Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:35

10 йил кутилган поезд


Тошкент-Бишкек-Балиқчи йўналишида қатновчи поезд ўн йилдан бери фақат автотранспорт ёрдамида борди-келди қилиб келаётган ўзбек ва қирғиз халқларининг оғирини енгил қиладиган бўлди.
Тошкент-Бишкек-Балиқчи йўналишида қатновчи поезд ўн йилдан бери фақат автотранспорт ёрдамида борди-келди қилиб келаётган ўзбек ва қирғиз халқларининг оғирини енгил қиладиган бўлди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 10 йил олдин тўхтатиб қўйилган темир йўл қатнови қайта тикланди ва 16 июн куни Тошкент - Бишкек – Балиқчи қатнови бўйича биринчи поезд Бишкекка кириб келди.

Тошкент-Бишкек-Балиқчи йўналиши бўйича Бишкекга кириб келган поезд карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди

Поезд келиши билан йўловчилар ва уларни кутиб олган қирғизистонликларнинг чеҳрасида қувонч сезилди. Улар ўз яқинларини ҳолидан хабар олиш учун имконият туғилганидан хурсанд:

- Бу биз учун катта янгилик бўлди. Авваллари фақат машинада келардик. Ҳозир поездда қийналмай келишга имкон туғилди. Қариндошлар билан узилган борди - келдиларни қайта тиклаймиз, дейди ўзбекистонлик йўловчи аёл.

Поезднинг илк йўловчилари бўлган ўзбекистонликларнинг айтишича, аввал машина орқали Қирғизистонга келишнинг кўпгина қийинчиликлари бор эди. Чегарадан ўтиш, йўл тўсган милиционерларнинг ортиқча суриштирувлари икки давлат фуқаролари ўртасидаги қариндошлик ришталарини ҳам узоқлаштирган эди.

Поезд ходими Абдуфозил Хатўжевнинг айтишича, бундан буён ики давлат фуқаролари ҳеч қийинчиликсиз қўшни республикага боришлари мумкин. У йўлда ҳеч қандай қийинчиликлар, тўсиқлар йўқлигини айтди.

Унинг айтишича поездда йўловчилар учун кўнгилочар ўйинлар ҳам уюштирилган:

- Поезднинг ҳар бир купеларида йўловчилар зерикмаслиги учун нарда, шахмат ўйинлари қўйилган. Йўловчилар йўл узоқлигини ҳам сезмайдилар. Келаётганимизда чегараларда ҳеч қандай қийинчилик бўлмади. Осмонўпар Тян-Шан тоғлари кўплаб йўловчиларда қизиқиш уйғотди, дейди Абдуфозил Хатўжев.

Поезд ходимларидан бири Шуҳрат Мўминов журналистларни илиқ кутиб олди ва ошхонага таклиф қилди:

- Ассалому алайкум, келинглар, хуш келибсиз!

Поезд ошхонасига кириш билан димоққа палов ҳиди урилади. Пахта гулли чойнак-пиёлалари кўргазмага қўйилгандай товланиб туради.

- Поездимиз ошхонасида ўзбекча ва Европа таомлари бор. Йўловчилар нимани буюрсалар¸ ана шу таомни тайёрлаб бера оламиз, дейди Ҳабибулло Тожиев.

10 вагондан иборат бу поезд қатнови икки давлат келишуви асосида йўлга қўйилди. Унинг қирғиз-ўзбек ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаши айтилмоқда.

Қирғизистон туризм агентлигига бундай муносабатлар жуда зарур. Поезд қатнови йўлга қўйилиши билан қўшни мамлакатдан келаётган туристлар сонининг кўпайиши кутилмоқда.

- Мамлакатимизга келувчи туристларнинг 60 фоиздан ортиғи бизнинг қозоқ биродарларимиздир. Энди эса қозоқ биродарлар билан бир қаторда ўзбекистонликлар ҳам мамлакатимизга келиб дам олишлари мумкин.

Мен бу поезднинг йўлга қўйилиши билан Қирғизистонга келаётган туристларнинг сони ортади, деб ишонаман, дейди Қирғизистон туризм агентлиги директори Турушбек Мамашев.

Маълумотларга кўра, Бишкек-Тошкент поезди қатновини ҳафтасига бир маротаба йўлга қўйиш режалаштирилган. Йўлкира нархи 2000 қирғиз сўми, яъни 46 доллар атрофида.
XS
SM
MD
LG