Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:33

"Нурчилик" учун 200 йиллик қамоқ


Ўзбекистонда бораëтган маҳкамалар курсисида бугун аввалги ваҳобий ва ҳизбчилар ўрнини нурчиликда айбланаëтганлар эгалламоқда.
Ўзбекистонда бораëтган маҳкамалар курсисида бугун аввалги ваҳобий ва ҳизбчилар ўрнини нурчиликда айбланаëтганлар эгалламоқда.

Бухоро суди “нурчилик”да айбланган 9 киши устидан чиқарилган аввалги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Судланувчилар яқинлари айбловлар исботсизлигича қолгани ҳақдаги сўровлари суд ҳайъати томонидан эътиборга олинмаганини айтмоқда.

2 июн куни Бухоро вилоят судида “нурчилик”да айбланган 9 киши устидан ўқилган ҳукмга нисбатан аппеляция тартибидаги маҳкама бўлиб ўтди ва суд ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Бу 9 киши ўртасида энг узоқ қамоқ жазосини олган физика-математика фанлари номзоди Икром Мерожовнинг акаси Илҳом Мерожов қуйи суд ҳайъати очиқ қолдирган саволларни аппеляция суди ҳам жавобсиз қолдирди, дейди.

- Икромга сўз берилди. У “Айбим исбот қилинсин. Мен исботини кўрмаяпман. Бизнинг уйдан китоблар топилган экан. Шу китобларни олиб келиб менга кўрсатинг. Бу китобларнинг қаерида ва қайси саҳифасида давлатга қарши сўзлар бор? Шу варақаларни келтиринг¸ бизга кўрсатинг” деганида¸ судя ҳеч қандай жавоб топа олмаган.

Ҳамма энди “Буларни озод қилишади. Судя жавоб топа олмаяпти” деб ўйлаган¸ дейди Илҳом Мерожов.

Илҳом Мерожовга кўра, укасига тиркалган айбловга асос қилиб олинган асосий ашёвий далиллар – китоб, варақа ва дискларнинг давлат тузумига тажовуз, дея талқин қилиниши тегишли тартибда исботлаб берилмаган.

Аммо, шунга қарамасдан аппеляция суди ҳайъати тўққиз нафар ёш бухоролик устидан ўқилган беш ярим йилдан то тўққиз йилга қадар қамоқ жазосига тортиш тўғрисидаги ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирган.

“Нурчилик”да айбланган тошкентлик ёш журналистлар устидан ўтган аппеляция судида ҳам судланганларнинг яқинлари айбловга асос қилиб олинган китоб, варақа ва бошқа даллилар бўйича экспертиза хулосасидан бехабар қолган.

Судланганлардан бири – “Етти иқлим” газетаси ходими Даврон Кабиловнинг акаси Рустам Кабилов шундай дейди:

- Судга экспертлар келмади. Уларнинг иши асосан экспертиза бўйича эдию. Командировкада дейишди. Суд уларни кутиб ўтирмас экан.

Адвокатлардан сўрасам “Буни судя ҳал қилади. Бизлар курашиб кўрдик. Фойдаси йўқ” дейишди.

Битта адвокат “Мана укангнинг айбсиз эканлигини исботлайдиган битта справка” деди.

“Қанақа справка?” десам¸ “Шу китобнинг битта нусхаси Навоий кутубхонасида сақланиши тўғрисида” деди. 19 февралдами олишган экан¸ дейди Рустам Кабилов.

Рустам Кабилов республикадаги энг йирик Навоий кутубхонасида ўқувчиларга тақдим қилинган туркиялик Ислом олими Бадиуззамон Саид Нурсийнинг “Рисолаи нур” китоби қандай қилиб унинг укасига берилган 12 йиллик қамоқ жазосига асос қилиб олингани ҳақдаги саволларига ҳанузга қадар тўлиқ жавоб ололмаган.

“Айбловнинг асоссизлигини тасдиқлаши мумкин бўлган шундай далилларни тақдим қилишимизга қарамасдан Давронни қамаган экан, бу ҳукуматнинг бир асоси бордирда”, деган гумон билан, қолаверса, моддий имконияти чеклангани боис Рустам Кабилов укасининг ҳимояси учун югур-югурни тўхтатганини айтади.

- Адвокатга пул тўлаш керак. Балки турмада кечирим сўраб хат ëзар¸ яна билмадим. “Ëзгин. Барибир қайсидир даражада айбинг бор” деб тушунтирдик. Бошқа иложимиз йўқ¸ дейди “Етти иқлим” газетаси ходими, “нурчилик”да айбланиб 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган Даврон Кабиловнинг акаси Рустам Кабилов.

“Форум 18” ташкилоти тўплаган маълумотларга қараганда, 2009 йилнинг бошидан бери 25 киши устидан “нурчилик”да айлаб, ҳукм ўқилган ва уларга берилган қамоқ жазоси жамланганда қарийб 200 йилга етган.

- Бухорода Икром Мерожов ва яна саккиз киши устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтди ва узоқ муддатли қамоқ жазолари ўз кучида қолдирилди.

Шунингдек, Тошкентда ҳам бир неча маҳкама жараёнлари бўлди, ҳануз давом этмоқда.

Шу кунларда яна Фарғона водийсида бир неча одам ҳибсга олингани ҳамда судга тортилиш арафасида экани ҳақида маълумот олган эдик.

Бироқ, бу борада тўлиқ тафсилотларни аниқлаш имкони бўлмаяпти, дейди “Форум 18” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича муҳаррири Феликс Корли.

Ўзбекистондан олинган, аммо, расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, шу кунларда Тошкент, Бухоро ва Наманган шаҳарларида “нурчилик” да айбланиб, ҳибсга олинган бошқа шахслар устидан тергов давом этмоқда.

Тошкент шаҳрида яна тўрт киши устидан суд бошлангани, Наманган шаҳрида эса тўрт кишининг суд мажлисини кутаётгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди. Бироқ, бу хабарларга ойдинлик киритишнинг имкони бўлмади.

Боиси, судланаётганлар ёки ҳибсга олинганларнинг яқинлар қаттиқ қўрқувда. Ҳатто, айбланаётганларнинг адвокатлари ҳам оммавий ахборот воситалари билан мулоқотдан қочмоқда, дейди наманганлик мустақил журналист Носир Зокир.

У Наманганда қўлга олинганлардан бирининг адвокати билан бўлиб ўтган мулоқотидан кейин шундай хулосага келган.

- Мен бу иш билан шуғулланмай қўйганман¸ деди. Мен “Нечта одам қамалган? Нима бўлаяпти ўзи? Ҳеч бўлмаса шуни билайлик” десам¸ “Ака¸ шу тўғрида гаплашмайлик. Ош десангиз қилиб берай¸ фақат бу тўғрида гаплашмайлик” деб телефонни қўйиб қўйди.

Адвокатлар ҳам бу ҳукуматнинг олиб бораëтган сиëсати эканлигини билиб турибди. Вилоят¸ шаҳар судларини текшириб турибмиз. Ҳали суд бўлгани йўқ¸ дейди мустақил журналист Носир Зокир.

Шу йил май ойида “Нурчилик” ҳаракати Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти томонидан террорчи ташкилот, деб эълон қилинган эди.

Ташкилот расмийлари “КХШТга аъзо давлатлар суди террорчи ëки экстремист деб топган ташкилотлар¸ табиий равишда¸ бу рўйхатдан ўрин олади”¸ дея бунга изоҳ берган эди.

“Форум 18” ташкилотига кўра, шу кунларда Россияда ҳам “нурчилик”да гумон қилинган фуқаролар ортидан қидирув ва қўлга олинганларнинг дастлабки гуруҳи устидан маҳкама жараёнлари бошланган.

- 4 июн куни Россиянинг Красноярск ўлкасида маҳакама жараёни бошланди. Айбланувчиларга қўйилган айблов далилларидан бири Саид Нурсийнинг “Рисолаи Нур” китоби ва бу китоб Россияда таъқиқланган адабиётлар рўйхатининг аввалида турибди.

Ҳозир КХШТ ташкилоти доирасида бу адибнинг бошқа китобларини ҳам рўйхатга киритиш устида иш олиб борилмоқда, дейди “Форум 18” ташкилоти вакили Феликс Корли.
XS
SM
MD
LG