Ўшлик расмийлар ўтказилган рейд ҳақида журналистларга батафсил маълумот беришни истамадилар. Шаҳар ҳокимияти вакиллари текширув давлат тили тўғрисидаги қонуннинг бажарилиши юзасидан ўтказилганини ҳамда текширилган муассасалар реклама ва эълонларни давлат тилида тайёрлаш зарурлиги хусусида аввалроқ бир неча маротаба огоҳлантирилганини айтиш билан чекландилар.
Сўнгги икки йил ичида мамлакат бўйлаб қирғиз тилини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, ўзбек мактабларида қирғиз тили ойликлари эълон қилиниб, давлат тилига бағишланган турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Аммо қирғиз тилини ривожлантириш бўйича кўрилаётган тадбирларнинг ҳаммасини ҳам мамлакатда яшаётган бошқа миллат вакиллари хурсанд қилаяпти, деб бўлмайди.
Дейлик, расмийларнинг шу йил ёзида Ўшдаги ўзбек телеканалларидан ўз дастурларининг ярмидан кўпроғини қирғиз тилида тайёрлаш тўғрисидаги талаби Қирғизистонда яшаётган ўзбек жамоатчилиги томонидан салбий қарши олинди.
2007 йилда эса қирғиз тилини ривожлантириш дастури бўйича ўзбек мактабларида она тили дарслари икки соатга қисқартирилиши ва бунинг ўрнига қирғиз тили дарслари киритилиши ўзбек мактаблари ўқитувчилари орасида турли норозиликларни келтириб чиқарган эди. Айрим ўқитувчилар белгиланган дарс соатлари қисқартилиши оқибатида ўзбек фарзандлари ўз она тилини етарли даражада ўзлаштира олмай қолиши мумкинлигидан ташвишга тушган бўлсалар, бошқалар иш ўринларидан ажраб қолишдан хавотир олгандилар. Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Даврон Насибхонов бу борада мана буларни айтган эди:
- Агар аҳвол шундай давом этаверса, келажакда ўзбек фарзандлари, ўзбек йигит ва қизлари, ўзбек ўқувчилари ўз тилини, ўз адабиётини унутади ва ундан йироқлашиб боради. Ўз қадриятидан, ўз маданияти, адабиётидан йироқ бўлган халқ эса, ўзлигини йўқота бошлайди.
Мактаб ўқитувчилари мазкур муаммо юзасидан президент Қурмонбек Бакиевга мурожаатнома йўллаганларидан кейин қирғиз тили дарсларини ўзбек тили ва адабиёти дарслари ҳисобига кўпайтириш амалиёти тўхтатилган¸ унинг ўрнига “лотин алифбоси” каби қирғизистонлик ўзбеклар учун иккинчи даражали бўлган дарслар қисқартирилиб, қирғиз тили соатлари кўпайтирилган эди.
Айрим ўшлик ўзбеклар Қирғизистон расмийларининг давлат тилини ривожлантириш баҳонаси билан ўтказаётган чора-тадбирларини мамлакатдаги миллий озчиликка бўлган босим ўлароқ баҳоламоқдалар. Ўшлик Қосимжон Раҳмиев бу каби ҳаракатлар миллий озчиликнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш эканини айтади:
- Биз бугунги кунда ўзимизнинг ўзбек эканимизни пичирлаб айтаётган бўлсак, эртага ўзимизнинг ўзбек тилида ҳам пичирлаб гапиришимизга тўғри келиб қолади. Конституцияда “қирғиз тили - давлат тили, рус тили - алоқа тили” деб ёзилган, лекин конституцияда “бошқа тил ўқиш ва ёзиш мумкин эмас”, деб кўрсатилмаган. Бугунги кунда бизда (Қирғизистонда – таҳр.) - ўзбеклар яшаётган жойларда ўзбекча ёзиш маън қилинган. Ваҳоланки, собиқ совет даврида ҳам давлат тили рус тили бўлгани билан, қаерда қайси миллат яшаётган бўлса, ўша ерда давлат ҳужжатлари ҳам маҳаллий аҳоли тилида ёзилишига рухсат берилган эди.
Ўшлик сиёсий кузатувчи Ғанижон Холматов давлат тилини ривожлантириш борасидаги сиёсатга эҳтиёткорлик билан ёндошув зарурлигини таъкидлайди, акс ҳолда бу зўрлик сиёсати қирғизистонлик ўзбекларда давлат тилига нисбатан нафрат уйғотиши ҳам мумкин:
- Қирғиз тилида кўп тадбирларнинг ўтказилиши қирғиз тилининг ривожланишига олиб келади, деган хулосага олиб келиняптики, бу иккинчи тарафдан ўзбек тилининг бироз қисилаётганига олиб келиши эътибордан холи бўлмаслиги керак. Бу нарсалар жуда пухта ўйланиб, ишлаб чиқилиши керак.
Албатта, ўзбек доим қирғизча гапириб келган, бундан кейин ҳам сўзлашиб келади. Ҳеч бир қирғиз ўзбек билан гаплашганда ёки ўзбек қирғиз билан гаплашганда, ўзбек тилида гапиришни талаб қилмаган, табиий равишда ҳар икки тараф ҳам бир ўрталикни топиб олишган. Лекин, афсуски, қирғиз тилини, давлат тилини ривожлантириш дастури жараёнида ана шундай камчиликларга йўл қўйилаяпти. Гўёки ўзбеклар кўпроқ қирғизча гапирса, қирғиз тили муаммолари ҳал бўлиб қолади, деган нотўғри тушунча шакллантирилаяпти, - дейди Ғанижон Холматов.