Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:30

Ҳаж масаласида яна жанжал


 Қирғизистонда жорий йилда ҳам Ҳажга тайёргарлик ишлари жанжалсиз битмади.
Қирғизистонда жорий йилда ҳам Ҳажга тайёргарлик ишлари жанжалсиз битмади.

Ҳажга Бишкек орқали бориш мақсадида Қирғизистон фуқаросига пул бериб, кейин алданиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг ички ишлар бошқармасига берган аризалари, бу мамлакатда Ҳаж ташкилий ишларига оид бошқа жиноятларнинг ҳам очилишига сабаб бўлди.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бегалиддин Пирмановнинг маълум қилишича, пойтахт милициясига Ҳамроқулов ва Аҳмедов деган Ўзбекистон фуқаролари ариза билан мурожат қилишган.

Ўзбекистон фуқаролари аризасида Ўш вилоятининг Қорасув туманида истиқомат қилувчи Рашод исмли шахс улардан “Саудия Арабистонига виза қилиб бераман”, деб 1700 АҚШ долар олгани ва қочиб кетгани айтилади.

Милиция расмийси Рашод исмли шахс ҳақида бошқа маълумотларни очиқламади. Бизнинг аниқлашимизча, Ўш вилоятида Ҳажга зиёратчиларни олиб бориш билан шуғулланувчилар орасида Рашод исмли фақат бир нафар одам бор бўлиб, у айни пайтда милиция расмийси айтганидек қочиб кетмаган, балки зиёратчиларни Макка шаҳрига олиб кетган. Шу муносабат билан бу одам билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бегалиддин Пирманов Ўзбекистон фуқароларининг аризасини текшириш жараёнида Ҳаж зиёрати билан боғлиқ бошқа ноқонуний ҳолат ҳам аниқланганини айтди:

- Ушбу жиноий иш юзасидан олиб борилган тергов жараёнида бошқа ҳолат ҳам аниқланди. Текширувлар натижасида Лебединовка қишлоғидаги “Разалин” масжидида Россия Федерацияси в Тожикистон Республикаси фуқаролари истиқомат қилаётгани аниқланган. Маълум бўлишича, уларга ҳам Ҳажга олиб бориш ваъда қилинган ва маълум миқдорда пул олинган. Улар ҳам алданган , деди Бегалиддин Пирманов.

Унинг айтишича, “Разалин” масжиди текширилганида¸ у ердан Россия ва Тожикистон фуқароларига тегишли ва Саудия Арабистонига виза босилган 48 паспорт топилган. Айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўз исмини айтишни ва овозини ёзиб олишимизни истамаган, Ҳаж ташкилий ишларидан хабардор бўлган ўшлик диндорлардан бирига кўра, Қирғизистондан ҳар йили 3500 одам ҳажга бориш учун ўз ҳужжатларини ташкилотчиларга топширади. Айрим уддабурон Ҳаж ташкилотчилари эса қирғизистонликлар учун Саудия Арабистони томонидан ажратилган қолган бўш ўринларга қўшни Хитой, Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия фуқароларини юборадилар. Айрим ҳолларда Ҳажга Қирғизистон орқали бориш истагини билдирган ва кўпроқ ҳақ тўлаган қўшни давлат фуқаролари сони кўплиги сабабли бориш ҳужжатларини топширган қирғизистонликлар Ҳажга боролмай қолиб кетадилар.

Бироқ Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов бу айбловларга раддия беради. У журналистларга берган интервюсида бу йилда биронта ҳам чет эл фуқароси Қирғизистондан Ҳажга бормаганини билдирар экан, бу йилда Тожикистон ва Туркия фуқаролари “бўш ўринлар бўлса¸ бизга виза беринглар”, деб сўраганларини ҳам маълум қилди.

- Бу йилги визаларнинг очилишига Қирғизистон диний бошқармаси, муфтият тўла жавоб беради. Келган консулларимиз бошқа давлат фуқароларига биронта ҳам виза очиб бермаган. Туркиядан, Тожикистондан келишиб “бошқа бўш ўринлар бўлса¸ бизга беринглар, виза керак”, деб сўраганлар жуда кўп бўлган. Бироқ уларнинг биронтасига ҳам биз виза бермаганмиз, деди Қирғизистон муфтийси.

Унинг айтишича, муфтият чет ўлка фуқароларининг Қирғизистондан қалбаки визалар орқали Ҳажга кетгани тўғрисида маълумотга эга:

- Бизда Туркиядан, Тожикистондан келган фуқароларга Қирғизистонда қалбаки виза қилиб, Ҳажга олиб кетилаётгани тўғрисида маълумотлар бор. Биз бу бўйича ҳуқуқ-тартибот ходимларига маълумот бердик, деди Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов.

Айтиб ўтиш жоизи, Қирғизистонда ҳар йилги ҳаж мавсуми турли жанжаллар билан ўтказилади. Саудия Арабистони ҳар йили қирғизистонликларга 4500 ўрин ажратади. Бироқ Қирғизистондаги Ҳаж зиёрати мутасаддилари кўпинча бу квотага амал қилмайдилар.

Масалан, 2005 йилда 4500 ўринга 7000 одамдан ҳужжат ва пул йиғилган. Натижада 2500 қирғизистонлик Ҳаж сафари харажатларини тўлаган бўлса-да, зиёратга боролмаган.

2006 йилги Ҳаж мавсумида автобусларда зиёратга кетган бир неча минг қирғизистонлик турли сабабларга кўра Маккага етиб боролмаган.

2007 йилда Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги туристик фирмалар орасида Ҳаж ташкилий ишларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи тендер ўтказган. Бироқ айрим туристик фирмалар одатдагидай белгиланган квотадан ортиқ одам йиғиб олган. Натижада яна бир қанча қирғизистонлик виза берилмагани учун ҳажга боролмаган.
XS
SM
MD
LG