Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:31

Рус ширкати ўзбек газини камроқ қазийди


“Газпром” ширкати илтимосига биноан Лукойл Ўзбекистондан қазиб олинадиган газ ҳажмини 14-18 фоизга қисқартиришга тайёр”. 15 апрел куни “Коммерсант” газетаси "Лукойл" компанияси президенти Вагит Алекперовга таяниб, шундай хабар тарқатди.

Глобал иқтисодий бўҳрон боис сўнгги икки ой ичида Европанинг газга бўлган талаби кескин қисқаргани ортидан “Газпром” ширкати қаторасига икки ой қазиб олинадиган газ ҳажмини 13 фоизга қадар қисқартиришга мажбур бўлди. Ана шундай шароитда “Газпром” Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан тузган шартномасини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Лукойл компанияси 2009 йилда Ўзбекистондан 2 миллиард 700 миллион метр куб ҳажмида газ қазиб олишни режалаштираётган эди.

Аммо, “Коммерсант” газетасининг ёзишича, “Газпром” ширкати “Лукойл” компаниясидан Ўзбекистонда қазиб олинадиган газ ҳажмини камайтиришни сўраган.

“Лукойл” компанияси матбуот хизмати расмийси Ўзбекистонда қазиб олинадиган газ ҳажми 14-18 фоизга қадар қисқариши мумкинлиги тўғрисидаги хабарни тасдиқлади, аммо бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

“Бу компаниямизнинг “Газпром” ширкати билан келишилган ички келишувидир”, деди “Лукойл” компанияси матбуот хизмати расмийси.

“Газпром” ширкати эса бу борада бирор бир изоҳ бермади.

Глобал иқтисодий бўҳрон ва нефт нархининг арзонлаши ортидан Марказий Осиё газининг асосий истеъмолчиси бўлган Украина ва Шарқий Европа давлатлари кейинги икки ой ичида Россиянинг “Газпром” ширкатидан сотиб олаётган газ ҳажмини кескин камайтирди.

Шу важдан “Гапром” ширкати феврал ойидан бошлаб ўзи қазиб олаётган газ ҳажмини ўтган йилнинг шу ойларидаги кўрсаткичдан 13 фоизга қисқартиришга мажбур бўлди.

Россиялик таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, шу боис “Газпром” шу кунларда бир кеча-кундузда 30 миллиондан 50 миллион долларга қадар маблағ йўқотмоқда.

Айни пайтда “Газпром” учун Марказий Осиёдан сотиб олинаётган газ ҳам қимматлик қилмоқда.

Ҳозирча “Газпром” ширкати минтақа газининг нархи ҳақидаги маълумотларни ошкор қилгани йўқ. Бироқ, экспертлар тахминича, минтақадан сотиб олинаётган газ ширкат учун ҳар минг куб метрига ўртача 340 доллардан тушмоқда. Европага сотилаётган газнинг ўртача нархи эса 385 доллар. Оқибатда, ташиш харажатларидан сўнг “Газпром” Марказий Осиёдан олиб Европага узатаётган туркман, ўзбек ва қозоқ газидан фойда кўрмаяптигина эмас, ютқазмоқда ҳам.

Агар “Газпром” нинг асосий харидори бўлган Европада саноат ишлаб чиқариш ҳажми қисқараётгани ҳисобга олинса, бундан буёғига ширкат газ қазиб олиш ҳажмини қисқартириш билан бирга Марказий Осиёдан олаётган гази ҳажми ва нархини ҳам қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишини тахмин қилаётган экспертлар кўпчилик.

Зеро, маълумотларга кўра, хусусан, Ўзбекистоннинг “Ўзнефтегаз” холдинг компанияси билан эришилган келишувга мувофиқ, “Газпром” ўзбек гази нархини ҳар чоракда ўзгартириши мумкин.

"Истиқболда Ўзбекистондан олинадиган газ ҳажми ёҳуд нархига оид шартнома ўзгариши эҳтимоли борми?" деган саволга жавобан “Газпром”нинг хориж матбуоти билан ишлаш бўлими раҳбари Денис Игнатьев: “Биз бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берганимиз йўқ, шахсан мен бу ҳақда ҳеч нарса эшитганим йўқ”, деб жавоб берди.

Айни пайтда “Ўзбекнефтегаз” ширкати ҳам бундай эҳтимолни инкор қилди.

- Келишилган ҳажмдаги газ сотиб олинмаслиги мумкин, деган гапни қаердан олдингиз? Бизда шартнома бўйича сотиб олиниши келишилган ҳажм бор ва у сотиб олиниши шарт, деди “Ўзбекнефтегаз” ширкатининг матбуот котиби Елена Ким.

Аммо Россия иқтисодининг асосий бўғини саналган “Газпром” ширкати фаолиятини кузатаётган экспертлар ширкат 2009 йилда газ қазиб олиш ҳажмини 7 фоизга қадар қисқартиришни режалаётганини айтмоқда.

Айни пайтда газ қувуридаги портлаш боис шу кунларда Туркманистондан Россияга бораётган газ оқими ҳам қисқа муддатга тўхтаб қолди. Бузилган қувур учун маъсулиятни ҳозир ҳар икки давлат бир-бирига юкламоқда.

"Бироқ бу вазиятда ким айбдор бўлишидан қатъий назар, бу воқеанинг юзага чиқиши “Газпром”нинг Марказий Осиё давлатлари билан газ нархи осмонга ўрламиш 2008 йилда эришган келишуви тақдири савол остида қолаётганини кўрсатмоқда", дейди қароргоҳи Бонн шаҳрида жойлашган “Eurasian Transition Group” гуруҳининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Майкл Лобш.

Унинг фикрича, бу воқеа Марказий Осиё давлатларининг “Газпром” монополиясидан қутулиб, муқобил харидорларни ва уларга газ узатишнинг муқобил йўлларини қидириш ҳаракатларини янада дадиллаштиради.

- Ҳозир бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, Туркманистон ва Россия ўртасидаги алоқалар бироз муаммоли бўлиб қолган. Бу эса Туркманистон ҳукуматининг бу давлат ҳам энди минтақанинг кучли давлати экани, Кремл монополиясига қарши курашиш истагида эканини Ғарбга намойиш қилаётганига ишорадир, дейди европалик эксперт.

Шу кунларда Туркманистон президенти туркман газига янги харидор излаб, ўз расмий вакилини Эронга жўнатгани хабардор қилинмоқда.

"Бу вазиятда Ўзбекистон ҳам катта нарса йўқотмайди", деб ҳисоблайди нефт ва газ соҳаси бўйича туркманистонлик экспертлардан бири.

- Ўзбекистон ўзида қазиб олинадиган газнинг асосий қисмини ички эҳтиёжи учун ишлатади. Бу эса қарийб 45 – 50 миллиард куб метр. Россияга эса 10 – 12 миллиард куб метр газ экспорт қилади. Асосий йўқотиш транзит ҳажмининг камайгани учун бўлиши мумкин.

Аммо Ўзбекистон иқтисодига қиёслаганда бу ҳам даҳшатли маблағ эмас. Қолаверса, бизга маълум бўлишича, 2009 йилнинг охири – 2010 йилнинг биринчи ярмига қадар Хитойга тортилаётган қувур ҳам ишга туширилиши мумкин, дейди ўзбекистонлик эксперт.

Аммо Ўзбекистон ҳукуматига таяниб хабар тарқатган ахборот агентликлари Хитойга тортилаётган қувур 2012 йилдан кейингина ишга тушиши мумкинлигини хабар қилган эди.

Бу борада аниқлик киритиш ва умуман, “Газпром” сотиб олинадиган газ ҳажмини қисқартириш ёки нархини пасайтиришга мажбур бўлган тақдирда ўзбек газини хорижга узатишнинг муқобил йўллари ҳақидаги режалар хусусида билиш учун яна “Ўзнефтегаз” холдинг компаниясига мурожаат қилдик.

- Очиғини айтганда, биз ҳозир бу ҳақда гапираётганимиз йўқ, деди компания матбуот котиби Елена Ким.
XS
SM
MD
LG