Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:23

Россия эҳтимолий низоларга ҳозир...


Россия армиясининг махсус бўлинмалари Марказий Осиëда юзага чиқиш эҳтимоли мавжуд можароларни Жанубий Осетия усулида бостиришга шай бўлиб турибди.
Россия армиясининг махсус бўлинмалари Марказий Осиëда юзага чиқиш эҳтимоли мавжуд можароларни Жанубий Осетия усулида бостиришга шай бўлиб турибди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ўз тинчликпарвар қўшинлари контингентини шакллантиришга киришди.

Коллектив ҳавфсизлик шартномаси ташкилоти матбуот котиби Виталий Струговецнинг билдиришича, ташкилот шакллантираётган тинчликпарвар қўшинлар контигентининг асосий вазифаси аъзо давлатлар ҳудудида туғилган низоларни дипломатик йўл билан ҳал қилишнинг имкони бўлмаган тақдирда низолашувчи томонларни ажратиш ва қуролли тўқнашувларнинг олдини олишдир.

Контингент миқдори эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 3 мингдан 5 минг ҳарбийгача бўлиши мумкин, дея маълум қилди Виталий Струговец.

- Тинчликпарвар қўшинлар бўлинмаларини барча аъзо давлатлар тақдим қилади. Зеро, ҳозир аъзо давлатларнинг деярли ҳаммасида бундай махсус бўлинмалар бор. Зарурат туғилгунича, улар ўз давлати ҳудудида жойлашади. Зарурат туғилиши билан можаро чиққан ҳудудга кўчирилади, - дейди Струговец ва бу билан КҲШТ нинг янги ҳарбий контигенти, асосан, Марказий Осиё ҳудудига жойлаштирилади, деган тахминларни мутлақ инкор қилди.

Айни вақтда КҲШТ вакили оммавий ахборот воситаларида бундай контингентнинг тузилиши август ойида Жанубий Осетияда бўлган низонинг яна такрорланмаслиги олдини олишга уриниш ва шу билан бирга бу режа Россиянинг Марказий Осиё ҳудудида ҳарбий таъсирини оширишни кўзламоқда, деган фикрларни ҳам рад этди.

- Бу мутлақо нотўғри фикр. Чунки, бундай тузилмани ташкил этиш тўғрисидаги келишув 2007 йилда имзоланган ва бу келишувни имзога тайёрлаш ишлари 2004 йилда бошланган. 2004 йилдаёқ КҲШТга аъзо барча давлат раҳбарлари бир овоздан шундай контингент тузиш зарур, деган қарорга келган эди, - дейди Виталий Струговец.

Яқинда Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятини тарк этган Ўзбекистон тез орада КҲШТ ни ҳам тарк этиши мумкин, деган фикр жамоатчиликда тобора қатъийлашиб бораётган бир пайтда шакллантирилаётган тинчликпарвар қўшинлар таркибида Ўзбекистоннинг ҳам бўлинмаси бўладими?

- Келишув ҳужжатлари 2007 йилда Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган ва ҳозирда Ўзбекситон парламенти муҳокамасида. КҲШТ Ўзбекистоннинг бу ташкилотдан чиқиш эҳтимоли бор, дейишга лойиқ сабабларни кўраётгани йўқ. Аксинча, Ўзбекистон томони ташкилот доирасидаги барча тадбирларда фаол иштирок этмоқда ва бундан манфаатдорлигини билдириб келади, - дейди Коллектив хафсизлик шартномаси ташкилоти матбуот котиби Виталий Струговец.

Аммо, таҳлилчиларнинг фикри КҲШТ раҳбарияти илгари сураётган даъволардан фарқ қилади.

КҲШТ доирасида бундай ҳарбий тузилмани тузиш келишувига Россиянинг ихтиёрий-мажбурий даъвати асосида эришилган ва Россия бу билан собиқ совет ҳудуди, айниқса, Марказий Осиёда кутиладиган ҳар қандай келишмовчиликлардаги ҳарбий иштироки учун замин яратмоқда мазмунидаги фикрни айтаётган таҳлилчилар бугун кўпчиликни ташкил қилади.

Айрим таҳлилчилар, Россия бу ҳаракати билан Афғонистонга элтувчи йўл лойиҳаси остида Марказий Осиёга киришни кўзлаётган НАТО йўлини ҳам қирқмоқчи, деган фикрда.

Жумладан, Халқаро муносабатлар бўйича Лондондаги Қироллик институти таҳлилчиси Юрий Фёдоров шундай фикрда.

- Фикримча, бу билан Россия келгусида ташкилотга аъзо давлатларда туғилиши мумкин ички низолар ёки аъзо давлатлар ўртасидаги низоларда ўзининг ҳарбий иштирокини оқловчи восита яратмоқда. Айнан шунинг учун ҳам бу контигентни ташкил қилиш учун зарур харажатларнинг асосий қисмини Россия ўз зиммасига олмоқда ва қўшинлар таркибида ҳам Россия кучлари асосий қисмни ташкил этади, афтидан¸ - дея тахмин қилади Юрий Фёдоров.

Бу таҳлилчи фикрича, гарчи КҲШТ раҳбарияти қатъий равишда инкор қилаётган бўлса-да, ташкилот янги ҳарбий тузилмани, асосан, Марказий Осиё ҳудудида туғилажак нобарқарор вазиятларни кўзлаб тузмоқда.

- Чунки, айнан Марказий Осиёда турли кўринишларда, жумладан, ички, давлатлараро, халқаро характердаги беқарорликни юзага келтириши мумкин бўлган шароит бор.

Агар қандайдир низо юзага чиқса, бунинг эса эҳтимоли катта, Россия КҲШТ тинчликпарвар контигенти, дейилган ном остидаги ҳарбий воситани ишга солиши тайин.

Бунга август ойида Жанубий Осетияда содир бўлган ҳарбий низо яққол мисолдир, - дейди лондонлик таҳлилчи Юрий Фёдоров.


XS
SM
MD
LG