Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:21

Чегарадаги назорат одамларни бездирмоқда


Қирғиз-ўзбек чегарасидаги Дўстлик постидан ўтаётган икки мамлакат фуқаролари чегарадаги тартиб ўта кучайтириб юборилганидан шикоят қилмоқдалар.
Қирғиз-ўзбек чегарасидаги Дўстлик постидан ўтаётган икки мамлакат фуқаролари чегарадаги тартиб ўта кучайтириб юборилганидан шикоят қилмоқдалар.

Шу кунларда Қирғизистонга ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар чегара постларида 3-5 соатлаб навбат кутмоқда. Озодлик билан суҳбатлашганлар ана шундай тирбанд ичида куни кеча андижонлик бир аёл оламдан ўтганини ҳам сўзлаб бердилар.

Дўстлик чегара постидаги тирбанд ичида қон босими ошиб, оламдан ўтган аёл асли Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидан бўлиб, қўшни Қирғизистондан уйига қайтиш учун чегарада уч соатдан ортиқ навбатини пойлаган экан.

- У аëл ўзбекистонлик экан. Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтаëтганда ўзидан кетиб қолибди. Тез ëрдам келгунча икки соат ўтиб кетибди. Унгача у аëл ўлиб қолибди. Хўжаободга олиб кетишибди¸ дейди Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги Дўстлик чегара постида бўлиб, бугунги вазиятни шахсан кузатган ўшлик ҳуқуқ фаоли Абдуманноб Ҳалилов.

Абдуманноб Ҳалилов айтган бу хабар 13 октябр куни икки давлат чегараолди ҳудудларидаги аҳоли пунктларида анчагина шов-шув бўлган кўринади.

Куни кеча Дўстлик чегара постидан ўтган ўшлик суҳбатдошларимиздан бири - Қодир ака бу ҳақда чегара постида эшитгани ва кўрганлари ҳақида сўзлаб берди.

- Кеча бир аëл очередда туриб¸ қисилиб¸ ҳаво етмасдан ўлиб қолди, деб эшитдим. Ўзбекистон солдатлари унчалик нима қилишмайди. Улар қари чол¸ иккиқат¸ боласи бор, дейишмас экан. Биз вазифамизни бажараяпмиз, дейишаяпти¸ дейди Қодир ака.

Суҳбатдошимизга кўра, шундай таранг кайфиятда у чегара пости олдида беш соат навбат пойлаган.

- Кеча мен Дўстликка Ўзбекистондан соат 10.00 да келган бўлсам¸ пограничний контролдан ўтиш учун беш соат очередда турдим. Охирида 400 нафар одам тўпланди. Солдатлар таможний ходимлари ушлаяпти¸ дейишаяпти¸ таможнийлар бўлса¸ солдатлар ушлаяпти, дейишаяпти¸ дейди Қодир ака.

Навбатдаги суҳбатдошимиз андижонлик Муқаддас опа эса икки соатча навбат пойлаганидан сўнг тоқати етмай, ортига қайтган. У Ўшга тўйга бормоқчи бўлганини айтади.

- Ўтказаяпти битта-битта текшириб. Биз чидамаймиз. Турганга бошим оғриб, қайтиб келавердик-да. Бировида икки соат¸ бировида уч соат. Чегарада пост кўп-ку. Иккита Ўзбекистонники¸ иккита Қирғизистонники. Ҳамма ëғингизни¸ сумкаларингизни текширади. Билиб бўлмайди одамлар нима олиб ўтиб кетаяпти. Декларацияга ëзасиз нимангиз бор¸ нимангиз йўқ. Биров бир нарса демайди. Кутиш керак, холос¸ дейди Муқаддас опа.

Суҳбатдошларимизга кўра, шу кунларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош Андижон вилоятидаги Дўстлик ва Қорасув чегара пунктларигина очиқ ва бу постлардан ўтиш учун уч-беш соат навбат кутиш керак.

Бу қадар турнақатор сабабларини чегарадан ўтиб-қайтувчи оддий халқ оддийгина изоҳламоқда. Масалан, Қодир ака шундай изоҳлайди:

- Битта хато¸ битта нуқта хато бўлса¸ декларацияни қайтадан тўлдириш учун қаторга қўйиб қўяяпти. Тўлдиришни билмайдиганлар намуна сўраса¸ уларнинг устидан кулишаяпти. Ҳар бир соатда максимум 12-13 нафар одам ўтади. Ўзбекистон томонники жуда ëмон экан¸ дейди Қодир ака.

Бундан ташқари, Андижоннинг қўшни Қирғизистон билан чегара постларидан турли буюмларни олиб ўтиш имкони ҳам жуда чекланган.

- Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб ўтишса¸ индашмайди. Нимага деганда, бизнинг Қирғизистонимиз индамайди. Ўзбекистон томони илгари куни битта холани битта ëстиққа ўтказмади. Солдатга бошқачароқ гапириб қўйсангиз¸ умуман ўтказмас экан¸ дейди Қодир ака.

Тўйга тўёна қилиб олиб кетилаётган бир дона хитой парёстиғини олиб ўтишга рухсат берилмагани боис, Қодир аканинг айтишича, бу аёл "тўёнасиз тўйга бормай қўя қолай", деб ортга қайтибди.

Аммо, ўшлик ҳуқуқ фаоли Абдуманноб Ҳалиловнинг айтишича, ўғринча йўллар ҳали ҳам очиқ.

- Ўғри йўллар билан ëки бошқа йўллар билан олиб ўтиб қўядиганлар ҳали ҳам бор экан. 8000-10000 пул берса¸ ўшалар олиб ўтиб қўяяпти экан¸ дейди Абдуманноб Халилов.

Ўзбекистоннинг қўшни Қирғизистон билан чегарасида анчадан буён кучайтирилган назоратнинг шу кунларда янада кучайтирилишини шу чегара олди ҳудудида яшаётган кузатувчиларнинг аксарияти фақатгина Ўзбекистон томони ташаббуси билан боғлиқ деб ҳисоблаб, Ўзбекистон шу билан ўз хавфсизлигини мустаҳкамламоқчи бўлаётганини айтмоқда.

Ўшда истиқомат қилувчи Ҳабибулло Ҳаким шундай фикрдаги кузатувчилардан биридир.

Ҳабибулло Ҳаким: Менимча¸ Қирғизистон сиëсатидаги демократик кенглик туфайли, Афғонистондан келган ёки келиш эҳтимоли бўлган одамларнинг Қирғизистон орқали ўтиши мумкинлиги туфайли ҳам Қирғизистонга нисбатан шунақароқ муомала бўлаëтган бўлса керак. Чунки яқиндаги портлашлардаги одамлар (Жалолободда учта¸ Ўзганда тўртта одам - ИДУ одамлари) ўтганлиги учун ҳам Ўзбекистон томонидан шунақа чора кўрилаяпти шекилли.

Озодлик: Яъни бу асосли демоқчимисиз?

Ҳабибулло Ҳаким: Менимча¸ шу тарафлари асосли¸ лекин шунақа чора кўриш керакми ёки йўқми - бир нарса дея олмайман.

Озодлик: Ўлдирилган одамларнинг ростдан ҳам ИДУга алоқаси бор, деб ўйлайсизми?

Ҳабибулло Ҳаким: Энди ëнидан қуроллар чиққан. Бундан ташқари¸ биласиз-ку ўзингиз¸ бунақа операция аввал қўлга тушишни¸ қўлини кўтариб, қурол отмасдан чиқишликни таклиф қилмасдан туриб бошланмайди. Уларга “Чиқинглар¸ таслим бўлинглар” дейишганда¸ улар ўқ отишган. Натижада улар давлат тарафидан йўқ қилинган. Ўз давридаги қаттиққўллик бир мунча тўғри ҳам бўлган. Афғонистонга ўхшаган ëки Тожикистондаги ҳолат агар Ўзбекистонга кирганда¸ жуда катта мусибат бўларди Ўзбекистон учун. Одамларда сал муроса¸ давлат билан одамлар ўртасида бир-бирини яхши тушунишлик ҳосил бўлишлиги яхшироқ бўларди.

Айни пайтда Ҳабибулло Ҳаким чегарадаги бундай чораларнинг халқни ҳам қийнамайдиган оптимал вариантини топиш керак, деган фикрда эканини айтади.
XS
SM
MD
LG