Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Болани зўрлаганлар қўлга тушадими?


Ўзбекистонда болаларга қарши аксар жиноятларнинг очилмай қолаëтгани айтилади.
Ўзбекистонда болаларга қарши аксар жиноятларнинг очилмай қолаëтгани айтилади.

Бўстонлиқда номаълум жиноятчи уч ёшли қизалоқни ўғирлади, зўрлади ва ўлдириб, қочиб кетди. Фожеадан бир ой ўтиб¸ болаларнинг зўрланишига оид жиноятлар ҳақда, одатда сукут сақлайдиган ҳуқуқ идораларидан кимдир Буни матбуотга ошкор қилиб қўйди.

Бўстонлиқнинг, хабарларга кўра, дала-ҳовлилари жойлашган ҳудудидан уч ёшли қизни олиб қочган, зўрлаган ва ўлдирган жиноятчи мана бир ойдирки қўлга олингани йўқ.

Бу ҳақда бизга Бўстонлиқ тумани Ички ишлар бошқармасидан маълум қилган ходимнинг сўзларига кўра, ҳанузгача жиноятчининг шахси аниқланмаган.

Бошқарманинг айнан шу жиноят билан шуғулланаётган Жиноят қидирув бўлими ходими Улуғбек Жўраев билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади.

Бўстонлиқда бу воқеа каттагина шов-шув бўлди. Тумандаги жамоат ташкилотларидан бирининг вакили буни тасдиқлар экан, воқеа ҳақида бор билганларини тилга олишдан ё чўчиди, ёки истиҳола қилди. Мана улардан бири:

- Эшитдик энди. Бизлар ҳеч нарса айта олмаймиз. Ички ишларнинг ўзларидан сўрайсиз энди¸ дейди жамоат ташкилотидан бири вакили.

Шу кунларда Бўстонликда бўлган ҳуқуқ фаоли Маҳбуба Қосимовага кўра, воқеа маҳаллий халқ кўнглига анчагина ғулғула солган. Туман мактабларида ўқитувчи ва ота-оналар жиддий огоҳлантирилган.

- Мактабларда “1 синфларни эҳтиëт қилинглар” деб юришган эди. Биз ҳам уни узуқ-юлуқ эшитдик. Аниғини ҳеч ким билмайди¸ дейди Маҳбуба Қосимова.

Бунақа воқеалар бўлиб туради, аммо, аҳён-аҳёнда, дея алоҳида таъкидлади Маҳбуба Қосимова.

Маҳбуба Қосимованинг сўзларини тасдиқлаган тўйтепалик яна бир суҳбатдошимиз Аҳмаджон ака шунга ўхшаш воқеани, қарийб, икки йил муқаддам эшитган. Бу воқеа эса¸ ҳикояга кўра¸ Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида содир бўлган.

- “Биттаси ëш ўғил боланинг калласини чопон билан бекитиб¸ подвалга олиб кириб кетган. Кейин зўрлаган. Каллаларига урган” деган гаплар эшитилган эди. Мен у пайтда таксида юрардим. Олмалиқда бир медсестра аëл ўтириб қолган машинага. Ўша айтиб берди. “Кеча бир ëш болани олиб келишди. Уришган¸ зўрлашган” деб айтди. Бунақалар учраб турадию¸ ҳар доим ҳам эмас¸ дейди Аҳмаджон ака.

Аммо, Аҳмаджон ака фикрича ҳозир кўпроқ ёш ўсмир қизларнинг номаълум жиноятчи ва ҳаттоки, ўз оила аъзолари томонидан зўрланиши ҳоллари учрамоқда.

Марғилонлик яна бир суҳбатдошимиз Акром ака худди шунга оид хабарни бироз муқаддам маҳаллий расмий нашрда ўқиганини эслади.

Акром ака: Битта марғилонлик одам ўзининг иккита қизини зўрлаганлигини газетада ўқиганман.

Озодлик: Қанақа газета эди у?

- Расмий газета. Прокуратуранинг газетаси борку. Ўшанда чиққан¸ дейди Акром ака.

Бу суҳбатдошларимизга кўра, худди ёш болаларнинг зўрланиши каби, одатан, ўсмирларнинг зўрланишига оид жиноятлар ҳам очилмайди, эл-юртнинг бу ҳақда билгани овоза даражасидагина қолади.

Маҳбуба Қосимова бунга аввало, бу таҳлит жиноятнинг очилиши асли мураккаб экани, қолаверса, Ўзбекистон Ички ишлар тизимида сони кундан-кунга кўпайиб бораётган ходимларнинг аксарияти тажрибасиз ва илмсиз экани сабаб, деб ҳисоблайди. Шу боис, асл жиноятлар йиллар давомида очилмай қолаверади.

- Фалон пул бериб милицияга ишга кириб олишади. Ҳар битта туманнинг¸ қишлоқнинг ўзига яраша паст-баланди бор. Топ этиб бошқа жойдан участкавойни олиб келиб қўяди. Улар нимани билади? Миршаблар маҳалладан ëки ўша жойнинг шароитини тушунадиган бўлса¸ бунақа жиноятлар кам бўлади¸ дейди Маҳбуба Қосимова.

Шунингдек, бугун одамлар милиция билан ҳар қандай мулоқотдан қочишга одатланган.

Боиси, жабрдийда ҳам, жиноятчи ҳам иши милицияга тушса, ойлаб сарсон бўлади ва мутлақ кутилмаганда, жиноятчига чиқиб қолишдан қўрақади, дея таъкидлайди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистонлик суҳбатдошларимиз¸ қолаверса ҳуқуқ фаоллари майда ўғирликда гумон қилиниб, Ички ишлар бошқармасига олиб кетилган фуқаролар кўп ҳолларда мутлақо бошқа турдаги жиноятларда, жумладан, гиёҳванд моддалар сотиш ёки диний мотивдаги жиноятларда айбланиб, узоқ йилларга қамалиб кетиши ҳақида кўп бор ҳикоя қилишган.

Аммо ёш болалар ва ўсмирларни зўрлаш каби жирканч жиноятга жамоатчилик қандай муносабат билдирмоқда, бу жиноят ҳам мисол учун ўғирлик каби муҳокама қилинадими, деб сўрадик яна ўз суҳбатдошларимиздан.

Марғилонлик суҳбатдошимиз Акром ака одамлар буни, албатта, муҳокама қилади, қоралайди, аммо, фақат ўзаро суҳбатларда, дейди.

Бу суҳбатдошимиз, расмий матбуотда ҳам бу мавзуга қатъий табу қўйилган, деб ҳисобламаслигини айта туриб¸ аҳён-аҳёнда телевидениеда намойиш этилган кўрсатувларни эслайди.

- Қўқоннинг ўзининг телеканали бор¸ бошқа телеканаллар бор. “Бир жиноят изидан” деган кўрсатув беради. Ўшанда шунақа нималарни кўрсатадию¸ лекин манякларнинг қизларни зўрлаши ҳақида маълумотлар кам. Давлатнинг обрўйи тушади¸ деб ўйлашса керакда¸ дейди Акром ака.

Тўйтепалик суҳбатдошимиз Аҳмаджон ака эса бугун Ўзбекистон ҳукуматига тегишли идоралар, айниқса, милициядан ҳафсаласи пир бўлган ва фақат ўз тирикчилиги билан банд бўлгани боис, одамлар аксар бошқа жиноятлар каби, бундай жиноятларга ҳам лоқайд, деган фикрда.

Жиноятчига яқинлар кишилар, масалан, қизи ёхуд синглисини зўрлаган эркакларнинг яқинлари эса буни сир сақлайди.

Аҳмаджон ака: Жазоланмай қолади. Фақат гап-сўз бўлади.

Озодлик: Бизда шикоят бўлмаса милиция келмайди-а?

- Йўқ¸ умуман иши ҳам йўқ. Маҳалла оқсоқоли бор. Бунақа нарсаларни айтса бўлади. Қилмайдида буни. Ўзбекчилик¸ “Э қўй” дейди. Шунинг учун бунақа нарсалар кўпаяверади¸ дейди Аҳмаджон ака.
XS
SM
MD
LG