Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:19

Тошкентда уй-жой арзонлади


Уй-жой оламан деган ҳам¸ уни сотаман деган ҳам нарх-навонинг эртага қай томон кетишини билолмай ҳайрон.
Уй-жой оламан деган ҳам¸ уни сотаман деган ҳам нарх-навонинг эртага қай томон кетишини билолмай ҳайрон.

Узоқ йиллар минтақадаги энг арзон кўчмас мулк Тошкентда бўлгувчи эди.Кейинги икки йил давомида бу борада қўшниларга яқинлашаëзган Тошкент уй-жой бозори шу кунларда касодга юз тутмоқда.

Одатан, куз охири ва қиш фасли бошларида Ўзбекистон, аниқроғи, Тошкентда уй-жойларнинг нархи қимматлар ва квартира бозори жуда қизғин бўлар эди.

Маклерлар буни Россия, Қозоғистон ёки бошқа давлатлардан пул жамғариб келган вилоятлик аксар меҳнат муҳожирларининг, аввало, пойтахтдан уй харид қилишга интилиши билан боғлар эди.

Аммо шу кунларда Тошкентдаги уй-жой бозорлари бўм-бўш. Турар-жой нархлари эса, сўнгги 20 кун ичида 20 фоизга қадар арзонлаб кетди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Тошкент шаҳридаги турар-жой биносининг бир метр квадрати учун ўртача нарх октябр ойида 1200 АҚШ доллари бўлган бўлса, ҳозир деярли 900 АҚШ долларига тушган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган тошкентлик маклер Надежда гапиради:

- Мисол учун, 2 хонали “хрушёвка” уйлар 27 минг АҚШ долларига кўтарилган эди. Ҳозир эса уни 23 мингга олса бўлади. Шошилиб сотаётганлар эса 20 мингга ҳам беришга рози, дейди тошкентлик маклер аёл Надежда.

Нарх-навонинг арзонлашига асосий сабаб, Қозоғистон ва Россиядан келадиган харидорларнинг кети узилганидир, афтидан бу жаҳондаги молиявий инқироз билан боғлиқ, дейди Надежда.

- Балки бу жаҳондаги молиявий инқироз билан боғлиқдир. Мисол учун, Қозоғистонда уй нархи жуда арзонлаб, деярли биздаги нархларга тенглашиб қолган, деб эшитяпмиз.

Мисол учун¸ 100 минг АҚШ доллари бўлган квартиралар 50 мингга тушипти. Бундан ташқари Россияда ҳам инқироз туфайли кўчмас мулк нархи арзонлаяпти, дейди тошкентлик маклер Надежда.

Унинг фикрича, уй-жой нархи арзонлашининг яна бир жиддий сабаби Тошкент шаҳрида олди-сотди шартномасини расмийлаштириш тартибининг кескинлаштирилганидир.

- Ҳозир вилоятдан келган харидорлар уй харид қилолмай қолди. Аввал харид қилинган уйни ўз номига ҳадя сифатида расмийлаштиришар эди. Ҳозир буни қатъий равишда таъқиқлаб қўйишди. Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинча рўйхатда туриш эса аввалгидай имконсиз, дейди Надежда.

Тошкентдаги уй-жой бозорида юрган узун-қулоқ гапларга қараганда, шаҳар маъмурияти пойтахтда туб қўйиб, палак ёзишни истаб вилоятдан келаётган аҳоли оқимини бўғиш учун нотариал идораларга уй-олди сотдисини кескинлаштирувчи оғзаки буйруқ берган.

Бу буйруқни шахсан бош вазир Шавкат Мирзиёев берган дегувчилар ҳам бор.

Аслида¸ бир ярим йил муқаддам Тошкентдаги уй-жой нархининг кескин ошишига сабаб бўлган омиллардан бири бугун нархнинг тушишига ҳам олиб келган бўлиши мумкин, деб тахмин қилади Абдуғани исмли яна бир даллол.

Яъни, 2006 йил охири 2007 йил бошларида ҳукумат томонидан ипотека кредитлари ажратилган ва бу уй нархининг қимматлашига сезирларли даражада таъсир қилган эди. Бироқ, бу кредит тизими ўзини оқламагани ва қолаверса, жаҳондаги молиявий инқироз ваҳимаси боис декабр ойи бошларида тўхтатилди, деган гаплар юрибди бозорда, дейди Абдуғани.

- Ипотека кредитини бериш йил охирида тўхтатилдию. Янги йилдан кейин яна берила бошлайди ва шунда уй-жой нархи яна ошиши мумкин дейишаяпти одамлар, дейди Абдуғани.

Уй олди-сотдиси ортидан кун кўрадиган даллоллар январ ойидан бошлаб яна янги турдаги ипотека кредитлари берилади, деган гап билан бозорни юргизишга ҳаракат қилмоқда.

Аммо, даллолларнинг бу уринишлари аста-секин жаҳон бозоридаги инқироз ваҳимаси кириб бораётган уй-жой бозоридаги хавотирли сукунатни бузолгани йўқ. Харидор ҳозир олсам ютаманми, деган, сотувчи эса ҳозир сотсам ютаманми, деган ўйга чўмган, дейди тошкентлик маклер Надежда.

- Биласизми, ҳамма кутаяпти. Умуман, ҳеч қандай савдо йўқ. Одамлар сотаётган уй нархини ушлаб туришга ҳаракат қиляпти, аммо, олувчи йўқ. Шунинг учун ҳам нархлар устига-устак арзонлаяпти.

Менимча, ҳамма кузатяпти¸ бозордаги вазият қай томонга ўзгаришини кутаяпти. Чунки, бунақа вазият аввал кузатилмаган эди. Ҳатто, сунъий ташкил қилинган ваҳимага ҳам ўхшаб кетаяпти менга, дейди тошкентлик маклер Надежда.
XS
SM
MD
LG