Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:43

Мактабларга дин дарслари керакми?


Россия президенти мамлакатдаги етакчи дин арбоблари билан ўтказган суҳбатларидан сўнг¸ мактабда дин дарси жорий қилишга қарор берди.
Россия президенти мамлакатдаги етакчи дин арбоблари билан ўтказган суҳбатларидан сўнг¸ мактабда дин дарси жорий қилишга қарор берди.

Россия мактабларида тажриба ўлароқ дин асослари жорий этиладиган бўлди. Шу муносабат билан бундай сабоқнинг зарурати ва ундан жамият учун етадиган наф ëхуд зарар масаласи баҳсга сабаб бўлмоқда.

21 июл куни Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакатдаги мактабларнинг қарийб 20 фоизида тўрт етакчи дин — насронийлик, Ислом, буддизм ва иудаизм асосларини, динсизларга эса дунёвий этикани ўқитиш бўйича эксперимент ўтказишни маъқуллади.

2009 йил 1 сентябрдан бошлаб Россиянинг 18 та минтақасидаги 12 мингта мактабда ана шу тажриба машғулотлари бошланади. Россиядаги турли диний жамоалар етакчилари билан учрашган Дмитрий Медведев: “Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари танлов ҳақида ўзлари қарор бериши керак. Бу борадаги ҳар қандай мажбурлаш нафақат ноқонуний бўлади, балки мутлақо тескари натижа беради”, деди.

Агар бу тажриба яхши натижа берса, 2010 йилдан бошлаб, Россиянинг барча мактабларида бошқа динлар қатори Ислом дини асосларидан ҳам сабоқ берила бошланади.

Ҳозир Россияда қанча мусулмон яшаётгани ҳақидаги масала бироз баҳсли. Турли манбаларда мусулмонлар сонининг 7 миллиондан 25 миллионга қадар экани айтилади.

Россиядаги етакчи дин пешволари билан учрашган Дмитрий Медведовнинг ўзи эса Россияда бугун 20 миллионга яқин мусулмон яшаётганини тилга олди.

Россиянинг Осиё қисми мусулмонлари идораси раиси ва олий муфтий Нафигулла Аширов¸ бугунга келиб Россия мактабларда мусулмон ўқувчилар учун дин асосларини ўргатувчи алоҳида машғулотларнинг ташкил этилишини, умумиятла ижобий воқеа дея баҳолади:

- Агар ёдингизда бўлса, 1990 йиллардан буён Россия Православ черкови Россиянинг барча мактабларида, ўқувчиларнинг динидан қатъий назар, насронийликнинг православ мазҳаби бўйича машғулотлар жорий этишни талаб қилиб келаётган эди. Бу кескин қаршиликка учради ва ниҳоят, баҳс якунида барча дин асослари мактабда ўқитилсин, деган қарорга келинди. Бу қарорни қабул қилиш мумкин, албатта, дейди Россия олий муфтийси.

Россия мактабларида дин асослари ўқитилар экан, бундай сабоқ қандай кўринишда бўлади, деб сўраймиз муфтий ҳазратларидан.

- Президент Медведевнинг эълон қилишича, бу эксперимент доирасидаги сабоқларни дунёвий фанлардан дарс берувчи ўқитувчилар ўтади. Яъни, улар махсус тезкор курсларда тайёргарликдан ўтган ўқитувчилардир.

Дарсларда эса, мисол учун, православлик мазҳаби ёхуд Ислом дини асослари ўргатилади. Яъни, бу машғулотлар болаларнинг ўзлари мансуб бўлган дин билан таништирувчи ва дини асосларини ўргатувчи дарс бўлади.

Агар бу эксперимент муваффақиятли бўлса, албатта, кейин ўқитувчиларга талаб кучаяди ва бизнинг бошқарма ҳам ўз дарсликлари, ўқитувчилари билан бу жараёнга қўшилади, дейди олий муфтий Нафигулла Аширов.

Россияда диний таълим бобидаги баҳс шу тариқа ечим топганидан қониқиш билдирган муфтий, айни пайтда, бундай ислоҳотнинг баъзи хавотирли оқибатлари борлигини ҳам тилга олди. У ўз фикрини конкерт бир мисол билан изоҳлайди.

- Ўз вақтида бир мактаб ўқувчиси диний ибодатни қилмагани учун танаффус чоғида синфдошлари томонидан калтаклангани катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Яъни, руҳоний мактабдаги дарсини ибодатдан бошлаган. Ўқувчилардан бири эса католик мазҳабида бўлгани боис ибодатдан бош тортган. Танаффус чоғида синфдошлар уни яккалаб, калтаклаган эди.

Биз дунёвий давлатдаги жамиятнинг бир бўлаги сифатида шундай хавотирли оқибатлардан қочиш учун динни жамоат мактабларига олиб кирмаслик, алоҳида, махсус мактабларда ўқитиш тарафдори бўлган эдик. Аммо, давлат раҳбари ўз қарорини эълон қилди ва энди бу экспериментнинг натижасини кутамиз, дейди Россия олий муфтийси Нафигулла Аширов.

Россия мактабларида дин асослари ўргатилишини бир томондан маъқуллаб, бошқа томондан эса хавотирли оқибатлари бўлишидан қайғураётган Россия олий муфтийси бундай таржиба аҳолиси, асосан, бир динли бўлган мамлакатлар учун балки муваффақиятлидир, деган фикрда.

- Ўзбекистон бир динли мамлакат, дейиш мумкин. Худди араб давлатлардаги каби бу давлатларда ҳам мактабларда дин асослари ўргатилиши ўзини оқлайди, деб ҳисоблайман. Яъни, бола мактабда ҳам, уйда ҳам бир диндан сабоқ олади, дейди Нафигулла Аширов.

Аммо, аҳолисининг қарийб 90 фоизи Ислом динига эътиқод қиладиган Ўзбекистон мактабларида дин асослари деярли ўқитилмайди.

Деярли, деганимизнинг боиси, умумий ўрта таълим дастурига “Одобнома” номли предмет қўшилган ва бу дарсда одоб-аҳлоқ нормалари билан бирга, гўёки, дин асосларини ҳам ўргатилар эди.

Аммо, бугунги кунда республиканинг аксарият мактабларида бу предмет ўқитилмаяпти ёХуд ўқитилса-да, бу предметнинг дин асосларига тегишли бўлган қисқагина қисми ҳам қисқариб кетган, дейди фарғоналик Ҳусанбой ҳожи.

- Ҳозир мактабда бу дарслар йўқолиб кетган. Мактабда бу дарслар бўлмаяпти ҳозир. Олдин "Одобнома" бор эди. Масжиднинг имомлари кириб¸ кунда бир-икки соат дарс бериб турарди. Ҳозир бунақалар йўқолиб кетган. Ҳозир дин тўғрисида мактабларда умуман дарс берилмайди. Мана 9 синфгача ўрта мактаб. Шунда берилмайди. Биз шу нарса ўргатилса¸ шунга жуда нима эдик, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Расман ташкил қилинган диний таълим муассасалари, масалан, мадрасалар ёXуд ўрта-махсус таълим муассасалари ва олий ўқув юртлари эса кўп миллионлиk Ўзбекистон учун жуда оз, дейди бу суҳбатдош.

- Қуръон нима¸ Қуръон кимнинг китоби¸ қаердан келган¸ кимдан тушган¸ қанақа тушган – буларнинг ҳаммаси ëш болаларга ўргатилса¸ оқим деган нарсалар ҳам йўқолиб кетарди. Бу оқимларнинг кўпайиши¸ ëшларимиз илмга чанқоқ¸ ким ўргатса¸ ўшанга ишониб кетаверадида. “Бу Қуръонда шунақа” деса¸ ишониб кетаверадида. У оқимнинг нималигини кейин тушуниб қолиб¸ телевизорга чиқиб¸ президентдан кечирим сўраб. Буни дарслик қилиб киргизиб қўйиш керак. Бунинг ҳеч қанақа зиëни йўқ. Бунинг халққа фойдаси бор. Буни киргизишмаяпти. Тепадагилар ҳозир чатоқ бўлиб¸ динга тескари. Мактаб дарсликларида бу нарса йўқ, дейди фарғоналик Ҳусанбой ҳожи.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев ҳам Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий, маънавий муаммоларнинг аксарияти сабабини халқ менталитети, миллий маданиятининг асосини ташкил қилган диндан илм олишнинг йўқлиги билан боғлайди.

У ўзи бўлиб қайтган Ғарб давлатлари тажрибалари билан Ўзбекистондаги вазиятни қиёслайди.

- Кўп Европа давлатларида бўлдим. Европа давлатларининг мактабларида бошланғич синфда¸ албатта¸ диний таълим ўргатилади. Таълим программасига киритилган. Бекорга бошланғич демаган. Бола энг узоғи 9-10 ëшгача оладиганини олиб бўлади. Қолгани кейин шаклланади. Бизнинг динимизнинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ. Ўғирлик мумкин эмас¸ ғарлик мумкин эмас¸ бошқаси мумкин эмас. Бундан давлат ҳам¸ халқимиз ҳам ютадию. Бошланғич этапида шу нарса киритилса¸ олам гулистон бўларди. Оппоқ ойдин йўлда кўрсатиб қўйипти ҳаммасини. Гап уни ҳаëтга тадбиқ этишда, дейди Ҳамроев.

Ўзбекистонлик жамиятшунос Бахтиёр Исабеков ҳам шу фикрда ва Ўзбекистондаги бугунги нобарқарор сиёсий вазият сабабларини ҳам диний саводсизликдан қидиради.

У президент Каримовнинг мустақилликнинг илк йилларидаёқ айтган гапини ёдга олди.

- Президентимиз мухбирнинг “Сизнинг мамлакатингиз мусулмон мамлакати” деган гапига¸ “Бизнинг давлат ҳеч қанақа мусулмон эмас¸ дунëвий давлат” деган эди. Бу тасодиф эмас эди. Масалан¸ ўша якка ҳокимликни биласиз. Демак¸ у одам бунақа бўлишини истамаган шу пайтгача¸ ҳозир ҳам истамайди¸ дейди Бахтиëр Исабеков.

Шундай экан, бу режим ҳокимиятда бўлган даврда Ўзбекистонда дин асосларидан эркин сабоқ олиш имкони туғилишига ишониш қийин, дейди Бахтиёр Исабеков.

Аммо, жамиятшунос фикрича, бундай сабоқ зарур.

- Динда ҳам маълум бир мазҳабларга бўлинишдан тортиб ҳар бир дин вакили ўзининг динини жуда улуғлаши ҳам ўша айнан бошқа динларни билмаслиги ва ҳатто ўзининг динини ҳам чуқур англамаслиги натижасида мана шу динлар орасидаги низолар келиб чиқади. Ўшанинг шаклигагина эътибор берган одамлар томонидан бир дин вакилининг икинчисига зид қўйилиши бошланади.

Агар Россия шундай қарор қабул қилган бўлса¸ табриклаган бўлардим ва бу бордию Ўзбекистонда жорий қилинадиган бўлса¸ бундан ҳеч ким ютқазмайди. Ҳатто ҳукумат “бутун халқ экстремист бўлиб кетади” деб қўрқмаса бўладиган нарса¸ дейди ўзбекистонлик жамиятшунос Бахтиëр Исабеков.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Мусулмонлар диний идораси ва Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистонда эркин диний таълим олиш имкони йўқлиги, давлат муассасаларида эса бу имконнинг ўта чеклангани ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдириб келади.

Марказий осиёлик исломшунос олим Ҳабибулла Ҳакимов ҳам Россияда бошланган бу ислоҳотни маъқуллайди.

Унинг фикрича, асосан, бир динли бўлган Ўзбекистон каби мамлакатларда умумий ўрта таълим дастурига Ислом дини асосларини ўргатувчи предмет киритилса, Ислом дунёсини қийнаб турган асосий муаммолардан бири — тарқоқлик, фирқаларга бўлинишнинг олдини олиш ҳам мумкин бўлар эди.

Ҳабибулла Ҳакимов: Ўзи бугунги Ислом умматининг¸ Ислом мусулмонларининг фирқа-фирқа бўлганлигининг сабаби ҳам дин тўғрисида маълумотлар бир хил эмаслиги. Ҳатто динни ҳар ким ҳар хил тушунгани сабабли¸ мусулмонлар ўртасида гуруҳбозликнинг жуда кучайиб кетгани ҳам айнан Россиянинг қилган иши тўғрилигига далолат қилса керак. Чунки ëшликда берилган маълумот¸ ëшликда берилган тушунча одамда ҳаëти давомида маҳкам ўрнашиб қолади.

Менимча¸ дин асосларининг ҳар хил қилмасдан ҳаммага бир хил қилиб берилиши¸ бирликнинг пайдо қилинишида яхши натижа берса керак. Давлат астойдил шуғулланиб¸ дин ҳақида бир хил тушунчани тарқатадиган бўлса¸ хусусан диннинг одамларга яхшилик¸ яхши жамият тузишдаги¸ одамлар ўртасини яхшилаш тўғрисидаги фикриятлари бир хил тарғибот қилинса¸ албатта дин яна пайғамбаримиз (с.а.в) даврларидагидек бирлаштирувчи¸ халқни жипслаштирувчи¸ яхши йўлга етакловчи вазифаларни бажаради.

Менимча¸ Россия бу нарсанинг зарурлигини сезиб қолди. Чунки¸ менинг эшитишимча¸ Россияда ëшлар ўртасида хулқий бузуқлик роса кучайиб кетган. Совет иттифоқининг худосизлик тизимининг инерция таъсири туфайли ҳам¸ бундан ташқари рус халқининг ичкиликка берилиш¸ оиладаги муҳитнинг чатоқлиги туфайли руҳий тарбия зарурати юзасидан бу қарор қабул қилди.

Озодлик: Агар шу нуқтаи-назардан олинса¸ масалан радикаллашув кучайиб кетаяпти¸ деб хавотир билан қаралаëтган минтақага¸ айниқса Ўзбекистонга мактабларда диний таълимни жорий қилиш зарур бўладида.

Ҳабибулла Ҳакимов: Албатта. Фақат ўша якдилликка олиб борадиган¸ тўқима эмас¸ ҳақиқий¸ тўғри Исломннинг яхши жиҳатларини¸ урғу бериб айтганда¸ яхшилик тарафидан Исломни танитишлик¸ менимча¸ ҳеч қайси давлатга зарар келтирмайди. Чунки Ислом дини бу раҳмат бўлиб келган. Қаерда бўлса¸ қандай бўлса мусулмонларни ҳам¸ мусулмонлар учун ҳам бу диннинг тарқалиши ҳақиқий¸ тоза¸ яхши тушунчада¸ тўғри тушунчада тарқалиши ҳамма учун яхшилик бўлади.

************************************************

Азиз муштарий!

Сиз конституцияга мувофиқ дин давлатдан ажратилган Ўзбекистон мактабларида Ислом асослари сабоғи киритилиши лозим¸ деган фикрларни қўллайсизми? Ëхуд маориф ва таълим тизимининг диний таъсирдан холи бўлиши тарафдоримисиз?

Бу ҳақда фикрларингизни шарҳ учун ажратилган катакчага ëзинг ва бизга йўлланг! Баҳсга қўшилганингиз учун¸ олдиндан ташаккур!
XS
SM
MD
LG