Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:36

Халқаро хабарлар

Анқарадаги TUSAŞ биносига ҳужум уюштирилди, қурбонлар бор

TUSAŞ биносига ҳужум уюштирилган жой, Анқара, 2024 йил 23 октябри
TUSAŞ биносига ҳужум уюштирилган жой, Анқара, 2024 йил 23 октябри

Туркия пойтахти Анқарада номаълумот шахслар TUSAŞ аэрокосмик ширкати биноси олдида бомба ва ўқотар қуроллар билан ҳужум уюштиришди. Ҳужум туркиялик расмийлар томонидан террор хуружи ўлароқ малакаланмоқда.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқая маълумотига кўра, ҳужум чоғида беш киши ҳалок бўлган, 19 киши яраланган. Мулозим террорчи экани иддао қилинаётган икки киши хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирганини ҳам билдирган.

БРИКС саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига борган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон чоршанба кунги ҳужум ортидан Анқарага қайтишга қарор қилган.

Туркиянинг NTV телеканали хабарига кўра, ҳужумчилар TUSAŞ биноси олдига оддий таксида етиб келишган. Улар қуролларини олиб, бино ичига киришга уринишган, бироқ қўриқчилар томонидан тўхтатиб қолинган, шундан сўнг портлаш юз берган.

Ҳужум ортидан бино ичида отишма давом этган. Воқеа жойига кўплаб “тез ёрдам” машиналари йўлланган, ҳудуд хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Маълумотларга кўра, ширкат ходимларига ишлаётган хоналарига қамалиб олиш буюрилган. Бу орада айрим нашрлар террорчилар бинода бир неча кишини гаровга олган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилишган.

Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч содир бўлган воқеа бўйича Анқара прокуратураси томонидан тергов бошлатилганини маълум қилган.

Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер фикрича, ҳужум ортида айирмачи Курдистон ишчи партияси (КИП) турган бўлиши мумкин. Мазкур ташкилот Туркиядан ташқари АҚШ ва Европа Иттифоқининг қатор давлатларида ҳам террор ташкилоти деб тан олинган. КИП вакиллари Анқарадаги ҳужум юзасида ҳали бирор изоҳ берганларича йўқ.

TUSAŞ Туркиянинг учоқлар, вертолётлар, дронлар ва сунъий йўлдошлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик ширкатларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Польша Россиянинг Познандаги бош консулхонасини ёпади

Польша ТИВ раҳбари Радослав Сикорский
Польша ТИВ раҳбари Радослав Сикорский

Польша Россиянинг Познандаги бош консуллигини ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский маълум қилди.

Мулозимга кўра, мазкур қарор Россиянинг Польша ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишга уринишига жавоб ўлароқ олинган.

Россия гибрид уруш қилмоқда. У Польша ҳудудида диверсия қилишга уриняпти. Мен ташқи ишлар вазири сифатида бунга қатъий жавоб беришим керак. Познандаги Россия консулхонаси ёпилиши биринчи қадамимиз бўлади”, деб ёзган Сикорский Х ижтимоий тармоғида.

Аввалроқ Польша ТИВ раҳбари мамлакатда диверсия қилишга тайёргарлик кўрганлик гумони билан ушланган Украина фуқароси Россия махсус хизматларига ишлаганини ва фабрикага ўт қўйишни режалаганини тан олгани ҳақида баёнот берган эди.

Россиянинг Европада яна қайси объектларга ўт қўйишга доир режаларидан хабаримиз бор”, деган эди Сикорский.

Wyborcza нашрининг ёзишича, 2024 йил 31 январида қўлга олинган Сергей С. Вроцлав шаҳридаги стратегик аҳамиятга эга инфратузилмага жуда яқин жойлашган лак-бўёқ корхонасига ўт қўймоқчи бўлган. Тергов чоғида у айбига иқрор бўлиб, прокуратура билан келишган, аммо суд келишувни тан олмаган ва таклиф қилинган уч йиллик қамоқни жуда енгил жазо, деб топган.

2023 йилда Польша махсус хизматлари Россиянинг жосуслар тармоғи йўқ қилинганини маълум қилган эди. Ўшанда жами 16 киши (13 нафар украиналик, икки нафар беларуслик ва бир россиялик) ушланган. Польшалик расмийлар улар “Россия буюртмасига биноан ахборот йиғиш, муҳим объектларни суратга олиш, Украина ва НАТОга қарши кайфият уйғотишдан ташқари, қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишга ҳозирланган”ини билдиришган.

Исроил армияси Насруллоҳ ворисининг ўлимини тасдиқлади

Ҳошим Сафиюддин
Ҳошим Сафиюддин

Исроил армияси (ЦАХАЛ) “Ҳизбуллоҳ” ижроия кенгаши раҳбари Ҳошим Сафиюддин ўлганини тасдиқлади – Сафиюддин яқинда ўлдирилган Ҳасан Насруллоҳ ўрнига ташкилот етакчиси бўлиши кутилаётган эди.

Исроил ҳарбийларига кўра, Ҳошим Сафиюддин ҳамда гуруҳнинг разведка штаби бошлиғи Ҳусайн Али аз-Займа 4 октябрь куни Байрутга авиазарбалар берилган пайтда ҳалок бўлган. Саудия Арабистонига қарашли “Ал-Ҳадаф” канали Сафиюддин ва яна 23 кишининг жасади 22 октябрь куни Ливан пойтахти чеккасидан топилгани ҳақида хабар қилган эди.

Саккизинчи октябрь куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан фуқароларига мурожаатида Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ” раҳнамоси Ҳасан Насруллоҳнинг икки муҳтамал ворисини ўлдиришганини айтган.

Биз Насруллоҳ, унинг вориси ва ворисининг ворисига қўшиб минглаб террорчини йўқ қилдик. Бугун “Ҳизбуллоҳ” ўтган кўп йиллардагидан кўра заифроқдир”, деган Нетаняҳу ўшанда “ворис” сўзига аниқлик киритмаган эди.

“Ҳизбуллоҳ” лидери Ҳасан Насруллоҳ 27 сентябрь оқшомида гуруҳнинг Байрутдаги ерости марказий штабига зарба берилган пайтда вафот этган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланган ўтган йилнинг октябридан буён Ливанда камида 2036 киши ўлдирилган ва 9535 киши яраланган.

БМТ: Уруш бошидан бери Украина аҳолиси 10 миллионга қисқарди

Донецк вилоятининг Мирноград шаҳрида яшовчи кекса аёл (архив сурати)
Донецк вилоятининг Мирноград шаҳрида яшовчи кекса аёл (архив сурати)

Россия қўшинлари Украина ҳудудига кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён бу мамлакат аҳолиси 10 миллион киши ёки тақрибан тўртдан бирга қисқарган. Бу ҳақда 22 октябрь куни БМТ маълумот тарқатди.

Халқаро ташкилот Украинада аҳоли сони қисқаришига сабаб бўлган омиллар қаторида қочқинлар оқими, туғилишнинг камайгани ва жанговар ҳаракатлар натижасида одамларнинг ҳалок бўлиши кабиларни санаб ўтган.

БМТнинг Шарқий Европадаги аҳоли жамғармаси раҳбари Флоренс Бауэрнинг Женевадаги матбуот анжуманида билдиришича, аҳоли сони кескин камайгани уруш туфайли қарийб кимсасиз қолган ҳудудлар, асосан фақат қариялар қолган қишлоқларда айниқса яққол сезилади. Мулозима бу борада аниқ ҳисоб-китобни чиқариш ва аҳолининг тўлиқ рўйхатга олиш ишлари фақат уруш тугаганидан кейингина амалга оширилиши мумкинлигини қўшимча қилган.

СССР парчаланган 1991 йилда аҳолиси сони 50 миллиондан кўпроқ кишини ташкил қилган Украинада худди Шарқий Европадаги қўшниларида бўлгани каби демографик вазият жиддий тарзда ёмонлашган. Россия босқинидан бир йил аввал – 2021 йилда Украинада қарийб 40 миллион киши яшар эди, дея қайд этган Reuters агентлиги.

АҚШ кейинги ҳафтада Россияга қарши янги санкциялар жорий этади

АҚШ молия вазири Жаннет Йелен (архив сурати)
АҚШ молия вазири Жаннет Йелен (архив сурати)

Қўшма Штатлар кейинги ҳафтада Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши қаратилган янги санкцияларни эълон қилишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Жаннет Йелен 22 октябрь кунги чиқишида билдирди.

Биз Кремль ҳарбий машинаси фаолиятига кўмаклаётганларга қарши қаратилган кучли янги санкцияларни очиқлаймиз, улар орасида ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган ўта муҳим маҳсулотларни Россияга етказиб бераётган учинчи мамлакатлардаги воситачилар ҳам бор”, дея баёнот берган Йелен Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Шу кунларда АҚШ пойтахтида Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишлари ўтказилмоқда. ХВЖ ва Жаҳон банки раҳбариятининг учрашувлари АҚШда Жо Байден президентлик давридаги молиячиларнинг сўнгги муҳим йиғилишлари ўлароқ кўриляпти. Бу даврдаги иқтисодиёт ҳолати ва инфляция кўрсаткичлари америкалик сайловчиларни айниқса кўп ташвишга солмоқда.

Америкалик сайловчиларнинг республикачилар номзоди Дональд Трамп ва демократлар номзоди Камала Ҳаррис ўртасидаги танлови дунё молияси ва глобал иқтисодиётга улкан таъсир кўрсатади.

Йелен ўз чиқишида Украинага ёрдамни молиялаштириш учун Россиянинг музлатилган суверен активларидан олинажак фоизлар масаласига ҳам тўхталган. У Вашингтонда баёнот берган куни Европа парламентидан ҳам янги бир хабар келди: европалик депутатлар бу куни Киевга 35 миллиард евро миқдорида ёрдам пакетини маъқуллашди. Бу маблағлар мудофаа ва қайта қуриш учун сарфланади. Қарзни қайтариш Россия Марказий банкининг хорижда музлатилган активларидан олинажак даромадлар ҳисобидан амалга оширилади.

Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги Жаннет Йеленнинг молия муассасаларига нисбатан иккиламчи санкцияларнинг киритилиш хавфи сезиларли оқибатларга олиб келиши мумкинлигига оид сўзларига эътибор қаратган. Йелен АҚШ Молия вазирлиги бу каби ҳаракатлар давом эттирилишини ўрганаётганини қайд этган. Бу ерда гап Қўшма Штатлар санкцияси остига тушган ташкилотлар билан иш олиб бораётган молия муассасалари АҚШ молиявий тизимидан узиб қўйилиши ҳақида кетмоқда, деб ёзган ТАСС.

Туркиялик экспортёрларга Россияга АҚШ маҳсулотини сотиш тақиқланди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва АҚШ президенти Жо Байден (архив сурати)
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва АҚШ президенти Жо Байден (архив сурати)

Туркия расмий эълонсиз ўз экспортёрларига АҚШда ҳарбий мақсадлар учун ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Россияга сотишни тақиқлаб қўйди. Бу Вашингтон ғарб санкцияларига қўшилмаган ва Россия-Украина урушида бетарафликка риоя қилишга уринаётган Анқарага Россия ҳарбий-саноат мажмуасини дастаклагани учун жазо чоралари билан таҳдид қилгани ортидан содир бўлди.

Сўнгги ҳафталарда Туркия расмийлари миллий электрон божхона тизимига ўзгартишлар киритишди. Бу ҳақда Британия нашри бўлган Financial Times (FT) бир неча манбадан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Турк экспортёрларига эндиликда АҚШ маҳсулоти бўлган “юксак аҳамиятга эга элликта товар”ни Россияга етказиб бериш тақиқланган. Рўйхат АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва Япониядан бўлган ҳарбий мутахассислар томонидан тузилган бўлиб, улар Россия ҳарбий саноати қизиқаётган маҳсулотлар рўйхатини шакллантиришган.

Бу ерда гап ракета ва дронлар, масофадан туриб бошқариладиган тизимлар, дастгоҳлар ва бошқа жиҳозлардаги электроника, процессорлар, хотира карталари ҳақида бораётган бўлиб, улар қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришда зарур эҳтиёт қисмлар бўлиб ҳисобланади.

Аввалроқ ЕИдан бу каби товарларни етказиб бериш тақиқланган эди, дея билдирган FTнинг икки манбаси. Манбалардан бирига кўра, жорий этилган чекловлар ҳақида очиқ эълон қилинмаяпти, чунки бу “сиёсий жиҳатдан нозик” масаладир.

Америка илғор технологиясининг Қўшма Штатлар душманлари қўлига тушишига йўл қўймасликка уринаётган АҚШ савдо вазирининг ёрдамчиси Мэтью Акселрод август ойида Анқара ва Истанбулда туркиялик мулозимлар ва топ-менежерлар билан учрашган. Акселрод, агар Туркия бундай маҳсулотларнинг Россияга етказиб берилишини тўхтатмаса, туркияликлар ёқимсиз “оқибатлар”га дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Украинада кенг кўламли уруш бошлангунига қадар Туркия Россияга ойига тақрибан 3 миллион долларлик юксак аҳамиятга эга товар экспор қилиб келган, бироқ 2022 йил декабрига келиб, Туркия статистика ташкилоти маълумотига кўра, бу ҳажм ойига 37,6 миллион долларгача ошиб кетган. АҚШ томонидан иккиламчи санкциялар эълон қилинишидан сал аввалроқ бу миқдор 26,5 миллион долларни, 2024 йил июлида эса бор-йўғи 4,5 миллион долларни ташкил қилган.

Исроилнинг 7 фуқароси Эрон разведкаси учун ишлаганликда айбланмоқда

Исроилнинг ораларида икки нафар вояга етмаган шахс бўлган етти нафар фуқароси Эрон разведкаси учун ишлаганликда айбланяпти.

Айбланувчилар келиб чиқиши Озарбайжондан бўлган кишилар, Ҳайфа шаҳри ҳамда Исроилнинг бошқа шимолий ҳудудлари турғунлари бўлиб ҳисобланади.

Тергов тахминига кўра, улар ўз кураторларининг Исроил армияси ҳарбий базалари ҳақида маълумот ва тасвирлар йиғиш дохил топшириқларини бажаришган.

Тергов икки йилдан кўпроқ давом этган. У жиноятчилар Эрон разведка тузилмаси учун 600 га яқин топшириқни бажарганини аниқлаган. Иддаога кўра, айбланувчилар ўз фаолиятлари учун криптовалюта дохил юзлаб минг доллар пул олишган.

Айбланувчилар сентябрь ойида ҳибсга олинган. Ҳибсга олингунига қадар улардан айримлари Ғазо секторида давом этаётган ҳарбий амалиёт ҳамда Ливан шимолида эронпараст “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан бошланган тўқнашув манзарасида Эрон билан ҳамкорликни давом эттираётган бўлган.

Прокуратура бу сўнгги йиллар ичида ўрганилган энг жиддий ишлардан бири эканини урғуламоқда.

“Ҳизбуллоҳ” гуруҳи АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотигина террор гуруҳи ўлароқ билинади.

Суданда ичида россияликлар бўлган Ил-76 юк учоғи уриб туширилди

Ил-76 (иллюстратив сурат)
Ил-76 (иллюстратив сурат)

Суданда Ил-76 юк учоғи уриб туширилган, маҳаллий каналлар хабарига кўра, унинг бортида россияликлар бўлган.

Улардан бирининг исми ҳам айтилмоқда – бу Airline Transport Incorparation FZC ширкати бош муҳандиси Виктор Грановдир. Тахминларга кўра, Гранов билан бирга учоқ бортида унинг бир неча ҳамкасби бўлган.

Россиянинг Судандаги элчихонаси бу маълумотни ҳали тасдиқлагани йўқ, бироқ уни рад ҳам этмаган. Элчихона вакиллари авиаҳалокат фуқаролик уруши минтақаси бўлган Дарфурда содир бўлгани учун “ҳолатга аниқлик киритиш қийинлашган”ини таъкидлашган.

Ўз навбатида, мамлакатда жанговар ҳаракатлар маълумотларини ёйинлаб борувчи Sudan War Monitor лойиҳаси Ил-76 учоғи “Тезкор жавоб кучлари” (RSF) қуролли ташкилоти жангчилари томонидан хатолик билан уриб туширилганини иддао қилмоқда: айтилишича, учоқ бортидаги юк гўё RSFнинг ўзига олиб кетилаётган бўлган.

Озодлик журналистлари Донбассда Россия зарбасига нишон бўлди

Роман Пагулич ва Павел Холодов
Роман Пагулич ва Павел Холодов

Озод Европа/Озодлик радиоси лойиҳаси бўлган “Донбасс.Реалии”нинг суратга олиш гуруҳи Донецк вилоятида FPV-дронлар операторлари ишларини тасвирга олиш чоғида Россия томонидан амалга оширилган ҳужумга нишон бўлди.

Лойиҳа телеграм-каналида хабар қилинишича, снарядлардан бири ҳарбий журналист Роман Пагулич ҳамда у мулоқот қилаётган ҳарбийлар ёнига тушган. Натижада журналист контузия олган, икки жангчи эса енгил жароҳатланган. Улар билан бирга бўлган тасвирчи Павел Холодовга зарар етган эмас.

Ҳужум чоғида жабрланганларнинг ҳаммаси стабилизацион пунктга олиб борилган ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Хабар ёйинланаётган пайтда яраланган жангчилар ва суратга олиш гуруҳи аъзолари ҳаёти учун хавф йўқлиги билдирилган.

Снаряднинг портлаш жараёни кадрга тушиб қолган:

Ярим йил ичида Россиядан қарийб 86 минг мигрант бадарға қилинди

Москвадаги Миграция маркази биноси ёнида турган чет эллик муҳожирлар (архив сурати)
Москвадаги Миграция маркази биноси ёнида турган чет эллик муҳожирлар (архив сурати)

2024 йилнинг биринчи ярмида Россия судлари қарийб 86 минг мигрантни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқаришган – бу 2022 йили РФдан йил бўйи бадарға қилинган мигрантлар сонидан ҳам кўпроқдир. Бу ҳақда судлардан олинган маълумотлар таҳлили асосида “Важние истории” нашри хабар қилди.

Нашр қайдича, жорий йил январидан июнигача судлар 85,8 минг нафар мигрантни бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарган, 2022 йилда бундай қарор 85,1 минг кишига нисбатан чиқарилганди.

COVID-19 пандемияси йилларида Россия расмийлари томонидан мамлакатдан чиқариб юборишга мораторий жорий этилгани туфайли бадарға қилинган мигрантлар сони кескин қисқарган эди. Бу орада, нашр маълумотига кўра, 2023 йилда Россиядаги мигрантлар сони пандемиягача бўлган йилларга солиштирганда шундоқ ҳам миллион кишига камайган.

Хорижликлар РФдан кўпинча мамлакатга кириш ёки унда яшаш тартибини бузгани учун бадарға қилинади: ярим йил ичида мазкур модда бўйича юз мингга яқин иш очилган. Сон жиҳатдан мамлакатдан чиқариб юборишга сабаб бўлган иккинчи баҳона Россияда ноқонуний меҳнат фаолияти олиб борганликдир: бу модда бўйича 16 минг иш очилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида мигрантлар 590 миллион рубллик жаримага тортилган: бу 2023 йил бўйи мигрантлардан ундирилган жарима миқдори билан қарийб тенгдир.

Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл” савдо марказидаги терактдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайган. Россиялик терговчилар тахминларига кўра, мазкур террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилган. Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаган. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Расмийлар мигрантларга нисбатан қонунчиликни ҳам кучайтирмоқдалар.

Россияда мигрантлар оқими сўнгги 10 йил ичида энг паст даражага тушган, бу эса, иқтисодчилар фикрича, мамлакатда кадр инқирозини кескин кучайтириб юбориши мумкин.

Гулен издошлари унинг вафот этганини эълон қилишди

Фатҳуллоҳ Гулен
Фатҳуллоҳ Гулен

Туркиялик имом Фатҳуллоҳ Гуленнинг издошлари унинг вафот этганини эълон қилишди. Туркияда террор ташкилоти (FETO) ўлароқ тан олинган ҳаракат раҳбари, ёзувчи ва жамоатчилик арбоби Фатҳуллоҳ Гулен сўнгги йилларда АҚШда яшаб келаётган эди.

Гулен жамоатига яқин кўрилган Herkul портали хабарига кўра, у 20 октябрь куни Пенсильваниядаги клиникада вафот этган. 83 ёшли вафотига оид маълумотни унинг жияни Эбуселеме Гулен тасдиқлади, дея хабар қилди CNN Türk телеканали.

Гуленнинг вафотига оид бошқа тафсилотлар келтирилмаяпти.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2016 йили Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларини давлат тўнтариши учун тил бириктирганликда айблаб чиққан. Ўша йили 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси Туркияда ҳарбий тўнтариш уриниши бўлиб ўтган: Истанбул ва Анқара кўчаларида қуролли кишилар, танклар пайдо бўлган, осмонда ҳарбий учоқлар учиб юрган. Ўша пайтда 250 дан зиёд одам нобуд бўлган, кўплаб ҳарбий судсиз-сўроқсиз жазога тортилган.

Исён бостирилганидан кўп ўтмай гуленчиларни ёппасига ҳибсга олиниш бошланган.

Гуленчилар ўзларини болаларга дунёвий ва диний таълим бериш бирлашмаси ўлароқ тақдим этишади. Уларга тегишли Hizmet ҳаракати ўзининг бош мақсади жамиятга хизмат қилиши керак бўлган мусулмонларнинг янги авлодини тарбиялаш эканини айтиб келган. Турли манбаларда ҳаракат ўзининг пацифист (урушларга қарши) эканини ва маданий-таълимий йўналишда фаолият олиб боришга содиқ эканини урғулаган.

Эрдўғон ва Гулен узоқ муддат давомида ҳамкорлик қилиб келишган, бироқ уларнинг ҳар бири ўз йўлидан кетган. Эрдўғон ўзининг “Адолат ва тараққиёт партияси”ни тузганида Гулен ўзининг оммавий ҳаракатини тузган, ҳаракат аъзолари имомларига топиниш даражасида содиқ эдилар. Бугунги кунда дунёдаги 150 дан зиёд мамлакатда Гулен тарафдорлари томонидан очилган тақрибан 1400 та мактаб фаолият кўрсатиб келмоқда.

1999 йили Фатҳуллоҳ Гулен даволаниш учун АҚШга жўнаб кетган ва ўшандан бери таъқибдан чўчиб, ўз мамлакатига қайтмаган. Қайси бир пайтда Эрдўғон ҳатто Гуленни ватанига қайтишни чақирган, бироқ у бунинг хавфсиз эканига амин бўлолган эмас.

Тбилисида “Грузия Европа Иттифоқини танлайди” акцияси бўлиб ўтди

“Грузия Европа Иттифоқини танлайди” акцияси иштирокчилари, Тбилиси, 2024 йил 20 октябри
“Грузия Европа Иттифоқини танлайди” акцияси иштирокчилари, Тбилиси, 2024 йил 20 октябри

Грузия пойтахти Тбилиси марказидаги “Озодлик майдони”да 20 октябрь куни мухолифат партиялари тарафдорларининг митинги бўлиб ўтди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, унда 40 минг нафардан 50 минг нафаргача киши иштирок этган. Митинг “Грузия Европа Иттифоқини танлайди” деган шиор остида бўлиб ўтган.

Дастлабки келишувга мувофиқ, митингда мухолифат лидерлари чиқиш қилишмай, минбарни жамоат арбоблари, шоир ва қўшиқчиларга бўшатиб беришган. Нотиқлар ўз чиқишларида йиғилганларни ва мамлакатнинг барча фуқароларини 26 октябрь кунги парламент сайловида россияпараст деб аталаётган “Грузия орзуси” партиясини ҳукмронлик мақомида маҳрум қилиш ҳамда “Грузияни европача ривожланиш йўлига қайтариш” учун мухолифатдаги тўртта партиядан бирига овоз беришга чақиришган.

“Озодлик майдони”даги митингда мамлакат президенти Саломе Зурабишвили ҳам нутқ сўзлаган. У кўп минг кишилик сайловолди митингини унутилмас тарихий воқеа, деб атаган. Бундан ташқари, Зурабишвили Молдова президенти Майя Сандуга “Молдованинг европача келажагига оид референдумда ғалаба” тилаган ҳамда нафақат Украинанинг, балки Грузиянинг ҳам “европача келажаги учун курашаётган” Украина президенти Владимир Зеленскийга миннатдорлик билдирган.

Бўлажак парламент сайловида мамлакатни 2012 йилдан бери бошқариб келаётган “Грузия орзуси”га қарши Михаил Саакашвилининг “Бирдамлик — Миллий ҳаракат” партияси ҳамда “Кучли Грузия”, “Ўзгаришлар учун коалиция” ва “Грузия учун” каби яна учта мухолифат бирлашмаси кураш олиб боради.

Ижтимоий сўров натижаларига мувофиқ, агар сайлов чоғида мухолифатнинг тўртала бирлашмаси ҳам беш фоизли тўсиқдан ўтишса, бўлажак парламентда мухолифат кучлари биргаликда 50 фоиздан кўпроқ мандатга эга бўлишлари ва янги коалицион ҳукумат тузишлари мумкин бўлади.

Россияда паспорт олган камида 12 киши ҳарбий комиссариатга келмагани учун фуқароликдан маҳрум этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россияда паспорт олган камида 12 киши ҳарбий комиссариатга келмаган ва у ерда қайддан ўтмагани учун фуқароликдан маҳрум этилди, дея хабар қилди “Важние истории” нашри. Фуқароликдан маҳрум қилинган бу одамлар зиммасига мамлакат ҳудудини тарк этиш мажбурияти юкланган.

Жорий йил ёзида Давлат думаси “Единая Россия” партияси томонидан илгари сурилган ва военкоматда қайддан ўтмаганлик учун олинган фуқароликдан маҳрум этиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини қабул қилган эди. Мазкур қонунга мувофиқ, янги фуқаролар паспорт олганларидан кейин икки ҳафта ичида ҳарбий қайддан ўтишлари шарт.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга кўра, мазкур қонун қабул қилинганидан кейин Россиянинг 10 мингдан зиёд янги фуқароси Украина урушига йўлланган. Шунингдек, Бастрикин қайдича, ўтказилган рейдлар чоғида ҳарбий хизматдан бўйин товлаган 30 минг мигрант аниқланган.

“Важние истории” нашрининг ёзишича, қонун қабул қилинганидан кейин судлар ҳарбий комиссариатда қайдда ўтмаганлик учун Хабаровск ўлкаси, Челябинск вилояти ва Москвада судлар тўққиз кишини фуқароликдан маҳрум этишган. Шунингдек, 2018 йилда фуқаролик олган бўлишига қарамай, армия хизматидан бўйин товлагани учун Красноярскдан бўлган врач-реаниматолог Мирзомуҳаммад Каримов фуқароликдан маҳрум бўлган.

“Важние истории” Россия фуқаролигидан маҳрум этиш ҳолатлари қонун қабул қилингунига қадар ҳам кузатилганини қайд этган. Масалан, 2023 йил декабрида Челябинскдаги суд фуқаролик олишда РФ қонунларига риоя қилиш ҳақида зиммасига олган мажбуриятларни бажармагани учун икки кишини фуқароликдан маҳрум қилган.

2023 йил октябрида қабул қилинган қонунга мувофиқ, Россияда армияни обрўсизлантирганлик ёки фейк тарқатганлик, диверсия, дезертирлик, аксилроссия санкцияларига чақирганлик, давлатга хиёнат, “хорижий агентлар”га оид қонунни бузганлик ва исталмаган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлик учун суд ҳукмлари асосида ҳам фуқароликдан маҳрум қилишлари мумкин. Шу билан бирга, бандитизм, жинсий дахлсизликка оид қонунларни бузганлик, қимматбаҳо қоғозларни сохталаштирганлик, жиноий ҳамжамият тузганлик ва бошқа жиноятлар учун ҳам фуқароликдан маҳрум бўлиш мумкин.

Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл” савдо марказидаги терактдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайган. Россиялик терговчилар тахминларига кўра, мазкур террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилган. Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаган. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.

Молдовада президент сайлови ва ЕИга кириш бўйича референдум ўтказилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Молдовада ўтказилган президент сайловида бюллетенларнинг 87 фоиздан кўпроғи қайта ишланганидан кейин амалдаги давлат раҳбари Майя Санду пешқадамлик қилмоқда. Унинг номзоди учун сайловчиларнинг 37 фоиздан кўпроғи овоз берган. Иккинчи ўринда Александр Стояногло боряпти, унинг номзодини сайловчиларнинг 29 фоизи ёқлаган. Учинчи ўринни эса қарийб 14 фоиз овоз билан Ренато Усатий эгаллаб турибди.

Мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириши тўғрисидаги референдумда бюллетенларнинг қарийд 88 фоизи қайта ишланган. ЕИга кириш истагини сайловчиларнинг 46 фоизи билдирган, қарийб 54 фоиз сайловчи эса қарши овоз берган.

Сайлов ва референдумда бир ярим миллиондан зиёд фуқаро овоз берган, давомат 50 фоиздан кўпроқни ташкил қилган.

Президентлик лавозимига Майя Санду дохил 11 нафар сиёсатчи даъвогарлик қилган. У Молдованинг ғарб йўли билан ривожланиши тарафдори бўлиб, мамлакатнинг Европа Иттифоқига киришини дастакламоқда.

Кузатувчилар президент сайловининг иккинчи босқичи ўтказилиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар. Унда Санду ва мухолифатдаги Социалистлар партияси номзоди бўлган Стояногло иштирок этиши эҳтимоли катта. Мазкур партия лидери, собиқ президент Игорь Додон сайловга номзодини қўймаган, бироқ ўз сафдошларини Стояногло учун овоз беришга чақирган. Айни пайтда социалистлар бошқа ҳеч бир партияни ўз номзодини дастаклашга кўндира олишмаган.

Додон каби собиқ бош прокурор Стояногло устидан ҳам бир неча жиноят иши очилган. Собиқ президент коррупция ва давлатга хиёнатда, собиқ бош прокурор эса коррупция ва ваколатлар суиистеъмолида айбланмоқда. Уларнинг ҳар иккиси ўзларига қарши ишлар сиёсий сабабларга кўра ва президент Сандунинг шахсий кўрсатмаси асосида очилганини иддао қилишмоқда. Санду бу иддаони рад этиб келади.

Молдова расмийлари ҳамда АҚШ дохил қатор ғарб мамлакатлари вакиллари сайлов олдидан Россия сайлов кампаниясига аралашгани ҳамда бунга ватанида сиртдан судланган ва ҳозирда хорижда яшаётган тадбиркор Илан Шор алоқадор эканини билдиришган.

Promo-LEX миссияси кузатувчилари овоз бериш жараёнидаги қонунбузарликларга оид мингдан зиёд маълумот тўплаган. Уларнинг 200 дан зиёди тасдиқлаган. Уларнинг кўпи овоз бериш яширинлигининг бузилишига алоқадордир.

Исроил ҲАМАС лидери Яҳё Синвар ўлдирилганини тасдиқлади

Яҳё Синвар.
Яҳё Синвар.

Исроил расмийлари АҚШ ва ЕИ террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган ҲАМАС ҳаракати етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганини тасдиқлади.

Аввалроқ Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ғазо бўлгасида 16 октябрь куни ўтказилган махсус амалиётда ҲАМАСнинг уч вакили ўлдирилгани, улардан бири Синвар бўлиши мумкинлиги, бу борада текширувлар ўтказилишини маълум қилганди.

“7 октябрдаги қирғин ва ёвузлик учун жавобгар, оммавий қотил Яҳё Синвар бугун ЦАХАЛ аскарлари томонидан ўлдирилди”, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Исраэль Кац жасад тегишли тартибда текширилгач.

“Душманларимиз биздан яширина олмайди. Биз уларни таъқиб этамиз ва йўқ қиламиз”, деб ёзди мудофаа вазири Йоав Галант X платформасида.

Уруш хроникаси: Украина | Яқин Шарқ - Сурияга Ливандан қочқинлар оқими
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

ҲАМАСга алоқадор нашр эса гуруҳнинг ўзи Синварга доир маълумотни эълон қилишини кутишга чақирган.

Яҳё Синвар 1962 йили Ғазо бўлгаси жануби, Хон Юнус шаҳридаги қочқинлар жамлоғида туғилган.

Исроил махсус хизмати уни илк бор 19 ёшида “исломий фаолият” сабаб қамоққа олган. У айни ўша вақтда ҲАМАС асосчиси ва ғоявий раҳбари шайх Аҳмад Ёсиннинг ишончини қозонгани айтилади.

Синвар 25 ёшида ҳаракатнинг “Ал-Мажд” ички хавфсизлик хизматига асос солган.

20 йилдан кўпроқ вақт давомида Исроил қамоқхоналарида жазо ўтган Синвар 2011 йили гаровдаги ЦАХАЛ аскари Гилад Шалитнинг алмашуви доирасида озодликка чиққан.

Исмоил Ҳания 2024 йил август ойида Теҳронда ўлдирилиши ортидан Яҳё Синвар ҲАМАС етакчилигига келган.

Исроил уни 2023 йил 7 октябрь куни уюштирилган ҳужумнинг ташкилотчиларидан бири деб билади.

“Cионистлар 7 октябрь шунчаки репетиция бўлганини билишлари керак”, деган Синвар ўтган йилнинг 30 ноябрида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG