Хоразмнинг Шовот туманида маҳалла раислари туман ҳокимлиги ташкил этган ёзги оромгоҳга бола топишга жалб этилди.
Исми очиқланмаслигини истаган шовотлик маҳалла раисига кўра, туман ҳокимлиги расмийлари унга “бола топмасанг лагерь пулини чўнтагингдан тўлайсан ёки ҳомий топасан”, деб айтишган.
Гап Шовот туманидаги 8-сон Маиший хизмат касб-ҳунар коллежи биносида туман ҳокимлиги ташкил этган “Тонг” болалар ёзги оромгоҳи ҳақида кетяпти.
Ушбу оромгоҳда бир боланинг 12 кун дам олиши, ейиш-ичиши билан бирга қўшиб ҳисоблаганда, 332 277 сўм туради.
Лекин, шовотлик маҳалла раисининг айтишича, бу пулга боласини лагерга жунатишга қурби етадиган оилани топиш қийин бўляпти:
- Одамларга қимматлик қиляпти. Пули борлар эса боласини коллеж биносида номига ташкил этилган лагерга юборишни эп кўрмаяпти. "Озгина қўшиб Тошкентга жўнатаман" дейди. Ҳокимликдагиларга шундай десак "ҳомий топ, бўлмаса чўнтагингдан тўла" дейди. Бутун туманда ҳозир маҳалла раислари уйма-уй юриб лагерга бола ёки ҳомий қидириш билан банд.
“Маҳалла” жамғармасининг Шовот туман бўлими раиси Илҳом Ҳажиев маҳалла раисларига лагерь учун бола топиш айтилгани, лекин бу мажбурий эмаслигини айтаркан, бундай деди:.
- Ҳар бир маҳалла ҳеч бўлмаганда бир болани шу лагерга юборсин деяпмиз. Керак бўлса ҳомий топсин, уларнинг пулига кам таъминланган болаларни топиб жўнатсин, деяпмиз. Камбағалнинг боласи ҳам лагерда дам олиши керакку. Мен яшайдиган маҳаллада 700-800 хўжалик бўлса, шу ердан 10 та болани топса бўладику, ҳомий ҳам топса бўлади. Биринчи сменага 115та бола топиб, шу лагерга жўнатдик. Болаларни ҳурсанд қилиш ҳаммамизнинг бурчимизку. 330 минг сўм 6 кило гўштнинг пули. Шу пулга бола лагерга бориб, икки ҳафта ўйнаб келади, бир нарсаларни ўрганади, фақат овқат ейиш ёки дам олиш эмас у ерда. Билим олади. Шуни ота-оналарга тушинтириб билиш керак.
Шовот туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича муовини Муҳиддин Қуронбоев ҳам лагерга бола жалб этишга ҳеч ким мажбурланмаганини айтди.
- Ихтиёрийку бу! Болалар ёзда уйда ўтирмасин, кўча чангитиб, бекор юрмасин, лагерга борсин деяпмиз, лекин ихтиёрий бу.
Муҳиддин Қуронбоев туман ҳокимлиги ташкил этган "Тонг" лагерига бола тўплаш билан боғлиқ муаммо йўқлигини ҳам қўшимча қилди.
Ўзбекистондаги ҳар йили 300 минг нафардан ортиқ бола ёзги таътилни оромгоҳларда ўтказади.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилда мамлакат бўйлаб 1067 та болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилган.
Ўзбекистонда оромгоҳларга йўлланмалар касаба уюшмалари, хўжалик органлари ва ота-оналарнинг маблағи ҳисобидан қопланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги “Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 67-сонли қарори ва “Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш концепцияси” асосида республикада кам таъминланадиган оилалар болаларига ёзги оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.