Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:29

Қирғиз ёшлари киберфатвога муҳтож


Мутахассислар фикрича, қирғиз ёшлари анъанавий диний қадриятлардан четлаб кетмаслиги учун мамлакат муфтияти ўз сайтини ишга тушириши, шу билан бирга, Қирғизистонда диний экстремистик характердаги вебсайтлар блокировка қилиниши лозим.
Мутахассислар фикрича, қирғиз ёшлари анъанавий диний қадриятлардан четлаб кетмаслиги учун мамлакат муфтияти ўз сайтини ишга тушириши, шу билан бирга, Қирғизистонда диний экстремистик характердаги вебсайтлар блокировка қилиниши лозим.

Қирғизистонлик мутахассисларга кўра, муфтиятнинг интернет сайти йўқлиги сабабли интернетдан фойдаланувчи диндор ёшлар турли диний оқимлар сайтларидаги фатволарга эргашиб кетмоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Қирғизистонда икки мингдан зиёд диний бирлашма ва ташкилот фаолият юритади. Уларнинг аксарияти ўз интернет сайтига эга.

Интернет технологиялари мутахассисларига кўра, Қирғизистоннинг Бишкек, Ўш, Қоракўл каби шаҳарлардагина интернет яхши ривожланган. Қолган туман ва қишлоқларга интернет тармоғи тўла етиб бормаган.

Шундай бўлса-да, айрим мутахассислар Интернет тармоғида диний-экстремистик характерга эга маълумотлар кўп эканидан хавотир билдирмоқдалар. Мутахассисларга кўра, айни пайтда Қирғизистон муфтиятининг қирғиз тилида веб-саҳифаси йўқлиги турли диний экстремистик оқимларга ёшларни ўз сафига жалб қилиш бўйича қўл келмоқда.

“Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий тадқиқотлар маркази вакиллари фикрича, Қирғизистонда интернет кундан кунга ривожланаётган бир пайтда мамлакатда бу соҳани ривожлантиришга эътиборни кучайтириш вақти келди. Марказ директори Қодир Маликовга кўра, муфтиятда кадр масаласи йўлга қўйилмагани сабабли Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси шу кунгача ўз интернет сайтини оча олмаяпти:

- Афсуски, муфтиятнинг қирғиз тилидаги ўз сайти йўқ, Шу важдан “динга боғлиқ турли маълумотларни интернет орқали солиштириб олишга имконият бўлмаяпти”, деган масала кўтарилмоқда.

Бу ерда яна бир масала - кадр масаласи ҳам бор. Қирғизистонда ҳам дин соҳасида кадрлар тайёрланади, бироқ бизнинг муфтият чет ўлкада диний билим олиб келган кадрларга кўпам ишонавермайди. Негаки, улар ўзлари таҳсил олган мамлакатидаги исломни олиб келишади, араб ўлкаларидаги ёки Покистондаги исломни, дейди Қодир Маликов.

“Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий тадқиқотлар марказининг Теология маркази бошлиғи Данияр Мурадилов фикрича, мамлакат диний ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида экстремистик характердаги сайтларни аниқлаб, уларни йўқ қилиши керак:

- Ҳозир Қирғизистонда кўплаб диний сайтлар очилмоқда. Уларнинг орасида экстремистик характердаги сайтлар ҳам бор. Уларнинг орасидан хавфлиларини аниқлаш учун махсус назорат ўрнатилиши керак. Бу ишларни давлат муфтият билан келишиб, ҳамкорликда амалга ошириши лозим. Акс ҳолда, бунинг оқибати аянчли бўлиши мумкин, деди Данияр Мурадилов.

Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов “Озодлик” радиоси қирғиз шўъбасига берган суҳбатида айни пайтда мусулмонлар бирлашмасида муфтиятнинг ўз сайтини ишга тушириш масаласи кўрилаётганини, бу масала тез орада ҳал қилинишини билдирган:

- Биз мутахассисларнинг сўзларига қўшиламиз. Биз ҳам қирғиз тилида бир сайт очиб, унда диний бошқармамизнинг маълумотларини чоп этсак ва исломга доир саволларга ўз жавобимизни бериб борсак, деган фикрдамиз. Мен ўзимизнинг мутахассисларга кўрсатма берганман. Худо хоҳласа, бу иш амалга ошиб қолиши керак, деди Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов.

Мутахассисларга кўра, диний экстремистик маълумотларнинг халқ орасида оммалашиб бораётганига одамларда диний савод етишмаслиги сабаб бўлмоқда. Муфтиятнинг ўз сайти очилса, қирғизистонликлар расмий манба сифатида унинг маълумотларидан фойдаланишлари мумкин.

“Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий тадқиқотлар маркази вакилларига кўра, оддий одамларгагина эмас, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳам диний билим бериш керак. Негаки, ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим ходимлари диний эсктремизм масаласини яхши тушунмагани сабабли оддий мусулмонларнинг улардан жабр кўрган ҳоллари ҳам учраб турибди. Шу сабабли ”Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий тадқиқотлар маркази яқин кунларда милиция ходимлари учун махсус ўқув курслари тайёрламоқда.

Мутахасисларга кўра, интернетнинг оммалашиб бориши баробарида диний экстремистик ташкилотларнинг ҳам ҳаракатланиш тактикаси ўзгарган. Авваллари улар варақа ёки дисклар тарқатган бўлса, эндиликда ташвиқот ишларида интернет тармоғидан кенг кўламда фойдаланмоқдалар.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳам бу борада турли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

2009 йил бошларида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги турли диний экстремистик оқимлар интернет сайтларини йўқ қилиш мақсадида вазирлик қошида кибержиноятчиликка қарши кураш бўлимни ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG