Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:31

Эрдўғон партияси яна ғолиб


Туркия Бош вазири Эрдўғон партиясининг сайловдаги ғалабаси айни пайтда муваффақиятсизлик сифатида ҳам баҳоланмоқда.
Туркия Бош вазири Эрдўғон партиясининг сайловдаги ғалабаси айни пайтда муваффақиятсизлик сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Туркияда якшанба куни ўтган маҳаллий сайловларда Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон етакчилигидаги партия ғалаба қозонди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон етакчилигидаги Адолат ва Тараққиёт партияси, дастлабки маълумотларга кўра, якшанба кунги маҳаллий сайловларда 39 фоиз овоз олди.

Сайловда ғалабани таъминлаган бу рақам партия аъзоларини бир тарафдан қувонтирса, иккинчи тарафдан жиддий хавотирга солиб қўйди. Боиси, 2007 йилги сайловда Эрдуғоннинг партиясига овоз берганлар сайловчиларнинг 46 фоизини ташкил қилган эди.

Адолат ва тараққиёт партиясига раъқиб Республикачи халқ партияси эса, тахминан, 23 фоиз овоз олиб, ўтган галги сайловдан бери ўз тарафдорлари сафини анча кенгайтиришга эришгани кузатилди.

Сайловчиларнинг 16 фоизи овозини тўплаб, учинчи ўринда қолган Миллий ҳаракат партияси ҳам ўтган галгидан кўра кўпроқ тарафдор йиққани аён бўлди.

Сайловнинг бу тариқа натижасидан қониқмаган Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз партияси обрўси тушгани сабабларини, албатта, ўрганишини таъкидлади.

Мамлакатдаги кузатувчилар эса бу партия оьрўси тушиши сабабини унинг иқтисодий ислоҳотлари муваффақиятсизлиги билан боғламоқда.

2002 йилда ҳокимиятга келган исломий қарашдаги Адолат ва тараққиёт партияси ўша вақтда қийинчиликларни бошдан кечираётган Туркия иқтисодини ўнглашни ваъда қилган эди.

Бироқ, кейинчалик дунё бўйлаб кучайиб борган иқтисодий чўкиш боис Туркияга етиб борган оқибатлар мамлакатдаги авҳолни янада қийинлаштирди ва ваъдалар кутилган даражада бажарилмади.

Ишсизлик сўнгги бир йил ичида ўсиб, 13,6 фоизга етди. Саноат соҳасида ишлаб чиқариш кўрсаткичи эса пастлаб, январ ойи 21,3 фоизга тушгани қайд этилди.

Рейтер агентлигига интервью берган туркиялик шарҳловчи Мурат Еткин амалдаги ҳокимият иқтисодга доир сиёсатини зудлик билан ўзгартириши лозим, деб ҳисоблайди.

“Туркиялик сайловчилар иқтидордаги Адолат ва Тараққиёт партиясига унинг сиёсати қайта кўриб чиқилиши шартлигини аниқ англатди. Бу партия ўз йўналишини сиёсий жиҳатдан ва айниқса, иқтисодий жиҳатдан қайта кўриб чиқиши керак. Чунки, Бош вазир Эрдўғон сайловга қадар ҳам глобал иқтисодий бўҳрон Туркия ва турк халқини четлаб ўтади, деб келди. Кўринадики, у туркиялик сайловчиларни бунга ишонтира олмаган”, дейди туркиялик шарҳловчи Мурат Еткин.

Адолат ва тараққиёт партияси обрўсини туширган яна бир ҳолат эса ўтган йили уни сиёсий партия ўлароқ сиёсатдан четлаштириш даъвоси билан бошланган шов-шувли маҳкама жараёни билан боғланмоқда.

Ўшанда партия етакчилари Туркиянинг анъанавий дунёвий қадриятларини поймол қилаётганликда айбланган эди.

Адолат ва тараққиёт партияси нуфузини туширган яна бир воқеа эса аввал ҳокимиятда бўлган ўнлаб собиқ амалдорлар, журналистлар, ҳарбийлар, полиция ходимларининг судга тортилиши ҳам бўлди.

Биргина ўтган ҳафтанинг ўзида яна 56 шахсга нисбатан айблов эълон қилинди.


Сайлов натижаларига оид дастлабки маълумотларга кўра, Адолат ва Тараққиёт партияси 39 фоиз овоз олган.

Аммо, бу рақам айни пайтда амалдаги партиянинг муваффақиятсизлиги сифатида баҳоланмоқда. Боиси, 2007 йилги сайловда у 46 фоиз овоз олган эди.

Шу тариқа, амалдаги партияга қарши даъво ва ҳокимиятнинг собиқ вакиллари устидан бошланган судлар туркиялик кўз ўнгида Ражаб Тоййиб Эрдўғон партиясига нисбатан ишончни анчагина сусайтирди.

"Балки шу боис ҳам ўтган гал шу партияга овоз берган сайловчилар бу гал яна унга овоз бериш фикридан қайтгандир", демоқда туркиялик таҳлилчилар.

Бош вазир келажакда ўз маҳкамасида баъзи ўзгаришлар бўлишини айтди, бироқ, бу бевосита сайлов натижаларига боғланмаганини таъкидлади.

-Вазирлар маҳкамасида ўзгаришлар бўлиши мумкин, лекин буни айнан сайлов натижалари билан боғлашга ҳожат йўқ. Яъни, ҳукумат сайлов боис ёки сайловсиз ҳам ўз таркибини ўзгартириши мумкин,- деди Туркия бош вазири.

Якшанба кунги маҳаллий сайловлар чоғида нохуш воқеалар, қонли жанжаллар ҳам қайд этилди. Хусусан, курдлар истиқомат қиладиган жануби - шарқий ҳудудда рақобатчи гуруҳлар ўртасида жанжал чиқиб, 6 киши қурбон бўлди, ўнлаб одам жароҳатланди.

XS
SM
MD
LG