Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:33

Қош-қовоққа қараб қолган ер


Давлатдан техника воситаларини нақд пулга сотиб олишга қурби етмаган ўзбек деҳқон-фермерлари¸ яна ота-бобосидан қолган омочга таянишга мажбур.
Давлатдан техника воситаларини нақд пулга сотиб олишга қурби етмаган ўзбек деҳқон-фермерлари¸ яна ота-бобосидан қолган омочга таянишга мажбур.

Деҳқон-фермерларни ëқилғи ва техника билан таъминлаш мажбуриятини олган Ўзбекистон давлат идоралари¸ глобал иқтисодий бўҳронни баҳона қилиб¸ бу таъминот учун аввалдан нақд пул сўрай бошлаган.

Шу кунларда ўзбекистонлик деҳқонларнинг иши айни қизиган палла.

Ҳозир экин мавсуми бошланди. Биз “Ҳорманг, шу кунларда нима ишлар қилаяпсиз?” деган савол билан Озодлик радиоси дастурлари учун муқаддам суҳбатлашганимиз ўзбекистонлик деҳқон-фермерлардан уч нафарига сим қоқдик.

Шу кунга қадар қилган суҳбатларимиз чоғида бу деҳқонлар бу йилги экин мавсумини ортга суриши ёки мушкуллаштириши мумкинлигини айтиб, бир неча муаммоларни санаган эди.

Жумладан, фермерлар сув тақчиллиги, хўжаликларни йириклаштириш баҳонасида ерларнинг тортиб олинаётгани, техника етишмаслигидан анча нолиган эдилар.

Баҳорги мавсумнинг 25-кунида хабар олганимиз уч деҳқон шу кунларда ёқилғи ортидан югуриб юргани, бу мавсумда ёқилғи таъминоти бўйича яна янги ислоҳот боис, аҳвол анча танг эканидан сўзладилар.

Маълум бўлишича, деҳқонларга ёқилғини нақд пулга сотиб олинг, деган мажбурият юкланмоқда.

Биринчи суҳбатдошимиз бухоролик деҳқон-фермер Бобомурод Раззоқов.

Бобомурод Раззоқов: Айни кеча-кундузда жуда хатарли ҳолатдамиз. Ëқилғи таъминоти бутунлай издан чиқарилган. Ҳукуматнинг “100 фоиз олдиндан тўлаш шарти билан ëқилғини олиш мумкин” деган қарори бор дейди. “Шартномага асосан давлат уруғлик беришни¸ ëқилғи беришни¸ техника воситаси билан таъминлашни зиммасига олган. Бу ëғи қанчадан тушаяпти” десак¸ “Буни биз билмаймиз. Буни бош вазирдан ва президентдан сўраш керак. Ҳозир жаҳонда глобал кризис кетаяпти. Бу глобал бўҳрон бизга ҳам таъсир қилаяпти. Натижада биз шундай аҳволга тушдик” деган гапларни эшитишимизга тўғри келаяпти.

Озодлик: Ҳокимиятдагилар шу муаммоларни изоҳлаганда глобал бўҳрон деб гапиришаяптими?

Бобомурод Раззоқов: Айнан глобал бўҳронни сабаб қилиб кўрсатишаяпти. Лекин менимча бу нарсага глобал бўҳроннинг дахли бўлмаса керак. Сабаби¸ Ўзбекистон аграр республика. Иқтисодий бўҳронни аралаштириб¸ қишлоқ хўжалигини бутунлай боши берк кўчага киритиб қўйса¸ бу глобал бўҳрон бўлмас эди. Ундан-да даҳшатлироқ вазият юзага келиши мумкин эди¸ деган фикрдаман.

Фермерлар ëқилғини сотиб олиш имкониятида эмас. Ер кутиб турмайди. Ер эртага тобдан ўтиб кетади¸ нами қочиб кетади¸ деган масалани кўтарган пайтда “Биз ҳеч нарса қила олмаймиз. Катталар билади” деган битта жавобни олаяпмиз.

Мен ҳайрон бўламан: Ер катталарнинг гапига кирармикан? Катталар хулоса чиқаргунча¸ мен дамимни олиб тураман¸ деб ер бечора турармикан? Марҳамат қилиб давлат ўз зиммасига олган мажбуриятини¸ яъни таъминотчилик мажбуриятини бажарсин. Биз ўз зиммамизга олган мажбуриятни бажарамиз¸ ҳосилни етказиб берамиз. Ана шундай шарт билан ишлаш мумкин. Акс ҳолда¸ охири нима билан тугашини тасаввур қила олмаяпман.

Бухоролик деҳқон-фермер Бобомурод Раззоқов бу йил пахтани қандай қилиб экишини билолмай, лолу-ҳайрон.

Иккинчи суҳбатдошимиз эса қорақалпоғистонлик фермер Кубай оға. Бу фермер ва унинг атрофидаги деҳқонларнинг ташвиши ҳам нақд пулга сотилаётган ёқилғи ва эскириб, шалоғи чиққан техника.

Кубай оға: Техникалар эскирган. Масалан¸ янги технологиялар келмаяпти. Масалан¸ Россиядан келган Алтай тракторлари номигагина қолган. Бу тракторлар металлолом бўлиб кетган. Техника яна бир марта қийнаяпти. Экиш жуда қийин бўлаяптида. Сув энди дарëда бўлса¸ насос билан оламиз. Умуман сув муаммоси ҳам бор лекин. У энди Худодан келган. Лекин техника одамнинг қўлидан келадиган иш. Фермерлар шунинг учун ҳаракат қилаяпти.

Озодлик: Ëқилғи масаласичи?

Кубай оға: Жуда танқис¸ лекин фермер пулини тўласа¸ коммерческий нимада топилиб турибди.

Озодлик: Коммерческий деганингиз нима у?

Кубай оға: Ëқилғини эркин сотишга кўчираяпти. Фермерлар хоҳлаганича олсин¸ лекин ўз пулига сотиб олсин¸ деган масала кўтарилаяпти. Ўғит ҳам шунақа. Ўғит сотиш учун магазинлар очилаяпти. Ишимиз кетаяпти¸ лекин биз фермерлар ўзларимиз тушунмаяпмизда шуни. Ахир ўғит ҳам текин эмас¸ ëқилғи ҳам текин эмас¸ ҳаттоки сув ҳам текин эмас. Сув учун гектарига 5000 сўмдан тўлаймиз. Сувни режалаштиради. Ахир улар ҳам маош олиши керакку.

Озодлик: Сув учун пул олдин ҳам тўланармиди?

Олдин йўқ эди. Бу системанинг кучга кирганига уч йил бўлди. Совет пайтида Минводхоз дегани бўлар эди. Ҳозир ҳам ишлаëтганлар шу системадаги одамлар Худога шукур. Деҳқон учун ҳар доим муаммо бўлган.

Биз Худога шукур қилиб¸ сабр-тоқатли бўлиб жамлашиб ҳаракат қилаверамиз. Бизга ҳеч ким бойликни бир жойдан олиб келиб бера олмайди. Ўзимизнинг қўлимиз билан тузишимиз керак буни. Давлатимиз тақдири ҳам бизнинг қўлимизда¸ дейди Кубай оға.

Қорақалпоғистонлик фермер Кубай оға ва унинг сафдошлари, ҳатто, дарёдан оқиб келаётган сув учун ҳам 5 минг ўзбек сўмидан пул сарфламоқда. Аммо, шунисига ҳам рози. Муҳими, ўз вақтида уруғ ерга қадалса, бас.

Шу ниятда сирдарёлик фермерлар ҳам бор-будини сотишга рози бўлмоқда, деди сирдарёлик Турсунали ака.

Ерларни йириклаштириш ортидан бу фермер еридан айрилди. Шундай бўлса ҳам, деҳқон экан, қўни-қўшни деҳқонлар билан кунда кунора далага чиқади.

Турсунали Қодиров: Экишга тайëргарлик кўриб турганларга ҳозир ëқилғи ўз вақтида берилмаяпти.

Озодлик: Ëқилғини қандай оласизлар? Қорақалпоғистонда ëқилғини эркин сотадиган тижоратчилар пайдо бўлибди.

Турсунали Қодиров: Тўғри. Бизларда ҳам бўлган. Март ойининг 15 га қадар биз ҳам тижорат нархида сотиб олиб ишлатдик.

Озодлик: Сотаëтганлар кимлар?

Турсунали Қодиров: Нефтебазанинг ўзидан сотиб олинаяпти.

Озодлик: Нефтебазада давлат ҳисобидан берилган билан тижорат нархида сотилганнинг нима фарқи бор?

Турсунали Қодиров: Нима дейди¸ беғам фермерларни наказание қилишди¸ деган гап борку. Вақтида ҳайдай олмай қолган¸ вақтида техника ололмай қолган¸ техника топиб ҳайдата олмай турган фермерларга¸ шу қолоқ фермерларга нақд пулга сотасан деган нарса қилинаяптида.

Озодлик: Бу фермернинг қолоқлигидан эмас¸ техника етишмаслигидан бўлади¸ афтидан.

Турсунали Қодиров: Юқоридагилар шу техника етарли эмаслигини тушунмаяптида. Шундан келиб чиқаяптида бу нарса. Бунинг орқасида ҳам манфаатдор инсонлар бўлиши керак.

Озодлик: Ëқилғи нақд пулга бўлса ҳам борми?

Турсунали Қодиров: Бир кун бўлиб¸ бир кун бўлмай шунақа сарсонгарчилик бўлаяпти. Ҳар доим бор деб айта олмаймиз.

Озодлик: Тижорат нархида ëқилғи сотиб олиш фақат баҳорда бўладими ëки бошқа мавхумларда ҳам бўладими?

Турсунали Қодиров: Бу декабр ойининг охиридан март ойининг бошигача бўлади.

Озодлик: Ўзи айнан шу мавсумда ëқилғи кўпроқ керак бўлади¸ менимча.

Турсунали Қодиров: Ҳа. Кимдир молини сотиш¸ кимдир уйини сотиш¸ кимдир техникасини сотиш ҳисобидан сотиб олади буни. Ҳаммаси пулга бориб тақалади.

Озодлик: Сув қанақа бўлаяпти? Бу йил каналларда сув борми?

Турсунали Қодиров: Ҳозирча бор. Лекин вегитация даврида бўладими йўқми¸ буни Оллоҳ билади.

Айни экин мавсумида суҳбатлашганимиз уч деҳқон ёқилғи танқсилиги, камига бу йилдан бошлаб, ёқилғини нақд пулга олиш мажбуриятидан сўзладилар.

Энг қизиғи, расмий Тошкент шу кунга қадар глобал иқтисодий бўҳроннинг ўзига алоқаси йўқлигини айтаётган бир кезда, ҳукуматдан ўз зиммасидаги мажбуриятларини бажаришини талаб қилиб борган деҳқон-фермерларга маҳаллий ҳокимликлар глобал иқтисодий бўҳронни рўкач қилмоқда экан.
XS
SM
MD
LG