Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:38

Контрабанда йўлаклари кўпаймоқда


Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги айланма ўтиш жойлари фақат ўзбек чегарачилари томонидан қўриқланади.
Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги айланма ўтиш жойлари фақат ўзбек чегарачилари томонидан қўриқланади.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги айланма йўллар контрабанда маҳсулотлари олиб ўтилиши учун қулай йўлак бўлиб хизмат қилмоқда.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзбекистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош бўлиб, расмий чегара пунктлари атрофида бир неча айланма йўллар мавжуд.

Ундан асосан ўзбекистонлик тадбиркорлар контрабанда йўли билан турли маҳсулотларни олиб ўтадилар. Уларга бу ишда муайян ҳақ учун чегара ҳудудларда истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли ёрдам беради.

- Юкнинг оғирлигига қараб маҳсулот олиб ўтаётган савдогарлардан бир ярим минг қирғиз сўмидан (38 АҚШ доллари) оламиз. Бир неча йил олдин бу йўллардан юк олиб ўтувчи савдогарларнинг оёғи узилмасди. Бугунги кунда уларнинг сони аввалгидай кўп эмас, лекин тирикчиликка яраша бўлиб турибди, -дейди чегарадаги айланма йўлдан контрабанда маҳсулотларини ўтказиб кун кўрувчи аёллардан бири.

Ўзини Наргиза деб таништирган ҳаммол аёллардан бири эса кунига чегарадаги айланма йўлдан божхона ва чегарачиларни четлаб камида ўн марта юк олиб ўтишини айтади:

- Савдогарлар яхши ҳақ тўласалар чегарадан ўн мартагача юк ўтказамиз. Мен оғирлиги 20 килограммдан паст бўлган юкларни кўтараман, энг енгли эса 15 килограмм бўлади. Юк кеса бўлди, кунмиди тунмиди бунинг бизга фарқи йўқ.. Нархини келишамиз-да чегаранинг бу томонидан чегаранинг у томонига ўтказиб қўяверамиз,- дейди Наргиза.

Ҳаммол аёлларнинг айтишича, чегарадаги айланма йўллар фақат ўзбек чегарачилари томонидан қўриқланади, қирғиз чегарачилари эса фақат расмий чегара пунктида турадилар.

Қирғизистон чегара хизмати раҳбари Замир Мўлдошев ўзбек-қирғиз чегарасининг бутун ҳудудини назорат қилиш учун куч етарли эмаслигини Қирғизистон парламентида қилган чиқишида билдирган эди.

Унга кўра, Ўзбекистон чегарачилари сони қирғиз чегарачиларига нисбатан 9 маротаба кўп. Шу боисдан ҳам Қирғизистон чегарачилари фақат расмий чегара ўтказиш пунктларинигина назорат қила оладилар. Чегарадаги айланма йўлларнинг фақат ўзбек чегарачилари томонидан назорат қилиниши ҳам мана шу сабаблар билан боғлиқ.

Ўз исмини айтишимизни истамаган суҳбатдошимизга кўра, ўзбек чегарачилари контрабанда маҳсулотлари олиб ўтилувчи йўлакларнинг мавжудлигидан манфаатдордирлар.

-Ўзбек чегарчиларининг бир соатга чегарадан йўлак очиб бериши 300 минг сўм туради,- дейди суҳбатдошим.

Ҳаммол аёлларнинг айтишларича, улар чегарачилар билан савдолашмайдилар. Бу ишни махсус одамлар ёки ноқонуний йўл билан юк олиб ўтаётган савдогар бажаради.

- Биз унча кўп бўлмаган юкларни чегарачилар йўқ пайтни пойлаб туриб олиб ўтамиз. Бу ҳолатда чегарачилар бизни кўриб қолсалар қўлга оладилар. Маҳсулотларни эса божхонага олиб бориб мусодара қиладилар.

Кўпроқ юк келиб қолса чегарачи билан гаплашиб берадиган одамлар бор. Баъзан чегарачи билан юк эгасининг ўзи келишиб олади. Чегарачига қанча пул беришади, бундан бехабармиз, -дейди биз билан ҳамсуҳбат бўлган ҳаммоллардан бири.


- Сизларни чегарачилар ушлаб олганда юкларнинг ичидан гиёҳванд моддалар ёки қурол чиқиб қолишидан қўрқмайсизларми?- деб сўрайман бу суҳбатдошларимдан.

- Бундай вазиятга тушмаганмиз. Тўғрисини айтсак бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз, - деб жавоб беришди ҳаммол аёллар.
XS
SM
MD
LG