Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:29

Халқаро хабарлар

Чеченистонда номаълум шахслар Росгвардия машинасини ўққа тутди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Чеченистоннинг Грозний туманида номаълум шахслар Росгвардияга қарашли юк машинасини ўққа тутишган.

Бу ҳақда биринчи бўлиб NIYSO ҳаракати аъзоси бўлган ва Россия хорижида юрган чеченистонлик мухолифатчилар маълумот тарқатишди. Уларга кўра, ҳодиса чоғида россиялик уч нафар хизматчи ҳалок бўлган.

Кейинроқ ҳужум тўғрисидаги маълумотни Россия расмийларига яқин кўрилган Mash телеграм-канали тасдиқлади, бироқ у қурбонлар сони тўғрисида бошқа маълумот келтирган: канал қайдича, ҳодисада бир киши қурбон бўлиб, яна бир киши яраланган.

Mash хабарига кўра, ўққа тутилган “Урал” юк машинаси Росгвардиянинг Урус-Мартанда жойлашган 46-тезкор топшириқлар бажарувчи бригадасига тегишли бўлган.

Қайд этилишича, Росгвардия вакилларига ҳужум қилганлар яширинишга муваффақ бўлишган. Улар қидирилмоқда.

Октябрь ойи бошида чеченистонликларнинг 1ADAT мухолифатдаги ҳаракати фаоллари Гудермесда йўл-патруль хизмати масканига ҳужум ортидан рейдлар ўтказилаётган ҳақида билдиришган. Республика расмийлари бу маълумот юзасидан изоҳ беришмаган.

Украина собиқ президентининг ўғли Россия фуқаролигини олди

Александр Янукович
Александр Янукович

Украина собиқ президенти Виктор Януковичнинг ўғли Александр Россия фуқаролигини олган. Бу ҳақда “РИА Новости” давлат ахборот агентлиги давлат реестридаги маълумотлар (авваллари Александр Янукович у ерда Украина фуқароси ўлароқ кўрсатилганди) ва ҳужжатларга таянган ҳолда хабар қилди.

Александр Янукович Украинани 2014 йилда тарк этган. У Украина, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларнинг санкция рўйхатларига киритилган. Ҳужжатлардан келиб чиқилса, Россияда Александр тадбиркорлик билан шуғулланиб келади, унинг молия-саноат гуруҳларини бошқариш бўйича “МАКО холдинг” ширкати Россия Адлия идоралари томонидан бундан 10 йил аввал рўйхатга олинган.

Александр Янукович Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг катта ўғлидир. Виктор Янукович Евромайдон оқибатида ҳокимиятдан ағдарилиб, Россияга қочиб ўтган. Унинг кичик ўғли Виктор 2015 йилда Байкал кўлида муз устида автопойга чоғида ҳалок бўлган.

Александр Янукович Украинада ҳам бизнес билан шуғулланган. У отасининг мол-мулкини бошқарадиган шахс ўлароқ кўрилган – 2013 йилда бу активлар 500 миллион долларга баҳоланган. 2014 йилда Украина Хавфсизлик хизмати ҳужжатлар сохталаштирилиши ва хизмат сохтакорлигига оид иш бўйича Александр Януковичга нисбатан қидирув эълон қилган. Ўша пайтда у Украина кўмирини экспорт қилиш билан шуғулланувчи “МАКО-Трейдинг” ширкатининг хўжайини бўлиб ҳисобланарди.

Исроил учоқлари яна Байрутга зарба берди

Исроил авиацияси томонидан Байрутга берилган зарбалар оқибатлари, 2024 йил 23 октябри
Исроил авиацияси томонидан Байрутга берилган зарбалар оқибатлари, 2024 йил 23 октябри

Исроил авиацияси 23 октябрь куни Байрутга навбатдаги ҳаво зарбасини берди. Ракеталардан бири Эрон элчихонаси яқинида портлаган. Ахборот агентликлари кучли ёнғин кадрларини ёйинлашган.

Ўз навбатида, Ливаннинг “Ал-Маядин” телекомпанияси авиазарба таҳририят жойлашган офисга берилганини хабар қилган. Телеканал ҳужумни “ваҳшийларча” деб атаб, Исроил томонидан Ливан мунтазам равишда бомбаланиши бошланганидан буён ишни давом эттириш учун барча ходимлар бошқа жойларга кўчирилганини қайд этган.

Исроил армияси (ЦАХАЛ) Байрутнинг ўққа тутилиши юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Исроил нашрлари ЦАХАЛ ҳужум олдидан ливанликларни зарба берилиши мўлжалланган ҳудудларни тарк этишга чақиргани ҳақида ёзмоқда.

Бундан ташқари, исроиллик ҳарбийлар чоршанба куни Ливан томонидан Исроилга — асосан мамлакат шимолига қарата 135 га яқин ракета отилганини маълум қилишган.

Исроил армияси пойтахт Байрут дохил Ливан ҳудудини сентябрь ойи охиридан буён мунтазам равишда ўққа тутиб келмоқда. Исроил ҳужумлар ҳадафи эронпараст “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи инфратузилмалари эканини айтиб келади. Мазкур гуруҳ Исроил ва АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи гуруҳнинг ҳарбий қанотини террор ташкилоти деб билади, “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.

“Ҳизбуллоҳ” Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумининг эртасига Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ўшандан буён Исроил-Ливан чегарасида қарийб ҳар куни отишмалар содир бўлиб турибди. Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларидан ўн минглаб одам эвакуация қилинган.

Исроил Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши “Шимол нишлари” амалиётини 23 сентябрь куни бошлаган. Амалиётдан мақсад террор ташкилотининг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва Исроил шимолидаги уйларини ташлаб кетган исроилликларни ортга қайтариш учун шарт-шароит яратиш экани айтилган.

Россия: Дума миграцияга оид уч қонун лойиҳасини қабул қилди

Москвадаги Россия Федерацияси Давлат думаси биноси (архив сурати)
Москвадаги Россия Федерацияси Давлат думаси биноси (архив сурати)

Россия Давлат думаси ноқонуний миграция учун жазони кучайтируви уч қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган. Бу ҳақда Россия парламентининг қуйи палатаси сайтида маълум қилинган.

Биринчи қонун лойиҳаси мигрантлардан рус тили ҳамда Россия тарихи ва қонунларини билиш бўйича имтиҳонни қабул қилишда воситачи ташкилотлар учун тўлиқ тақиқ жорий қилади. Бу аввал имтиҳон олиб келган 12 та ОТМ ва Москва ҳукуматининг бир ташкилоти бундан буён воситачи ташкилотларни ёллай олмаслигини англатади.

Иккинчи қонун лойиҳасида мигрантлар учун ноқонуний хизматлар кўрсатиш ва миграцион мақом расмийлаштириш учун сохта ҳужжатлар сотиш таклиф этилган интернет-ресурсларни суд қарорисиз блокировка қилиш кўзда тутилган. Ижтимоий тармоқ эгаси бу каби маълумотни аниқлаш мақсадида контент мониторингини амалга ошириши лозим бўлади.

Учинчи қонун лойиҳасида ноқонуний миграция уюштириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганлик ёки тайёрлаганлик учун жарималар кўзда тутилган. Юридик шахслар учун жарима миқдори 5 миллион рублдан 10 миллион рублгача, ҳуқуқбузарлик қайта содир этилган тақдирда эса 10 миллион рублдан 60 миллион рублгачани ташкил этади.

Давлат думаси Вячеслав Володин йил бошидан буён миграция соҳасини тартибга солувчи еттита қонун қабул қилинганини маълум қилган. Унга кўра, ҳозирги пайтда яна олтита қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда, уларни декабрь ойигача қабул қилиш режаланган.

“Мигрантлар Россия қонунлигига роия қилишлари, рус тилини билишлари, анъаналаримизни ҳурмат қилишлари шарт”, дея билдирган Володин.

Россияда сўнгги ойларда мигрантларга қарши кайфиятлар кучайгани ва қонунчилик кескинлашгани кузатилмоқда. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси қайдича, бу ҳолат айниқса Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги терактлардан кейин кучайиб кетган. Россиялик терговчилар расмий тахминига кўра, мазкур ҳужум тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро томонидан содир этилган.

Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.

2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган эди.

Қозоғистондан бошпана ололмаган қорақалпоқ фаоллари АҚШга кетишди

АҚШга кетган қорақалпоғистонлик фаол Тлеубике Юлдашева, 2024 йил 15 октябри
АҚШга кетган қорақалпоғистонлик фаол Тлеубике Юлдашева, 2024 йил 15 октябри

Қорақалпоғистонлик фаол Зиуар Мирманбетова 23 октябрь куни Қўшма Штатларга етиб борган, у ерда Мирманбетова ва яқинларига бошпана берилиши кутилмоқда.

Бир ҳафта аввал – 15 октябрь куни қорақалпоғистонлик яна уч фаол – Жангелди Жақсимбетов, Тлеубике Юлдашева ва Раиса Худайбергенова оиласи билан АҚШга етиб борган эди. Мирманбетованинг кетиши унинг оила аъзоларига ҳужжат расмийлаштиришда юзага келган қийинчиликлар туфайли ортга сурилганди.

Қароргоҳи Венада бўлган Freedom for Eurasia (“Евросиё учун эркинлик”) гуруҳи раҳбари Лейла Назгуль Сейитбек Озодликнинг қозоқ хизматига фаолларнинг АҚШга кўчиб ўтишига америкалик дипломатлар, Халқаро миграция ташкилоти, БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳамда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси саъй-ҳаракатлари туфайли имкон яратилганини маълум қилган.

“Уларни маҳаллий ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва миграция органлари жойлаштиришади. Уларнинг турган жойи Ўзбекистон расмийлари томонидан хавф бўлгани туфайли сир сақланиши лозим”, деган Сейитбек.

АҚШга чиқиб кетган тўрт нафар этник қорақалпоқ Қозоғистонда бир йил давомида экстрадицион ҳибс остида бўлишган. Улар Тошкент сўровига кўра 2022 йилда қўлга олинган. Расмий Остона 12 ойдан кейин уларни озод қилган – “конституциявий тузумга тажовуз”да айбланган бу одамлар Ўзбекистон томонига берилган эмас. Фаолларнинг ўзлари тарихий ватанларидаги чиқишларни дастаклаганлари учун таъқибга учраганларини билдиришган – 2022 йилда минглаб қорақалпоғистонлик Тошкентнинг мамлакат Конституциясидан республиканинг референдум орқали Ўзбекистон таркибидан чиқишига имкон берувчи модданинг олиб ташланишига оид таклифга қарши чиқишганди.

Қорақалпоғистонлик фаоллар Қозоғистондан бошпана сўрашган, Остона уларга рад жавобини берган. Жаксимбетов, Мирманбетова, Юлдашева, Худайбергенова билан бир вақтда Қозоғистонда уларнинг маслакдоши Қўшқарбай Тўремуратов ҳам ҳибсда сақланган. У ўтган йилнинг октябрь ойида Европага чиқиб кетган ва ҳозирда ўзининг бошпана сўрови бўйича Польша расмийларининг қарорини кутмоқда.

Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси лидери Ақилбек Муратбай (Муратов) 2024 йил февралида Олмаотада экстрадицион ҳибсга олинган эди. Ўзбекистон уни “конституцион тузумга тажовуз” ва “тартибсизликларга чақирганлик”да айбламоқда. Фаол бу айбловни туҳмат, деб атаган.

Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум қилиш ва Конституциядан унинг ажралиб чиқиш ҳуқуқига оид эслатмани олиб ташлаш режаси 2022 йил июлида Нукусда кенг кўламли норозилик чиқишларига олиб келган, пировардида бу чиқишлар аёвсиз бостирилган эди. Расмий маълумотларга кўра, ўша пайтда 21 киши ҳалок бўлган, 200 дан зиёд одам яраланганди. Қонли ҳодисалар ортидан Ўзбекистон расмийлари баҳсли тузатишларни бекор қилишган, кейинроқ эса тартибсизликлар уюштирилишида ташқи кучларни айблаб, Қорақалпоғистон ва унинг хорижида қатағон бошлашган. Бу қатағон сиёсати Қозоғистонда яшаб келган қорақалпоғистонликларга ҳам таъсир кўрсатган.

Анқарадаги TUSAŞ биносига ҳужум уюштирилди, қурбонлар бор

TUSAŞ биносига ҳужум уюштирилган жой, Анқара, 2024 йил 23 октябри
TUSAŞ биносига ҳужум уюштирилган жой, Анқара, 2024 йил 23 октябри

Туркия пойтахти Анқарада номаълумот шахслар TUSAŞ аэрокосмик ширкати биноси олдида бомба ва ўқотар қуроллар билан ҳужум уюштиришди. Ҳужум туркиялик расмийлар томонидан террор хуружи ўлароқ малакаланмоқда.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқая маълумотига кўра, ҳужум чоғида беш киши ҳалок бўлган, 19 киши яраланган. Мулозим террорчи экани иддао қилинаётган икки киши хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирганини ҳам билдирган.

БРИКС саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига борган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон чоршанба кунги ҳужум ортидан Анқарага қайтишга қарор қилган.

Туркиянинг NTV телеканали хабарига кўра, ҳужумчилар TUSAŞ биноси олдига оддий таксида етиб келишган. Улар қуролларини олиб, бино ичига киришга уринишган, бироқ қўриқчилар томонидан тўхтатиб қолинган, шундан сўнг портлаш юз берган.

Ҳужум ортидан бино ичида отишма давом этган. Воқеа жойига кўплаб “тез ёрдам” машиналари йўлланган, ҳудуд хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Маълумотларга кўра, ширкат ходимларига ишлаётган хоналарига қамалиб олиш буюрилган. Бу орада айрим нашрлар террорчилар бинода бир неча кишини гаровга олган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилишган.

Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч содир бўлган воқеа бўйича Анқара прокуратураси томонидан тергов бошлатилганини маълум қилган.

Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер фикрича, ҳужум ортида айирмачи Курдистон ишчи партияси (КИП) турган бўлиши мумкин. Мазкур ташкилот Туркиядан ташқари АҚШ ва Европа Иттифоқининг қатор давлатларида ҳам террор ташкилоти деб тан олинган. КИП вакиллари Анқарадаги ҳужум юзасида ҳали бирор изоҳ берганларича йўқ.

TUSAŞ Туркиянинг учоқлар, вертолётлар, дронлар ва сунъий йўлдошлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик ширкатларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Польша Россиянинг Познандаги бош консулхонасини ёпади

Польша ТИВ раҳбари Радослав Сикорский
Польша ТИВ раҳбари Радослав Сикорский

Польша Россиянинг Познандаги бош консуллигини ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский маълум қилди.

Мулозимга кўра, мазкур қарор Россиянинг Польша ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишга уринишига жавоб ўлароқ олинган.

Россия гибрид уруш қилмоқда. У Польша ҳудудида диверсия қилишга уриняпти. Мен ташқи ишлар вазири сифатида бунга қатъий жавоб беришим керак. Познандаги Россия консулхонаси ёпилиши биринчи қадамимиз бўлади”, деб ёзган Сикорский Х ижтимоий тармоғида.

Аввалроқ Польша ТИВ раҳбари мамлакатда диверсия қилишга тайёргарлик кўрганлик гумони билан ушланган Украина фуқароси Россия махсус хизматларига ишлаганини ва фабрикага ўт қўйишни режалаганини тан олгани ҳақида баёнот берган эди.

Россиянинг Европада яна қайси объектларга ўт қўйишга доир режаларидан хабаримиз бор”, деган эди Сикорский.

Wyborcza нашрининг ёзишича, 2024 йил 31 январида қўлга олинган Сергей С. Вроцлав шаҳридаги стратегик аҳамиятга эга инфратузилмага жуда яқин жойлашган лак-бўёқ корхонасига ўт қўймоқчи бўлган. Тергов чоғида у айбига иқрор бўлиб, прокуратура билан келишган, аммо суд келишувни тан олмаган ва таклиф қилинган уч йиллик қамоқни жуда енгил жазо, деб топган.

2023 йилда Польша махсус хизматлари Россиянинг жосуслар тармоғи йўқ қилинганини маълум қилган эди. Ўшанда жами 16 киши (13 нафар украиналик, икки нафар беларуслик ва бир россиялик) ушланган. Польшалик расмийлар улар “Россия буюртмасига биноан ахборот йиғиш, муҳим объектларни суратга олиш, Украина ва НАТОга қарши кайфият уйғотишдан ташқари, қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишга ҳозирланган”ини билдиришган.

Исроил армияси Насруллоҳ ворисининг ўлимини тасдиқлади

Ҳошим Сафиюддин
Ҳошим Сафиюддин

Исроил армияси (ЦАХАЛ) “Ҳизбуллоҳ” ижроия кенгаши раҳбари Ҳошим Сафиюддин ўлганини тасдиқлади – Сафиюддин яқинда ўлдирилган Ҳасан Насруллоҳ ўрнига ташкилот етакчиси бўлиши кутилаётган эди.

Исроил ҳарбийларига кўра, Ҳошим Сафиюддин ҳамда гуруҳнинг разведка штаби бошлиғи Ҳусайн Али аз-Займа 4 октябрь куни Байрутга авиазарбалар берилган пайтда ҳалок бўлган. Саудия Арабистонига қарашли “Ал-Ҳадаф” канали Сафиюддин ва яна 23 кишининг жасади 22 октябрь куни Ливан пойтахти чеккасидан топилгани ҳақида хабар қилган эди.

Саккизинчи октябрь куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан фуқароларига мурожаатида Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ” раҳнамоси Ҳасан Насруллоҳнинг икки муҳтамал ворисини ўлдиришганини айтган.

Биз Насруллоҳ, унинг вориси ва ворисининг ворисига қўшиб минглаб террорчини йўқ қилдик. Бугун “Ҳизбуллоҳ” ўтган кўп йиллардагидан кўра заифроқдир”, деган Нетаняҳу ўшанда “ворис” сўзига аниқлик киритмаган эди.

“Ҳизбуллоҳ” лидери Ҳасан Насруллоҳ 27 сентябрь оқшомида гуруҳнинг Байрутдаги ерости марказий штабига зарба берилган пайтда вафот этган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланган ўтган йилнинг октябридан буён Ливанда камида 2036 киши ўлдирилган ва 9535 киши яраланган.

БМТ: Уруш бошидан бери Украина аҳолиси 10 миллионга қисқарди

Донецк вилоятининг Мирноград шаҳрида яшовчи кекса аёл (архив сурати)
Донецк вилоятининг Мирноград шаҳрида яшовчи кекса аёл (архив сурати)

Россия қўшинлари Украина ҳудудига кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён бу мамлакат аҳолиси 10 миллион киши ёки тақрибан тўртдан бирга қисқарган. Бу ҳақда 22 октябрь куни БМТ маълумот тарқатди.

Халқаро ташкилот Украинада аҳоли сони қисқаришига сабаб бўлган омиллар қаторида қочқинлар оқими, туғилишнинг камайгани ва жанговар ҳаракатлар натижасида одамларнинг ҳалок бўлиши кабиларни санаб ўтган.

БМТнинг Шарқий Европадаги аҳоли жамғармаси раҳбари Флоренс Бауэрнинг Женевадаги матбуот анжуманида билдиришича, аҳоли сони кескин камайгани уруш туфайли қарийб кимсасиз қолган ҳудудлар, асосан фақат қариялар қолган қишлоқларда айниқса яққол сезилади. Мулозима бу борада аниқ ҳисоб-китобни чиқариш ва аҳолининг тўлиқ рўйхатга олиш ишлари фақат уруш тугаганидан кейингина амалга оширилиши мумкинлигини қўшимча қилган.

СССР парчаланган 1991 йилда аҳолиси сони 50 миллиондан кўпроқ кишини ташкил қилган Украинада худди Шарқий Европадаги қўшниларида бўлгани каби демографик вазият жиддий тарзда ёмонлашган. Россия босқинидан бир йил аввал – 2021 йилда Украинада қарийб 40 миллион киши яшар эди, дея қайд этган Reuters агентлиги.

АҚШ кейинги ҳафтада Россияга қарши янги санкциялар жорий этади

АҚШ молия вазири Жаннет Йелен (архив сурати)
АҚШ молия вазири Жаннет Йелен (архив сурати)

Қўшма Штатлар кейинги ҳафтада Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши қаратилган янги санкцияларни эълон қилишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Жаннет Йелен 22 октябрь кунги чиқишида билдирди.

Биз Кремль ҳарбий машинаси фаолиятига кўмаклаётганларга қарши қаратилган кучли янги санкцияларни очиқлаймиз, улар орасида ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган ўта муҳим маҳсулотларни Россияга етказиб бераётган учинчи мамлакатлардаги воситачилар ҳам бор”, дея баёнот берган Йелен Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Шу кунларда АҚШ пойтахтида Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишлари ўтказилмоқда. ХВЖ ва Жаҳон банки раҳбариятининг учрашувлари АҚШда Жо Байден президентлик давридаги молиячиларнинг сўнгги муҳим йиғилишлари ўлароқ кўриляпти. Бу даврдаги иқтисодиёт ҳолати ва инфляция кўрсаткичлари америкалик сайловчиларни айниқса кўп ташвишга солмоқда.

Америкалик сайловчиларнинг республикачилар номзоди Дональд Трамп ва демократлар номзоди Камала Ҳаррис ўртасидаги танлови дунё молияси ва глобал иқтисодиётга улкан таъсир кўрсатади.

Йелен ўз чиқишида Украинага ёрдамни молиялаштириш учун Россиянинг музлатилган суверен активларидан олинажак фоизлар масаласига ҳам тўхталган. У Вашингтонда баёнот берган куни Европа парламентидан ҳам янги бир хабар келди: европалик депутатлар бу куни Киевга 35 миллиард евро миқдорида ёрдам пакетини маъқуллашди. Бу маблағлар мудофаа ва қайта қуриш учун сарфланади. Қарзни қайтариш Россия Марказий банкининг хорижда музлатилган активларидан олинажак даромадлар ҳисобидан амалга оширилади.

Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги Жаннет Йеленнинг молия муассасаларига нисбатан иккиламчи санкцияларнинг киритилиш хавфи сезиларли оқибатларга олиб келиши мумкинлигига оид сўзларига эътибор қаратган. Йелен АҚШ Молия вазирлиги бу каби ҳаракатлар давом эттирилишини ўрганаётганини қайд этган. Бу ерда гап Қўшма Штатлар санкцияси остига тушган ташкилотлар билан иш олиб бораётган молия муассасалари АҚШ молиявий тизимидан узиб қўйилиши ҳақида кетмоқда, деб ёзган ТАСС.

Туркиялик экспортёрларга Россияга АҚШ маҳсулотини сотиш тақиқланди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва АҚШ президенти Жо Байден (архив сурати)
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва АҚШ президенти Жо Байден (архив сурати)

Туркия расмий эълонсиз ўз экспортёрларига АҚШда ҳарбий мақсадлар учун ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Россияга сотишни тақиқлаб қўйди. Бу Вашингтон ғарб санкцияларига қўшилмаган ва Россия-Украина урушида бетарафликка риоя қилишга уринаётган Анқарага Россия ҳарбий-саноат мажмуасини дастаклагани учун жазо чоралари билан таҳдид қилгани ортидан содир бўлди.

Сўнгги ҳафталарда Туркия расмийлари миллий электрон божхона тизимига ўзгартишлар киритишди. Бу ҳақда Британия нашри бўлган Financial Times (FT) бир неча манбадан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Турк экспортёрларига эндиликда АҚШ маҳсулоти бўлган “юксак аҳамиятга эга элликта товар”ни Россияга етказиб бериш тақиқланган. Рўйхат АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва Япониядан бўлган ҳарбий мутахассислар томонидан тузилган бўлиб, улар Россия ҳарбий саноати қизиқаётган маҳсулотлар рўйхатини шакллантиришган.

Бу ерда гап ракета ва дронлар, масофадан туриб бошқариладиган тизимлар, дастгоҳлар ва бошқа жиҳозлардаги электроника, процессорлар, хотира карталари ҳақида бораётган бўлиб, улар қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришда зарур эҳтиёт қисмлар бўлиб ҳисобланади.

Аввалроқ ЕИдан бу каби товарларни етказиб бериш тақиқланган эди, дея билдирган FTнинг икки манбаси. Манбалардан бирига кўра, жорий этилган чекловлар ҳақида очиқ эълон қилинмаяпти, чунки бу “сиёсий жиҳатдан нозик” масаладир.

Америка илғор технологиясининг Қўшма Штатлар душманлари қўлига тушишига йўл қўймасликка уринаётган АҚШ савдо вазирининг ёрдамчиси Мэтью Акселрод август ойида Анқара ва Истанбулда туркиялик мулозимлар ва топ-менежерлар билан учрашган. Акселрод, агар Туркия бундай маҳсулотларнинг Россияга етказиб берилишини тўхтатмаса, туркияликлар ёқимсиз “оқибатлар”га дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Украинада кенг кўламли уруш бошлангунига қадар Туркия Россияга ойига тақрибан 3 миллион долларлик юксак аҳамиятга эга товар экспор қилиб келган, бироқ 2022 йил декабрига келиб, Туркия статистика ташкилоти маълумотига кўра, бу ҳажм ойига 37,6 миллион долларгача ошиб кетган. АҚШ томонидан иккиламчи санкциялар эълон қилинишидан сал аввалроқ бу миқдор 26,5 миллион долларни, 2024 йил июлида эса бор-йўғи 4,5 миллион долларни ташкил қилган.

Исроилнинг 7 фуқароси Эрон разведкаси учун ишлаганликда айбланмоқда

Исроилнинг ораларида икки нафар вояга етмаган шахс бўлган етти нафар фуқароси Эрон разведкаси учун ишлаганликда айбланяпти.

Айбланувчилар келиб чиқиши Озарбайжондан бўлган кишилар, Ҳайфа шаҳри ҳамда Исроилнинг бошқа шимолий ҳудудлари турғунлари бўлиб ҳисобланади.

Тергов тахминига кўра, улар ўз кураторларининг Исроил армияси ҳарбий базалари ҳақида маълумот ва тасвирлар йиғиш дохил топшириқларини бажаришган.

Тергов икки йилдан кўпроқ давом этган. У жиноятчилар Эрон разведка тузилмаси учун 600 га яқин топшириқни бажарганини аниқлаган. Иддаога кўра, айбланувчилар ўз фаолиятлари учун криптовалюта дохил юзлаб минг доллар пул олишган.

Айбланувчилар сентябрь ойида ҳибсга олинган. Ҳибсга олингунига қадар улардан айримлари Ғазо секторида давом этаётган ҳарбий амалиёт ҳамда Ливан шимолида эронпараст “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан бошланган тўқнашув манзарасида Эрон билан ҳамкорликни давом эттираётган бўлган.

Прокуратура бу сўнгги йиллар ичида ўрганилган энг жиддий ишлардан бири эканини урғуламоқда.

“Ҳизбуллоҳ” гуруҳи АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотигина террор гуруҳи ўлароқ билинади.

Суданда ичида россияликлар бўлган Ил-76 юк учоғи уриб туширилди

Ил-76 (иллюстратив сурат)
Ил-76 (иллюстратив сурат)

Суданда Ил-76 юк учоғи уриб туширилган, маҳаллий каналлар хабарига кўра, унинг бортида россияликлар бўлган.

Улардан бирининг исми ҳам айтилмоқда – бу Airline Transport Incorparation FZC ширкати бош муҳандиси Виктор Грановдир. Тахминларга кўра, Гранов билан бирга учоқ бортида унинг бир неча ҳамкасби бўлган.

Россиянинг Судандаги элчихонаси бу маълумотни ҳали тасдиқлагани йўқ, бироқ уни рад ҳам этмаган. Элчихона вакиллари авиаҳалокат фуқаролик уруши минтақаси бўлган Дарфурда содир бўлгани учун “ҳолатга аниқлик киритиш қийинлашган”ини таъкидлашган.

Ўз навбатида, мамлакатда жанговар ҳаракатлар маълумотларини ёйинлаб борувчи Sudan War Monitor лойиҳаси Ил-76 учоғи “Тезкор жавоб кучлари” (RSF) қуролли ташкилоти жангчилари томонидан хатолик билан уриб туширилганини иддао қилмоқда: айтилишича, учоқ бортидаги юк гўё RSFнинг ўзига олиб кетилаётган бўлган.

Озодлик журналистлари Донбассда Россия зарбасига нишон бўлди

Роман Пагулич ва Павел Холодов
Роман Пагулич ва Павел Холодов

Озод Европа/Озодлик радиоси лойиҳаси бўлган “Донбасс.Реалии”нинг суратга олиш гуруҳи Донецк вилоятида FPV-дронлар операторлари ишларини тасвирга олиш чоғида Россия томонидан амалга оширилган ҳужумга нишон бўлди.

Лойиҳа телеграм-каналида хабар қилинишича, снарядлардан бири ҳарбий журналист Роман Пагулич ҳамда у мулоқот қилаётган ҳарбийлар ёнига тушган. Натижада журналист контузия олган, икки жангчи эса енгил жароҳатланган. Улар билан бирга бўлган тасвирчи Павел Холодовга зарар етган эмас.

Ҳужум чоғида жабрланганларнинг ҳаммаси стабилизацион пунктга олиб борилган ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Хабар ёйинланаётган пайтда яраланган жангчилар ва суратга олиш гуруҳи аъзолари ҳаёти учун хавф йўқлиги билдирилган.

Снаряднинг портлаш жараёни кадрга тушиб қолган:

Ярим йил ичида Россиядан қарийб 86 минг мигрант бадарға қилинди

Москвадаги Миграция маркази биноси ёнида турган чет эллик муҳожирлар (архив сурати)
Москвадаги Миграция маркази биноси ёнида турган чет эллик муҳожирлар (архив сурати)

2024 йилнинг биринчи ярмида Россия судлари қарийб 86 минг мигрантни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқаришган – бу 2022 йили РФдан йил бўйи бадарға қилинган мигрантлар сонидан ҳам кўпроқдир. Бу ҳақда судлардан олинган маълумотлар таҳлили асосида “Важние истории” нашри хабар қилди.

Нашр қайдича, жорий йил январидан июнигача судлар 85,8 минг нафар мигрантни бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарган, 2022 йилда бундай қарор 85,1 минг кишига нисбатан чиқарилганди.

COVID-19 пандемияси йилларида Россия расмийлари томонидан мамлакатдан чиқариб юборишга мораторий жорий этилгани туфайли бадарға қилинган мигрантлар сони кескин қисқарган эди. Бу орада, нашр маълумотига кўра, 2023 йилда Россиядаги мигрантлар сони пандемиягача бўлган йилларга солиштирганда шундоқ ҳам миллион кишига камайган.

Хорижликлар РФдан кўпинча мамлакатга кириш ёки унда яшаш тартибини бузгани учун бадарға қилинади: ярим йил ичида мазкур модда бўйича юз мингга яқин иш очилган. Сон жиҳатдан мамлакатдан чиқариб юборишга сабаб бўлган иккинчи баҳона Россияда ноқонуний меҳнат фаолияти олиб борганликдир: бу модда бўйича 16 минг иш очилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида мигрантлар 590 миллион рубллик жаримага тортилган: бу 2023 йил бўйи мигрантлардан ундирилган жарима миқдори билан қарийб тенгдир.

Москва вилоятида жойлашган “Крокус Сити Холл” савдо марказидаги терактдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайган. Россиялик терговчилар тахминларига кўра, мазкур террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилган. Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаган. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Расмийлар мигрантларга нисбатан қонунчиликни ҳам кучайтирмоқдалар.

Россияда мигрантлар оқими сўнгги 10 йил ичида энг паст даражага тушган, бу эса, иқтисодчилар фикрича, мамлакатда кадр инқирозини кескин кучайтириб юбориши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG