Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:24

Миллат тақдири унинг байроғида аксланади


Миллий байроқ ҳақидаги турли фикр ва эҳтиросларга қарамай¸ ҳозирча айнан ана шу байроқ Ўзбекистон деган давлатнинг миллий рамзларидан бири бўлиб қолмоқда.
Миллий байроқ ҳақидаги турли фикр ва эҳтиросларга қарамай¸ ҳозирча айнан ана шу байроқ Ўзбекистон деган давлатнинг миллий рамзларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бундан 17 йил муқаддам — 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон давлат байроғи тасдиқланган илк паллада ўзбек зиёлилари айтган бу эътироз ҳанузгача такрорланиб келмоқда ва ҳанузгача инобатга олингани йўқ.

Ҳар йили 18 ноябр куни давлат байроғи қабул қилинган санани ёдга олган Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари эса байроқдаги рамзларни ўзбек халқининг миллий ўзлиги рамзи сифатида шундай талқин қилади:

“Мовий ранг – мусаффо осмон ва сув рамзи бўлиб, бу яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат ва садоқат тимсоли. Оқ ранг – тинчлик ва осойишталик, беғуборлик, эзгу орзу ва ният тимсоли. Яшил ранг - табиат рамзи бўлиб, навқиронлик ва умид тимсолидир. Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб турган ҳаётий қудрат - қон рамзи. Навқирон ярим ой – давлат мустақиллиги рамзи. 12 дона юлдуз – ўзбек халқи тарихининг қадимийлиги, ўз тупроғига содиқлиги ва комиллик рамзидир”.

Бу рамз ва тимсоллар ҳамда улар берилган расмий талқин орасида¸ мана 17 йилдирки¸ миллат зиёлиларини ўкситаётган зиддиятлар бор. Бу зиддиятларни бир қарашда илғаш қийин, албатта.

Ўзбекистон Эрк демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов 17 йил муқаддам давлат байроғини қабул қилиш учун чақирилган илк мажлисдаёқ ана шу зиддиятлар тилга олинганини эслайди. Отаназар Орипов билан ана шу мажлис ва давлат байроғидаги рамзлар зиддияти ҳақида суҳбатлашдик.

- 1991 йил 17 ноябр парламент мажлиси бўлган кун. Ўша мажлисда қабул қилиниши учун таклиф қилинган байроқлар саҳнада илиниб турган. Махсус комиссия бу байроқларни кўрган. Махсус комиссиянинг бошлиғи ўша пайтдаги фанлар академиясининг президенти академик Салоҳиддинов эди. Қабул қилинган пайтда ҳам залдан бир-иккита саволлар бўлди. Бу 12 та юлдуз нимани билдиради, бу 12 та юлдуз 12 та имомни англатади деган фикрлар юрибди халқ орасида¸ сиз шунга қандай қарайсиз, деган савол ҳам бўлган.

Озодлик: Шиа мазҳабининг тимсолида.

- Ҳа. Шу рамзлар тўғрисида одамларда ҳозир ҳам аниқ тасаввур йўқ. Ҳозир кўп жойда ëзишаяпти: ўша пайтда 12 та юлдуз 12 та вилоятни билдирган. Ҳар вилоятга биттадан юлдуз. Қабул қилинганда ҳам шунақа деб тушунтирилди.

Озодлик: Мана мен ҳозир президентнинг сайтидан олдим-да. Бу талқинда айтилишича навқирон ярим ой давлат мустақиллиги рамзи экан. 12 дона юлдуз ўзбек халқи тарихининг қадимийлиги, ўз тупроғига содиқлиги ва комиллик рамзидир деб берилаяпти. Буни қандай тушуниш мумкин?

- Байроқда кўрсатилган ой аслида ҳилол ой эмас, навқирон ой эмас. У ботаëтган ой. Ҳилол ой ҳеч қачон бу кўринишда кўринмайди. Тескари кўринишда кўринади. Жуда кўпчилик эътибор ҳам бермайди. Ҳатто яқинда Туркияда, Туркиянинг байроғида Ўзбекистоннинг байроғиникига ўхшаган ой борда, муҳокама бўлиб¸ шу ойни ўзгартириш масаласи кўрилди. Бу ботаëтган ой.

Энди уни ким қўйганини, нима мақсадда қўйганини, асл маъноси нимани англатишини кўпчилик билмайди-да. Халқ билмайди шуни. Балки махсус ëмон мақсадларда қўйилган бўлиши мумкин. Ўзбекистон янги давлат бўлса, энди мустақилликка чиққан бўлса, нимага у ботиши керак экан? Осиë давлатларида ўзи кўп рангли байроқ қабул қилинмаган. Кўп ранг бўлса, одамнинг қалбига ўрнашиб қола олмайди. Рамз деган қалбда ўрнашиши керак.

Озодлик: Байроқнинг расмий талқинида айтиладики, навқирон ярим ой билан 12 юлдуз Ўзбекистон халқининг тарихий анъаналари билан боғлиқ, диний қадриятлари билан боғлиқ дейилади. Шундай боғлиқлик борми ўзи?

- Боғлиқликни мен кўраëтганим йўқ. Ҳилол ой исломий рамз. Лекин 12 та юлдуз нима? Бошқа жойда унақа рамз англатадиганини кўрган эмасман. Рангларнинг маъноси ҳам кўпчилик инсонларнинг қалбида ўрнашиб қолган маънони бермайди. Ҳар ким ҳар хил тушунади. Лекин туркий халқлар орасида бир ранг борки, у миллий маънони англатади. Туркияда масалан туркий мовий дейилади. Бунақа ранг фақат гумбазларда бор.

Байроқ¸ айниқса давлат рамзи кам рангли бўлиши керак. Бир ëки икки ранг. Элементлари ҳам кам бўлиши керак. Шунда одамлар тез қабул қилади. Ҳозир давлат рамзларини кўпчилик фуқаролар қабул қилмаган. Қалбига сингмаган. Мана шунақа зиддиятлар, оддийгина рамзлар ичидаги зиддиятлар, қабул қилинаëтган қонунлар ичидаги зиддиятлар, давлат билан халқ ўртасидаги зиддият, айтилган гап билан қилинаëтган иш ўртасидаги зиддият чуқурлашиб бораяпти.

Яна қўшимча қилиш мумкин, давлат байроғидаги 12 юлдузнинг беш қиррали шаклда тасвирлангани мазмуни ҳам ноаниқ. Илм-фан аҳли томонидан оккультизм рамзи сифатида талқин қилинадиган ва собиқ совет давлати тимсолларидан бири бўлган беш қиррали юлдузнинг аксар аҳолиси мусулмон бўлган мустақил Ўзбекистонга нима алоқаси бор, деган савол мана 17 йилдирки жавобсиз.

Бундан ташқари, агар 12 юлдузни Ўзбекистондаги маъмурий ҳудудлар рамзи, деб олсак, уларнинг сони ҳам Навоий вилояти тузилиб, 13 та бўлди. Энг қизиғи, давлат байроғидаги рамзлар талқини битилган расмий манбаларда 12 юлдузнинг аҳолига сингдириб келинган ана шу мазмуни тушириб қолдирилганининг сабаби нима?

Бу ва Отаназар Орипов каби минглаб зиёлилар, мухолифат вакилларининг бу каби бошқа саволлари яна қачонгача жавобсиз қолиши ҳам ҳозиргача номаълум.
XS
SM
MD
LG