Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:29

Чегарачилар муроса йўлини тутмоқчи


Маълумотларга кўра, қирғиз ва ўзбек чегарачилари бундан буён чегараолди ҳудудларида зиддиятнинг чуқурлашиб кетмаслигига йўл қўймасликка келишиб олганлар.
Маълумотларга кўра, қирғиз ва ўзбек чегарачилари бундан буён чегараолди ҳудудларида зиддиятнинг чуқурлашиб кетмаслигига йўл қўймасликка келишиб олганлар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари чегара муаммоларини дипломатик тарзда ҳал қилишга келишиб олдилар. Бу ҳақда Қирғизистон чегара хизмати маълум қилди.

Қирғизистон чегара хизмати ходими Жўўдар Исақуловнинг айтишича, 11 август куни Ўзбекистоннинг “Учқўрғон” чегара пунктида бўлиб ўтган учрашувда Қирғизистон чегара хизмати жанубий ҳудуд бошқармаси бошлиғи Ақилбек Нишонов ва Ўзбекистон Республикаси “Восток” ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Жўраев қирғиз-ўзбек чегарасида мавжуд бўлган муаммоларни муҳокама қилганлар:

- Учрашув натижалари бўйича тарафлар қирғиз-ўзбек чегараларида хавфсизликни ва чегараолди ҳудудида тартибни таъминлаш бўйича қўшма ҳаракатларни кучайтириш, баҳсли вазиятлар юзага келганида муаммони тезлик билан ҳал қилиш учун чегарачилар учрашувини ўтказиб, зиддиятнинг чуқурлашиб кетишига йўл қўймаслик, чегарада юзага келган муаммоларни куч билан ҳал қилинишига йўл қўймасдан, дипломатик тарзда ҳал қилиш ва чегараолди ҳудудларида тартиб-интизомни сақлаш бўйича аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боришга келишиб олдилар, деди Жўўдар Исақулов.

Қирғизистон чегара хизмати расмийсининг айтишича, учрашувда Жалолобод вилояти Ахси туманининг Бойқишлоқ қишлоғи яқинидаги баҳсли ҳудудда жойлашган Ўзбекистон фуқаролари уйларининг бузилиши масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Бундан бир неча кун аввал Ўзбекистон вакиллари бу баҳсли ҳудудда яшовчи ўзбекистонликларнинг уйларини бузиб ташлаган эдилар.

Учқўрғонда ўтган чегара хизмати раҳбарлари учрашувида Ўзбекистоннинг “Восток” ҳудудий чегара бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Жўраев ушбу уйларнинг эгаларига хусусий уй қуриш учун ер участкаси ва молиявий кўмак берилганини, баҳсли ҳудудда жойлашган Қирғизистон фуқароларининг уйлари бузилмаганини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча ой мобайнида қирғиз-ўзбек чегарасида бир неча нохуш воқеа қайд этилди. Улардан энг сўнггиси шу йилнинг 20 июл куни бўлиб ўтди.

Шу йилнинг 20 июл куни кечга яқин Боткен туманининг Чорбоғ қишлоғи билан Ўзбекистоннинг Сўх туманига қарашли Хушёр қишлоғи ўртасидаги чегара ҳудудида қирғиз чегарачилари билан Ўзбекистон фуқаролари ўртасида жанжал чиққан.

Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистоннинг икки фуқаросини калтаклаган, шунингдек, Ўзбекистонга қарашли Хушёр қишлоғи аҳолиси Қирғизистоннинг Чорбоғ қишлоғидаги сув қувурини ўзбошимчалик билан бузиб ташлаган.

Воқеа жойига Боткен чегара отряди командири шахсий таркиб билан келганида у ерга 300 га яқин ўзбекистонлик тўпланган ва қирғиз чегарачиларини тошбўрон қилган.

Мутахассисларга кўра, бундай можаролар қирғиз-ўзбек чегарасида баҳсли ҳудудларнинг кўплиги, чегарадаги делимитация ишлари якунига етказилмагани туфайли содир бўлмоқда.

Қирғизистон Омбудсменининг вакили Айтали Айқановга кўра, қирғиз-ўзбек чегарасидаги масалалар икки давлат раҳбарлари ўртасида ҳал қилиниши керак:

- Қирғизистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабати халқаро меъёрларга асосан йўлга қўйилган. Бироқ охирги юз берган воқеалар, масалан, Сўхда ўзбек чегарачилари машинани отгани, қирғиз чегарачиларининг ўзбек чегарачилари томонидан гаровга олингани - бу албатта яхши кўриниш эмас.

Бу ҳозирги сиёсий вазиятга салбий таъсир кўрсатади. Менимча, Қирғизистон давлат раҳбари тез орада Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилаш бўйича тезкор чораларни кўриши зарур, деди Айтали Айқанов.

Чегара муаммоларини ўрганувчи мустақил кузатувчиларга кўра, қирғиз-ўзбек чегарасида порахўрликнинг кундан-кунга кучайиб бориши чегара муаммоларининг юзага келишига асосий омил бўлмоқда.

Чегара масалаларини мунтазам ёритиб борувчи бишкеклик журналист Артур Галеев фикрича, расмийлар чегарадаги порахўрликка барҳам бериш учун деярли ҳеч қандай чора-тадбирларни кўрмаётирлар.

- Англашимча, биринчидан, Ўзбекистон томони чегарадаги порахўрлик бўйича маълумотга эга, бироқ ҳеч қандай чора кўрмайди. Бизнинг ҳукуматимиз ҳам бу борада аниқ маълумотга эга. Лекин қирғиз ҳукумати ҳам конкрет бир чора кўрмайди. Бундан эса чегара атрофида яшовчи аҳоли ўз ҳолига ташлаб қўйилган, ўз муаммоларини ўз билганича ҳал қилмоқда, чегарачилар эса вазиятдан фойдаланиб, халқни таламоқда, деган фикр келиб чиқади, дейди Артур Галеев.

Аснода қирғизистонлик бошқа кузатувчилар ҳам икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтаётган учрашувлар кутилган самара беришига, бу учрашувларнинг чегараолди ҳудудларида истиқомат қилувчи икки давлат фуқароларига бирор фойда келтиришига шубҳа билан қарамоқдалар.
XS
SM
MD
LG