Аввал хабар қилганимиздек, Ўш вилоятига қарашли Новқат туманида 1 октябр куни Ҳайит байрамининг марказий майдонда нишонланишига рухсат берилмаганидан норози бўлган бир гуруҳ мусулмонлар туман давлат маъмурияти биносини тошбўрон қилгандилар.
Кўп ўтмай Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси тошбўронни “Ҳизбут-Таҳрир” партияси вакиллари уюштиргани тўғрисида маълумот тарқатганд ва партиянинг ўттиздан зиёд вакилини ҳибсга олган эди. Бироқ айрим новқатликлар тартибсизликларни уюштиришда расмийлар қўли борлигини таъкидламоқдалар.
- “Ҳизбут-Таҳрир” оқимидаги кучларнинг асосий бир қисми бизнинг Новқатда жойлашган. Ҳизбчилар орасида фақат ўзбеклар эмас, қирғиз миллатига мансуб фаоллар ҳам жуда кўп. Мен тошбўрон ўшаларнинг танобини тортиб қўйиш учун давлат томонидан махсус уюштирилган, деб ўйлайман. Ишни шу даражага етказмай, тегишли қарор қабул қилишиб, тўхтатиб қўйишса ҳам бўларди. “Ҳизбут-Таҳрир” йигитлари ҳокимият биносига бориб, жанжал чиқаришидан ўн минут ўтар-ўтмай, у ерга Спецназ билан ОМОН (милициянинг махсус тайёргарликдан ўтган бўлинмалари назарда тутилмоқда – таҳр.) етиб бориши тошбўрон махсус уюштирилган, дейишга асос бўла олади, - деди новқатлик Қосимжон Раҳмиев.
Раҳмиев юз берган нохуш ҳодисада аввало туман раҳбарларини айблайди:
- Тартибсизликлар келиб чиқишига туман ҳокими Алиевнинг ўзи сабабчи бўлган. Чунки “Ҳизбут-Тахрир” йигитлари беш-олти йилдан буён саховатли одамлардан пул йиғиб, ҳайит маросимларида ош тарқатиб, лотерея ўйинларини уюштириб, халқ ичида маросимни диний тусда ўтказиш ҳаракатида юрганлар. Буни туман раҳбарлари маъқуллаб, ўзлари бош бўлиб, ҳизбчиларга ҳамтовоқ бўлиб юрган. Кечаги ҳайитдан бир кун аввал туман ҳокимининг ўзи байрамни марказий боғда ўтказишга рухсат берган. Бу кишилар харажатларни олиб келиб, ишни бошлаймиз, деб турганларида, ҳоким байрам боғда ўтказилмаслигини айтган. Кейин: “Стадионга боринглар”, деган, булар стадионга борганларида, у ердан ҳам милиционерлар қайтарган. Шундан сўнг ҳокимиятга келиб, ҳокимни чақириб, “шу ерда ўтказамиз”, деб талаб қўйганларида, ҳоким: “қўлингдан келганини қил”, деган, - деди Қосимжон Раҳмиев.
Бироқ қирғиз расмийлари бундай иддаоларни асоссиз, деб ҳисоблайдилар. Қирғизистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Жениш Жақипов оммавий ахборот воситалари орқали 1 октябрдаги тартибсизликларни “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзолари уюштирганини ва улар қонун доирасида жазоланишини билдирди:
- Омманинг ҳаракати, уларнинг орасида, асосан, ёшлар ва ёш болали аёлларнинг кўплиги бунинг “Ҳизбут-Таҳрир” етакчилари томонидан атай уюштирилганига далил бўлади. Тадбирда иштирок этган “Ҳизбут-Таҳрир” аъзолари оммавий тартибсизликлар уюштирганлик моддаси бўйича жазоланадилар, негаки тадбир ўтказиш услуби бунинг олдиндан уюштирилганлигини кўрсатиб турибди, - деганди Жениш Жақипов.
Орадан бир неча кун ўтиб, Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати воқеа юзасидан 31 нафар ҳизбчи қўлга олинганини, уларни тергов якунига қадар ҳибсда сақлашга санкция берилганини маълум қилган. Уларга оммавий тартибсизликлар уюштирганлик, ёш ўспиринларни жиноятга жалб қилганлик, шунингдек, давлат мулкига зарар етказганлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши куч ишлатганлик айблари қўйилган.
Аммо воқеа юзасидан қўлга олинган Адҳам ва Холдор Исақовнинг адвокати Улуғбек Усмонов қўлга олинган одамларнинг сони тахминан 100 кишига етганини айтади.
- 5-тергов ҳибсхонаси ва МХХ ертўласида юзга яқин одам бор. Масалан, тергов вақтида терговчиларга гапирсак, “Оқ уй”дан (Қирғизистонда Ҳукумат уйи – таҳр.) буюртма бўлган, деган гаплар бўляпти. Ахир биз 1937 йилда яшамаяпмиз-ку, 2008 йилда яшаяпмиз. 1937 йилда Сталин пайтида репрессия бўлган, гуноҳи борми-йўқми - кечаси келиб, уйидан олиб кетишган. Ҳозир худди ўшандай бўляпти, - деди адвокат Улуғбек Усмонов.