Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:35

Британия полициячилари ҳижоб кияди


Буюк Британияда полициячи ва ўт ўчирувчи мусулмон аёллар учун махсус униформа жорий этишга ҳаракат қилинаётган бир пайтда Марказий Осиёдаги энг йирик мусулмон давлати бўлмиш Ўзбекистонда ҳижобли аёлларга бозорларда савдо қилиш ҳам таъқиқланмоқда.

Буюк Британияда полиция ва ёнғиндан сақлаш хизматида ишловчи мусулмон аёллар учун ҳижоб тарзида тикилган махсус униформа жорий этилди.

Британияда чоп этиладиган “The Daily mail” нашрининг хабар қилишича, бу тартиб ҳар икки соҳага ишга киришни истаган мусулмон аёллар учун ва Буюк Британия жамиятидаги кенгайиб бораётган мусулмон жамоалар билан мулоқотларда қулайлик яратиш учун жорий этилган.

Ҳозирча Британиянинг икки графлиги — Эйвон ва Сомерсет графлиги полициясида ишлаётган аёллар янги униформани кийиб ишлаб кўришга рози бўлишди.

“The Daily mail” нашрининг ёзишича, янги жорий этилган ҳижоб тарзидаги либосда полициячи аёллар мусулмон жамоалари яшайдиган, ишлайдиган ҳудудларда иш олиб боради. Мисол учун, масжидларга ана шу либосда киради. Полиция мутасаддилари бундан мақсад Буюк Британия ҳудудида яшаётган диний жамоалар эътиқодига эҳтиром кўрсатиш ва уларнинг эркини сақлаш эканини айтмоқда.

Бу графликларда полициячилар, асосан, икки рангда — полиция штатидаги ходимлар қора-оқ рангдаги, кўнгилли полициячилар эса ҳаворангдаги махсус кийим кияди. Шунга кўра, либоснинг кўриниши қора ёки ҳаворангдаги енги узун кофта, узун юбка ҳамда бошга ўрайдиган рўмол кўринишида бўлади.

Ҳозир Британия полицияси ва ёнғиндан сақлаш хизмати таркибида ҳам мусулмон аёллар кўпаймоқда. Айниқса, кўнгилли полициячи ва қутқарувчилар сафига қўшилаётган ёш муслима қизлар кўпаяётгани ҳақида инглиз матбуоти кўп ёзмоқда.

Шу боис, янги кўринишдаги униформани олқишлаган полициячи аёллар кўп бўлмоқда. Англия шарқида ҳижоб шаклидаги униформани жорий этган Линколншир графлиги Ёнғиндан сақлаш ва қутқарув хизмати вакили Эндрю Витфилднинг айтишича, ҳижоб шаклидаги униформани маъқуллаётганлар орасида эса мусулмон бўлмаган полициячи аёллар ҳам бор.

- Бизнинг Линколншир графлиги аҳолиси таркиби этник ва диний жиҳатдан жуда хилма-хил. Ходимларимизнинг ҳам насроний ва ҳам мусулмон жамоалар билан мунтазам алоқада бўлишига тўғри келади. Шу боис янги турдаги униформа аёл ходимларимиз учун мусулмон жамоалари билан мулоқотни изчиллаштиришга ёрдам беради, деган умиддамиз. Шунинг учун мусулмон диний жамоалари талаби доирасидаги униформани жорий қилдик, дейди Эндрю Витфилд.

Айни пайтда Витфилд ишлайдиган ташкилот учун бу қарорни қабул қилиш осон кечмаган. Ташкилот ходимлари ва жамоатчилик орасида бу ташаббус анчагина баҳс-мунозарага сабаб бўлган.

Бундай баҳсни “The Daily mail” нашри электрон сайтида чоп этган мақола остидаги шарҳларда ҳам кузатиш мумкин. Айрим ўқувчилар: “Узун кийимга ўралган ҳижобли аёл бизни қандай қилиб қутқариши мумкин” деб истеҳзо қилса, баъзилари: “Биз дунёвий давлат сифатида маълум бир стандартларни сақлаб қолишимиз керак эмасми?!” дея таажжубланмоқда.

Яна баъзи шарҳ эгалари бу ташаббусни олқишлаб: “Мусулмон жамоаларини бу тариқа ҳурмат қилиш уларнинг Британия жамоатчилиги билан интерграциялашуви жараёнини тезлаштиради”, деган фикрни билдирган.

Эндрю Витфилд шундай баҳсли саволларга жавоб берар экан, мусулмон аёлларга мўлжалланган униформалар қай ҳолатларда кийилиши ва қай ҳолатда кийилмаслигига ойдинлик киритди.

- Янги униформа, асосан, ташкилотимиз идораларида, аҳоли уйлари, мактаблар ва жамоат ташкилотларига тушунтирув ишлари бўйича уюштирилган сафарларда кийилади. Аммо ёнғиндан қутқарув амалиётларида қутқарувчилар хавфсизлиги ва ҳаракатланиши учун қулай бўлган махсус кийим кийилади. Яъни, содда қилиб айтганда, ҳижоб шаклидаги униформа мусулмон жамоалари билан мулоқот учун мўлжалланган, дейди Буюк Британиядаги Линколншир графлиги Ёнғиндан сақлаш ва қутқарув хизмати вакили Эндрю Витфилд.

Буюк Британия ва ғарбнинг бошқа давлатларида яшаётган муслима аёллар ва мусулмон жамоалари вакиллари орасида бу ташаббусни олқишлаганлар кўп бўлмоқда.

Ҳозир Ғарб давлатларидан бирида яшаётган суҳбатдошимиз Хадича исмли ўзбек аёл атрофидаги турли миллатга мансуб муслима аёллар эмин-эркин яшаб, ишлаб, ўқиб юрганидан мамнун эканини айтади.

- Ҳозир¸ алҳамдилуллаҳ¸ яшаб турган жойимда эркин¸ бемалол. Хоҳлаганча кийиниб юраверасиз. Юзингизни беркитсангиз ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Солиқ идораларида кўрганман¸ ҳокимиятларда ҳам кўрганман. Ҳижобли аëллар давлат ишларида бемалол ишлаб юрибди.

Ўзи Европа мамлакатларидаги халқлар жуда бошқача. Ҳар битта миллат билан инсон сифатида кўриб, яхши гаплашади, ҳурмат қилади. Балки шу жиҳатдан улар шу нарсани қўллаëтгандир. Биз яшаëтган жойда миллатлар жуда эркин¸ бемалол, дер экан Хадича опа эндиликда полиция ва ёнғиндан сақлаш идорасида ҳижоб шаклидаги униформада ўтирадиган аёллар пайдо бўлишини ижобий баҳолади.

Ғарб давлатларидан яна бирида яшаётган Муслима исмли аёл ҳам бундан мамнунлигини айтаркан, айни пайтда инглиз жамиятида бу борада кўтарилган баҳсларга эътибор қилиш керак, деган фикрни билдирди.

Унга кўра, гарчи Ғарб давлатлари ҳукуматлари мусулмон диний жамоаларининг ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга интилаётган бўлса-да, аслида жамоатчилик ичида бунга турлича ёндошаётганлар кўпчилик.

У шахсан ўзи гувоҳ бўлган ҳолатлардан мисол келтирар экан, ҳижоб ўраган полициячи ёки ёнғиндан сақловчи аёлни қарши олишга тайёр бўлмаган ғарбликлар албатта топилишини эътибордан соқит қилмайди.

- Ҳижобни сал замонавий қилиб ўрайдиганларимиз бор. Мисол учун, шим билан кофта кийиб, шунчаки рўмол ўраб қўядиган муслима қизларимиз бор. Шуни қабул қилишга тайëр булар. Мана, мисол учун, биз мактабга борадиган бўлсак¸ узун¸ кенг¸ шаръий талабга жавоб берадиган ҳижобда¸ юзимиз беркитилмаган ҳолатда¸ юзи беркитилгани у ëқда турсин¸ энг охирги шаръий талабга жавоб берадиган русумдаги кийимга ҳам ҳайрон бўлишди.

Айнан ўзимнинг мисолимда оладиган бўлсам¸ ўзим яшаëтган Ғарб давлатида мактабда ишлаган пайтимда: “мана булар шим кияяпти-ку, улар замонавий қилиб кияяпти-ку, нега сен шунақа кийинмайсан?” деган гаплар бўлди, дейди ғарб давлатларида бирида яшаётган ўзбекистонлик Муслима исмли суҳбатдошимиз.

Яна бир суҳбатдошимиз Дилобар эса мусулмонларга нисбатан оддий ғарбликлар орасида кескин ва хавотирли муносабат кучайиб бораётган бир пайтда балки бу ҳол ана шу муносабатнинг ўнгланишига хизмат қилар, дея фикр билдирди.

Ғарб ахборот воситаларида сўнгги йиллар давомида “террор” сўзи ёнига кўп ҳолларда “ислом” сўзнинг тиркалиши жамоатчилик фикрига ўз салбий таъсирини кўрсатиб улгурган.

- Ҳар битта одамнинг ўзининг фикри бор. Айтаëтганингиздай баҳслар бўлаяпти¸ бошқа бўлаяпти. Тўғри¸ мусулмонлар Европада кўпайиб бормоқда. Европада яхши имкониятлар яратилаëтганини инкор этиб бўлмайди. Бундай қарасангиз¸ ғарб одамими¸ бошқасими - бошига иш тушиб¸ фалокат бўлиб¸ уйи ëниб ëки бошқа бир нарса бўлганда буларга айнан рўмол ўраган аëлнинг фойдаси кўпроқ тегса¸ балки уларнинг ҳам фикри ўзгарар.

Кейин ҳар бир инсоннинг ўзи тушуниб етиши керак. Ислом билан террор деган нарсани ҳеч қачон боғлаш керак эмас. Бу умуман бошқа-бошқа тушунчалар. Ëмон ниятли одамларнинг Ислом билан террорни боғлашини¸ тўғрисини айтсам¸ жуда ҳам қоралайман¸ дейди Дилобар.

Муслима опа эса ўзи яшаб турган ҳудуддаги туб аҳолига аслида ислом дини улар ўйлаганидан кўра гўзал ва мукаммал дин эканини кўрсатишга тушунтиришга муваффақ бўлаётганидан қувонмоқда. У битта кичкинагина воқеани сўзлаб берди.

Бу мусулмон аёлларнинг эркаклар билан қўл бериб кўришмаслиги ҳақидаги воқеадир.

- Бошидан делонинг бошига “Қўл бериб саломлашмайди эркаклар билан” деб катта қилиб ëзиб қўйишди. Жуда оддий¸ жуда чиройли қабул қилишди. Кейин шу ердаги бир яқинимизнинг ўғли ҳайрон бўлибди. “Нима учун? Нега қўл бериб саломлашилмайди? Бу нарса мени жуда ўйлантирди. Қизиқ. Ўйлаб қаранг. Қўлини фақат ўз эрига ва ўз яқинларига беради. Демак¸ сен эга бўлмоқчи бўлган қиз фақат сеники бўлади. Бу жуда гўзал нарса-ку. Мен ҳам шуни хоҳлардим” деган гапни гапирди¸ дейди Муслима опа.

Британия полицияси ва ёнғиндан сақлаш хизмати униформаси таркибига ҳижобнинг ҳам киритилгани ҳақида фикр билдирар экан, ғарбда яшаётган муслима аёллар бу ҳолатни беихтиёр Ўзбекистондаги вазият билан боғладилар.

Жумладан, Хадича опа “Ғарб ҳукуматлари ҳатто полициячи аёлларга ҳижоб кийишга изн бераётган бир пайтда Ўзбекистонда ҳижобли аёллар бозорда савдо қилиш имконидан маҳрум этилмоқда”, деб ўкинди.

У куни кеча ўзи яшаб турган давлатга келган тошкентлик аёлдан эшитган хабарни тилга олди.

- У аëлнинг ойилари бозорда савдо қилаëтган экан. Бозорга келиб: “Бозорда ҳижоб кийманглар, ҳижоб кийиб¸ нарса сотманглар¸ сотувчилик қилманглар”, дейишибди. Жуда қаттиқ бўлган. Орасида озгина айтишув¸ тўполонлар бўлган¸ дейди Хадича опа.

Худди шундай хабарни Муслима опа ҳам деярли ҳар куни эшитар экан. У, айниқса, мактабдаги ҳижобли ва рўмолли ўқувчи қизларга тазйиқ ошганидан куюнди.

- Жуда кўп эшитаман¸ яқинларимнинг болалари¸ қизлари жуда қаттиқ таъқибга учрашаяпти. Ҳатто яхши ўқийдиган¸ ўта зеҳнли қизларнинг мактабда ўқишига рухсат йўқ. “Ë рўмолингни еч¸ ë ўқи, иккаласидан биттасини танла” деган шартлар қўйилаяпти. Синфдошларининг орасида изза қилинаяпти¸ рўмоли олиб ташланаяпти. Баъзи пайтлари ўқитувчиларнинг жаҳл билан рўмолни йиртиб ташлаëтган ҳолатларини эшитаяпмиз. Бу жуда оғир. Бу ҳақда деярли ҳар кун эшитамиз¸ дейди Муслима опа.

Ҳар икки суҳбатдошимиз Ўзбекистон ҳукуматининг ҳижобли аёлларга нисбатан бу тахлит сиёсатидан жабр кўрган ва шу боис юртини тарк этган аёллардир.

Улар бу сиёсат аслида ҳукуматнинг ҳам зарарига хизмат қилмоқда, диний эркинликни бўғиш мусулмонларни тўғри йўлдан чиқармоқда, баъзи мусулмонларни эса мутаассиблик томон итармоқда, деган фикрда.

Муслима опага кўра, мусулмон жамоалари билан мулоқотни кучайтираётган, уларни яхшироқ ўрганишга уринаётган ғарб тўғри йўл тутаяпти. “Зеро, ҳақ йўлдаги мусулмонларнинг ҳукуматлардан беркитадиган айби йўқ”, деб ҳисоблаган Муслима опа яна бир фикрни қўшимча қилди.

- Мана, мисол учун, эркинликни билса¸ булар билади сизни. Кафтдагидай билади радикаллик кимда бор¸ кимда йўқ. Шу нарса яхшироқ барибир. Ўзлари билан суҳбатлашсангиз ҳам шунақа дейди. Ëпиқ бўлгандан кўра бизнинг кафтимизда тургани маъқул, дейди. Менимча¸ буларнинг иши ақллироқ иш. Икки томон ҳам қийналмайди¸ дейди ҳозир ғарб давлатларидан бирида истиқомат қилаётган Муслима опа.
XS
SM
MD
LG