Россиянинг ЕХҲТга тўлови ташкилот умумий бюжетининг 6 фоизини ташкил қилади, бу эса умумий миқдорда 168 миллион евро бўлади. Бу миқдорнинг камайтирилиши ҳақидаги баёнотга жавобан ташкилот матбуот вакили Мартин Несирски бу ерда гап фақатгина бадал тўловлари ҳақида эмас, дер экан, бу фикрни шундай изоҳлади:
“Ҳар бир мамлакат, у ҳоҳ Сан-Марино бўлсин, ҳоҳ Америка қўшма штатлари – ҳар бир мамлакатнинг аъзолик бадали тўловлари жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу тўловлар айни давлатларнинг ЕХҲТ олдидаги мажбуриятларни бажариши далолати ҳамдир. Россияга келадиган бўлсак, унинг тўловлари, албатта, пул шаклида ва айни вақтда рамзий тарзда ҳам муҳим”, деди ЕХҲТ нинг матбуот вакили Мартин Несирски.
Россия томонининг ЕХҲТ га тўланадиган бадал миқдорини камайтириш ҳақидаги баёноти эса ташкилот сафида 2008 йилга белгиланган бюжет бобида баҳслар давом этаётган бир пайтга тўғри келмоқда. Ташкилотга аъзо 56 давлатнинг айримларида ҳозирга келиб, аъзолик бадали ва 2008 бюжети бобида эътирозлар туғилган.
Россиялик сиёсий таҳлилчи Евгений Волк Россия ҳукумати ана шу вазиятдан фойдаланмоқда, деган фикрда: “Бунинг ҳаммаси, менимча, ЕХҲТ нинг Россия ва МДҲ давлатларидаги сайловларни кузатиш фаолияти билан боғлиқ. Шундай пайтда тўлов миқдорини камайтириш эса бунга ўз норозилигини билдириш ва бунинг воситасида ташкилотга босим ўтказишга уринишдир”, деб ҳисоблайди россиялик таҳлилчи Евгений Волк.
Россия Ташқи ишлар вазири айни вақтда ЕХҲТ раҳбариятини аъзо давлатлар ўртасида тарафкашлик қилаётганликда айбламоқда. Хусусан, ташкилотнинг сайловлари мониторинг қилиш гуруҳи, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросини Украина ҳамда Грузиянинг ғарбга мойил ҳукумати тарафини олганликда айблади.
ЕХҲТ матбуот вакили Несирки Россиянинг бу ташкилот номига танқидлари 2007 йилнинг февралида – Мюнхенда ўтган хавфсизлик масалалари бўйича халқаро анжуманда президент Путиннинг АҚШ ҳукуматини айблаб қилган чиқишида бошланганини эсга солди.
“Феврал ойидаги анжуман чоғида ва ундан кейин ҳам ташкилот фаолияти бобида анча кескин танқидлар бўлди, сўнгги йил давомида муаммоларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди. Аммо, Россиянинг ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ёҳуд НАТОга аъзо давлатлар билан муносабатлари, аслида, қай аҳволда эканини ҳам кўриб турибмиз. Россиянинг ички сиёсати ва сайловларнинг қандай ўтказилаётганига ҳам гувоҳмиз”, дейди ЕХҲТ нинг матбуот вакили.
Бундан ташқари, Россия ва ЕХҲТ ўртасида муросага келишилмаётган яна бир неча бошқа масалалар бор. Масалан, Косово масаласи ёҳуд Чеченистондаги сепаратчи гуруҳларга нисбатан Москва олиб борган ҳарбий амалиётлар. Шунингдек, ҳануз Россиянинг таъсир доирасида, деб қараладиган Шарқий Ервопа ва Марказий Осиё давлатларидаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, демократик жараёнлар бобида ҳам томонларнинг қарашлари бир-бирига зидлигича қолмоқда.
Шундай бир вазиятда Россияда президентлик сайловининг яқинлашаётгани ҳамда Косовонинг бир томонлама тарзда ўз мустақиллигини эълон қилишга тайёргарлик кўраётгани Россия ва ЕХҲТ ўртасидаги муносабатлар 2008 йилда ҳам фақат кескинлик томон боришидан далолат сифатида кўрилмоқда.
1 январдан ЕХҲТ раислигини олган Финляндия эса Россия билан мавжуд азалий зиддиятлари туфайли бундан буён ташкилотнинг расмий Москвага билан муносабатда янада кескин позицияни тутишга ундаши шаксиз, дея тахмин қилмоқда аксар сиёсий таҳлилчилар.