Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:43

Ҳуқуқ ҳимоячиси яна қамалди


Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров ўз фаолияти давомида 13 марта судланганини айтади.
Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров ўз фаолияти давомида 13 марта судланганини айтади.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров халифалик тузишга уринганликда айбланиб¸ озодликдан маҳрум этилди.

Ўш шаҳар суди Равшан Гапировни интернет орқали тарқатилган мактубида Қирғизистон конституциявий тузумига тажовуз қилганликда айбдор деб топди. Ҳуқуқ ҳимоячиси март ойидан буён қамоқда сақланаётган эди.

2008 йилнинг 8 январ куни интернет сайтларининг бирида ўшлик Рискул Мондошевнинг “Ҳукумат криминалга, нодавлат ташкилотлари вакиллари эса диний экстремистик оқимларга қўшилмоқда” сарлавҳали мақоласи чоп этилган эди.

Унда муаллиф таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапировни Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадорликда айблайди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров эса интернет орқали мақола муаллифининг интернет манзилига ўзининг Ҳизбут -Таҳрирга аъзо эмаслиги тўғрисида жавоб ёзади.

Рискул Мондошевдан жавоб олмагач, бу борадаги фикрларини интернет орқали мамлакат жанубидаги барча нодавлат ташкилотларига жўнатади.

Унинг мактуби Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига ҳам бориб етади.

Бошқарма мактубни экспертизадан ўтказиш учун дин агентлигига юборади.

Дин агентлигининг экспертлар гуруҳи “Равшан Гапиров мактубида Қирғизистоннинг конситуциявий тузумига таҳдид мавжуд. Бу мактубда фуқаролар Ислом мамлакати ва халифалик тузишга даъват этилади. Бир дин бошқа динлардан устун қўйилади”, деган хулоса чиқаради.

Бироқ суд жараёнида хуқуқ ҳимоячиси ўз айбини тан олмаслигини айтиб, дин агентлиги мутахассисларини саводсизликда айблади:

- Мутахассисларнинг саводсизлиги кўриниб турибди. Шу сабабли улар менинг мактубим юзасидан телба-тескари хулоса чиқаришга ҳақсиз эдилар. Менинг Мондоевга ёзган мактубимда маъноси кенг сўзлар бор эди. Уни билими етарли даражадаги мутахассислар тушунмаса, мана буларнинг ақли етишига умуман ишонмайман, - деди Равшан Гапиров

Давлат айбловчиси Неъматжон Гудуков эса суд жараёнида Равшан Гапировга нисбатан тезроқ ҳукм чиқаришни илтимос қилди:

- Гапиров : ”Мен айбдор эмасман, жиноий иш қалбакилаштирилган, мен одил экспертларни талаб қиламан, прокурор Гудуков экспертларни таклиф қилмади”, демоқда.

Мен экспертларни ҳам чақириб бердим. Иккинчи экспертни чақириб бераман десам, судланувчи “булар қўғирчоқ, хулоса чиқаргани маънавий хуқуқи йўқ”, деб рад этди.

Ҳурматли судя, мен буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда тезроқ хукум чиқариб беришингизни илтимос қиламан,- деди Неъматжон Гудуков.

Шундан сўнг ҳакам белгисиз муддатга танаффус эълон қилди.

Оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари тарқаб кетганидан сўнг эса ҳукм ўқилди.

Суд Равшан Гапировни муддатни кучайтирлиган қамоқхонада ўташ шарти билан бир йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров бундан аввал ҳам 11 маротаба суд қилинган, бироқ айби исботланмагани туфайли озод этилган эди.

Аввалги судларда унга нисбатан туҳмат қилиш, давлат амалорларини ҳақоратлаш, ноқонуний тарзда гиёҳванд моддаларни сақлаш каби айблар қўйилганди.

- Шунчалик кўп судланганимдан ўзим ҳам ҳисобдан адашиб кетяпман. Бугунгиси 12 ёки 13 маротаба судланишим бўлади.

Уч марта Жалолобод ва Бишкекдаги иккита қамоқхонада ётишга мажбур бўлганман. Лекин ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилиб, айбсизлигимни исботлаб, бир йилдан сўнг оқланиб чиққанман,- деди Равшан Гапиров тергов изоляторида сақланаётган пайтда Озодлик мухбирига берган телефон суҳбатида.

Ўшдаги бир гуруҳ нодавлат ташкилотлари Равшан Гапировнинг навбатдаги судланишини сиёсий буюртма сифатида баҳоламоқдалар.

- Албатта¸ мен бу ҳолни буюртма сифатида баҳолайман. Равшан Гапировни билган одам сифатида, унинг ҳеч қандай радикал исломий ҳаракатларга алоқаси йўқ , деб айта оламан.

Равшан Гапировнинг Ҳизбут-Таҳрир ёки ваҳобийлик оқимига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унинг ўзи бундай оқимларга қарши эди,- дейди “Элим билан эл учун” нодавлат ташкилоти раҳбари Аманбай Сатибаев.
XS
SM
MD
LG