Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

Уйдаги дўхтирчилик тугади


Тошкент расмийларига кўра¸ олинаëтган янги тадбирлар ортида аҳоли тишларини ҳимоялаш мақсади ëтибди.
Тошкент расмийларига кўра¸ олинаëтган янги тадбирлар ортида аҳоли тишларини ҳимоялаш мақсади ëтибди.

Ўзбекистонда бундан буён якка тартибда тадбикорлик қилмоқчи бўлган стоматологларга лицензия берилмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу қарорни аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсади билан изоҳламоқда.

Яхшигина тажриба ва илмга эга бўлган стоматолог шифокор давлат тасарруфидаги клиникада ойликли ишдан воз кечиб, якка тартибда фаолият юритишни истаса, бунинг учун авваллари битта стоматолог столини харид қилиши ва лицензия олиши кифоя эди.

Тошкент, айниқса, республиканинг турли вилоятларида шу таxлит уйида туриб хизмат кўрсатаётган тадбиркор стоматологлар кўпчилик эди.

Энди бу стоматологлар Ўзбекистон республикаси “Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга мувофиқ ўз фаолиятини тўхтатиши ёхуд жисмоний шахсдан, юридик шахс мақомига ўтиб, фаолият юритиши лозим.

Ушбу қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ бундан буён мамлакатда стоматолог шифокорларга якка тартибда тадбиркорлик қилиши учун лицензия берилмайди. Фақат юридик шахс мақомида фаолият юритмоқчи бўлган шифокорларгагина лицензия берилади.

15 йилдан буён 3 бора лицензиясини узайтириб, якка тартибда ишлаб келган шифокорлардан бири Озодлик билан суҳбатда ўз бизнесини йўлга қўйишни истаган стоматолог учун, албатта, якка тартибда иш бошлаш маблағ нуқтаи-назаридан анча енгил эканини айтади.

- Энди якка тадбиркорлик билан бошлагани осон. Мен ҳам якка тадбиркорликдан бошладим. 15 йил якка тадбиркор бўлиб ишладим. Шунинг учун энди фирмага ўтаяпман. Чунки менинг ўша нарсага нисбатан етарлича маблағим бор. Иложимиз йўқку. Тадбиркорлик билан шуғулланиш учун шарт-шароитига кўнишингизга тўғри келадида¸ дейди 15 йилдан буëн якка тартибда ишлаб келган шифокор.

Эндиликда бу шифокордан фаолиятини тўхтатиш ёҳуд якка тартибда ишлаётган жисмоний шахсдан юридик шахсга айланиш талаб қилинмоқда.

15 йил давомида тадбиркорлик қилиб, анча-мунча маблағ жамғаргани боис бу шифокор кичик иш кабинетини катта офисга айлантиришга рози. Бундан ташқари, ҳукумат унга қўшимча имконият таклиф қилмоқда.

- “Фирма қилганларингиздан кейин кредит олишларингиз яхши бўлади. Инструмент олишларингиз яхши бўлади. Сизларга йўл очилади” дейишаяпти. Биз ўшанга нисбатан хайрихоҳлик билдириб туриб¸ фирмани танлаяпмиз.

Озодлик: Демак¸ сиз кредитга ишонаяпсизда-а?

- Мен ишонаяпман. Нимагаки¸ мисол учун дўконлар очиш мумкин деяпти¸ фирманинг номидан улгуржи олди-берди қилса бўлади деяпти. Ўша томонлари учун хайрихоҳ бўлганмиз. Бўлмаса биз ҳам жанжал қилиб чиқардик. Якка тадбиркорлика тегинма¸ деб айтардик, дейди ўзбекистонлик стоматолог шифокор.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати бундан икки мақсадни кўзламоқда.

- Фирма қилгандан кейин бир неча киши иш билан таъминланади. Бу биринчи томони. Иккинчи томони фирма қилишдан мақсад якка тадбиркорларни кенгайтириш. Сиз Озодликдан бўлиб туриб¸ шу нарсани тушунишингиз керакки¸ мисол учун биз сиëсатга аралаша олмаймиз ҳеч қачон. Давлатимиз нима деса¸ шу нарсага қараб юрамиз. Чунки биз олдиндан шу нарсага мослаштирилганмиз. Энди иложимиз йўқ.

Озодлик: Бу нарса шифокор учун яхшими¸ қулайликми ëки ноқулайликми? Шуни билмоқчимизда.

- Мен учун қулай бўлгани учун мен розиман¸ дейди Ўзбекистонда 15 йилдан буён якка тартибда ишлаган ва энди юридик шахс мақомида ишини давом эттиришга ҳозирлик кўраётган стоматолог шифокор.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий фаолиятни лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси раҳбари Анвар Саидов Озодлик билан суҳбатда бундай ислоҳотдан кўзланган асосий мақсад аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини ошириш эканини таъкидлади.

Анвар Саидов: Биласизми¸ бизлар якка тадбиркорларни ўрганиб чиққанимизда¸ якка тадбиркор номи билан якка тадбиркор. У бир ўзи ҳам стерилизация қилиши¸ ҳам тиббий ëрдам кўрсатиши¸ ҳам маълум бир статистик формаларни тўлдириб юритиши¸ ҳам ўша хонани супуриб тозалаши¸ бунинг ҳаммасига битта одамнинг ўзи жисмоний жиҳатдан улгурмайди. Биз ўрганиб чиқдикки¸ айрим ҳолларда бу сифатнинг пасайишига олиб келган. Фирма бўлгандан кейин бошқа одфамларни ишга олади. Улар қонун томондан ҳимояланган қатлам. Қўшимча иш яратилади ҳамда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатининг ошишига олиб келади.

Озодлик: Якка тартибда ишламоқчи бўлган стоматолог шифокорнинг фирма очишга имконияти бўлмасачи? Бу ўзига яраша моддий маблағ талаб қиладику. Ишчиларга ойлик тўлаш керак¸ ўшанга яраша бинони ижарага олиши керак ëки сотиб олиши керак.

- Бу энди масаланинг иккинчи томони. Аҳоли саломатлиги биринчи ўринда турган пайтда ўша арендага оладими¸ кредит ҳисобиданми¸ ҳукумат томонидан тадбирколарни қўллаб-қувватлайдиган қанча қонунлар чиқарган. Уни қилишга имкони бор одам қила олади деб ўйлайман¸ дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий фаолиятни лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси раҳбари Анвар Саидов.

Тошкент шаҳрида 4 йилдан буён фаолият юритаётган “AKROM-STORM” стоматологияси раҳбари Фаррух Одилов тадбиркорликни аввалиданоқ юридик шахс мақомида бошлаган.

Фаррух Одилов: Оддийгина мисол билан сизга тушунтириб берсам. Сизнинг тишингиз оғрияпти ва якка тартибдаги клиникага кирдингиз. У ерда бор-йўғи битта врач ишлайди. У врач касал қабул қилиб ўтирибди. Бизларда муолажалар шундайки¸ касал билан бир соатлаб ўтирилади. Тишингиз оғриганми сизни?

Озодлик: Оғриган.

- Оғриқ жонингиздан ўтиб турибдида¸ “Мени қабул қила оласизми?” деб сўрашга ҳам имконингиз йўқ. Чунки у касал қабул қилиб ўтирибди. На ҳамшира бўлади¸ на бошқа ëрдамчиси бўлади. Юридик бўладиган бўлса¸ у ерда ҳаммаси официалний. Сиз билан савол-жавоб қилиб¸ бемалол назначение қилиб¸ бирор бир ëрдамни ташкиллаштириш мумкин. Мана бизлардаги катта клиникаларда шу нарса йўлга қўйилган¸ дейди Тошкент шаҳридаги “AKROM-STORM” стоматологияси раҳбари Фаррух Одилов.

Суҳбатлашганимиз ҳар икки шифокор – якка тартибда ишлаётган ва стоматологик клиникани юргизаётган тадбиркорлар — ҳозирча, ҳукуматнинг навбатдаги ислоҳотини маъқулламоқда.

Гап энди тадбиркорлик қилмоқчи бўлаётган шифокор-стоматологларга ваъда қилинаётган қўшимча имкониятлар, жумладан, кредит ва лизингга техника бериш ваъдаси нечоғли бажарилишида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG