Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:38

Ўзбекистонда миш-миш кўпмиш...


“Ўзбекистонни тушунмоқчи бўлсанг, билганларинг, тахминларинг ва ҳақиқат, деб ўйлаганларингни ўзаро қиёслашинг керак”. Бу Ўзбекистонда анчадан буён ишлаётган хорижлик дипломатнинг “Рейтер”га айтган гапи.

Ўзбекистондаги хориж дипломатлари ва баъзи сиёсатчилар билан суҳбатлашган “Рейтер” агентлиги "ёпиқ давлатда асосий ахборот воситаси миш-миш" деган хулосани келтирган ҳамда энг урчиган миш-мишни тилга олган: "президент Каримов инсульт бўлганмиш..." Бу миш-миш шу кунларда Тошкент шаҳрини кезиб юрибди.

"Бу ҳақ гапми ёки йўқми, табиийки, буни аниқлашнинг имкони йўқ", деди тошкентлик суҳбатдошимиз. Аммо "Каримов инсульт бўлганмиш" деган гап катта-ю кичикнинг оғзида юргани бор гап.

- Кейинги эшитганим "инсульт бўлган эмиш" деб эшитганим. Ўша ердан чиқиб кетган гапнинг бир четидан бўлса ҳам хулоса чиқаришади-да. Президент ҳам кимгадир нимадир қилишни буюради-ку.

Яширган билан ҳам унинг атрофидагилар, докторлари унга келиб мурожаат қилгандан кейин ҳар турли нарса чиқаверади-да¸ дейди тошкентлик суҳбатдош.

Ўзбекистонда энг қизиқ ва энг ёпиқ мавзу Каримовнинг соғлиги экани рост. Мана неча йилдирки, президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги овозалар тинмайди.

Тошкентда аниқлаш мушкул бўлган яна бир узун-қулоқ гап пул ҳақида.

- "Пул алмашармиш¸ яна 1000 га бир қилинармиш" деган гап чиқди¸ дейди яна тошкентлик суҳбатдош.

Худди шу гап, яъни Ўзбекистонда пул алмашармиш, деган гап Фарғона ва Андижонда ҳам юрибди.

- "Пул янги бўлади" деган миш-мишлар бор эди. "5000 сўмлик чиқармиш" деган миш-миш бир ой олдин чиққан эди¸ дейди водийлик суҳбатдош.

Самарқандда ҳам одамлар пул ҳақида гапиришаяпти. Шу кунларда "Ўзбекистон еврога ўтармиш" деган гап бор экан.

- "Валюта операцияларининг ҳаммаси еврога ўтармиш" деган гап чиққан эди. Шунинг учун одамлар орасида "пулларимиз долларда тураверсинми ëки еврога ўтайликми¸ рублга ишонч қолмади" деган гаплар бор¸ дейди самарқандлик суҳбатдош.

Сурхондарёликлар эса "ўзбек сўми синармиш" деган гапни гапирмоқда. "Пул алмашармиш" деган гап Жиззахда ҳам бор.

Гувоҳ бўлдикки, Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида одамлар ўзбек сўмининг кейинги тақдири ҳақида гапирмоқдалар. Яъни чўнтаклар бўшаб боргани сари, овозалар шишиб бораяпти.

Пул ҳақидаги овозалардан бошқа миш-мишлар ҳам бор, табиий. Масалан, Сурхондарёда "дунёда бўлаётган молиявий инқироз Ўзбекистонни, хусусан, Сурхондарёни ўтқазиб қўярмиш" деган гап бор экан.

- "Чет эл кризисининг бизларга ҳам таъсир бор" деган гап юрибди. "Биз бу инқироздан ҳеч қачон чиқа олмаймиз, Америкадай¸ Россиядай давлатда инқироз бўлгандан кейин албатта бизда ҳам бўлади" деган миш-миш юрибди¸ дейди сурхондарëлик бу суҳбатдош.

Фарғонада эса шу инқироз боис "Россиядаги ҳамма ўзбек мардикори ёппасига уйига қайтарилармиш" деган гап юрипти.

- "Ҳамма мардикорларни¸ хусусан, ўзбек мардикорларини ëппасига депортация қилармиш" деган миш-миш тарқалди¸ дейди фарғоналик суҳбатдош.

Хорижда юрган миллионлаб мардикор ўзбекистонликларнинг нажот қалъасига айлангани боис, уларга қайғурганларнинг оғзида мардикорнинг тақдири гап бўлаяпти. Мардикорнинг эртасидан қайғурган эса Ўзбекистонда миллионлаб.

Яна қизиқ гаплардан бири Жиззахда юрибди. Гўёки, Гулнора Каримова бу вилоятга ҳоким бўлармиш...

- Кейинги пайтларда Каримовнинг қизи тез-тез ташриф буюраяпти. Шундан келиб чиқиб, "Жиззахга ҳоким бўлармиш" деган гап юрипти. Гўëки "Жиззах вилоятининг иқтисодини кўтариш бўйича қандайдир махсус программа тузганмиш ва Жиззах вилоятини республикада олдинги ўринларга кўтариш бўйича ўзининг ишлари бормиш" деган гап-сўзлар бор, дейди жиззахлик суҳбатдош.

Гулнора Каримова Тошкент шаҳрига ҳоким бўлармиш... Гулнора Каримова Андижонга ҳоким бўлармиш... Гулнора Каримова Сирдарёга ҳоким бўлармиш... Мана энди Каримова ҳоким Жиззахга ҳам ҳоким бўлармиш...

Неча йилдирки, Каримова хонимни у вилоятдан бу вилоятга оғизда “ҳоким қилиб қўяётган” одамлар миш-мишни гапиришдан чарчамади. Зеро, Гулнора Каримованинг фаолияти масаласи Ўзбекистонда ёпиқ бўлган ва асосан миш-миш даражасида қолаётган мавзулардан бири.

Хуллас, Ўзбекистонда шу кунларда юрган узун-қулоқ гаплар – пул алмашармиш, ўзбек сўми синармиш, инқироз Ўзбекистон иқтисодини ўтқизиб қўярмиш, Гулнора Каримова Жиззахга ҳоким бўлармиш, Россиядаги ўзбекларни ҳаммаси депортация қилинармиш ва ҳоказо ва ҳоказо.

Эътибор қилганингиздек, бундай миш-мишларнинг ҳаммаси одамлар аниқ маълумотга эга бўлмаган, аммо катта қизиқиш билдираётган мавзуларда айтилмоқда.

Аммо баъзи вилоятларда элнинг орзуси ҳам миш-мишларга кўчиб кетган. Масалан, самарқандликлар "Ўзбекистон еврога ўтармиш" деб юргани каби.

Хоразмликлар эса шу кунларда газ танқислигидан қийналмоқда ва эл оғзида "Хоразмга туркман гази келармиш" деган гап бор.

- Баҳор келган бўлса ҳам уйларда газ йўқ. 60 фоиз жойда шунақа бўлиб қолди. "Туркманистон газ берадиган бўлибди¸ шундан кейин газ бўлади" деган гаплар юрипти ҳозир¸ дейди хоразмлик суҳбатдош.

Мисол учун, Бухорода порахўрлик, бошбошдоқлик авж олгани боис эл-юрт оғзида шу кунларда "вилоятни президент Каримов шахсан ўз назоратига олганмиш" деган гап юрибди.

- "Вилоятдаги барча давлат идораларини Тошкентдан қандайдир гуруҳ келиб текшираяпти" деган миш-мишлар кўп тарқалган. Яъни "республика президенти ўз назоратига олганмиш" деган гап бор¸ дейди бухоролик суҳбатдош.

Шунингдек, Бухорода "фермерларнинг давлатдан қарзи 2012 йилгача музлатиб қўйиларкан" деган гап ҳам бор.

Элни нимага эҳтиёжи бўлса, шундан гапиради. Аммо одамлар элни оғзидаги гапнинг аксарияти эса миш-миш бўлса ҳам тагида озгина ҳақиқати бўлади, деб ишонади. Чунки “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” деган гап бор.

Шундай экан, бугун одамларнинг оғзидан эшитганимиз гапларнинг остида балки бироз ҳақиқати бордир, яна ким билади, дейсиз.

Ҳар ҳолда бу мавзуни тилга олишимизга сабаб бўлган “Рейтер” агентлигининг ёзишича, ҳозир тилга олганимиз миш-мишлардан баъзилари, масалан, президент Каримовнинг инсульт бўлгани ҳақидаги миш-миш, ҳатто, Тошкентдаги элчихоналар ва хорижий дипломатик корпусларнинг девохоналарида ҳам юрганмиш...
XS
SM
MD
LG