Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:20

Қудратли “ожиза”лар. Беларусдаги истибдодга қарши курашда намуна бўлаётган аёллар


Беларусь хотин-қизларининг тинч бирдамлик акцияси– 26 сентябрь, 2020
Беларусь хотин-қизларининг тинч бирдамлик акцияси– 26 сентябрь, 2020

“Европанинг сўнгги диктатори” Александр Лукашенко ҳур фикрли, собитқадам аёлларни дастлаб “ожиза” дея писанд қилмаган эди. Аммо 2020 йил августда бўлиб ўтган баҳсли президентлик сайловидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишларига айнан ўша аёллар етакчилик қилмоқда.

Беларусь хотин-қизларининг бу жасорати глобал трендга таъсир қилди, деб ҳисоблайди Лондондаги тадқиқотчи Оксана Антоненко.

“Аёллар дунё бўйлаб сиёсий ҳаракатларда тобора фаол ва муҳим ўрин эгалламоқда. Беларусь намунаси бошқа минтақалар, жумладан, Россия, Таиланд ва Мьянмадаги намойишчиларга ҳам илҳом берди. Аёллар етакчилик қилаётган ҳаракатлар зўравонликдан йироқлиги, бутун жамиятнинг орзу-ҳавасларини акс эттириши билан аҳамиятлидир. Шу аснода аёл етакчилар ва сиёсатчиларнинг янги авлоди шаклланаётганини кўриш ҳам кишига қувонч бағишлайди” – дейди О.Антоненко Озод Европа/Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Қуйидаги аёллар Беларусдаги ўзгаришларга улкан ҳисса қўшиб қолмай, жасорат учун улкан товон ҳам тўламоқда.

Президентликка номзод Светлана Тихановская (ўртада), Вероника Цепкало (чапда) ҳамда Мария Колесникова - Минск, 17 июль, 2020
Президентликка номзод Светлана Тихановская (ўртада), Вероника Цепкало (чапда) ҳамда Мария Колесникова - Минск, 17 июль, 2020

Светлана Тихановская

Аслида 2020 йилги президентлик сайловида Лукашенконинг асосий рақиби Светлана эмас, унинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский бўлиши керак эди. Сўнгги йилларда Сергей Тихановский Лукашенкога мухолифатда бўлган “Страна для жизни” YouTube канали муаллифи, блогер сифатида шуҳрат қозонган эди. У президент лавозимига номзодини кўрсатмоқчи бўлган, бироқ маъмурият уни рўйхатга олишдан бош тортди Сайлов арафасида эса Сергей уйдирма айбловлар билан қамоққа олинди. Шундан кейин Сергейнинг рафиқаси – инглиз тили муаллимаси ва таржимон Светлана Тихановская президентликка ўз номзодини кўрсатди.

Бу қарор осонликча қабул қилинмади, албатта. Фарзандларига таҳдид сабаб 2020 йил июнида сайловда қатнашиш ниятидан воз кечмоқчи бўлди. Бу орада унинг вояга етмаган икки фарзанди эсон-омон хорижга олиб чиқиб кетилди. Сайловдаги сохтакорликларга қарши оммавий норозилик намойишларидан кейин Светлананинг ўзи ҳам расмийлар босими остида мамлакатни тарк этди. Ҳозирда қўшни Литвада истиқомат қилаётган Тихановская мутараққий дунё етакчиларини Беларусни ғайриқонуний тарзда идора этаётган Лукашенко режимига босимни кучайтиришга ундамоқда.

Светлананинг ташаббуси билан мухолифатнинг Мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилди. Лекин кенгашнинг аксар аъзолари айни пайтда ё қамоқда, ё мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Тихановская октябрь ойида ўтказишни тарғиб қилган умуммиллий иш ташлаш акцияси ҳам ишдан бўшатиш таҳдидлари сабаб у қадар муваффақият қозонмади.

Тихановская 18 январь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ёрдамида Беларусга қайтиш ниятини билдирган. У, айни чоқда, ЕХҲТ воситачилигида ЕИ, Лукашенко ва мухолифат ўртасида инқироздан чиқиш бўйича музокара ўтказилишини таклиф этмоқда.

Норозилик намойишлари аёзли кунлар ва қатағонлар сабаб бироз сусайган эди. Аммо мухолифат етакчиси осонликча таслим бўлмоқчи эмас. У ўтган ҳафта баҳорда янада кенгроқ кўламда намойишлар бўлиб ўтишини эълон қилди.

Тихановская тинчлик бўйича Нобель мукофотига кўрсатилган 300 дан ошиқ номзоддан биридир.

Мария Колесникова

Колесникова ҳибсга олинган президентликка номзод Виктор Бабарико штаби аъзоси эди. 38 ёшли Мария рўйхатга олинмаган номзод Валерий Цепкалонинг рафиқаси Вероника ҳамда Светлана Тихановскаялардан иборат машҳур “аёллар триоси”нинг учинчи аъзоси сифатида танилган.

У мухолифатнинг Мувофиқлаштирувчи кенгаши раёсатига сайланган. Мухолифатга қарши қатағонлар давомида 2020 йил сентябрь ойида Марияга “миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ҳаракатларга чақириш” моддаси билан айблов эълон қилинди. Беларус расмийлари 8 сентябрь куни Колесникова ва унинг сафдорлари Иван Кравцов ҳамда Антон Родненковни Украинага чиқариб юборишга қарор қилган. Украинага бадарға қилинган Кравцов ва Родненковга кўра, Мария чегарада паспортини йиртиб ташлаб, расмийларнинг режасини барбод қилган.

Колесникова 2021 йилда АҚШ ҳукуматининг “Жасоратли аёл” мукофотига лойиқ деб топилган.

Европа парламенти 2020 йил 16 декабрь куни Беларусь мухолифати вакилларига фикр эркинлиги учун Андрей Сахаров номидаги мукофотни топширди. Совриндорлар орасида Мария Колесникова ҳам бор.

Нина Багинская

Нина Багинская Совет Иттифоқи давриданоқ Беларусдаги норозилик намойишларда фаол қатнашиб келган.

“Мен ижтимоий, сиёсий ва миллий зулмга қарши қўл қовуштириб туролмайман. Қуллар ёки қўрқоқларгина ватанини ҳимоя қилишга ожиздир”, – дейди Багинская “Настояшчее время” билан суҳбатда.

73 яшар аёл барча намойишларда қисқа умр кўрган Беларусь халқ республикаси (1918–1919 йиллар) рамзи, оқ-қизил-оқ байроқ билан иштирок этади. Лукашенко тақиқлаб қўйган ушбу байроқ мухолифатнинг рамзига айланган. 2020 йилнинг августида олинган видеода Багинская тиш-тирноғигача қуролланган полициячидан тортиб олинган байроғини қайтариб беришини талаб қилаётганини кўриш мумкин.

2020 йил сентябрь ойида асосан аёллар қатнашган намойишда юзлаб ҳаммаслаклари қаторида у ҳам ҳибсга олинган.

Катерина Барисевич

Катерина Барисевич Беларусда энг кўп муштарийга эга интернет нашрларидан бири – TUT.BY порталининг мухбиридир. У Александр Лукашенкога қарши норозилик акциялари тўғрисидаги материаллари учун ҳибсга олинган.

2020 йил ноябрь ойида аксилҳукумат намойиш иштирокчиси Роман Бондаренко номаълум шахслар томонидан дўппослаб ўлдирилди. Барисевич эса мазкур ҳодисага бағишланган мақоласидан кейин ҳибсга олинган. Муаллиф мақолада Бондаренко ўлимига доир расмий талқинни шубҳа остига олади. Журналистга тиббий ҳужжатларни тақдим этган шифокор Артём Сорокин ҳам, Барисевичнинг ўзи ҳам турли муддатга қамалди ва жаримага тортилди. Amnesty International ташкилоти журналист ва шифокорни “виждон тутқуни” деб эълон қилган ва уларни зудлик билан озод этишни талаб этган.

Катерина Андреева ва Дарья Чульцова

“Белсат” сунъий йўлдош телеканалининг икки журналисти – Катерина Андреева ва Дарья Чульцова 2020 йил 15 ноябрь куни Минскда Роман Бондаренко хотирасига бағишланган тадбирни ёритаётганда ҳибсга олинган эди. 18 февраль куни Минск шаҳри Фрунзе тумани суди журналистларни “жамоат тартибини бузишга қаратилган оммавий тадбирларни уюштириш”да айбдор деб топди ва уларни икки йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Айблов сиёсий руҳда бўлганини айтган Андреева ва Чульцова маҳкама ҳукмини тан олмаган.

Европа Иттифоқи ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Андреева ва Чульцоваларга берилган жазони мустақил матбуотга қарши давом этаётган тазйиқларнинг бир қисми деб баҳолади.

“ЕИ касбий фаолияти учун жазога мустаҳиқ этилган журналистлар Андреева ва Чульцоваларни зудлик билан озод этишга чақиради”, – деган эди ЕИ ташқи сиёсий идораси вакили.

Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Анастасия Злобинанинг таъкидлашича, Чульцова ва Андрееванинг қамалиши ҳукумат томонидан ўз касбий вазифасини бажараётган журналистларга ўтказилган навбатдаги босимдир.

Ҳозирда Беларусда 7 нафар журналист шу каби айбловлар ортидан қамалган ёки суд ҳукмини кутмоқда. Беларусь журналистлар уюшмасининг баёнотига кўра, 2020 йили мамлакатда 481 нафар ОАВ ходими ҳибсга олинган. Бу сўнгги олти йиллик кўрсаткичдан икки баробар кўпдир.

XS
SM
MD
LG