Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:25

Ўзбекистон кўприк бўлмоқчи


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва тимсолида ўзига янги ҳамкор топган кўринади.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва тимсолида ўзига янги ҳамкор топган кўринади.

Ўзбекистон расмий агентликларининг ёзишича, Ўзбекистон Бразилияни МДҲ давлатлари билан боғловчи асосий ҳамкор бўлиш ниятида. Таҳлилчилар фикрича, агар бу ният қоғоздан амалга кўчса, ҳар иккала давлат учун ҳам янги имкониятлар очилади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Бразилияга сафаридан кўзлаган асл мақсадининг бир чети очилгандай бўлди.

Минтақаю Ўзбекистон таҳлилчилари икки қитъада жойлашган бу икки давлатнинг қандай умумий манфаатлари борлиги ҳақида бир тўхтамга келолмай турган бир паллада “ЎзА” ахборот агентлиги сафар чоғида имзоланган ҳужжатлар ҳақида каттагина мақола чоп этди.

Мақолада келтирилишича, Ўзбекистон Бразилияни Марказий Осиё ҳамда МДҲ давлатлари билан боғловчи асосий ҳамкор бўлиш ниятида ва бунинг учун Жанубий Корея кўмагида Навоийда ташкил қилинаётган халқаро таъминот юклари базасидан фойдаланилади.

Бу ҳақда “ЎзА” агентлиги қуйидагиларни ёзган:

“Ўзбекистон Бразилия учун нафақат Марказий Осиё, балки МДҲнинг кўплаб мамлакатлари учун ҳам кўприк вазифасини ўташи мумкин. Навоий шаҳридаги қитъалараро интермодал логистика маркази бунга яхши мисол бўла олади.

Маълумки, МДҲда ягона бўлган мазкур марказ Жанубий Корея республикаси билан ҳамкорликда барпо этилмоқда. Жанубий Корея эса Ўзбекистоннинг ҳам, Бразилиянинг ҳам стратегик шеригидир.

Бу жиҳатдан қараганда, шу йилнинг май ойи бошида Тошкентда Ўзбекистон-Корея саммити бўлиб ўтгани ва энди Бразилияда Ўзбекистон-Бразилия саммити бўлаётганида мантиқий боғлиқлик бор”, деб ёзади “ЎзА” агентлиги ва шу билан гўёки таҳлилчиларнинг "Ўзбекистон раҳбари Бразилияга нега борди?" деган саволига ойдинлик киритгандай бўлади.

“ЎзА” хабарига кўра, Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва Ўзбекистонни "Марказий Осиёдаги етакчи давлат ҳамда ишончли ҳамкор", деб билишини таъкидлаган.

"Бу одатдаги сиёсий пафосми ёхуд бунинг ортида жиддий ҳамкорлик режалари борми?" деган савол билан ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовни суҳбатга тортдик.

Камолиддин Раббимов: Умуман, Бразилия-Ўзбекистон муносабатларининг оëққа туришига қисқача тўхталиб ўтсак. Бразилия билан Ўзбекистон бир-биридан узоқ масофада жойлашган давлатлар.

Ҳозир Бразилия тўртта қудратли давлатдан биттаси. Рус тилида “БРИК” дейишади. Булар Бразилия¸ Россия¸ Ҳиндистон ва Хитой. Уларнинг потенциали 15-20 йилдан сўнг катта еттилик ичида бўлади. Мана шундай прогнозлар бор.

Бразилиянинг ялпи ички маҳсулоти Россияникидан беш-олти маротаба кўп бўлаяпти. Шунинг учун Бразилия Марказий Осиëга қизиқиш билдириш даражасига келди.

Бу Ўзбекистон учун бир қанча манфаатларни ўзида ифодалайди. Бразилия Ўзбекистон учун янги давлат¸ янги минтақа ва янги бир йўналиш.

Каримов Марказий Осиëдан давлат ташрифи билан Бразилияга борган биринчи шахс бўлди дейишимиз мумкин. Логистика марказига келадиган бўлсак¸ бу Ўзбекистон манфаатларига мос бўлган бир ғоя. Бу ғоянинг эффективлиги борасида бирор нарса дейиш қийин. Лекин унда Жанубий Кореянинг иштирок этаëтганлиги умид бағишлайди.

Озодлик: Келинг¸ интермодал логистика маркази деган терминнинг ўзига ва бунинг ортида кўзда тутилган мазмунга кенгроқ тўхталсак. Нима ўзи бу? Ўзбекистон шароитида қандай вазифани бажаради бу?

Камолиддин Раббимов: Умуман олганда¸ ҳозирги пайтда асосан транспорт воситаларини бошқариш¸ молиявий оқимларни бошқариш¸ уларни тартиб-интизомга солиш¸ уларни имкон қадар камчиқим қилиш ва кўпроқ даромад олишни мақсад қилган ҳолда моделлаштириш.

Мана шундай марказлар кўпгина давлатларда бор. Навоийдаги логистика маркази оммавий ахборот воситаларида “Постсовет ҳудуд билан Бразилияни боғлайдиган марказ бўлади”, деб айтилаяпти. Агар шундай бўладиган бўлса¸ бу яхши бўларди.

Озодлик: Шу инобатга олинадиган бўлса¸ бу Бразилия-Ўзбекистон-Жанубий Кореянинг анча жиддий ҳамкорлигига ўхшайди. Бразилия бошқа қитъада бўлса¸ бу қандай амалга ошиши мумкин?

- Ўзбекистон билан Бразилия муносабатлари эндигина шаклланаяпти. Лекин собиқ иттифоқ ҳудудида бўладиган бўлса¸ Россия билан Бразилиянинг муносабатлари анчагина яхши.

Бундай лойиҳаларда¸ менинг тушунишимча¸ Бразилия ўзининг сармоялари билан иштирок этади. Умуман олганда, Бразилия ўша логистика маркази орқали Марказий Осиëни пайпаслаб кўрмоқчи.

Ўзбекистон ҳозир инвестиция излаяпти. Бразилия потенциал инвестор. Менинг назаримда¸ бу ўзаро муносабатларнинг бошланиши, холос¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Эслатамиз, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси 2008 йилнинг ноябр ойида Навоий халқаро аэропорти бошқарувини Кореянинг "Korean Air" авиакомпаниясига бериш ва бу аэропорт негизида халқаро интермодал логистика маркази, яъни халқаро таъминот юклари базасини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришган.

Корея президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида бу ҳақда тўхталган президент Каримов бу марказдан умиди катта эканини урғулаган эди. Эндиликда Каримов шу умиди билан боғлиқ режаларни амалга оширишга – янги ҳамкорлар топишга киришган кўринади. Бу ҳамкорлар ўзбек расмийларидан мамлакатда демократик тамойилларга ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш каби сиёсий талаблар қўйиш даъвосидан қанча йироқ бўлса, шунча яхши. Кузатувчилар фикрича, Бразилия расмийлари Каримов учун худди шундай ҳамкор бўлиши эҳтимоли бор.
XS
SM
MD
LG