Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:34

Диний радикаллашув илдизи қайда?


Мустақил таҳлилчилар¸ ўзбек ëшлариниЎзбекистон Исломий ҳаракати¸ унинг етакчиси Тоҳир Йўлдош каби қурол кучи билан исломий давлат қуришга чақираëтганлар қучоғига итараëтган омиллар илдизи ҳукумат юрғизаëтган адолатсиз сиëсатда эканини таъкидлашади.
Мустақил таҳлилчилар¸ ўзбек ëшлариниЎзбекистон Исломий ҳаракати¸ унинг етакчиси Тоҳир Йўлдош каби қурол кучи билан исломий давлат қуришга чақираëтганлар қучоғига итараëтган омиллар илдизи ҳукумат юрғизаëтган адолатсиз сиëсатда эканини таъкидлашади.

Совет иттифоқи қулаганидан буён минтақа таҳлилчилари, айниқса, сиёсатшунос ва диншунослар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда радикал Ислом хавфи ҳақда бонг уриб келмоқдалар. Бу хавотирларда қанчалар асос бор?

Минтақа давлатлари мустақилликка эришганидан бери ва айниқса, кейинги йилларда изчил равишда исломийлашиб борди. Аниқ айтилса, асрлар давомида бу минтақанинг турмуш тарзи, зеҳниятига сингган исломий қадриятлар мустақиллик йилларида яққол юзага чиқа бошлади.

Бу жараён, айниқса, Ўзбекистонда кучли кечди ва шу кунларда бу мамлакат минтақадаги қўшниларга нисбатан тезроқ суръатда исломийлашмоқда. Шуниси аҳамиятлики, исломийлашиш, асосан, ёшлар орасида кучаймоқда.

Аммо, Ислом динига эътиқоди кучаяётган ёшлар ўзлари яшаётган макондаги маънавий бўшлиқ, ижтимоий-сиёсий бўғиқ муҳит, иқтисодий муаммолар боис иложсизликдан радикал кайфиятдаги оқимлар, диний гуруҳларга эргашиши мумкин, деган хавотирлар бор.

Бундай хавотирни ҳозирга келиб, айрим нуфузли хорижий илмий-тадқиқот институтлари ҳам тилга олмоқда.

Бунга сўнгги мисол, Россия Фанлар академияси қошидаги Шарқшунослик иститути илмий ходими, таниқли шарқшунос Ирина Звягельскаянинг чиқишидир.

www.ferghana.ru ахборот сайтига интервью берган россиялик шарқшунос фикрича, хусусан, Фарғона водийсида келажакда радикал Ислом кучайиши хавфи бор. Звягельская фикрларидан иқтибос:

“Фарғона водийси азалдан исломийлашган ҳудуд. Совет даврида одамлар ўзларининг исломий анъаналарга риоя қилишини беркитган эди. Аммо, ҳозирга келиб собиқ совет даврида етарли даражада модерн бўлган қатламлар ҳам диндорга айланмоқда...

Бундан ташқари, диний кайфият бу мамлакатларда ўрнатилган бугунги бозор шароити боис ҳам кучаймоқда. Бу ҳудудда мутлақ адолатсизлик, бой ва камбағаллар ўртасидаги чуқур жарлик, коррупция, кланларга бўлиниш ҳукм сурмоқда. Исломчилар эса дунёни адолат билан қайта қуриш ҳақида гапирмоқда...

Улар нафақат динга даъват қилмоқда, балки, диндорларга молиявий жиҳатдан ёрдам ҳам бермоқда. Яъни, бу минтақанинг исломийлашиши радикал диндорларнинг фаол ҳаракати эвазига бўлмоқда ва бу хавотирлидир”, дея таъкидлайди Россия Фанлар академияси қошидаги Шарқшунослик институти илмий ходими, таниқли шарқшунос Ирина Звягельская.

Бу айни мазмунда хориж зиёлилари ёки сиёсатчилари томонидан тилга олинган ягона хулоса эмас. Ғарб давлатларида ҳам бугун радикал Ислом кучаймоқда, деган фикрни илгари сураётган кузатувчилар анчагина.

Ўзбекистонлик кузатувчи Бахтиёр Исабеков ҳам мамлакатда исломийлашиш кучаяётганини қайд этади. Унинг фикрича, хориж тадқиқотчиларининг¸ тилга олганимиз каби¸ одамларни Исломга етаклаётган омил иложсизлик экани ҳақидаги хулосасида жон бор.

- Албатта¸ ҳар қандай шароитда ҳам моддий қийинчилик ўрнини қоплаш учун дин томонга етаклайди. Ўша айтганлар¸ жуда яхши топди.

Иқтисодий қийинчилик¸ албатта¸ шунга олиб боради. Жамиятда ҳеч нарса топа олмагандан кейин¸ албатта ¸ўз Яратувчисига илтижо қилишни бошлайди.

Ҳозирги иложсизлик¸ ҳозирги ҳукуматнинг икки томонлама олиб бораëтган сиëсатининг натижаси ҳамдир. Динга йўл очиқ дейилади¸ лекин ўша динда¸ шариат йўлида юрганлар доим босимга учраб келаяпти.

Босимга учраши билан у таъқиқланаяпти. Таъқиқланган нарса эътиборни тортади¸ дейди Бахтиëр Исабеков.

Бахтиёр Исабеков фикрича, исломийлашиш кўпроқ ёшлар ҳисобига бўлмоқда. Аммо ҳозирча, бу ёшларда радикал кайфият умуман сезилмайди, уларни мўътадил мусулмонлар дейиш мумкин, дейди суҳбатдошимиз.

- Умуман олганда Ислом дини ëшлар орасига яхшигина сингиб бораяпти. Бу тўғри. Исломий ибодатларни йўлга қўйишга интилиш яхшигина кучаяяпти. Буларнинг кўпчилиги мўътадил.

Мен энди билмайдиганлар бўлиши мумкин. Агрессив исломий кайфиятдагилар камчиликни ташкил қилса керак. Ҳали айтганимдай¸ жуда яхши нарса кетаяпти.

Дин ва илм ҳеч қачон бир бирига халақит бермаган. Исломий радикализм кучаяяпти¸ деган фикрга мен мутлақо қўшилмаган бўлардим.

Лекин, дейди Бахтиёр Исабеков, бу ёшлар бир кун келиб радикал кайфиятдаги мусулмонларга айланса¸ бунга фақат мавжуд ҳукуматнинг ўзи сабаб бўлиши мумкин.

- Умуман диний радикализмнинг кучайишига сабаб¸ мен яна бир марта айтаман¸ Исломга тўлиқ йўл берилмаëтганлигида. Бир нарсани оғзаки ëки ëзма айтишаяпти¸ аммо бу ëқда унга амал қилинмаяпти. У қандайдир йўл билан манъ қилинаяпти.

Иккинчиси¸ ўша айтганлар тўғри топди¸ иқтисодий қийинчилик. Одам жамиятда ҳеч нарса топа олмагандан кейин Яратувчисига илтижо қилишни бошлайди, дея хотирлайди 1990 йиллар бошларида диндорларга нисбатан бўлган муносабатни ёдга олиб ўзбекистонлик кузатувчи Бахтиёр Исабеков.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳам шу хавотирни урғулайди ва ҳукуматнинг диндорлар ва умуман Ислом динига муносабати шу тахлит давом этса¸ бугунги мўътадил мусулмон эртага ҳукуматдан норози мусулмонга айланиши мумкин¸ деган фикрни айтади.

- Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига Ислом дини кириб келганига 14 аср бўлади. Ҳозирги ҳукумат 14 асрдан бери жамиятнинг энг асосий қадриятини шакллантирувчи системани ўзига нисбатан мухолифат деб эълон қилди ëки мухолифат сифатида кўраяпти.

Бугунги ҳукумат ўзининг барча душманларига Ислом динининг маҳсули деб қараяпти. Мана шундай шароитда Ислом дини борган сари ижтимоий адолат мафкураси сифатида намоëн бўлиб боради.

Бу Ислом динининг ичига ўрнатилган механизм ва айни пайтда Ислом дини қаршилик кўрсатиш ғояси ва мафкурасига айланиб боради. Бу - бутун мусулмон дунëсида кузатилаëтган ҳолат¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Демак, ўзбекистонлик икки таҳлилчи фикрича, мамлакатда исломийлашиб бораётган ёшлар ҳозирча мўътадил кайфиятда.

Ҳукуматнинг диний эркинликларни кескин чеклаган ва минглаб диндорларни банди қилган бугунги сиёсати боис, улар бир кун радикал кайфиятдаги диний оқимларга эргашиши ёки энг камида мойиллик кўрсатиши мумкин.

Худди шу хавотирни тилга олган россиялик тадқиқотчи Ирина Звягельская аҳвол шундай давом этса, бу мамлакатларда яқин келажакда исломий давлат қуриш истагидаги бўлган гуруҳлар сафи кенгайиб кетиши мумкин, деган тахминни тилга олган.

Бунга муносабат билдирар экан, таҳлилчи Бахтиёр Исабеков Ўзбекистонда исломий давлат қуришнинг мутлақо имкони йўқ¸ деб эътироз билдирди.

- Ўзбекистонда диний давлат бўлишига мен мутлақо ишонмайман. Ҳукуматни диний оқимлар қўлга олган тақдирда ҳам энди Ўзбекистонда том маънодаги диний давлат вужудга кела олмайди. Бу мустақилликкача бўлган даврнинг ўзгаришлари билан боғлиқ бўлган нарса деб биламан¸ дейди Бахтиëр Исабеков.

Таҳлилчиларнинг ана шу фикр-мулоҳазаларидан сўнг Фарғона водийсида истиқомат қилаётган мусулмон ёшлардан уч нафарига:
“Келажакда Ўзбекистонда қандай давлат бўлиши тарафдорисиз: динийми ёки дунёвий?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Биринчи суҳбатдош: Ҳозир ўзбекистонлик ҳар қандай кишидан сўрасангиз¸“диний давлат бўлгани яхши” деган жавоб беради. Агар ҳамма шарт-шароитлари тушунтириб берилса¸ бу саволга жавоб беришдан олдин ўйланиб қолади.

Ўзбекистонда яшаëтганларнинг кўпчилиги ҳозирги шароитга мослашиб бўлган. Буни энди бошқа нимага ўзгартириш қийин.

100 фоиз шариат қиламиз¸ десак ҳам бу замон нимасига унчалик тўғри келмайдиган нарса. Замонни ҳам ëмон деб бўлмайди¸ чунки “Замонни ëмон деманг. Зеро замон Оллоҳникидир” дейишади.

Иккинчи суҳбатдош: Воқеликни кўриб туришибдида улар энди. Демократик тузумдагилар демократияни талаб қилишаяптию¸ лекин ўзлари ҳам демократик принциплар асосида ҳаракат қилмаяпти.

Ҳозир Ўрта Осиëдан чиқаëтган исломий ҳаракатлар исломий принциплар асосида гапираяпти ва шу принципларда маҳкам турибди. Ëшларда битта табиат бўлади.

Бу табиат айтганини қилган одамларга эргашиш бўлади. Буларга эргашсак бўлади¸ булар ҳам гапираяпти¸ ҳам қилаяпти деганга ўхшаш.

Озодлик: Ўша гуруҳларнинг номларини келтира оласизми?

Иккинчи суҳбатдош: Ҳизбут-Таҳрир бўлиши мумкин¸ салафийлар бўлиши мумкин¸ таблиғчи биродарларимиз бўлиши мумкин¸ иҳвони муслиминлар бўлиши мумкин.

Буларнинг ҳаммаси исломий принциплар асосида маҳкам турган гуруҳ соҳиблари ҳисобланади. Шундай муҳитда катта бўлган одамлар қандай кадр бўлиб етишиши аниқку.

Озодлик: Қандай кадр бўлиб етишади?

Иккинчи суҳбатдош: Улар исломий муҳитда катта бўлаяпти. Ислом билан пастдаги идеологик курашнинг ўртасида катта бўлаëтган одамлар нариги келадиган идеологияни қучоқ очиб кутиб олади.

Озодлик: Сиз нариги келадиган деб радикал идеологияни айтаяпсизми?

Иккинчи суҳбатдош: Ҳа.

Озодлик: Сиз ўзингиз диний бошқарув тарафдоримисиз ëки дунëвийми?

Иккинчи суҳбатдош: Қаранг¸ диний ва дунëвий бошқарув бўлмайди. Дин дунëни бошқариши керак. Оллоҳ томонидан келган ҳукм билан дунëни бошқариш. Дунëвий давлат бўлади¸ лекин Худонинг ҳукмлари ижро бўлади. Мен шунинг тарафдориман.

- Давлат бошқарувида илмли одамлар ўтиргани яхши. Дунëвий илми бўлган одамнинг ўтиргани яхши. Шу билан бирга ўша илмли одам имонли бўлса¸ ундан ҳам яхши бўлади. Унинг халифа бўлиши шарт эмас. Диний ва дунëвий илми бор одам бўлса¸ яхши бўлади¸ дейди учинчи суҳбатдошимиз.

Албатта, Исломга меҳр қўяётгани айтилаётган бугун ўзбек ёшларининг кайфияти аслида қандай, уларда радикал кайфият ҳақиқатда ҳам сезиладими, улар келажакда ўз юртида диний давлат бўлишини талаб қиладими ёки йўқ — бу ҳақда аниқ гап айтиш мушкул. Айниқса, бу масалани тилга олиш Ўзбекистонда конституцион тузумга тажовузи, дея баҳоланаётган бир пайтда.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов шу боис ҳам Ўзбекистон келажакда диний давлатга айланади, деган хавотирларни қувватламас экан, аслида мусулмон бўлган аҳолининг катта қисми радикал кайфиятдаги позицияга ўтиши мумкин, деган фикрга ҳам қўшилмаслигини айтди.

- Ислом кейинчалик радикал кўринишда намоëн бўлади¸ деган фикрга мен қўшилмайман. Чунки Ислом динининг ўзида¸ ичида маълум бир ушлаб туриш механизмлари ҳам бор.

Икинчидан¸ жамият ҳаëтида маълум бир цикл бўлади. Масалан¸ Ислом динининг ривожланиши юқори бир паллага етгандан кейин жамиятнинг ўз-ўзидан бошқа эҳтиëжлари сезилиб боради.

Мана¸ Эронда Ислом инқилоби бўлди. Эронда мана шу революциядан жуда кўп нарса кутишган эди. Аммо бу кутишларнинг аксари амалга ошмади. Ҳозирги пайтда Эронда либерализмга¸ эркинлашувга ëки Ислом номи билан буюрилган сиëсий режимдан чекинишга эҳтиëж бор¸ дейди Камолиддин Раббимов.

P.S.
Азиз ўқувчи¸ сизга танлаш имкони берилса¸ Ўзбекистонда диний ëки дунëвий давлатдан қай бири бўлишини истайсиз? Истагингизни қандай изоҳлаган бўлардингиз? Қуйидаги тугмани босиш орқали¸ бизга шарҳ йўлланг. Сизга олдиндан раҳмат.
XS
SM
MD
LG