Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Душанбедаги портлашлар кимнинг иши?


Ким уюштиргани ҳозирча қоронғулигича қолаëтган Душанбе портлашлари оқибатида айтарли шикаст етмагани айтилмоқда.
Ким уюштиргани ҳозирча қоронғулигича қолаëтган Душанбе портлашлари оқибатида айтарли шикаст етмагани айтилмоқда.

Бу саволга жавоб излаëтган кузатувчилар¸ жавоб асносида Ўзбекистон исломий ҳаракатидан тортиб¸ Россия ва Ўзбекистон махсус хизматларигача тилга олмоқда.

Тожикистон ҳукумати қурбонлар ва жиддий талофотларсиз содир бўлган бу портлашлар юзасидан тергов бораётганини маълум қилган бўлса-да, ким содир этгани ҳақидаги дастлабки тахминни ошкор қилгани йўқ.

Тожикистон пойтахтидаги биринчи портлаш 25 июл кечки соат 9 атрофида Душанбе аэропорти яқинида, иккинчи портлаш эса 26 июл тонгга яқин шаҳар марказидаги “Тожикистон” меҳмонхонаси ёнида юз берди. Ҳар иккала портлашларда ҳам¸ хабарларга кўра¸ фақат биноларнинг дераза ойналари тўкилган, қурбонлар бўлмаган.

Ҳозирча фақат Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Давлат Назриев бу воқеа юзасидан баёнот бериб, портлашларнинг кейинги тўрт кун ичида ўтказилиши белгиланган сиёсий тадбирларга дахли йўқ эканини айтди.

Душанба куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган брифингда вазирлик расмийси мамлакат хавфсизлик кучлари 28 июлдан 30 июлга қадар Тожикистонга келадиган уч президент хавфсизлигини тўла таъминлашга қодир эканини таъкидлади.

Брифинг чоғида у президентлар сафари ва музокаралар дастурини тақдим қилди.

- Авваламбор, Покистон президенти Осиф Али Зардорийнинг расмий ташрифи ҳақида ахборот бермоқчиман. Унинг ташрифи 28 июлда бошланади.

30 июл куни Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг ташрифи бошланади. Шу куни Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам амалий сафар билан Тожикистонга келади, деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Давлат Назриев.

Президентлар ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама сўзлашувлар бўлиб ўтади. Шунингдек, Тожикистон — Россия ва Тожикистон — Афғонистон президентлари ўртасида ўта муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Шундай муҳим тадбир арафасида Душанбе шаҳрида содир бўлган икки портлаш, мамлакат зиёлилари ва таҳлилчилари фикрича, жуда ғалати воқеа бўлди.

Тожикистон ҳукуматига яқин манбалар¸ расмийларнинг жз ораларида бу портлашларни Тавилдара районидаги вазият билан боғлаётганини айтмоқда.

Мисол учун, “СА-news” нашри Тожикистон ҳукуматидаги аноним манбага таяниб, расмий доираларда бу портлашни аҳолини қўрқитиш ва ҳукуматни обрўсизлантиришдан манфаатдор гуруҳлар қилди, деган версия борлиги ҳақида ёзди.

Бу версия тарафдорлари бир ҳафта муқаддам мамлакат шимолидаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзолари, дея тақдим қилинган уч жангари қўлга олинганини тилга олмоқда.

Тожикистон махсус хизмати берган маълумотга кўра, бу жангарилар мамлакат ҳудудида бир неча террорчилик ҳужумини уюштиришни режалаштирган ва гўёки, ҳаракат етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг махсус топшириғи билан Тожикистонга келганини тан олган.

Бироқ Тавилдарадаги бугунги вазият фақат расмий манбалар орқали ёритилаётгани боис¸ кенг жамоатчилик ва мамлакат мухолифати расмий позициянинг ҳаққонийлигига шубҳа билан қарамоқда. Шу жумладан, Тавилдарада Покистон ва Афғонистондан келган жангарилар гуруҳи юрибди, деган даъвонинг ўзи ҳам кучли шубҳаларга сабаб бўлмоқда.

Тожикистонлик таҳлилчи, минтақада хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Комёб Жалилов бироз муқаддам, шахсан, Тавилдарада бўлиб қайтгани ва сафари натижасида келган хулосасини сўзлади.

- Мен ўша минтақадаги қишлоқларни айландим ва маҳаллий аҳоли, уларнинг етакчилари билан суҳбатлашдим. Умуман олганда, аҳвол тинч, одамлар хотиржам. Улар билан суҳбатлардан сўнг комил ишонч билан бир нарсани айтишим мумкинки, ҳақиқатда ҳам бу минтақада террорчи-қўпорувчи гуруҳ ёки гуруҳлар юрибди. Улар камида беш-етти кишидан иборат гуруҳ ёки гуруҳлардир. Аммо, улар кимлар, қаердан келган ва нима мақсадда юрибди — буни ҳали аниқлаштириш лозим, дейди Комёб Жалилов.

Дарвоқе, дея бу эксперт, бу гуруҳларнинг Афғонистон томонидан келгани ва улар орасида, ҳукумат даъво қилгани каби Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари борлигига шубҳа билдиради. Шу асосда келган шахсий хулосаларига таяниб бу таҳлилчи, Душанбедаги навбатдаги портлашларни минтақа вазиятини беқарорлаштиришдан манфаатдор бўлган алоҳида сиёсий кучлар амалга оширди, деб ҳисобламоқда.

- Мен ҳам Ўзбекистон ва ҳам Россияда алоҳида террорчи гуруҳларни ўз мақсади йўлида ҳаракатлантиришга қодир бўлган мустақил сиёсий кучлар бор, деб тахмин қиламан, дейди тожикистонлик эксперт, ўз вақтида Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказида ишлаган Комёб Жалилов.

Тожикистонлик зиёлилар ва мухолифат вакиллари орасида Жалилов каби экспертлар фикрини қувватловчилар оз эмас. Айниқса, бир неча кун муқаддам Тавилдарада ёнида Россия паспорти бўлган бир неча жангаридан иборат гуруҳ ҳукумат кучлари томонидан йўқ қилингани бу каби тахминларни қувватламоқда.

Энг муҳими, Тожикистон ҳукумати Тавилдарадаги асл вазиятни зўр бериб, беркитишга уринаётгани боис расмий баёнотларга билдирилаётган шубҳалар ортмоқда.

Душанбе портлашларини таҳлил қилар экан, россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова қайсидир маънода расмий Душанбе баёнотларини қувватлайди.

- Менимча, бу портлашларни Тожикистон мухолифати ва Ўзбекистон исломий ҳаракатининг тарафдорлари қилган, деган тахминда жон бор. Яъни, бу портлаш Тожикистон ҳукумати қўшинларининг Тавилдарадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобан амалга оширилган бўлиши мумкин. Бироқ, бу ҳали тахмин ва аниқ маълумотлар, расмий баёнот бўлмас экан, бу ҳақда тугал гап айтиш имконсиз.

Аниғи шуки, минтақа ҳукуматлари ва Россия ҳукумати ҳозир ўзаро муносабатнинг бунақа диктат шаклидан воз кечиб, нормал музокаралар шаклига ўтган. Назаримда, бу қайсидир кучлар томонидан берилган огоҳлантирувга ўхшаяпти, дейди Санобар Шерматова.

Баъзи таҳлилчилар 25-26 июл портлашларини 2007 йил 16 июнда содир бўлган портлашга ҳам қиёсламоқда.

Ўшанда Душанбе шаҳридаги Олий суд биноси ёнида портлаш содир бўлган ва унда ҳам ҳеч ким жабрланмаган эди. Портлашдан бироз ўтиб, Тожикистон Олий суди бу воқеада ўзбек махсус хизматининг қўли борлиги аниқлангани ҳақида баёнот берган эди.
XS
SM
MD
LG