Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:41

Эркин микрофон -15 000 долларлик каптар


Фикр ва мулоҳазаларингизни бизга +420 602 612 713 рақамига сим қоқиш орқали билдириб туринг.
Фикр ва мулоҳазаларингизни бизга +420 602 612 713 рақамига сим қоқиш орқали билдириб туринг.

Тошкентлик ҳайдовчи ва каптарбоз Абдуқаҳҳор Мусаев¸ маҳаллага гузар қуриб бераман¸ деб бошига орттирган савдоларини Озодликнинг "Эркин микрофони" орқали жамоатчиликка ҳикоя қилишга аҳд этди.

Абдуқаҳҳор ака 13 йил муқаддам ўзи истиқомат қилаётган Ҳамза тумани, Бирлашган маҳалласи ҳудудидаги аxлатхонани маҳаллага гузар қиламан, деб сотиб олган экан.

Аслида Абдуқаҳҳор ака ана шунинг ортидан туғилган можаро боис бизга қўнғироқ қилди. Аммо, суҳбат орасида унинг касби ва ҳунари билан боғлиқ қизиқ ҳикояларни ҳам эшитдик ҳамда уларни бирма-бир сизга ҳавола қилишга қарор қилдик.

“Маҳаллага гузар қуриб беролмадим”


Абдуқаҳҳор Мусаев: Шунча қийинчиликлар бўлди. Мана 18 йилдан бери мустақилмиз. Маҳалламга қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Маҳаллага гузар қуриш учун ер олган эдим.

Озодлик: Ерни кимнинг ҳисобидан олган эдингиз, ўзингизнинг ҳисобингизданми?

Абдуқаҳҳор Мусаев: Ҳа, ўзимнинг ҳисобимдан. Пулини ўзим тўлаганман, маҳалла учун.

Озодлик:
Майдони қанча эди у ернинг?

Абдуқаҳҳор Мусаев: 15 сотих ахлатхона эди. У ерда маҳалла болаларига битта спорт биноси, аёлларга тикувчилик цехи ва маҳалла эҳтиёжига керак бўладиган жами 11 та бинони плани бор эди-да. Шуларни қурайлик, дейишимиз билан бошланди-да муаммолар.

Озодлик: Қанақа муаммолар бўлди?

Абдуқаҳҳор Мусаев:
Улар бу ерда ўйин қилишди. Главархитектурага борсам, планни тасдиқлаш учун 2000 доллар сўради мендан. “Нега 2000? Мен миллионер эмасман, сизга бунча пулни беришга”, дедим. Тайёр планни тасдиқлашгаям 2000 доллар сўрайсанми, дедим. Шунақа қилиб, тўсқинлик қилишни бошлашди.

Озодлик: Демак, асосан, пора сўрашгани учун бу қурилишлар қолиб кетдими?

Абдуқаҳҳор Мусаев: Ҳа-да шу. Кейин мен президентга хат ёздим. Шунақа¸ маҳаллага гузар қурай деяпман, ўзимга участка эмас, ёрдам беринг, деб. Кейин уйимга 9 тадан одами бор комиссиялар келди. Тезда ишингизни ҳал қиламиз, гузар қуриб берамиз, дейишди. Аммо, ҳеч гап бўлмади. Хуллас, тушунмадим-да мен.

Озодлик: Кейин ернинг тақдири нима бўлди?

Абдуқаҳҳор Мусаев:
Ҳаммаси қолиб кетди. Ҳозир эса ерни бошқа бировга сотиб юборишди. У ерда экилган теракларни ҳаммасини кесиб ётишибди ҳозир. Одамни йиғлагиси келиб кетади, кўрса.

Аммо, 15 сотих ер кичкина майдон эмас. Бир оиланинг ўз рўзғор харажатларидан ошиниб, шунча ерни маҳаллага олиб бериши эшитган қулоққа анча қизиқ туюлади.

Абдуқаҳҳор акадан тўғрисини сўрадик — бу ерни қанчага олган эдингизу, у пулни қандоқ топган эдингиз?

Абдуқаҳҳор Мусаев: Ўша пайтдаги пул билан назаримда 85 минг тўлаган эдим бу 15 сотих ер учун.

Озодлик: Ўша вақт учун бу катта пул эди-а? Сир бўлмаса, бунча пулни қаердан олгансиз?

Абдуқаҳҳор Мусаев: Сир эмас. Собиқ совет даврида мен ҳайдовчи бўлиб ишлар эдим. Пахта таширдим. Тошкентдаги Пушкин майдонида пахта заводи бўлар эди. 70-йиллардан бошлаб, бошқа вилоятлардан шу заводга пахта олиб келардим. Калхида, деган машина бўларди. Ойлигим 360 сўм бўларди. Шу Жиззахдаги Пахтакор, Дўстлик деган районларни биз биринчи бўлиб очганмиз.

Озодлик: Ҳайдовчилик қилиб ҳам катта пул топса бўлармиди ўша пайтларда?

Абдуқаҳҳор Мусаев: Ҳа, бўларди. Баъзи узоқ вилоятларда комaнадировкаларга кетганимизда, 700 сўмгача пул ишлаган ҳайдовчилар бўларди. Чунки, автопоезд ҳайдардик. Унинг узунлиги 24 метр бўларди, 29 тонна юк оларди. Ойликни катта бўлиши, ўзингиз экспедитор, ўзиз пахтага жавобгарсиз, ҳаммасига ўзингиз жавоб берар эдингизда.

“Бир дона каптар 15 минг доллар”


Озодликнинг “Эркин микрофон”ига сим қоққан Абдуқаҳҳор Мусаевни маҳаллага ер олиб бергудай даражада ошинтирган яна битта ҳунари бор экан — қушчилик, яъни, каптарвозлик.

Абдуқаҳҳор аканинг сўзларига кўра, бу анчагина даромадли ҳунар.

Абдуқаҳҳор Мусаев:
Мен шуғулланган асосий ҳунар¸ аслида парранда эди. Бутун союздан одамлар келарди, Тошкентда кўргазмалар бўларди. Ўша ерда қушлар сотилар эдим. Ўша даврда мен битта каптарни 1000 сўмга сотсам, бир йил ишламасдан яшасам бўлар эди. Совет даврида бу катта пул эди.

Озодлик: Зотдор каптарлар бўлармиди?

Абдуқаҳҳор Мусаев: Ҳа¸ зотдор каптарлар бўларди. Уларни ўзимиз чиқарар эдик-да. Масалан, каптарни битта зотини етиштириш учун менинг 22 йил умрим кетган.

Озодлик:
Нега 22 йил кетади? Кейин у зотдор каптарларни қердан топасиз? Ўзбекистонда борми?

Абдуқаҳҳор Мусаев:
Уни ҳар бир патини патига мослагунингизча, қанча меҳнат керак. Ўзингиз чатиштирасизда, селекция қиласиз. Бу жуда сабр талаб қиладиган, оғир меҳнат. Германия, Москвалардан келишарди. Сочиларга кўргазмага борганмиз.

Озодлик: Энг қиммат сотган қушингиз қачон бўлган ва қанча бўлган?

Абдуқаҳҳор Мусаев: 1997 йилда мен битта каптаримни 15 минг долларга сотганман.

Озодлик: Харидор ким бўлган?

Абдуқаҳҳор Мусаев: Шу тошкентлик битта пулдор эди. ГУМ ни директори бўларди битта.

Озодлик: Энди бу бизнес ҳозир ҳам бемалолми? Мана 2-3 минг доллар, 15 минг долларлик каптарлардан гапираяпсиз?

Абдуқаҳҳор Мусаев: Ҳа, бемалол. Расман рухсат берилган. Мана бу йил 7-8 ноябр бўлади, дейишаяпти. Ҳозир лекин Ўзбекистон ёпиқ, чет эллардан кўп келишмаяпти. Аммо, Россия, Қозоғистонлардан бир амаллаб келишади. Ўтган йили жуда зориқиб қолган эдим. Иккита каптаримни 2 минг 700 долларга бериб юбордим.

Озодлик:
Шунча пуллик мол сотаётган экансиз, бунга ҳеч ким индамайдими, масалан, солиқ тўланг, дейишадими?

Абдуқаҳҳор Мусаев:
Йўқ, йўқ. Ҳозирча солиқ дейишаётгани йўқ. Аммо, ким билади дейсиз ҳали бу бозорни ҳам тинчини бузишлари мумкин. Бу давлатда ҳамма нарсани кутса бўлади.

“Фақат адолат йўқлигига ачинаман”

Хуллас, бугунги қаҳрамонимиз – тошкентлик ҳайдовчи ва қушчи Абдуқаҳҳор Мусаев касби ва ҳунари ортидан ўз даврида яхшигина даромад қилган экан.

Унинг сўзларига кўра, тирикчилиги ҳозир ҳам нолигулик эмас. Аммо, гап тирикчилик ёхуд бизга мурожаат қилишига сабаб бўлган можаро – 15 сотих ерга кетган харажатда ҳам эмас.

Абдуқаҳҳор Мусаев:
Мени энг ачинтирган нарса – адолатнинг йўқлиги, қонун йўқлиги. Бизнинг давлатда, ҳозирги кунда ачинаётганим шу. Маҳалла учун жоним куяди. Мана маҳалла обод бўладиган йил, дейишди. Биз 700 та терак экдик. Мана ҳозир ўшаларни кесиб, ўрнига магазин қуришаяпти. Ҳозир магазинга сотилмаган битта мозор қолди, холос. Келсангиз, юракларингиз ёниб кетади. Қўйиб берсангиз, мозорни ҳам текислаб, магазинга сотса, бизнинг раҳбарлар. Уларга пул бўлса, бўлди.

Олмазорларни кесиб ташлашди. Одамни қўли қалтирайди бундай дарахтларни кесишга. “Эй, барака топгурлар, бу олмаларни кесмаларинг. Маҳаллага керак, бу тераклар”, дедик. Йиғлаворгингиз келади. Охирги ишларни мен кассеталарга ёзиб олдим, видео қилиб. Милиционерлари келди ёнимга.

Баъзи маҳаллаларни кўрсанг, ободлиги, аҳиллигидан йиғлагинг келади. Бизни маҳалла эса Тошкентни марказида тош йўл, чанг-тўпроқ, тузукрок гузари йўқ. Савоб ишни ҳам қилиш керак, ахир. Аммо, буни ҳам тушунган қиларкан, тушунмаган, минг йилда ҳам тушунмас экан. Орзуларим шунақа эди-да, маҳалла обод бўлсин, деган эдимда.

Бўлди, мен шунча юриб битта нарсани тушундим — бу давлатда фақат ҳаром йўлга ўтиш керак экан-да. Шунда ривожланиб кетар экансиз, Абдуқаҳҳор Мусаев.

62 йиллик умрнинг адоғида келинган бу хулоса, албатта, аччиқ ва оғриқли. Абдуқаҳҳор Мусаевни тинглар эканмиз, эҳтимол, бу шу бугунги аччиқнинг устида айтилган гапдир. Эҳтимол, вазият аслида бундан яхшироқдир, деган ўйга ҳам бордик.

Аммо, бунинг ҳукми яна Сизга қолди. Ён-атрофингиздаги замондошларингиз ҳаёти Сизга кундек аён.

Марҳамат, дилингизни қийнаëтган дарду ҳасратларингиз¸ўйлаëтганингиз фикр-мулоҳазаларингизни эл билан баҳам кўрмоқчи бўлсангиз¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг! Бир марта телефон қилиб қўйсангиз¸ Сиз билан бафуржа суҳбатлашиш учун ўзимиз қайтариб сим қоқамиз.

**************************************************************************

" Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий қарашлари ифодаси ва улар Озодлик таҳририяти қарашлари ифодаси эмас.
XS
SM
MD
LG