Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:18

Ўзбек мардикори энг арзон ишчи кучи


Ўзбек-қирғиз чегарасида ҳар куни юзлаб ўзбек мардикорининг қўшни давлат ҳудудига ишлаш учун ўтаётганини кузатиш мумкин.
Ўзбек-қирғиз чегарасида ҳар куни юзлаб ўзбек мардикорининг қўшни давлат ҳудудига ишлаш учун ўтаётганини кузатиш мумкин.

Қирғизистон Чегара хизматига кўра, мамлакат жанубида Ўзбекистондан ноқонуний ўтиб ишлаётган меҳнат мигрантлари сони ортиб бормоқда.

Бироқ Чегара хизмати бу борада аниқ статистик маълумотларни келтирмайди.

Мутахасислар эса қирғизистонлик иш берувчилар орасида ўзбекистонлик мардикорларга жуда катта эҳтиёж туғилгани туфайли бу ҳудудда ўзбек меҳнат мигрантлари сонининг ортиб бораётганини айтадилар.

-Қирғизистондаги қурилиш усталарининг кўплари Россияга, Қозоғистонга кетиб қолган. Шунинг учун ҳам уларнинг ўрнини ўзбекистонлик усталар эгалламоқда.

Айниқса¸ бир неча ой олдин юз берган зилзилалардан кейин Қирғизистон жанубида юздан ортиқ уйларнинг вайрон бўлгани ва юзлаб хонадонларнинг яроқсиз аҳволга келгани ўз- ўзидан ўзбекистонлик усталарга эҳтиёжни пайдо қилди ва Ўзбекистондан ўшга кўплаб усталар кела бошлади.

Бундан ташқари¸ Ўзбекистондан келган усталар ва мардикорларнинг меҳнат ҳақи анча арзон. Шунинг учун ҳам маҳаллий иш берувчилар арзон ишчи кучи бўлган ўзбекистонликарни ёллашни афзал кўрмоқдалар, деди ўшлик мустақил кузатувчи Ғанижон Холматов.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистондан Қирғизистонга келиб ишлаётган аксар мардикорларнинг бу мамлакатдаги фаолияти ноқонунийдир. Чунки мигрантлар Қирғизистон тегишли идораларидан мамлакат ҳудудида меҳнат қилиш учун рухсатнома олишлари ва солиқ тўлашлари зарур. Аммо ўзбек мардикорларининг асосий қисми бундай рухсатномага эга эмаслар.

Ўзбекистонлик мигрантлар ва қочқинлар муаммоси билан шуғулланувчи ўшлик инсон хуқуқлари ҳимоячиси Изатилло Раҳматуллаев масаланинг айни мана шу жиҳатига эътибор қаратади.

- Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари асосан чегарадош ҳудудларда мардикорлик қиладилар. Қирғизистон қонунлари бўйича, мамлакатда меҳнат фолияти билан шуғулланаётган чет эл фуқароси¸ албатта¸ миграция хизматидан рўйхатдан ўтиб, маълум бир миқдорда солиқ тўлаши керак.

Бироқ ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳам, уларни ёллаган иш берувчилар ҳам қонуннинг бу моддасига амал қилмайдилар.

Масалан, иш берувчига “Қирғизистон қонунларини бузяпсиз”, деб даъво қилсангиз, иш берувчи сизга “ Қайси қонунни айтяпсиз, ахир бу киши ўзимизнинг ҳамқишлоғимизку”, деб жавоб беради. Бунга гувоҳларни ҳам топади, дейди Изатилло Рахмтуллаев.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, қонунларга амал қилмаган ҳолда ишга ёлланиши оқибатида ўзбекистонлик мардикорларнинг ҳуқуқлари ҳам бузилаётир. Яъни иш берувчиларнинг улар ҳақларини бермай қўйиши ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.

Бишкекдаги 24.kg ахборот агентлигига маълумот берган Қирғизистон чегара хизматидаги манбага кўра, қирғиз -ўзбек чегарасидаги вазият ҳам беқарорлигича қолмоқда.

Чегара хизматидаги манбага кўра, чегарадош ҳудудлардаги мувозанатни сақлаш учун энг аввало чегарани демилитация ва демаркация қилиш жараёнини якунлаш лозим.

Қирғизистон ҳукуматининг ҳудудий масалалар бўлими бошлиғи Саламат Аламанов телевидиние орқали қилган чиқишларидан бирида чегара масалаларининг қачон ҳал бўлишини ҳеч ким аниқ айта олмаслигини билдирган эди.

-Чегара масаласи қачон ҳал бўлишини аниқ айтиш мумкин эмас. Шу иш билан доимий тарзда шуғулланиб келган мен ҳам буни аниқ айта олмайман. Бироқ бугунги кунда кўрилаётган чоралар чегара масаласи ҳал этилишини иложи борича тезлатишга қаратилган, деган эди Саламат Аламанов.
XS
SM
MD
LG