Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Жорж Буш Яқин Шарқда нефть ва тинчлик масалаларини муҳокама қилди


АҚШ президенти Жорж Буш Яқин Шарқ етакчиларини “Ҳамас” ҳаракатига барҳам беришга, Сурия ҳамда Эрон раҳбарларини эса террорни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди.

Жорж Буш Шарм аш-Шайх шаҳрида Халқаро иқтисодий форумда қилган чиқишида асосий эътиборни араб дунёсидаги нефть экспорт қилувчи давлатларга қаратиб, уларни нефть қазиб олиш тизимини ислоҳ қилишга, тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида иқтисодий ҳамда сиёсий эркинликларни таъминлашга чақирди.

Дунёнинг 55 давлатидан йиғилган давлат етакчилари, сиёсатчилар ва бизнес олами илғорлари олдида қилинган нутқ президент Жорж Бушнинг Яқин Шарқ минтақасига қилган 5 кунлик сафарининг хотимаси бўлди.

Ушбу нутқида Жорж Буш минтақада тинчлик ва барқарорликка эришишнинг ягона йўли сиёсий ва иқтисодий эркинликни таъминлаш эканини яна бир бор таъкидлади. Нутқининг аввалидаёқ у Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш йўлида муросага бу йил эришилишига ишонч билдирди.

Жорж Буш Ғазо секторини назоратига олган “Ҳамас” ҳаракати тинчлик ўрнатишга бўлган уринишларни йўққа чиқаришга уринмоқда, дер экан, минтақа етакчилари бу гуруҳга қарши курашга биргаликда ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, у минтақадаги барча давлатларни Эрон ва Сурияни террорни қувватлашини тўхтатишга эришишга чақирди. Айни вақтда дунё Эроннинг ядро қуроли ишлаб чиқаришига томошабин бўлиб қолмаслиги кераклигини ҳам яна бир карра айтиб ўтди. Яқин Шарқда тинчлик музокаралари Жорж Бушнинг ушбу ҳудудга қилган 5 кунлик ташрифи бош мавзуи бўлиб қолди.

АҚШ президенти Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан музокара ўтказиб, мухториятдаги вазият ҳақида гапирар экан: “Улкан салоҳиятга эга бўлган фаластин халқини ҳолдан тойган ҳолда кўриш юрагимни ўртайди. Бу жуда яхши, ақлли, қобилиятли халқ ва имкон берилганида фаровон ватанни тиклаши мумкин”,- деди.

Сафари якунига келиб эса у тилга олаётган масалалар кўлами Яқин Шарқ минтақасидан кенгайиб, террорга қарши глобал кураш ва бу курашда енгишнинг сиёсий шарт-шароитларини яратиш мавзуига кўчди. Афғонистон етакчиси Ҳомид Карзай ва Покистон бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний билан шанба куни Шарм аш-Шайхда ўтган учрашув чоғида Жорж Буш айнан шу масалаларни кўтарди.

Айни вақтда у Покистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, бу эса озиқ-овқат инқирози ҳамда террорга қарши курашда ҳамкорлик қилиш мақсадларини кўзлашини сўзлади. Хусусан, Покистон етакчиларига бу йўлда ўз қўшниси бўлмиш Афғонистонга ёрдам қилишни маслаҳат берди.

“Афғонистон президенти билан сўзлашувлардан сўнг мен бош вазир жанобларига Афғонистонга ёрдам бериш биз ҳозир қилишимиз лозим бўлган энг муҳим ишлардан бири эканини айтдим. Бу мамлакатга буғдой етиштиришда, ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган бўлишда ёрдам беришимиз лозим”,- деди АҚШ президенти.

Ўз навбатида, Ғилоний Покистонда террорга қарши кураш устивор бўлишини таъкидлар экан, террорни инсониятга, жаҳонга қарши жиноят, деб атади.
XS
SM
MD
LG