Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:21

Санжар Умаров озодликка чиқарилди


Санжар Умаров 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Санжар Умаров 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ўзбекистонда таниқли сиёсий маҳбус, “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раиси, 2005 йилда иқтисодий жиноятларда айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган Санжар Умаров 7 ноябр куни қамоқдан озод қилинди.

Умаровнинг яқинларидан бири Нодира Ҳидоятованинг Озодликка маълум қилишича, Санжар Умаровнинг соғлиги қониқарли даражада ва ҳозир у ўз яқинлари билан бирга.

Аммо унинг айнан қаерда экани ва озод қилиниш сабаблари хусусида Нодира Ҳидоятова ҳеч қандай маълумот беролмаслигини айтди.

- Мен шахсан ўзим уни кўрганим йўқ, гаплашганим ҳам йўқ. Гарчи яқин қариндоши бўлсак ҳам унинг қаерда эканини ҳанузгача билмаймиз.

Менга маълуми шуки, унинг ўғли интернет орқали менга боғланди ва дадасини кўргани, дадаси соғлигидан шикоят қилмаётганини айтди. Ҳозир бу оиланинг ўзига ҳам кўп нарса равшан эмас, шу боис улар бу борада бирор бир изоҳ беришдан тийилиб турибди,- деди Санжар Умаровнинг яқинларидан бири Нодира Ҳидоятова.

Санжар Умаров етакчилигидаги “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси 2005 йилнинг 18 октябрида Андижон воқеалари муносабати билан Олий мажлис депутатларига очиқ хат йўллаганидан сўнг ҳукумат нишонига тушгани айтилади.

Ушбу хатда парламент депутатлари сиёсий мулоқот бошлашга даъват қилинган, Санжар Умаров эса Россия ва АҚШ ҳукуматларига мурожаат қилиб, уларни зудлик билан вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшишга даъват қилган эди.

Шундан кўп ўтмай Санжар Умаров қўлга олинди ва 2006 йилнинг март ойида бир неча иқтисодий жиноятларни содир этганликда айбдор топилиб, 14 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди. Кейинроқ эса аппеляция суди бу ҳукмни ўн ярим йилга озайтирган эди.

Қарийб 4 йил ичида яқинлари Санжар Умаров жазони ўташ муассасаларида оғир қийноқларга солинаётгани, унга нисбатан психотроп дори воситалари қўлланаётгани ҳақида ўз хавотирларини билдирган эдилар.

Санжар Умаровга адвокатлик қилаётган “Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоли Суҳроб Исмоилов сиёсий маҳбус айнан соғлиги боис озодликка чиқарилганини айтмоқда.

Суҳроб Исмоилов ўз мижози билан кўришиш ва унинг соғлиги бўйича аниқ маълумот олишга кўп бор уринган, аммо бунга муваффақ бўлмаган. Унинг расмий сўровларига эса маҳбуснинг соғлиги яхши экани ҳақидаги жавоблар берилган.

Аммо ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов қамоқхонада сақланаётган Санжар Умаров билан учрашган оила аъзолари гувоҳликларига таяниб, унинг ўта оғир қийноқларга солинганидан дарак берувчи баъзи маълумотларни тилга олди.

- “Психик бузилишлар бўлган, ўзига қарамай қўйган, тишларини ювмай қўйган, қайси кун, қайси ой эканини ҳам билмайди”, деган таърифларни берган эди оила аъзолари.

Адвокатлик пайтимда бир марта суҳбатлашишга рухсат беришган эди. Бу Товоқсойдаги қамоқхонада бўлган. Телефон орқали оила азолари билан боғланган. Мен бу суҳбатни громкоговорителга қўйиб эшитган ва ёзиб олган эдим. Бу суҳбат ярим соат давом этган ва бир томонлама бўлган. Яъни оила аъзолари савол берган, телефоннинг нариги томонидан эса йиғи овози ва сукутдан бошқа жавоб бўлмаган эди.

Ярим соат ичида мен мижозимдан бирор жўяли жавоб ололмаганман. Шунинг учун баъзи тахминлар ҳам бор. Лекин буларни ҳаммасини аниқлаштириш керак ва мана энди Санжар Умаров озодликка чиқарилган бўлса, у кишини тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиш имкони бўлади,-деди Суҳроб Исмоилов.

4 йил қамоқда сақланган Санжар Умаровнинг кутилмаганда озодликка чиқарилишини Ўзбекистонда унинг ҳолидан озми-кўпми хабардор бўлган бошқа ҳуқуқ фаоллари ҳам айнан соғлиги билан боғламоқда.

Улардан бири Дилором Исҳоқовадир.

- Санжар Умаров аслида аллақачон чиқиши керак эди, чунки ниҳоятда тоби йўқ эди. Озодликка чиқибди, бир ярим соат аввал эшитдим, мен бундан жуда хурсандман, у кишининг оила аъзолари учун ҳам жуда хурсандман.

Аммо бу воқеа бирор нарсадан дарак беради, бошқа сиёсий маҳбуслар ҳам озодликка чиқарилиши мумкин, деб башорат қилолмайман. Аслида шундай бўлишини жуда истар эдим, аммо буни айтолмайман,- деди Дилором Исҳоқова.

Айни пайтда сиёсий таҳлчиларнинг кўпчилиги “Санжар Умаровнинг жазо муддатини ўтаб битмасидан озодликка чиқарилиши Европа иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни бутунлай бекор қилганига жавобан Каримов ҳукумати томонидан ташланган бир қадам”, деган фикрни ҳам илгари сурмоқда.

Умаровнинг озод этилишини олқишлар экан, ўз вақтида унинг озодлиги учун қатор сиёсий акциялар ўтказган “Виждон тутқунларини озод қилиш” қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов бундай фикрларни қувватламаслигини айтди:

- Бу бир қадам бўлса ҳам жуда кичик қадам, деб ҳисоблайман. Чунки Санжар Умаровдан ташқари аҳволи уникидан-да оғир бўлган қанча сиёсий маҳбус, ҳуқуқ фаоллари ҳануз қамоқхонада ётибди.

Алишер Кароматов, Норбой Холжигитовларнинг соғлиги жуда оғир аҳволда. Ака-ука Бекжонлар ҳам шундай. Мурод Жўраевга эса яна уч йил қўшиб беришди, - деди Баҳодир Намозов.

Санжар Умаровнинг адвокати бўлган Суҳроб Исмоилов эса айнан шу сиёсий тутқуннинг озод этилиши “Ўзбекистон ва АҚШ ҳукумати ўртасида сўнгги бир йил ичида борган нуфузли музокаралар натижасидир”, деган фикрда.

- Бу жараёнда актив ёрдам берган, бу масалага қизиққан, доим хабар олиб турган томонлардан бири Америка Қўшма Штатлари бўлган эди. Бизнинг билишимизча, АҚШ билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги юқори доираларда Санжар Умаров масаласи бир неча бор муҳокама этилган. Шунинг учун бу воқеани икки томон ҳамкорлигининг қайта тикланаётганига боғласа бўлади. Тўғри, аҳволи Санжар Умаровникидан ҳам оғир бўлган сиёсий маҳбуслар бор. Лекин бу ерда айнан Санжар Умаровнинг озод этилишини сиёсий музокаралар натижаси, деб қараш мумкин, -дейди Суҳроб Исмоилов.

“Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаровнинг қамалишини аксар халқаро ташкилотлар сиёсий мотивлар билан боғлаган ва унинг озод этилишини такрор ва такрор талаб қилиб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG