Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Чегарачи: Афғонистонликлар Термиз ароғини Ҳайратон кўприги орқали ташимоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонни Афғонистон билан боғловчи Ҳайратон кўпригидан Термиз шаҳрига жорий йилнинг 3 январида ўтган 300 та автомобилдан 100 таси Мозори Шарифга қайтишда ароқ олиб кетган.

Бу ҳақда 6 январь куни Озодликка маълумот берган Ўзбекистон чегара қўшинлари зобити Афғонистонга ташилаётган ароқ миқдори тўғрисида тасаввур пайдо бўлиши учун бир кунлик маълумотни келтирди.

Чегара қўшинлари зобити Озодликка мурожаати сабабини афғонистонлик ароқ ташувчилар туфайли иш ҳажми кўпайиб кетгани билан изоҳлади.

Изн берилган ҳажмда ароқ ташувчилар

Хавфсизлигини ўйлаб исми сир тутилишини сўраган зобитнинг айтишича, Ўзбекистонга кириш учун кўп марталик виза (multiple visa) олган Афғонистон турғунлари енгил машиналарда Термиз шахрига келади, бу ердан ароқ сотиб олади ва ўша куннинг ўзидаëқ уйига қайтади.

- 3 январь, соат 18 гача Афғонистондан Ўзбекистонга 300 та машина кирди. Унинг 200 таси юк машинаси, 100 таси енгил машина. Енгил машиналарнинг ҳаммаси 3 январь куни қайтиб кетди. Майда машиналарда афғонларнинг 90 фоизи ўзи билан ароқ олиб кетди. Multiple визаси борлиги учун бу машиналар кунига 2 ва 3 рейс қилиб ароқ ташияпти. Бу ердан ароқни 40 минг сўмдан (тақрибан $4) олиб, кўприкнинг нарëғида (Афғонистонда) 30 доллардан кўтара сотишяпти, - деди чегара зобити.

Озодликнинг Кобулдаги мухбири Ўзбекистондан келтирилган бир литрлик ароқ Кобулдаги қора бозорда брендига қараб 90 ва 100 доллардан сотилаëтганини кўрганини айтди.

Ўзбекистон божхона қўмитаси пиëда ўтиладиган чегара постидан йўловчилар сумкасида киши бошига 2 литрдан ароқ-ликëр ичимликлариини давлат божи олинмасдан ўтказишга изн беради.

Ўзбекистон чегара қўшинлари зобитининг айтишича, Ўзбекистонга кириб, Афғонистонга қайтадиган ҳар бир машинада, одатда, ҳайдовчидан ташқари яна 4 киши бўлади ва уларнинг ҳар бири изн берилган миқдорда ароқ олиб кетади, яъни Ўзбекистон қонунларини бузмайди.

Кобулдаги Озодлик мухбирининг айтишича¸ Афғонистон Ислом республикаси ҳудудига таркибида алкоголь мавжуд бўлган ичимликларни олиб кириш ва истеъмол қилиш тақиқланган:

- Кимки ароқ олиб келса ëки ичса Афғонистон жазо қонунига кўра¸ дарра урилади.

Ўзбекистон чегара қўшинлари зобитининг айтишича¸ ароқ олиб ўтиш билан шуғулланадиган афғонистонликлар “номига фирма очиб multiple виза олишган”

- Олдинлари multiple visa йўқ эди. Фақат катта юк машинаси ўтиб-қайтарди. Бир кунда 200 та юк машинасини текширишга етадиган шахсий таркиб ишлайди. Энди эса multiple visa олиб ароқ ташийдиган челноклар пайдо бўлиб ишимиз қийинлашди. Ëлғондан фирма очиб чегарада ароқ бизнеси қилишмоқда. Машина қатнови анча кўпайди. Шахсий таркиб ўша-ўша. Чегара соат 18 да ëпилса ҳам иш кўплигидан соат 21 гача қолиб кетяпмиз¸ - деди чегарачи.

Унинг айтишича¸ туризмни ривожлантириш мақсадида жорий қилинган кўп марталик виза “ароқ челнокларини кўпайтириб чегарачилар ишини қийинлаштирган".

Чегарачига кўра¸ Ўзбекистондан ароқ олиб кетадиган афғонистонлик 6 нафар якка тадбиркор мамлакатга олтин тақинчоқ ва бангивор модда ва сохта пулларни контрабанда сифатида олиб киришга уринганида қўлга олинган. Зобит ўз гапига исбот сифатида жиноят ишига тиркалган расмларни Озодликка тақдим қилди.

Чегарада қўлга олинган "тадбиркор"лар
Чегарада қўлга олинган "тадбиркор"лар

Контрабанда ароқ

Озодлик мухбирининг айтишича¸ Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида (маркази Мозори Шариф шаҳри) Ўзбекистондан ароқ олиб келишга ихтисослашган гуруҳлар бор.

- Улар ўз машиналарининг ичида ароқ яширадиган жойлар қилишган. Асосан бензин баки ичида. Текширув асосан наркотикларга мослангани учун ароқ ўтказиш техник жиҳатдан қийин бўлмаяпти.

Унинг айтишича, Афпинистон қора бозоридаги ароқ-вино махсулотлари асосан Ўзбекистон ва Тожикистондан контрабанда йўли билан келтирилган.

- Мозори Шарифда ароқ-вино арзон. Ҳатто контрабанда ҳажми кўпайган пайтда ярим литрлик Термиз ароғи 13 доллардан сотилган пайти ҳам бўлган. Лекин Кобулда ароқ нархи 100 АҚШ доллари атрофида¸ - деди мухбиримиз.

Ўзбекистон чегара қўшинлари зобити Озодлик мухбири айтган ароқ контрабандасига оид маълумотни тан олди. Лекин, унинг айтишича, ҳар бир машинани синчиклаб текшириш учун техник имкон йўқ, махсус итлар эса, наркотик моддалар топишга ўргатилган.

XS
SM
MD
LG