Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Эркин микрофон - Милиция ҳақида ҳикоялар


Ўзбекистонда мелисанинг нархи 200 сўм¸ дер экан тўйтепалик Аҳмаджон ака¸ бундай дейишига сабаб воқеани ҳикоя қилади.
Ўзбекистонда мелисанинг нархи 200 сўм¸ дер экан тўйтепалик Аҳмаджон ака¸ бундай дейишига сабаб воқеани ҳикоя қилади.

“Эркин микрофон” рукнининг бугунги сонини аслида “Ўзбек милицияси ҳақида тўрт ҳикоя” деб номласа тўғрироқ бўлади. Бу ҳикояларни ўқиб¸ бугунги ўзбек милицияси қиëфасини тасаввур қилиш қийин эмас.

Тошкент вилоятининг Тўйтепа туманидан сим қоққан Аҳмаджон исмли суҳбатдошимиз — собиқ савдогар ва ҳайдовчи — Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги милиционерлар билан ўз бошидан кечирган тўртта саргузаштни сўзлаб берди.

Бу ҳикояларни тинглар эканмиз, бундай саргузаштга учраганлар ўзбекистонликлар орасида кўпдир, деган ўйга бордик ва бу кундалик ҳаëтдан олинган ҳангомаларни оқзмай-томизмай Сизга еткизишга қарор қилдик.

Демак, Тўйтепалик Аҳмаджон аканинг биринчи ҳикояси:

“Радарини панада тутадиган милицонер”

Аҳмаджон ака: Радар деган нарса ҳеч қачон панада турмайдику. Бунақа қонун йўқ. Биз суриштирдик. Дарахтнинг тагида туриб оладими ҳеч замонда! Дарахтнинг тагига бойлаб қўйишса¸ кучуклар турадию. Улар одамку. Қонун бўйича ҳужжат текшириб¸ протокол тўлдирса ҳам майли. Соққасини олиб жўнатиб юборишади. Бузилаëтган уйларнинг ичига кириб олишадимией.

Озодлик: Ўша ҳудудда радар кузатуви борлиги ҳақида ҳеч қандай огоҳлантирув йўғ-а?

Аҳмаджон ака: Йўқ. дарахт тагида радар билан пойлаб туришга уларнинг ҳаққи йўқда.

Озодлик: Шунақа назоратга дуч келганмисиз? Шахсан ўзингиз гувоҳ бўлганмисиз?

- Келганман. Мен соатига 70 километр тезликда кетаяпман¸ унда эса 80 километр чиқаяпти. Олдин ушланган тезликни менга қўйиб юбораяпти. Аниқ нарса бу. Чунки менинг ҳам кўзим кўр эмаску. Бунинг устига ҳайдовчиман¸ кўзимнинг олдида турадию. “Дарахт тагида пойлаб туришга сизларнинг нима ҳақларингиз бор?” десам¸ “Бизлар хоҳлаган жойимизда турамиз” дейди.

Ўша ерда “5000 бераман” деган эдим¸ ҳайдовчилик гувоҳномамни қайтариб берди. Бу 5000 сўм давлатга тушмайдию. ГАИ ходимининг чўнтагига тушади. Битта одамдан 5000 тушса¸ кунига 250 минг ишлаяптию булар. Масалан¸ 150-200 минг сўмлик ойлик билан ГАИ ходими баланд иморат қура олмайдию. Пул қаердан келаëтганини ҳеч ким суриштирмайди¸ тўғрими? Бунда бизнинг Ўзбекистонимиз қачон ривожланади? Қачон ҳалоллик бўлади? Шунақа қилиб бир-бирининг гўштини еб ëтаверади¸ дейди Аҳмаджон ака.

Тўйтепалик Аҳмаджон аканинг ўзбек милицонерлари билан содир бўлган иккинчи саргузашти:

“Тушликни йўловчидан тунайдиган милиционер”

Аҳмаджон ака: Қаердан ҳам байрам бўлдию¸ мен Тошкентга бордим. Ëнимда паспортим йўқ эди. Мен шаҳарда ҳеч паспорт олиб юрмаганман. Қўқонлик эмасман¸ фарғоналик эмасман ëки Самарқанддан келган эмасман. Қўйлиқда йўлнинг нариги томонига ўтаяпман.

Иккита милиция бола турган экан¸ мени тўхтатди. Сўрашдим. “Қаëққа кетаяпсиз?” дейди. “Нима эди?” десам¸ “Ие¸ сиз нима шунчалик буқамисиз¸ бир баломисиз” дейди. “Яқинда ифтор бўлади. Шунга Тошкентдагиларга олдиндан хабар беришга кетаяпман” десам¸ “Паспортингиз борми?” дейди. “Мен нима паспорт кўтариб юришим керакми?” дедим. У ëққа олиб борамиз¸ бу ëққа олиб борамиз¸ дейди. Биттаси “Ака олиб бориб юрмайлик” деди. Мендан тушлик пули сўрашаяпти. Шунчалик гадоймикан булар? Ойлиги етмаяптимикан шуларнинг?

Озодлик: Нима қилдингиз кейин?

Аҳмаджон ака: Бир сўм пул бермадим. “Қаëққа олиб борсанг¸ ўша ëққа олиб бор. Мен сени битта ўртоғим билан таништираман. Олиб борганингдан кейин ўзинг танишасан у билан. Бу ерда антенна йўқ экан. Юр¸ чеккароққа чиқайлик. Мен телефон қиламан” десам¸ “Э¸ ака¸ энди ҳазиллашдик. Шаҳарликка яқин экансиз” дейди номард. Мард бўлсанг¸ ушлаб олиб бор.

Озодлик: Шунақа қилиб тушлик пулини бермадингизми?

- Нимага бераман? Пойлаб юрибди улар шу ерда Қўқондан¸ Фарғонадан келганларни. Паспорти бўлса ҳам претензия қилади¸ дейди Аҳмаджон ака.

Озодликка Тўйтепадан сим қоққан Аҳмаджон аканинг ўзбек милицонерлари ҳақидаги учинчи ҳикояси:

“Ўғридан ўлпон йиғадиган милиционер”

- Мана шу Қўйлиқ бозорида қатиқ сотиб ўтирган эдим. Бунга анча йиллар бўлиб кетди. Узоқда битта аëлнинг сумкасидан битта ўғри бола пулни ўғирлаб қочди. Милиция қувлаб кетди ва ҳалиги болани тутиб олди. Пулини аëлга қайтарди. Ўша бола уч кундан кейин яна ўша ерда юрибди. Ҳозир битта камбағал бола ўғирлик қилсин¸ олиб бориб тиқиб қўйишади. Ўғрилар ҳам бемалол иш қилиб юрибди.

Нега уларни ҳеч ким текширмайди? Чунки рус тилида айтганда¸ уларнинг бошлиқлари "доля"ларини олиб юрибди. Бу аниқ нарса. Чунки бу бола ўша куни қўлга тушди¸ милиционерлар аëлнинг пулини қайтариб берди¸ аëл милиционерларга раҳмат деди. Уч кундан кейин бояги бола бозорда тилининг тагида лезвия олиб юрибди. Каттароқ (мансабдорроқ – таҳр.) одамнинг қўлига тушиб қолса¸ қўрқитиш учун ўзининг венасини кесар экан. Нозикроқ одам бўлса¸ қўлигами¸ юзигами тортиб юборади. Кўпайиб бормоқда бу нарса. Ҳар бир бозорда, ўлдим деганда, 10 нафар ўғри бор. Қўлга тушса¸ биттаси ҳам қамалмайди. Чунки ҳаммасининг орқасида одами бор. Булар милицияларга ташлаб туради¸ дейди Аҳмаджон ака.

Тўйтепалик Аҳмаджон ака ўзбек милицонерлари билан содир бўлган ҳикояларини сўзлаб бермоқда ва унинг охирги – тўртинчи ҳикояси:

“Нархи 200 сўм турадиган милицонер”

- Ўзбекистонда постлар борку¸ ўша постларнинг любой биттасидаги милициянинг нархи 200 сўм экан. Тушундингизми? Юк ортган юк машинасими¸ енгил автомашинами постда ҳайдовчи тушиб келади. Қараб турсангиз¸ қўлида 200 сўм пул туради. Шундай сўрашган киши бўлиб, пулни бериб кетади. Милиционер на ҳужжатини кўради¸ на бошқа қоғозини кўради. “Ҳа¸ ғиштми” дейди ва 200 сўмни чўнтакка солиб кетаверади. Мен ўз кўзларим билан кўрдим шу нарсани. Милициянинг нархи 200 сўм экан дедим. 200 сўмнинг орқасидан қанча одам нон еяпти¸ дейди Аҳмаджон ака.

Тошкент вилояти, Тўйтепа туманидан Озодликка сим қоққан собиқ савдогар ва ҳайдовчи Аҳмаджон ака Ўзбекистондаги милиция ходимлари билан содир бўлган тўртта саргузаштини сўзлаб берар экан, “Миршабнинг аҳволи шу бўлса, Ўзбекистонда қачон ҳалоллик бўлади?!” деган саволни ўртага ташлади.

*********************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG