Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:17

“Мемориал” Қозоғистон махсус хизмати ишидан норози


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Жанубий Қозоғистон вилояти департаменти Ўзбекистоннинг мазкур ҳудудда қўлга олинган 56 фуқароси ўз юртига қайтариб берилганини маълум қилди.

Бошқарма бошлиғи Слэм Абсаметовнинг айтишича, бу шахслардан 9 нафари Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси, 47 нафари эса акрамия оқими вакиллари экани аниқланган. Шунингдек, халқаро қидирувда бўлган 6 шахс аниқланиб, улардан тўрт нафари Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Шуниси эътиборлики, эктрадиция қилингани айтилган қидирувдаги 4 шахсдан ташқари Ўзбекистонга бериб юборилган жами 56 шахснинг қачон қўлга олингани ва юртига қайтарилгани аниқлаштирилмаган. Энг муҳими, уларнинг Ўзбекистонга қай шаклда берилгани, яъни бу депортация бўлганми ёки экстрадициями - бу ҳам номаълум.

Қолаверса, расман “акрамия диний экстремистик ташкилотига эргашувчилар” экани айтилган 47 шахс қайси ҳуқуқий асосларга кўра Ўзбекистонга берилганини ҳам ошкор қилмаётган Қозоғистон МХҚ айни вақтда ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг бу борадаги сўровларини ҳам жавобсиз қолдирмоқда.

Хусусан, Россиядаги “Мемориал” маркази Қозоғистон ҳукуматини бу борада тезкор текширув ўтказиш ҳамда халқаро жамоатчиликка расмий изоҳ беришга чақирмоқда.

Марказ раиси вазифасини бажарувчи таниқли россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Ганнушкина бу шахсларнинг Ўзбекистонга берилиши халқаро ҳуқуқий меъёрларга зид равишда амалга оширилган, деб ўйлашга тўлиқ асослар борлигини айтади.

“Биз ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистонга бирорта шахсни бериш мумкин эмас, деган қатъий хулосадамиз. Бу давлат қийноқлар қўлланадиган ва айниқса, диндорлар сохта айбловлар билан қамаладиган мамлакат сифатида тан олинган. Хусусан, ана шу 56 шахсга қўйилган айбловлар замирида Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий манфаатлари аниқ акс этиб турган бир вақтда диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганларнинг бу қадар катта гуруҳи Ўзбекистонга бериб юборилиши умуман мумкин эмас”, - дейди Светлана Ганнушкина.

У Қозоғистон МХҚ расмийси баёнотидаги ноаниқликлар ҳам қўлга олинган 56 шахснинг Ўзбекистонга берилиши қонунбузарликларга тўла жараён бўлганини тахмин қилишга етарли туртки эканини таъкидлади.

“Бу баёнотда ҳамма нарса ноаниқ ва номаълум. Агар гап мамлакат Жиноят кодексида кўзда тутилган жиноятлар ҳақида бораётган бўлса, у ҳолда бу шахслар муайян жиноятига кўра экстрадиция қилинган, дейилиши лозим. Бу баёнотда эса, хусусан, акрамия оқими тарафдорлари, дейилган. Бундан ташқари, аслида ҳали акрамия ҳаракати Ўзбекистон ҳукумати даъво қилаётгани каби диний экстремистик, террорчи ташкилотми, деган саволлар очиқ турибди”, - деди Светлана Ганнушкина.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган 56 одамнинг шахси ва кейинги тақдири ҳам номаълум қолаётгани ва афтидан, уларнинг тақдири Украина, Россиядан бериб юборилган ўзбекистонликлар тақдиридан мутлақ фарқ қилмаган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Эслатиб ўтамиз, муқаддам Россия ва Украинада қўлга олиниб, Ўзбекистонга бериб юборилган ўндан ортиқ ўзбекистонлик мамлакатда қийноқлар остида суд қилинган ва қамоққа ташланган эди. Светлана Ганнушкина буни далилловчи етарли ҳужжатлар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

ДХҚ расмийси баёнотидаги ноаниқликлар туфайли тахмин қилишга маҳкум жамоатчилик 2005 йилда Чимкентда қўлга олинган ва кейинчалик яширин тарзда Ўзбекистонга бериб юборилган таниқли имом Руҳиддин Фахрутдинов ҳамда унинг 8 издошини эсга олмоқда. Ўз вақтида бу ҳодиса жуда катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Ўзбекистонга олиб келиниши билан бу 9 диндор суд қилинган ва озодликдан маҳрум этилганди. Суд жараёнини кузатган ҳуқуқ ҳимоячилари бу фуқароларнинг Ўзбекистонга берилиши ва улар устидан суд жараёнлари мавжуд ҳуқуқий меъёрларга зид ўтганини таъкидлаб келади.
XS
SM
MD
LG