Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:25

“Ҳизбуллоҳ” иқтидорга келиши мумкин


Кузатувчилар фикрича, Ливан парламентидаги ўринларнинг кўпроғини “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи вакиллари эгаллашлари мумкин.
Кузатувчилар фикрича, Ливан парламентидаги ўринларнинг кўпроғини “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи вакиллари эгаллашлари мумкин.

Ливанлик сайловчилар ўзаро кескин рақобатда бўлган Ғарбга мойил Саъад ал Ҳаририй бошчилигидаги сунний мусулмонлари сиёсий иттифоқи ҳамда Сурия, Эрон каби давлатларга таянган шиа мусулмонларининг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига овоз бермоқда.

Мамлакат хавфсизлик кучларининг 50 мингга яқин ходими овоз бериш жараёнида кутилаётган эҳтимолий зўравонликлар олдини олишга сафарбар қилинган.

Ливандан олинган маълумотларга кўра, сайлов куни тонгданоқ овоз бериш учун сайлов участкаларига келган фуқароларнинг узун навбатлари ҳосил бўлган.

Бу сайловлар мамлакат келажагида жуда муҳим аҳамиятга эга бўладиган сиёсий воқеа сифатида баҳоланмоқда ва мамлакатда нотинчликдан безган ливанликлар овоз бериш жараёнида фаол иштирок этмоқда.

128 ўринлик парламент учун курашда эса икки сиёсий гуруҳ — Ғарб қувватловига таянган сунний мусулмонлари сиёсий иттифоқи ҳамда Шарқ давлатларга таянган шиа мусулмонларининг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ўзаро курашмоқда.

Мамлакат бўйлаб, овоз бериш участкалари эса маҳаллий вақт билан тонгги соат 7 да очилган ва улар кечки соат 17 да ёпилади. Сайловнинг дастлабки натижалари эса 7 июн куни оқшом маълум бўлиши кутилмоқда. Натижалар борасидаги расмий маълумот эса душанба куни тонгда эълон қилиниши айтилган.

Аммо дастлабки тахминларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи сунний мусулмонлари сиёсий иттифоқига нисбатан парламентдаги бир неча ўринни кўпроқ олиб, сайловда ғалаба қозониши мумкин. “Ҳизбуллоҳ”га рақиблик қилаётган сунний мусулмонларнинг “14 март” коалициясига эса собиқ бош вазир Рафиқ Ҳаририйнинг ўғли Саъад Ҳаририй етакчилик қилмоқда. Ҳозир унинг гуруҳи парламентдаги асосий ўринларга эгалик қилмоқда.

Президент Мишел Сулаймон овоз бериб бўлгач, сайлов жараёнидан қониқиш ҳис қилаётгани айтди ва агар кимдир вазиятни кескинлаштиришга уринса, бундан ҳамма ютқазишидан огоҳлантирди.

- Ҳа, мен сайлов жараёнининг бу таҳлит кечаётганидан жуда хурсандман. Бу мамлакат хавфсизлиги ва ҳуқуқ тузилмалари учун жуда катта синов бўлди. Мен бу жараёнда томонларни сиёсий риторикани қўйиб, Ливан келажагини биргаликда қуришга чақираман. Агар биз Ливандаги вазиятни ўнглашга қодир бўлсак, бундан ҳамма ютади. Агар қодир бўлмасак, бундан ҳамма ютқазади,- деди Ливан президенти Мишел Сулаймон.

Сайлов чоғида зўравонлик ҳаракатлари олдини олиш учун 50 мингга яқин хавфсизлик хизмати ходими сафарбар қилинган. Бироқ, Ливан армиясининг собиқ раҳбари ва ҳозирда “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи иттифоқчиси бўлган насронийлар фракциясига раҳбарлик қилаётган Майкл Ауун хавфсизлик таъминотини жуда заиф, дея танқид қилди.

- Ҳукумат сайлов жараёнида юз бериши мумкин бўлган хавфли вазиятларнинг олдини олиш бўйича режага эга эмас. Биз музокаралар чоғида уларни огоҳлантирган эдик ва улар огоҳлантирувни қабул қилган эди. Аммо, улар кутилмаган вазиятда кўрилиши мумкин бирор чорани ишлаб чиқмади. Бугунги вазият эса яхши эмас. Улар қандай қилиб бунга йўл қўйди? - деди Ливан армиясининг собиқ раҳбари.

Ливанда бораётган парламент сайловини 200га яқин халқаро кузатувчи назорат қилмоқда.

Халқаро кузатувчилар гуруҳига етакчилик қилаётган АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер Байрутдаги сайлов участкаларини кўздан кечиргач, овоз бериш жараёни тинч ва шаффоф ўтишига ишонч билдирди. У Ливан сиёсий партиялари ва уларнинг хориждаги тарафдорларини жанжал чиқармасдан, сайлов натижаларини тан олишга чақирди.

Бу сайловдан сўнг иқтидорга келадиган сиёсий гуруҳ 4 йил ҳукуматни бошқаради. Агар АҚШ томонидан террорчи гуруҳ, дея эълон қилинган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи иқтидорга келса, Ливан изоляцияга солиниши ва бу давлатнинг Исроил билан алоқалари яна ёмонлашиши мумкин.
XS
SM
MD
LG