Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:29

"Қўсбергеновни тўла озод қилишмади"


Ноқонуний балиқ овлашга рухсат берганликда айбланган Мақсет Қўсбергеновга суд қарийб 11,7 минг доллар жарима солди, аммо қорақалпоғистонлик экологнинг ҳимоячилари суд ҳукмидан рози эмаслар.
Ноқонуний балиқ овлашга рухсат берганликда айбланган Мақсет Қўсбергеновга суд қарийб 11,7 минг доллар жарима солди, аммо қорақалпоғистонлик экологнинг ҳимоячилари суд ҳукмидан рози эмаслар.

Қорақалпоғистонлик эколог, Ўзбекистон Давлат бионазоратининг Амударё сув ҳавзаси инспекцияси бошлиғи Мақсет Қўсбергенов суд залидан озод қилинди, аммо унга жарима тўлаш мажбурияти юклатилди.

Табиат ҳимоячиси икки миллион сўм миқдорида пора олганлик ва ноқонуний балиқ овлашга рухсат берганликда айбланиб, судга тортилган эди. Айблов исботланган тақдирда унга 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин эди.

Аммо, гарчи айблов исботланмади, деб топилган бўлса-да, суд раиси давлат қораловчиси сўровига биноан табиат ҳимоячиси зиммасига маъмурий жарима тўлаш мажбуриятини юклади.

Жарима миқдори эса энг кам иш ҳақининг 600 баробари, яъни 16 миллион 240 минг ўзбек сўми ёки Ўзбекистондаги бугунги давлат курси билан ўгирганда 11 минг 683 АҚШ долларига тенг.

2008 йилнинг декабр ойидан буён ҳибсда сақланган ва 20 апрел куни озодликка чиқарилган эколог Мақсет Қўсбергеновнинг ўзи билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бироқ унинг адвокати Марат Хўжаметов ўз ҳимояланувчиси суднинг бундай ҳукмидан норози эканини маълум қилди. Экологнинг ҳимоячилари унинг тўла оқланишини талаб қилиб, судлашишда давом этиш ниятида.

Мақсет Қўсбергенов устидан маҳкама жараёнини кузатиб борган ва “Эколог уюшган жиноятчи гуруҳ қурбони бўлди”, деб таъкидлаб келган Орол ва Амударёни муҳофаза қилиш уюшмаси аъзоси Валентин Бочин ҳам табиат ҳимоячисининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этиш ниятида.

- Унга ноқонуний равишда жарима юклашди. Биз аппеляция тартибида шикоят аризасини киритамиз, дейди Валентин Бочин.

Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи маҳаллий ва халқаро ташкилот вакиллари қорақалпоғистонлик табиат қўриқчиси Мақсет Қўсбергенов ўтган йили браконьерларнинг катта гуруҳини фош қилгани учун туҳмат остида қолди, деган фикрни таъкидлаган эди.

Судочье кўлида яширин фаолият юритган бу жиноий гуруҳ ортида Қорақалпоғистон ҳукумати таркибидаги йирик амалдорлар борлиги тахмин қилинади. Шу боис, Валентин Бочиннинг айтишича, давлат қораловчиси суд мажлиси чоғида Қўсбергеновни ўз иш фаолиятига қайтармасликни талаб қилди.

- Давлат қораловчиси уни табиатни ҳимоя қилиш ташкилотидаги аввалги раҳбарлик лавозимига қайтармаслик талабини киритди. Аммо, суд бу талабни қондирмади. Қўсбергенов энди аввалги фаолиятини давом этади, дейди қорақалпоғистонлик яна бир табиат ҳимоячиси Валентин Бочин.

Бочин ва Қўсбергеновнинг бошқа ҳимоячилари бироз муқаддам ашаддий жиноятчи сифатида қаттиқ қораланиб, қўлга олинган эколог халқаро босим остида озод қилинди, деб ҳисобламоқда.

Мақсет Қўсбергенов билан бирга унинг қўл остида ишлаган ходим Айитмурат Халмуратов ҳам озодликка чиқарилди.

Бу икки табиат ҳимоячиси фаолият юритган ҳудуд Амударё сув ҳавзаси ва умуман, Оролбойи ҳудуди табиати муҳофазасидан қайғурган Россия, Украина, Белоруссия, Туркманистон, Қозоғистонлик экологларнинг 69 нафари қорақалпоғистонлик табиат ҳимоячилари озод этилишини сўраб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаган эди.

Ушбу мактубга имзо чеккан Халқаро ижтимоий-экологик уюшма аъзоси, Украинадаги “Печенеги” экологик гуруҳи раҳбари Сергей Шапаренко Қўсбергеновнинг озод этилишини олқишлади, аммо айбдор сифатида унга жарима солинганини қоралади.

- Гап шундаки, уни тўла озод қилишмади. Унга жуда жиддий миқдорда жарима юклашди ва буни тўлаш осон бўлмайди, бир тарафдан. Лекин муҳими, эколог бундай айбловни тан олмаган ва апелляция тартибида шикоят қилмоқчи.

Умуман олганда эса, Ўзбекистон ҳукумати оқилона йўл тутиб, ўз позициясини шу тариқа намойиш қилгани кишини хурсанд қилади, дейди украиналик табиат ҳимоячиси Сергей Шапаренко.

“Аммо, Қўсбергеновни озод қилиш қарори Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро босим остида берган қарори, дейишга шошилмаган бўлар эдим”, дер экан Шапаренко, “Қорақалпоғистонлик табиат ҳимоячиси мутлақо айбсиз бўлгани учун уни озод қилишдан бошқа чора йўқ эди, менимча”, дея қўшимча қилди.

Унинг гапига илова қилиб яна шуни эслатиш мумкинки, Мақсет Қўсбергенов Амударё ҳавзасидаги Судочье кўлида кўп йиллардан буён ноқонуний ҳаракат қилиб юрган 20 браконьерни фош қилгани учун ўз вақтида Ўзбекистон давлат бионазорати томонидан "йилнинг энг яхши ходими" деб топилган эди.
XS
SM
MD
LG