Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:27

Хитой ва Россия Эрон ҳимоясида янги дастакка эга бўлди


Россия ва Хитой ҳукуматлари халқаро жамоатчилик Теҳрон билан эндиги муносабатларда АҚШ Миллий разведка кенгашининг Эрон ядровий қурол яратиш дастурини тўхтатгани тўғрисидаги янги ҳисоботини эътиборга олиши кераклигини таъкидламоқда.

“Биз БМТ Хавфсизлик кенгаши янги резолюция қабул қилиши кераклиги тўғрисидаги таклиф теграсидаги вазиятга мавжуд ҳамма омиллар, шу жумладан, оммавий тасдиқланган ҳолда АҚШ томонининг Эронда яширинча ядровий ҳарбий дастур йўқлиги ҳақида айтган маълумотларини ҳам ҳисобга олган ҳолда баҳо берамиз”,- деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

У Эронда 2003 йилга қадар ҳам бундай дастур бўлгани тўғрисида маълумот йўқлигини ва Москва расмий Теҳронга нисбатан муносабатларда бундан кейин ҳам Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги экспертлари хулосаларига таянган ҳолда иш кўришини билдирди.

Хитойнинг БМТдаги элчиси Уанг Гуанья ҳам АҚШ махсус хизмати тақдим қилган маълумотлар Эрон ядровий дастури теграсидаги бўҳронга оид Хавфсизлик кенгашида бўладиган келгуси муҳокамаларнинг асосий қисми бўлиши кераклигини таъкидлади.

4 декабрь куни БМТда қилган чиқишида элчи: “Фикримча, кенгаш аъзолари бу маълумотларни, албатта, муҳокама қилади. Чунки ҳаммамиз ҳам ҳозирга келиб вазиятнинг ўзгаришига асос бўлган ҳолатга таяниб, янгидан иш бошлаймиз”,- деди.

Халқаро таҳлилчилар Москва ва Пекиннинг бир-бирига ҳамоҳанг янграган бу баёнотлари ҳар икки томоннинг АҚШ хавфсизлик хизмати ҳисоботидан БМТ Хавфсизлик кенгашида Эронга қарши кучайтирилган санкциялар муҳокамасини кечиктириш йўлидаги восита сифатида фойдаланиш ниятидан дарак эканини айтмоқда.

Сўнгги йил давомида Хавфсизлик кенгаши Теҳронга уранни бойитиш дастурини тўхтатиш талаби билан икки бор санкция жорий этди. Эндиликда АҚШ Буюк Британия ва Франция билан ҳамкорликда кучайтирилган учинчи санкцияни ҳам жорий этишга ундамоқда. Бу давлатлар хавотирича, Теҳрон ўзи таъкидлагани каби тинч мақсадлар йўлида эмас, балки ядровий қурол яратиш мақсадида уранни бойитиш дастури устида ишламоқда.

Аммо АҚШ Миллий разведка хизматининг 3 декабрь куни ошкор қилинган ҳисоботида жуда ишончли манбалар Теҳрон 2003 йилдаёқ ядровий қурол яратиш тадқиқотларини тўхтатганини тасдиқлагани айтилади. АҚШ раҳбарияти бунга таянган ҳолда гарчи тадқиқотларини тўхтатган бўлса-да, Эрон ҳамон ядровий қурол яратиш салоҳиятига эга, дея баҳо бермоқда.

“Мен бу ҳисоботда хавотирли бир ишоратларни кўряпман. Яъни уларда шундай дастур бўлган ва улар бу дастурни тўхтатган. Хавотирлиси шуки, улар бу дастурни яна қайта бошлаши мумкин. Бу дастур самарали ҳамда хавфли бўлишини таъминлайдиган нарса шуки, бу ерда уранни бойитиш имкони бор ва бу имконни берувчи тадқиқотлар яширин дастурга айланиши мумкин”,- деди АҚШ президенти Жорж Буш.

Теҳрон раҳбарияти эса АҚШ Миллий разведка хизматининг бу ҳисоботи Эрондаги ядровий дастур тадқиқотлари тинч мақсадни кўзлашини яна бир бор тасдиқловчи далил экани, аслида Вашингтон Эронда қачондир ядровий дастур бўлганини айтиб, хатога йўл қўйганини билдирди.

Эронннинг ядровий дастур масалалари бўйича бош музокарачиси Саид Жалилий кейинги ҳисоботларда Эроннинг бу борадаги барча амалиётлари тинчлик йўлида олиб борилгани тан олинишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG