“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бу галги сони дунё бойликларининг каттагина қисмига эгалик қиладиган, аммо “учинчи дунё” сифатида эътироф этиладиган Ислом дунёси нега камбағал, аксарияти қашшоқ ва бу давлатлар тез орада қолоқ давлатлар рўйхатидан чиқиб, ривожланган давлатлар рўйхатига кирадими, деган мавзуда бўлади.
2008 йилнинг 31 мартида Ватикан маъмурияти дунёда мусулмонлар 1 миллиард 322 миллион кишига етиб, биринчи диний конфессияга айланганини расман маълум қилди.
Шунча мусулмон бугун дунёдаги 193 давлатдан 50 тасида истиқомат қилмоқда. 28 та давлатда ислом давлат ёхуд расмий диндир. Дунё мусулмонларнинг деярли ярми Шимолий Африка давлатларида, 30 фоизи Покистон ва Бангладешда, 18 фоизи араб давлатлари, 10 фоизи Ҳиндистон, қолганлари эса Марказий Осиё, Шимоли-шарқий Осиё ва Европа давлатларида истиқомат қилмоқда. Мусулмон аҳолиси сони энг кўп бўлган давлат эса Индонезиядир. Бу давлатда 245 миллионга яқин аҳоли бор ва аҳоли сони билан у дунёда 4-ўринда туради. Айни вақтда у Осиёнинг ОПЕК – нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилотига аъзо ягона давлатидир.
Ислом дунёсидаги яна бир неча давлатлар – Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбойжон нефтнинг катта захираларига эга ва ҳозирги кунда энг кўп нефть қазиб олаётган етакчи давлатлар ҳисобланади. Нефть ҳамда газ захираларига эга давлатлар сафида эса Марказий Осиё мамлакатлари ҳам бор.
Бир сўз билан айтганда, дуёнинг энг нодир саналган жамики бойликлари жо бўлган давлатларда, асосан, мусулмон аҳоли истиқомат қилмоқда. Бу ҳақда ўз вақтида Малайзиянинг собиқ бош вазири Маҳатҳир Муҳаммаднинг шов-шувларга сабаб бўлган нутқини эслатиш мумкин. Ўз нутқида Маҳатҳир Муҳаммад: “Кўпчилик камбағаллик мусулмонга хос, деб ишонади ва қолоқ яшаш яратганнинг иродасидир, деб хотиржам бўлади. Аммо Аллоҳнинг иродаси шундайми? Биз Қуръонда ёзилган фарз ва пайғамбаримиздан қолган суннат амалларни ҳақиқатда тўғри бажаряпмизми?” дея Ислом анжумани ташкилоти саммитига 57 та мусулмон давлатдан келган вакилларга мурожаат қилган эди. Маҳатҳир Муҳаммаднинг ана шу нутқи ҳақида бироз сўнгра суҳбатлашамиз. Ҳозир эса унинг 2003 йилда ўртага ташлаган саволларига бугунги кунда сизу биз билан ёнма-ён яшаётган мусулмонлардан айримлари берган жавобларга эътиборингизни тортамиз.
Айни мавзуда суҳбатга тортганимиз Ўзбекистон ва тожикистонлик айрим суҳбатдошларда дунё бўйлаб йиғилган статистикадан фарқли равишда мусулмон давлатлар жуда бой, деган тасаввур бор экан. Бу тасаввур кўпроқ ҳаж зиёратига шахсан борганлар ва бориб қайтган ҳожиларнинг суҳбатида бўлган одамлар билан мулоқотларда шаклланган афтидан.
“Мусулмон давлатлари камбағал эмас. Ойлик кўп олади улар. Мен ўзим кўча супурадиган билан гаплашдим. 800 доллар ойлик олар экан. Бу Саудия Арабистонида. Яна тўплаган ахлатларига ҳам пул беради давлат. Энди гадой деганлар ҳамма ерда - ўзимизда ҳам бор, уларда ҳам бор. Бу ëғи яхши бўлиб боряпти секин-секин. Худодан яхшиликни умид қилаверамиз. Ўғирлик йўқ бўлиши керак. Одам тўғри бўлиши керак. Порахўрлик йўқ бўлса, ундан кейин бой бўлади. Ҳатто болалар ҳам бир-бирини алдайди. Бу нарсалардан қутулсак, ундан кейин бизнинг давлат ҳам бойиб кетиши мумкин. Сурия, Иордания, БАА, Туркия. Бешта давлатдан ўтиб бордик. Шулардан ҳаммасининг яшаш шароитлари яхши”,- дейди ҳаж зиёратида бўлган бир суҳбатдош.
Бу каби суҳбатдошлар мусулмонларнинг асосий қисми Африка давлатларида яшаши ҳақида жуда оз маълумотга эга.
Ўзбекистонлик айрим суҳбатдошлар эса мусулмон давлатларда ривожланишнинг шиддати ортаётганини эътироф этди ва айни вақтда ўзлари муаммо, деб билган жиҳатларга тўхталди.
-
Ҳозирги Ислом давлатларининг ривожланиши жуда яхши. Лекин бизнинг ҳозирги муҳитда, авваламбор, одамларимизнинг билим олиш, ўқиш, бешикдан қабргача илм изла, деган нақлга амал қилмаëтганимиздан бўлиши мумкин. Худо хоҳласа, Аллоҳ насиб қилса яна ривожланиш бўлиб кетар.
-
Сиз айтаëтган фақат технология томондан эмас. Умуман ҳамма томондан орқада қолишган. Мусулмон миллати бутун дунëда олдинда келган. Бутун дунëда бошқаларга ўрнак бўлган. Бу яна бўлади. Лекин ҳозир эмас. Буни вақти келади. Ҳамма айб ўзимизда. Мен сабабини ўзимиздан ахтараман. Ҳеч нарса қилмаймиз, ҳеч нарса қила олмаймиз. Ҳалоллик йўқ. Худодан қўрқиш бўлмагандан кейин файз-барака кўтарилиб кетар экан.
-
Ислом мамлакатларини жуда ҳам камбағал, деб бўлмайди. Саудия, Қувайт ўзига яраша бой. Бойликни тўғри сарфлай олмаслиги, адолат йўқлиги, одамларнинг бойи ҳаддан ташқари бойиб, камбағалининг ҳаддан ташқари камбағаллашиши. Ғарб давлатларининг кўтарилишига сабаб қонун устиворлигида, деб биламан. Расулулоҳ (с.а.в) дан ҳадис бор: “Агар иш ўзининг аҳлига топширилмаса, ўзининг мутахассисига топширилмаса, қиëматни кутавер.
-
Мусулмонларнинг ўзларидан ҳам баъзи бир хато камчиликлар бўлиши мумкин. Чунки иқтисодий масалаларда баъзи бир динни нотўғри тушунадиганлар иқтисодий ривожланишга идеологик тўсиқ қўйиб исломни ривожлантирмаган дастлабки пайтларда.
Бир суҳбатдош эса мусулмон давлатларининг қашшоқлик домида тутиб турувчи, дея яна бир сабабни келтирди. У остонасига қадар тиллодан бўлиб кетган мусулмон бойлари, султонлари ҳамда уларнинг хизматида бўлган мусулмон олимлари билан боғлиқ азалий баҳсга тўхталди:
“Бу хусусда ҳам Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳадислари бор: “Икки хил тоифа одамлар бор. Агар ўшалар ўнгланса, халқ ҳам ўнгланади, агар ўшалар бузилса, халқ ҳам бузилади”. Бу икки хил тоифанинг бири олимлар бўлса, иккинчиси амирлар, яъни подшолар. Энди олимларнинг мақсади фақат жонини сақлаш бўлса, фақат ўша подшонинг ҳурматини, подшонинг совға-саломини олишни ўйлаш бўладиган бўлса, фойда келтириш ўрнига зарар келтиради. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в) фойда бермайдиган илмдан паноҳ сўрайман, деганлар. Фойдали илм нима деса, инсоннинг тақвосини оширадиган тўғри йўлда, ҳақиқат йўлида ишлатилган илм. Расулуллоҳ (с.а.в): “Ўзларинг қандай бўлсаларинг, устларингга шундай подшо келади”, деганлар”.
Суҳбатдошлар ислом дунёси давлатларининг камбағаллиги, қолоқлигича қолаётгани сабабларини мусулмон аҳлининг ўзидан қидирмоқда. Илмсизлик, бойликка ружу қўйиш, иттифоқчиликнинг йўқлиги.
Баъзи суҳбатдошлар фикрича эса бунинг мусулмон дунёси камчиликлари билан боғлиқ бўлмаган сиёсий сабаблари ҳам бор. Бу дунёда исломнинг номи “террор” сўзи билан синонимга айланганидир.
Бунинг асосий сабаби, дейди бир суҳбатдош, Европа қитъасида мусулмонлар сонининг ортаётгани, бу фақатгина мусулмон аҳоли ҳисобига эмас, балки қитъанинг ўзида яшаб келган ва мусулмонликни қабул қилган аҳоли сони ҳисобига ҳам ортиб бораётгани айримлар учун таҳдид каби кўринаётганидир.
“Бунинг асосий сабабини дунë сиëсатидан ахтаришга тўғри келади. Исломлашиш кучайиб боряпти. Одамларда Ислом динига мурожаат қайта пайдо бўлди, Ислом дини ўзига хос тарзда ривожланди. Мана, кейинги пайтларда Ислом ҳам сиëсийлашиб, халифалик масалалари кўтариляпти. Буларнинг барчаси ўз-ўзидан Европа давлатларини, дунëдаги бошқа гигант мамлакатларни ҳам хавфга солиб қўяяпти. Ислом давлатининг тикланиши уларга бевосита жуда катта хавф туғдириши мумкин, деб ҳисоблашади улар. Чунки улар ўз-ўзидан Исломнинг нима эканини аниқ тушунмайди. Исломга қарши очиқдан-очиқ фитна ҳаракатлар ҳам кўпайиб кетди”,- деди ўзбекистонлик суҳбатдош.
Ислом дунёси дунё бойликларининг асосий қисмига эга бўлгани ҳолида нега қашшоқ ва бу ислом давлатлари дунёнинг ривожланган давлатлари сафига тез орада қўшиладими, деган мавзуда 2003 йилда Малайзиянинг Путражай шаҳрида ўтган Ислом анжумани ташкилоти саммитида Малайзиянинг ўша вақтдаги бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад қилган нутқни ёдингизга солмоқчимиз.
Маҳатҳир Муҳаммад 57 мусулмон давлатидан келган вакиллар, етакчилар, олимлар олдида сўзлаган нутқ кейинчалик бу чиқиш катта шов-шувларга сабаб бўлган ва динлараро низо қўзғатишга уринишдан тортиб, дунёни учинчи жаҳон урушига тортишга қадар мазмундаги айбловлар билан қаттиқ танқид остида қолган эди. Унинг чиқишидан сўнг ғарблик ва исроиллик аксар танқидчилар: “Ислом дунёси урушга ҳозирлик кўрмоқда ва бу уруш Ғарбга, хусусан, яҳудийларга қарши бўлади”, деб баҳо берган эди. Аммо Маҳатҳир Муҳаммад нутқини қувватлаганлар аслида бу нифоқ қўзғовчи эмас, балки нифоқни бостирувчи ва айни вақтда мусулмон дунёсининг камчиликларини бартараф этишни мақсад қилган нутқ, деб баҳо берган эди.
Бу баҳсларни четга суриб, шу ўринда, 2003 йил 25 февралида эса Маҳатҳир Муҳаммад учинчи дунё давлатларини бирлаштирган Қўшилмаслик ҳаракати саммитида сўзлаган нутқидан парча ҳавола қилмоқчимиз. Бу саммитда дунёнинг 116 мамлакатидан келган расмийлар, дин арбоблари иштирок этган эди.
“Бугун дунё қўрқув остида яшамоқда. Биз ҳамма нарсадан қўрқамиз. Биз ҳавога парвоз қилишдан қўрқамиз. Биз бир неча давлатлардан қўрқамиз. Биз самолётга чиқаётган йўловчиларнинг оёқ кийимларига хавотир билан қараяпмиз”,- дея М.Муҳаммад дунёдаги катта сиёсатда қўлланилаётган қўшстандарт услубни бунга сабаб қилиб келтирган эди.
У айни шу сиёсат айрим мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани, айримларни эса террор, деб аталаётган ҳаракатга тортаётганини сўзлаган эди.
М.Муҳаммаднинг бундан бироз аввал Ислом анжумани саммитида сўзлаган нутқи эса, асосан, Ислом дунёнинг шундай вазиятга тушиб қолиш сабабларига қаратилган эди.
“Мусулмон аждодларимиз юнон олимлари тадқиқотларидан ўрнак олиб, кейинчалик уларнинг тадқиқотларини ўз кашфиётлари билан тўлдирган эди. Аммо исломни ташфиқ қилган кейинги авлод илм, дея фақат ислом теологиясини тушунди ва бошқа ҳамма илмлар рад этилди ҳамда ортга кетиш бошланди. Ишлаб чиқариш инқилобидан мусулмонлар мутлақо қолиб кетди. Усмонлилар империяси билан эса Ислом салтанати мутлақ қулади”, деган эди ўз нутқида М.Муҳаммад.
Аммо ўшандан буён ҳам қолоқлик, камбағаллик, зулм мусулмон дунёсини тарк этмаётгани сабаблари ҳақида эса: “Кўпчилик ҳануз – камбағаллик мусулмонга хос, азоб ва уқубат – исломнинг улуши, деб ишонади. Бизнинг ожизлигимиз, қолоқлигимиз бу Аллоҳнинг иродаси, у бизнинг кейинчалик жаннатга тушишимиз учун шундай азоблар билан синаяпти, деб ишонади. Аммо Аллоҳнинг иродаси шундайми? Биз ҳақиқатда ҳам пайғамбаримиз ўргатган амалларни қиляпмизми ва уларга ишонамизми? Буни аниқлаш учун, албатта, Исломнинг фундаментал таълимотларига қарашимиз шарт. Эътиқодда шу қадар бўлиниш, парчаланиш бўлаётган экан, демак ҳаммамиз ҳам тўғри амаллар қилаётган бўлишимиз мумкин эмас”, деган эди.
Албатта, бу нутқнинг баҳсли томонлари кўп ва биз у баҳсларга тўхталмадик. Айни вақтда дунё бойликларининг асосий қисмига эга бўлган мусулмон дунёси нега қолоқ, камбағал ва ожиз қолмоқда, деган масала ҳам жуда кенг экани аён. Биз бугун ана шу мавзуга сизнинг, ён-верингизда юрган юртдошларингизнинг яна бир карра эътиборини тортишга, мулоҳазага чорлашга уриндик.