойлашган.

Nature журнали ҳозирда Ер сайёраси аҳолисининг 3 фоиздан камроғи ана шундай баландликда (асосан Тибет ясси тоғлиги ва Анд тоғларида) истиқомат қилишини эслатган.

Одатда олимлар аҳоли тураржойлари мавжудлигини исботлаш учун текис водийларни ўрганган, шу сабаб ушбу топилма эътиборга молик”, деган Оксфорд университети профессори Питер Франкопан.

Қайд этилишича, ушбу илмий янгилик афсонавий Буюк ипак йўлига доир қарашларни ўзгартириб, Марказий Осиё тоғларидаги шаҳар ҳаёти хусусидаги тасаввурларни қайта кўриб чиқишга ундайди.

Ўзбекистонда туғилиш камайиб, ўлим кўпайди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2024 йил январь–сентябрь ойларида туғилиш кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган, ўлим сони эса ортган. Статистика агентлиги эълон қилган рақамлар шундан далолат беради.

Агентлик қайдича, тўққиз ой мобайнида мамлакатда 693,9 минг нафар чақалоқ туғилган. 2023 йилнинг мос даврида туғилиш 716,9 мингтани ташкил этган.

Жорий йил январь–сентябрь ойларида республика бўйича 131,7 мингта ўлим рўйхатга олинган. Ўтган йилнинг 9 ойи мобайнида эса 129,7 минг киши ҳаётдан кўз юмганди.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра мамлакатнинг доимий аҳолиси 37 миллион 355 минг кишидан ошган. Бундан эркаклар 18,8 миллион, аёллар эса 18,5 миллион нафарни ташкил этган.

Аҳолининг 19 миллиони шаҳарлардан, 18,3 миллиони қишлоқлардан қўним топган.

Аҳоли сони бўйича Самарқанд вилояти биринчи (4,3 миллион киши), Сирдарё вилояти эса (926,7 минг киши) сўнгги ўринни эгаллаган.

Аёлни “юлғунзорга кўммоқчи” бўлган шахс қамоққа олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Навоий вилоятида бир аёлни калтаклаб, “самосуд” қилган эркак қамоққа олинган. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри хабар қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда эркак кишининг кимсасиз чўлда бир аёлни “самосуд” қилаётгани акс этган видеоёзув тарқалганди.

Эркак аёлни калтаклар экан, “Жонингдан умидинг бўлса, яхшилаб йиғла, ялин! Видеони отангга кўрсатаман: “Қизингнинг аҳволини кўр” деб. Икки соатдан бери шу ерда уряпман. Юлғунзор, ўрмон жойни эслаб қол – шу ерда кўмиласан!” деган.

Аёл бунга жавобан ундан урмасликни ўтиниб сўраган, ҳамма айтганларини қилишга тайёрлигини айтган.

Тармоқларда аёл Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 2005 йилда туғилгани, эркак эса Навоий вилояти Қизилтепа туманидан эканига оид тахмин илгари сурилган.

Навоий вилояти ИИБ улар шахсига аниқлик киритмаган, аммо муштумзўрга нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Жабрланувчи бир интервьюда ҳуқуқбузар ички ишлар органларининг собиқ ходими эканини айтган. Навоий вилояти ИИБ “ушбу жиноятни содир этган фуқаронинг ички ишлар органларига ҳеч қандай алоқаси йўқ”лигини билдирган.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда аёлларга нисбатан “самосуд” ҳолатлари кўпайгани айтилади. Аввалроқ БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳам ўзбек расмийларини оналар ва болаларга қарши зўравонликлар, “cамосуд”ларга барҳам беришга чақирганди.

Мирзиёев Ғазода бегуноҳ болалар қурбон бўлаётганидан баҳс этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Россия мезбонлигида ўтган “БРИКС плюс” саммитида сўзлаган нутқида Яқин Шарқ, хусусан, Ғазо сектори ва Ливандаги вазият юзасидан хавотир изҳор қилди.

Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, деган у.

Президент матбуот хизматининг иқтибос келтиришича, Мирзиёев минтақада ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмас вазифа эканини қайд этган. Шунингдек, Исроил–Фаластин муаммосининг ягона ечими “икки халқ учун икки давлат” тамойилини амалга татбиқ этиш эканини урғулаган.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида Афғонистон муаммосига ҳам тўхталган.

Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатишдир”, деган у.

Ўзбекистон раҳбари “инсонларга улкан азоб-уқубатлар, оғир изтироб ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар келтираётган уруш ва можаролар сони ортаётган” паллада “геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан холи тарзда, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш” заруратидан баҳс этган.

Мирзиёев ўтган йил 31 октябрь куни Ғазо аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллион доллар ёрдам ажратилишини маълум қиларкан, Ўзбекистон “Фаластин халқи билан бирдам экани” ва “мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб-қувватлаши”ни таъкидлаган эди.

Дарахткушлик ва браконьерлик учун жазо кучайтирилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Олий Мажлис Сенатининг 24 октябрь кунги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.

Юқори палата матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳужжат билан амалдаги 2 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш ва нобуд қилиш учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 бараваридан 50 бараваригача, мансабдорларга эса 60 бараваридан 75 бараваригача жарима назарда тутилмоқда.

Электр токи, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланяпти.

Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Жамоатчилик мамлакатда қурилиш важидан кўп йиллик дарахтларни кесиш, қасддан қуритиш авж олгани, браконьерлик туфайли ҳайвонот ва набототга дахл этиш ҳолатлари кўпайганидан хавотир билдириб келади.

Ўзбекистонда импорт автомобиллар “3 ойлик синов”га йўлланади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан расмий дилерлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб келинадиган хориж автомашиналари Тошкент вилояти Пискент туманидаги полигонда синовдан ўтказилади. Бу ҳақда “Gazeta.uz” нашри Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ушбу чора “хавфсизлик даражасини ошириш ва мамлакатга олиб кирилаётган транспорт воситаларининг сифатини яхшилаш” мақсади билан изоҳланган.

Кафолатли дилерлар чет элдан машина олиб келган тақдирда Пискентдаги полигонда 3 ойлик синов амалга оширилади. Бизнинг ёзимиз, қишимиз, кузимиз бор. Машиналарни 15 минг км юрдириб, мувофиқлик сертификати берамиз. Бу талаб кафолат нуқтаи назаридан айтилмоқда”, дейилган агентлик хабарномасида.

Агентлик раҳбари ўринбосари Одилжон Тоҳиров ушбу синовлар “халқаро даражада тан олингани”ни айтган.

Маълум бўлишича, мазкур талаб ўз эҳтиёжи учун хориждан автомобиль олиб келаётган шахсларга татбиқ этилмайди.

Айрим таҳлилчилар бу чора-тадбирни хориждан автомобиль олиб кирадиган тадбиркорлар фаолиятига бюрократик тўсиқ ва халқни танловдан маҳрум этиш, деб баҳоламоқда.

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида хориждан бензинда ҳаракатланадиган автомобиль келтириш 28 фоизга камайган. Гибрид енгил автомобиллар импорти 49 фоизга (7650 тадан 11425 тага), электромобиллар импорти 48 фоизга (10 917 тадан 16 209 тага) ортган.

Туркиядаги ўзбекистонликлардан хушёрликни ошириш сўралди

Анқарадаги TUSAŞ ширкати биносига 23 октябрь куни уюштирилган ҳужум чоғида, расмий маълумотларга кўра, 5 киши қурбон бўлган
Анқарадаги TUSAŞ ширкати биносига 23 октябрь куни уюштирилган ҳужум чоғида, расмий маълумотларга кўра, 5 киши қурбон бўлган

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонликлардан жамоат жойларида хушёрликни ошириш ва эҳтиёт чораларини кўриш, айниқса аэропорт, темирйўл вокзали, автошоҳбекат, кемалар станцияларида, метро ва бошқа жамоат транспортида хавфсизлик қоидаларига амал қилишни сўради.

Бош консулхона бу баёнотни Туркия Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан маслаҳатлашув ўтказилгани ортидан берган. Унда турк полициячилари ўзбек дипломатларига 23 октябрь куни Анқара шаҳрида содир этилган террор ҳужуми сабабли ва хавфсизлик нуқтаи назаридан Туркиянинг барча ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари кучайтирилганини маълум қилишган.

Озодлик аввалроқ чоршанба куни Анқарадаги TUSAŞ ширкати биносига уюштирилган ҳужум пайтида 5 киши нобуд бўлгани, 20 чоғли одам жароҳат олгани ҳақида хабар қилган эди.

Туркия Россия, Қозоғистон ва Жанубий Корея каби ўзбекистонликлар энг кўп ишлайдиган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Бош консулхона хабарномасида яна Туркиядан чиқиб кетиш арафасида бўлган ўзбекистонликларга аэропортларга қайддан ўтиш вақтидан камида 1 соат олдин етиб бориш, шубҳали буюмлар ва шахслар тўғрисида яқин орадаги полиция ёки хусусий хавфсизлик бўлинмалари ходимларига хабар бериш тавсия этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG