Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:23

Шошмай тур, “Паровоз”


Маҳаллий кузатувчилар Ўш шаҳар мактабларида жиноий доиралар ички тартиб-қоидаларининг жорий этила бошлангани жамият учун хавфли сигнал эканини таъкидламоқдалар.
Маҳаллий кузатувчилар Ўш шаҳар мактабларида жиноий доиралар ички тартиб-қоидаларининг жорий этила бошлангани жамият учун хавфли сигнал эканини таъкидламоқдалар.

Ўш мактабларида ўқувчиларнинг ўз тенгдошлари томонидан таланиши кучайиб бормоқда. Айтилишича¸ мактаб рэкети натижасида сўнгги йилларда бир неча ўқувчи вафот етган, калтакланган¸ кўплаб ўқувчилар касалхонага ётқизилган.

Ўш шаҳар ҳокимияти мактаб рэкетига қарши кураш эълон қилинди.

Рэкет моҳиятига оид маълумотларга кўра, мактабларда норасмий гуруҳлар тузилиб, уларга етакчи сайланади. Бу етакчи ўқувчилар орасида “паровоз” деб аталиб, у асосан ўқувчиларга солиқ солади.

Ўш шаҳар ҳокимияти бу кўринишга барҳам бериш учун шаҳар таълим бошқармаси ва ички ишлар бошқармасига бир қатор топшириқлар берди.

Ўш шаҳар ҳалқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдували Болтабоев бошқарма “паровоз”лар тўғрисида айрим маълумотларга эга эканини, бугунги кунда бу маълумотларга янада ойдинлик киритилаётганини айтади:

- Бу йил 8-9-синф ўқувчилари орасида анкета тарқатиб, маълумотларни аниқлаяпмиз. Бизга қаттиқ топшириқ бўлган, шу боисдан бошқарма бундай кўринишга қарши аёвсиз кураш олиб боради ва матбуот орқали мактаб “паравоз”лари исм-шарифи эълон қилади, деди Абдували Болтабоев.

Унга кўра, ўқувчиларга солиқ солиш ва зўравонлик қилиш билан¸ асосан¸ 10-синф ўқувчилари шуғулланади:

- Ҳуқуқбузарликка асосан 10-синф ўқувчилари йўл қўймоқдалар. 11-синф ўқувчилари ҳам зўравонлик қиладилар, бироқ озроқ миқдорда. Улар битирувчи синф бўлгани боис бундай ишларга кўпам бормайдилар. Ҳуқуқбузарлар орасида 8-9-синф ўқувчилари ҳам бор, деди Ўш шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2005 йилдан шу кунгача мактаблар аро муштлашувлар бўйича 20 дан зиёд ҳодиса рўйхатга олинган. Бунинг натижасида икки йигит ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ ўқувчи тан жароҳати олган.

Шунингдек, сўнгги пайтларда қизлар орасида ҳам муштлашиш ҳоллари жуда кўп учрамоқда. 2007 йилнинг октябрида Ўшдаги Мамитов мактабининг 11-синф ўқувчилари бўлган икки қиз дарс пайтида муштлашиб кетади. Бу муштлашув қизлардан бири - Қизжибек Абдурашит қизининг ўлими билан якун топади.

Ушбу ҳолатлар юзасидан жамоатчилик орасида турли фикрлар пайдо бўлмоқда. Ота-оналар бундай ҳолларга мактаб маъмуриятини айбласа, мактаб маъмурияти ота-оналарни айблайди.

Айрим ота-оналарга кўра, бундай ҳолатлар мактаб маъмуриятининг ўқувчиларга нисбатан эътиборсизлигидан келиб чиқмоқда. Мактаб раҳбарлари эса бунга ота-оналарнинг тирикчиликни рўкач қилиб, фарзандига эътибор қаратмай қўйгани сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.

Маълумотларга кўра, мактабдаги норасмий гуруҳлар аъзолари орасида “паровоз”, “разводяший” каби турлича лавозимлар бор. Биз мана шу қўштирноқ ичидаги амалдорлар ва уларнинг вазифалари тўғрисида тўлароқ маълумот олиш учун мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашдик.

Исмини ва қайси мактабда ўқишини ошкор қилмаслик шарти билан бизга интервью берган ўқувчилардан бирининг айтишича, мактабда тузилган норасмий гуруҳлар “оломон” (“толпа”) деб аталар экан. “Оломон”ни “паровоз”, яъни етакчи бошқаради. “Ким паровоз бўла олади?” деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Ўз авторитетига эга бўлган одам “паровоз” бўлиши мумкин. Яъни “оломон”даги (“толпа”даги) энг кучли, қўрқмас бола. Бирон-бир жойда уруш чиқиб кетса, паровоз уришиши керак бўлади. Шу пайтда қўрқмасдан урушадиган одам паровоз қилиб сайланади, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, “паровоз” мактабдаги бирон-бир бола бошқа мактаб ўқувчиси тарафидан калтакланса, рақиб тарафдан жабрланувчининг хунини олади. Эвазига жабрланувчи паровозни яхшилаб меҳмон қилади ёки бирор нарса совға қилади.

Суҳбатдошимизга кўра, “паровоз” ўзига ўринбосар, яъни “зампаровоз”, “кассир” ва “зажигалка”ни сайлайди.

“Зампаровоз” бошқа мактаблар билан “жанг” пайтида “паровоз”нинг ўрнига муштлашиши ёки иккаласи биргаликда муштлашиши керак.

Кассир турли тадбирлар учун одамлардан пул йиғади.

“Зажигалка” эса “оломон”даги ўқувчилардан қанчаси мактабга келгани, ким нима иш қилаётгани тўғрисида маълумот бериб туради.

Суҳбатдошимга кўра, “оломон”да 30 нафардан 80 нафаргача одам бўлиши мумкин. Аммо “оломон”га ҳар қандай ўқувчи ҳам қабул қилинавермайди:

- “Козёл” дегани бўлади. бундайларни қўшишмайди. Улар заява (ариза назарда тутилмоқда – таҳр.) ёзиб қўйишади. Унинг гапини бунга етказади. Урушиб кетса, ўқитувчисини чақириб чиқувчи одамлар “козёл” дейилади.

Бундан ташқари, бирон жойи оғрийдиган одамларни ҳам қўшишмайди. У ерга (“оломон” сафига демоқчи – таҳр.) юракдан борса, духи етса (қўрқмаса демоқчи – таҳр.) киради. Бўлмаса кирмайди, дейди аноним суҳбатдошимиз.

Унинг фикрича, “оломон”нинг ижобий жиҳатлари ҳам бор.

- Бирон-бир ошнаси муштлашиб, касалхонага ётиб қолса, “кассир” пул йиғиб, “паровоз”га беради. “Паровоз” ўша пулга касалхонадаги дўстининг емоқ-ичмоғини таъминлайди.

Масалан, менинг бирон-бир ишим чиқиб, пул зарур бўлиб қолса, менга пул йиғиб беришади. Ёки муштлашиб, милицияга тушиб қолсам, пул йиғишиб, мени чиқариб олишади.

Бирортаси билан муштлашиб кетсам, дўстларим ёрдамга келишади, дейди Ўш мактабларидан бирида ўқийдиган суҳбатдошимиз.

“Оломон”нинг нима кераги бор мактабга?” деган саволимизга суҳбатдошимиз: “Оломон” мактаб шаънини ҳимоя қилади”, деб жавоб берди. Унга кўра, агар муштлашувда “оломон” ютқазса...

- Мактабимизнинг авторитети (обрўси демоқчи – таҳр.) тушиб кетади, бу мактаб ўлган ҳисобланади. Ютган мактаб “паровоз”и ўз “оломон”ига: “Бу мактабдаги болалар қўрқоқ, бориб улардан пул йиғаверинглар”, дейиши мумкин, дейди суҳбатдошимиз.

Маҳаллий кузатувчилар Ўш шаҳар мактабларида жиноий доиралар ички тартиб-қоидаларининг жорий этила бошлагани жамият учун хавфли сигнал экани, бунга қарши бутун жамоатчилик курашга бел боғлаши лозимлигини қайд этмоқдалар.

Айни пайтда Ўш шаҳар ҳалқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдували Болтабоевнинг маълум қилишича, мактабларда жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида мактаблар қошида хавфсизлик хизматлари ташкил қилинган.

- Бу назоратчилар маҳаллий бюджетдан маош олмайдилар. Уларга мактаб ўқувчилари тарафидан йиғилган тўловлар асосида ҳақ тўланади, деди Абдували Болтабоев.

Унинг айтишича, мактаб рэкетига барҳам бериш учун ташкил этилган бу хизматга ҳар бир ўқувчининг ота-онаси ой сайин беш сўмдан (тақрибан 13 цент) ҳақ тўлайди. Мактаб назоратчилари эса шаҳардаги хусусий қўриқчилик ташкилотлари ходимларидан ичидан ёлланади.
XS
SM
MD
LG