2010 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистондаги вазирлик, бошқарма ва ташкилот ходимлари, хорижга чиқувчи ҳамда паспорт олиш ёҳуд паспортини алмаштириш ёшига етган фуқароларга биометрик паспорт берила бошланади.
2011 йилдан 2015 йилга қадар эса республикадаги барча фуқароларнинг паспорти биометрик паспортга алмаштирилади.
“Республика бўйлаб биометрик маълумотларни йиғиш учун қарийб 215 та пункт очиш режалаштирилмоқда. Бу пунктларда йиғилган маълумотлар Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персонализация марказига берилади. Биометрик паспортлар шу марказда тайёрланади”, дея маълумот берган “Риа-новости” агентлигига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси раҳбари Бадриддин Шорихсиев.
2010 йил январига қадар эса тўрт ойгина вақт қолди. Хорижда юрган миллионлаб ўзбекистонликлар агар 2010 йил январдан паспортни янгисига алмаштириш тизими бошланса, манзил йироқ, ҳозирданоқ йўл тадоригини кўриш керакмикин, дея ташвиш қилмоқда.
Гарчи, Ўзбекистоннинг муддати ёҳуд саҳифаси битган паспортини мамлакатнинг хориждаги консулликларидан олиш мумкинлиги айтиб қўйилган бўлса-да, аммо одатан, Ўзбекистон паспорти, айниқса, хорижга чиқиш визасини олиш учун мамлакатга бориш талаб этилади.
Шу боис, бу хабар ортидан туғилган қатор саволлар, жумладан, биопаспортнинг берилиш тартиби, муддати ва шунингдек, бундай паспортнинг шаклу-шамойили, афзаллиги ҳақидаги саволлар билан бошқармага боғландик.
Шахсан Бадриддин Шорихсиевнинг ўзи билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Аммо бошқарманинг ўзини таништирмаган вакили саволларимизга жавобан республикада биометрик паспорт берилиши ҳақида эълон берилгани билан ҳали унинг тартиб-қоидаси тўла ишлаб чиқилмаганини айтди.
- Президентимизнинг фармонлари бор. 2010 йилдан бошлаб берилади. 2011 йилдан 2015 йилгача қолган ҳамма паспортлар алмаштирилади деган фармон бор.
Озодлик: Биринчи бўлиб хорижда юрганлар олса. Масалан, 2010 йилга ҳам озгина қолдида. Улар нима қилиши керак? Олиш учун Ўзбекистонга келиши керакми?
- Ҳозир қонун ишлаб чиқилади. Чет давлатда юрганларга қандай тартибда берилиши тўғрисидаги масалалар¸ қонун-қоидалар¸ йўл-йўриқлар кўриб чиқилгандан кейин бу тўғрида маълумот берилади.
Озодлик: Демак¸ ҳали тартиб-қоида ишлаб чиқилмаган?
- Ҳозир ишлаб чиқилаяпти. Кейин маълумот оласиз.
Озодлик: Биопаспорт дегани қанақа бўлади?
- Шу оддий паспорт¸ фақат микрочип бўлади.
Озодлик: У ерга масалан бармоқ излари киритилган бўладида-а?
- Мен сизга айтаяпман¸ берилиш тартиби ишлаб чиқилади¸ кейин оласиз маълумотни, - деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармасининг ўзини таништирмаган вакили.
Демак Ички ишлар вазирлиги мутасаддисининг сўзларига кўра, ҳали тегишли тартиб-қоида ишлаб чиқилмаган. Худди шунингдек, биометрик паспорт тайёрланадиган Давлат персонализация маркази ҳам эндигина таъсис этилган.
Бу ҳақда бизга ахборот берган Ўзбекистон вазирлар маҳкамаси ходими: “Ҳали ҳеч нарса тайёр эмас, ҳаммаси энди-энди бошланаяпти”, деди.
Тошкент шаҳридаги паспорт столида ишлайдиган ва ўзини таништирмаган ходимлардан бири ҳам Озодлик билан суҳбатда биометрик паспорт тизимига ўтиш ҳақидаги эълондан бошқа ҳеч қандай кўрсатма келмаганини айтар экан, бу паспорт қай кўринишда бўлиши ҳақида ўзи билган ахборотни ўртоқлашди.
Унга кўра, биопаспортлар Хитойдан келтириладиган технология асосида тайёрланади. Махсус гуруҳ Хитой тажрибасини ўрганиш учун 10 август куни сафарга жўнаб кетган.
- Бугун Хитой аппаратураларини ўзлаштиришга жўнаб кетишади. Кўз нури билан бармоқ изи киритиларкан. ОВИР ва бошқалар ҳаммаси унинг ичига кириб кетаркан ва битта паспорт бўларкан. Чиқиш визаси очиб юрмайсиз-да¸ шу паспорт билан чиқиб кетилаверади,- деди Тошкент шаҳридаги паспорт столида ишлайдиган, ўзини таништирмаган ходимлардан бири.
Дунёнинг аксар давлатларида биометрик паспорт оддий паспорт ичига махсус микрочип жойлаштирилган шаклда тайёрланади. Микрочип ичига эса фуқаронинг бармоқ излари, икки ўлчамли фотосурати, шунингдек, исм-фамилияси, фуқаролиги, туғилган йили, паспорт рақами ва амал қилиш муддати ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Баъзи иқтисоди ривожланган давлатларда фуқаронинг кўз тўр пардаси тасвири ва овози ёзуви ҳам киритилмоқда. Зеро, биометрик паспортни тайёрлаш технологияси арзон эмас. Хусусан, Россияда биометрик паспорт тизимига ўтиш жараёни ҳукумат учун камида 314 миллион АҚШ долларига тушиши тахмин қилинмоқда.
Жаҳон тажрибасида биометрик паспорт, асосан, халқаро аэронавигация хавфсизлигини кўзлаб жорий этилган. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин дуёнинг 188 давлати хориж давлатлар визаси ва хорижга чиқиш паспорти учун шахсни идентификация қилишнинг асосий технологияси сифатида юз биометриясини танлади.
Бироқ, сохталаштириш имконсиз, деб қаралган биометрик маълумот ва бармоқ изларини ўз ичига олган биометрик паспорт хавфсизлиги ҳам кейинги пайтларда шубҳа остига олинмоқда.
Мисол учун голландиялик олим Буюк Британияда берилган биометрик паспортни олиб, уни террорчи Усама бин Лодин номига сохталаштирди ҳамда текширув тизими сифатида халқаро аэропортларга тақдим этилган махсус дастур кўригига топширди. Дастур сохта биометрик паспортни ҳақиқий, деб топди. Бу сохта паспортни тайёрлаш учун эса голландиялик олим атиги 80 АҚШ доллари сарфлади.
Шу боис, Ўзбекистон ҳукумати ҳам 2010 йилдан бошлаб жорий этишни кўзлаган бу тизим ҳали етарли даражада мукаммалаштирилмаган тизим, деб қаралмоқда ва уни такомиллаштириш устида дунё олимлари иш олиб бормоқда.
Ўзбекистонда фуқаролик паспортини биометрик паспортга алмаштиришга тайёргарлик жараёни бошланди, аммо биопаспорт берилиши тартиб-қоидаси ҳали ҳам ишлаб чиқилмаган.