Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:23

Масжид мактабдан жозибали...ми?


Жума кунлари болаларнинг мактабни ташлаб¸ масжидга кетаëтгани Қирғизистон таълим тизимидаги жиддий муаммолардан бири сифатида кўрилмоқда.
Жума кунлари болаларнинг мактабни ташлаб¸ масжидга кетаëтгани Қирғизистон таълим тизимидаги жиддий муаммолардан бири сифатида кўрилмоқда.

Қирғизистон жанубида ўқувчиларнинг дарс пайтида намоз ўқиш учун масжидларга кетиб қолаётгани олдини олиш учун маҳаллий расмийлар милиция билан масжидларни текшириш тадбирлари ўтказаётир.

Тадбир жараёнида дарс пайтида намоз ўқишга келган ўқувчилар аниқланиб, уларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.

Ўш вилоят губернатори ўринбосари Гулойим Машрапованинг айтишича, бир неча ой мобайнида маҳаллий ҳокимиятлар милиция кўмагида вилоят туманларидаги масжидларда намоз ўқиётган болаларни аниқлаш мақсадида текширувлар олиб борган.

- Текширувлар пайтида марказий масжидларда мактаб ўқувчиларининг жума намозида қатнашганлари аниқланди. Уларнинг асосий қисми мактабдаги дарсларини ташлаб, жума намозига келганлар.

Масалан, Новқат туманидаги мактабларнинг 10 ва 11 синф ўқувчиларининг деярли ҳаммаси мактабга бормай, жума намозига келганлар, деди Ўш вилоят губернатори ўринбосари Гулойим Машрапова.

Қирғиз матбуоти Ўш вилоятидаги маҳаллий ҳокимиятлар ва милициянинг масжидга қатнаган ўқувчиларни аниқлаш бўйича ўтказган тадбирини кескин танқид қилиб чиқди. Хусусан, 24 kg ахборот агентлиги бу тадбирни диний эркинликка тажовуз сифатида баҳолади.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси масъулларидан бири Шокир Зулимов эса бу борада махсус буйруқ борлигини айтади:

- Бу борада буйруқ бор. Буйруқнинг бир бандида мактаб пайтида дарсларга кирмай масжидга борган ўқувчиларни аниқлаб, мактаб директорлари ва туман масъуллари иштирокида уларга нисбатан чора кўринглар, деб ёзилган, деди Шокир Зулимов.

Унинг айтишича, милиция масжидга бораётган ўқувчиларни таъқиб қилаётгани йўқ. Балки¸ дарс пайтида ўқувчиларнинг мактабда бўлишини таъминлаш учун маорифчиларга кўмак кўрсатаётир. Дарсдан ташқари пайтда масжидга қатнаётган ўқувчиларга эса ҳеч қандай эътирозлар йўқ.

Айни пайтда маҳаллий ҳукуматлар бу борада ёрдам сўраб масжид имомларига ҳам мурожаат қилганлар. Бироқ Ўш вилоят қозиси Суюн ҳожи Қалиқовнинг айтишича, уламолар бу йўналишда ҳукуматга ёрдам кўрсатишга ожиздирлар.

- Масжидга жума намози ўқиш учун келган ўқувчини биз қўлидан етаклаб ташқарига чиқариб юбора олмаймиз. Масжид ҳамма учун очиқ, деди вилоят қозиси.

Ўшдаги Халқаро Ислом маркази раҳбари Содиқжон ҳожи Камолов эса маҳаллий ҳокимиятларнинг ўқувчиларни дарс пайтида масжидларга боришининг олдини олиш тўғрисидаги ҳаракатларини диний ҳуқуқларни поймол этиш сифатида қабул қилмаслик кераклигини айтади:

- Болаларни мактабни ташлаб масжидга қатнашдан қайтаришга келсак, буни шундай тушуниш керакки, болалар масжидга кетдик деб, масжидга ҳам бормасдан, мактабга ҳам бормасдан, кўчада юрганлиги ҳолатлари аниқланган. Мана шу кўринишга барҳам бериш учун мазкур тадбирлар ўтказилаётган бўлса керак, деди Содиқжон ҳожи Камолов.

Ўшлик диндор Абулбанот Юсубали Эргаш ўғли эса ўқувчиларни бундай йўллар билан мактабларга қайтариш самарали натижа бермайди, деган фикрда.

- Бизнинг динимиз намозни қандай фарз қилган бўлса, илмни хам шундай фарз қилган. Илмга ҳам Қуръонда оятлар бор.

“Иқро бисми робикал лази холақ”, деган оят ва яна Пайғамбаримиз Соллоллоҳу алайҳи васалламнинг “Утлубил ъилма минал махди илал лаҳди”, деган ҳадисларига асосан илм фарз бўлади.

Бизнинг динимиз илмни дунёвий илмга, диний илмга ажратмайди. Илмнинг барчасини олишни фарз қилади.

Болаларнинг жума намозига кетиб қолишига сабаб¸ уларнинг диннинг бир тарафини ушлаб, иккинчи тарафига бепарво қараётганидир.

Бунга эса, ота-оналарининг бепарволиги, ўқитувчиларнинг лоқайдлиги, мактабларда дунёвий илмларни ҳам ўқувчига қизиқарли қилиб етказиб бера оладиган муаллимларнинг етишмаслиги сабабдир, дейди ўшлик диндор Абулбанот Юсубали Эргаш ўғли.

Айтиб ўтиш лозимки, маҳаллий ҳокимиятлар ва милиция текширувлари, шунингдек, мадрасаларда ҳам олиб борилган.

Ўш вилоят губернатори ўринбосари Гулойим Машрапованинг билдиришича, шу йилнинг март ойида вилоятдаги 17 мадрасадан 14таси санитария талабига жавоб бермаслиги ва ўқув сифатининг пастлиги туфайли вақтинчалик ёпилган.
XS
SM
MD
LG