Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:33

Сўнгги умид Европа судида қолди


Кейинги ойлар давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ўзбекистонлик қочқинларни экстрадиция қилишга оид бир неча Россия суди ҳукмини бекор қилди.
Кейинги ойлар давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ўзбекистонлик қочқинларни экстрадиция қилишга оид бир неча Россия суди ҳукмини бекор қилди.

Россия Олий суди Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаëтган икки ўзбек қочқини устидан қуйи инстанция чиқарган экстрадиция ҳукмини кучда қолдириди.

Асли наманганлик Абдуллажон Исоқов ўз юртида таъқиқланган диний ташкилотга аъзолик ва диний-экстремистик фаолият юритганликда айбланган.

Асли андижонлик Абдумуталлиб Каримов эса шу мазмундаги айбловлар билан бирга Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланмоқда.

Биз бу икки қочқиндан бири Абдумуталлиб Каримовнинг акаси Ҳафиз Каримов билан боғланишга муваффақ бўлдик. Россия Олий судининг шундай қарор чиқариши кутилган эди, деди у Озодлик билан суҳбатда.

- Биз Россияда қанча этап бўлса¸ ҳаммасидан ўтиб кейин Европа судига мурожаат қиламиз. Европа суди шуни яхши томонга ҳал қилиб берса деб умид қилиб турибмиз холос. Бу моддаларни кўриб туриб унинг бу ерда ҳал бўлмаслигини олдиндан тушунганмиз, дейди Ҳафиз Каримов.

Барча умиди Европа судида қолган Ҳафиз Каримовга кўра, экстрадиция хавфи остида қолган укаси Абдумуталлибга Ўзбекистон бош прокуратураси томонидан Андижон воқеаларига алоқадорлик тўғрисида қўйилган айблар асоссиз.

Абдумуталлиб 2005 йилнинг 13 май куни тасодифан Андижон шаҳрига борган ва у ерда Бобур майдонида бўлаётган намойишга дуч келган.

Президент Каримов келармиш, дея йиғилган оломон орасида тарқалган овоза боис¸ Абдумуталлиб ҳам майдонда юртбошининг йўлини пойлаб қолиб кетган.

Кейинчалик бошланиб кетган ур-йиқитдан омон қолиб, ундан кейинги қама-қамалардан ҳам омон қолиб, Россияга етиб келган укам тўғрисида Ўзбекистон томони Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига жўнатган қоғозга қарсангиз, у даҳшатли террорчи, деб ўйлайсиз, дейди Ҳафиз Каримов.

- Ўша Андижондаги намойишда террорчи бўлиб қатнашган деган бир 10 та модда бор бу қоғозда. Бу моддаларга қараб туриб Россия томони шунақа деб ўйласа керакда, дея Россия Олий суди қароридан мантиқ излашга уринади Ҳафиз Каримов.

Абдумуталлиб Каримовнинг адвокати Роман Яковлев Россия Олий судининг ҳам мамлакат ва ҳам халқаро қонунчиликка зид қароридан таажжубда эканини айтар экан, ҳуқуқ-тартибот идоралари уни Ўзбекистонга экстрадиция қилишга журъат қилмаса керак, деб умид қилади.

- Бир тарафдан, Каримовни Ўзбекистонга бериш тўғрисидаги қарор кучга кирди.

Иккинчи томондан, халқаро мажбуриятларни ҳануз ўз зиммасида ушлаб турган Россия ҳукумати Страсбург суди билан ҳисоблашишга мажбур.

Токи Европа кенгаши таркибида қолар экан, Россия бу қадар қўпол қонунбузарликка йўл қўймас, деб умид қиляпмиз, дейди россиялик адвокат Роман Яковлев.

Унинг фикрини қувватлаган россиялик баъзи инсон ҳуқуқлари фаоллари Европа судининг Ўзбекистонга бериб юборилган Рустам Мўминов бўйича шу йил 10 декабр куни чиқарган қарорини ёдга олмоқда.

Абдуллажон Исоқов ва Абдумуталлиб Каримов каби диний мотивларда айбланиб, қидирувга берилган Рустам Мўминов 2005 йилда Ўзбекистонга бериб юборилган эди. Европа суди бу экстрадицияни ноқонуний, деб топди ва бу билан Россия Европа конвенциясининг 3 та моддасини бузгани тўғрисида қарор чиқарди.

Аммо, бу қарор Ҳизбут-Таҳрир га аъзоликда айбланиб, ҳозир Ўзбекистон қамоқхонасига банди қилинган Рустам Мўминов аҳволини заррача бўлса-да енгиллата олса қани эди, дейди Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Елена Рябинина.

Бироқ, Европа суди муқаррар экстрадициядан омон қолган ва йил давомида Россиянинг Иваново областида жон сақлаган 12 нафар ўзбекистонлик қочқин мушкулини аритишга муваффақ бўлди.

Бу қочқинларнинг ҳар бири учун 15 минг евродан товон пули тўлашга маҳкум этилган Россия ҳукумати бундай хатонинг яна такрорланишига йўл қўймаслиги керак, дер экан Елена Рябинина, навбатдаги икки қочқин — Абдуллажон Исоқов ва Абдумуталлиб Каримовнинг экстрадициясини тўхтатишни талаб қилишга тўла асосларимиз бор, дейди.

- Бу ҳукмнинг асоссизлигига далиллар кўп. Бироқ, ҳаммага мутлақ аён бўлган ҳақиқат шуки, ўзбекистонлик қочқинлар айбдор бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар¸ қийноқлар қўлланилиши исботланган Ўзбекистонга бериб юборилиши мумкин эмас, дейди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG