Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:22

Матбуот мастураларни нишонга олди


Ҳижобга қарши ёзилган мақолалардан бирида саҳрода яшагани боис қумдан ҳимоя қилиб, юз-кўзлари ўрашга мажбур бўлган араб аёлларининг кийимлари бугунги ўзбек аёлининг маданиятига ҳам, эътиқодига ҳам муносиб эмаслиги айтилади.
Ҳижобга қарши ёзилган мақолалардан бирида саҳрода яшагани боис қумдан ҳимоя қилиб, юз-кўзлари ўрашга мажбур бўлган араб аёлларининг кийимлари бугунги ўзбек аёлининг маданиятига ҳам, эътиқодига ҳам муносиб эмаслиги айтилади.

Ўзбек аёлларини ҳижоб кийишдан қайтариш ва ўзбек миллий либосларини кийишга даъват қилиш мазмунидаги мақолаларга шу кунларда Ўзбекистон марказий нашрларидан кенг ўрин берилмоқда.

Хусусан, Республика Олий Мажлисининг расмий нашри ҳисобланган “Халқ сўзи” газетасида¸ январ ойининг ўзида учта мақолага кўзимиз тушди ва бу мақолалар биринчиси республикада кўзга кўринган дин арбоби, иккинчиси маданият арбоби ва учинчиси эса таълим соҳаси етакчиси қаламига мансуб.

Бу мақолаларнинг деярли ҳаммасида аёлларнинг ўз миллий қадриятларидан ўта йироқ ва айни вақтда диний қадриятларга ҳам мос бўлмаган ҳолда кийина бошлагани танқид қилинган.

“Бу тариқа кийим-бош нафақат асрлар оша шаклланган қадриятларимиз, балки инсон соғлигига ҳам зиён”, дейилади “Халқ сўзи” газетасининг 13 январ кунги сонида чоп этилган мақолада.

Лекин энг муҳими, пайдар-пай чоп этилаётган бундай мақолаларни ўқиш шу кунларда таълим муассасаларининг ўқитувчиларига ихтиёрий-мажбурий тарзда тавсия қилинмоқда.

Тошкент шаҳридаги академик лицейлардан бирида дарс бераётган ўқитувчи Шоҳиста Каримованинг айтишича, авваллари “Хотин-қизлар қўмитаси” ва диний бошқармаларнинг маҳалла миқёсидаги тадбирларида бирров тилга олиб ўтилган бу масала бугун ихтиёрий-мажбурий тарзда жамоатчилик муҳокамасига ташланмоқда.

- “Халқ сўзи” газетасида Абдулазиз Мансурнинг либослар ҳақида мақоласи эълон қилинди. Кўришинг¸ танишишинг шарт.

Аттестациядан ўтаëтган ҳар бир ўқитувчи ана шу мақола билан танишиши керак ва бундан саволлар бор¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Айни вақтда мамлакат марказий телевидениесида ҳам шу аҳвол.

“Диний экстремизм”, “фендаментализм”, “мутаассиблик” дейилган терминларга тўлиб-тошган матн ортида дўппи кийган, соқол қўйган эркаклар ёнида энди тез-тез рўмол ўраган, ҳижоб кийган (мастура) аёллар ҳам намойиш қилинмоқда.

Суҳбатдошим ана шундай телелавҳалардан бирини мисол келтирди.

- Ролик кўрсатаяпти. Битта ўранган қиз ўқувчилар кўтарадиган портфел савдоси билан шуғулланади.

Портфелларни очса¸ ичидан қорадори чиқаяпти. У ҳижобли қизни шундай кўрсатишаяпти - “мана, кўринг, либосда юрганлар нима иш қилаяпти”, деган маънода.

Энди, билмадим, бу буюртмами ëки реал ҳодисами... Реал ҳодиса ҳам бўлиши мумкин¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу мазмундаги кўрсатувлар ҳам кейинчалик мажбурий-ихтиёрий равишда таълим муассасаларида муҳокамага қўйилмоқда.

Ўзбекистонлик кузатувчилар, айниқса, таълим соҳаси ходимларининг фикрича, шу вақтгача ҳижоб кийган аёлларга баъзан ошкора, баъзан эса махфий равишда эътироз қилиб келган мамлакат расмийлари энди ўзбек аёлларини ҳижоб киймасликка ошкора даъват қила бошлагани бежиз эмас.

Ҳақиқатда ҳам Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисмини ташкил этувчи ёшлар орасида ҳижоб кийган қизлар сони ва уларга ҳайрихоҳ йигитлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Тошкент шаҳридаги академик лицей ўқитувчиси бир ўқув йили ичида ўзи дарс берган синфда кузатган воқеани тилга олди.

- Йил бошида гуруҳимдаги 14 та қиздан 3 таси ўранган эди. Икки ҳафтадан кейин дарс ўтишга борсам, ўранмаган иккита қиз қолибди.

Бир-бирига таъсирими ëки катталар даврасининг таъсирими - ҳар ҳолда, кучайиб кетаяпти бу нарса, дейди суҳбатдошимиз Шоҳиста Каримова.

Тошкентлик бошқа бир ўқитувчи Дилдора Ҳакимова аёллар, айниқса, ёш қизлар ёппасига ҳижоб кия бошлаганининг бир сабабини “бу урф бўлди” деб изоҳлади ва “бу бир тарафдан ачинарли ҳол”, деди.

- Агар ҳижоб кийган қатламни 100 фоиз, деб оладиган бўлсак¸ шунинг 70 фоизи тўла англаган ëки англашга ҳаракат қилган қатлам эмас.

15-20 фоизи англаган. Бир 10 фоизи мавсумий кийган. Масалан, мен шундай мисолларни биламанки¸ баъзилари мажбуран, тазйиқ остида ҳижобга киришган, дейди Дилдора Ҳакимова.

Бу ўқитувчининг фикрича, мавсумий урф – йил фасллари эмас, балки қизларнинг балоғат ёшига етиш даврида пайдо бўлган зарурат билан боғлиқ. Яъни ҳозир Ўзбекистонда кўпчилик совчилар ҳижобли қизларни қидирмоқда.

Шоҳиста Каримова эса бу ҳолатга туртки бўлган иккинчи заруратни тилга олди.

- Жамиятда ҳақиқатан ҳам аҳлоқий мувозанат бузилган пайтда ҳамма ўзидан қўрқади. Айниқса, қизлар масаласи жуда нозик масала бўлади.

Мана, бугун ëнида оталари йўқ¸ оналари бозорда тирикчилик билан. Қизлар эса тарбиясиз қолаяпти. Бу жамиятнинг қизларга нисбатан ишончсизликни олиб келдими?

Масалан, оддий бир йигит киши уйланаëтганда “ўранган қизларни топиб уйлансам”, дейди. Ғалати, тескари пропорционал нарсалар бор.

Гўëки ўранган қиз ўзининг аҳлоқига жавоб беради¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Иқтисодий қийинчилик ортидан юзага келган ижтимоий танглик ўзбек оилаларини қийин бир танлов олдида қолдирмоқда.

Бир тарафдан, отасиз, онасиз, бувиларнинг қўлида ўсаётган қизларни ўзбек жамияти қоралайдиган сифатлардан ҳижоб ҳимоя қилади ёки жилла қурса, бу айблардан ҳимояланган қиз тасаввурини беради.

Иккинчи томондан, ҳижоб норасмий, аммо қатъий равишда таъқиқланган, у марказий ахборот воситаларида ҳам ошкора қораланмоқда.

Таълим муассасалари, мактаб, коллеж, институтларда эса ҳали-ҳануз рўмолли қизларга тазйиқ бор. Худди, шунингдек, бирор-бир давлат ташкилотига ишга кириш ҳам улар учун муаммо.

Аммо “ҳижоб кийманг, бу қадриятларимизга зид ёхуд очиқ-сочиқ ҳам кийинманг, бу миллиятимизга зид”, деяётган раҳбарларни муаммонинг бундай сабаблари хавотирга солаётгани йўқ, дейди Шоҳиста Каримова.

Суҳбатдошимизга кўра, бу раҳбарларни кўчадаги омма орасида кўпайган рўмол ва дўппилар хавотирга солмоқда ва гўёки “миллий кийимга қайтинг”, дейиш билан бу муаммони ҳал қилишга уринмоқдалар.

- Нимаики таъқиқланса¸ шунга истак кучаяди, деган бир психологик омиллар бор-ку. Шунинг натижасида юзага келаëтган ҳолат бўлса керак, деб ўйлайман.

Аёлларимизни кийиниш имижининг мезонларини ҳам ўлчаб бера бошлаган бошқарув системасидаги амалдорлар ўйлаши керак: Хўп, бу кун сайин кучайиб бораяпти, ўранган қизлар, аёллар 90 фоизга етиб қолди. Улар ҳеч қаерда ишга олинмайди¸ ўқишларга қабул қилинмайди. Аввало “кейин нима бўлади?” деган масалани ўйлаши керак улар¸ дейди Шоҳиста Каримова.
XS
SM
MD
LG